Жон ва Элизабет Шерилл Биродар Андрей. “ИЛОҲИЙ КОНТРАБАНДАЧИ” МУНДАРИЖА Сўзбоши 1-боб. Тутун ва қаттиқ нон 2-боб. Сариқ рангли сомон қалпоқ 3-боб. Бўш кокосдаги тошлар 4-боб. Ҳужум кечаси 5-боб. Итоат сари қадам 6-боб. Шоҳона ўйин 7-боб. Темир парда ортида 8-боб. Азоб-уқубат косаси 9-боб. Асос пойдевори 10-боб. Тундаги чироқлар 11-боб. Учинчи ибодат 12-боб. Сохта жамоат 13-боб. Ички доиранинг чеккаси 14-боб. Иброҳим-баҳодирлар ғолиби 15-боб. Боғдаги иссиқхона 16-боб. Хизмат кенгаймоқда 17-боб. Россия ҳақидаги илк таассуротлар 18-боб. Россияга севги билан 19-боб. Россия чўпонлари учун Муқаддас Китоб 20-боб. Аждарҳони уйғотиш 21-боб. Умиднинг ўн икки ҳаворийлари СЎЗБОШИ Ҳеч кимда шубҳа йўқки, Россия ва коммунистик иттифоқдаги бошқа собиқ мамлакатлар кейинги йилларда ниҳоятда ўзгариб кетди. Эндиликда бу давлатлар янги ғояларнинг ва саёҳатчиларнинг кириши учун янада очиқроқ бўлмоқда. Бундай ўзгаришларга нима сабаб? Тадқиқотчилар ҳозирга қадар мазкур ҳудудларнинг ривожланишига таъсир кўрсатган иқтисодий ва сиёсий ҳолатларни ўрганиб чиқишмоқда. Бироқ кўпчилик назардан қочирган яна бир вазият бор. Бу бир киши томонидан ёлғиз йўлга қўйилган бир гуруҳ эркак ва аёлларнинг олиб борган ижодий меҳнатидир. Бу одамлар ҳам тарихнинг ўзгаришига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Биз Андрей билан танишганимизда, у ҳақида ёзишимиз кераклигини дарҳол тушундик. Бироқ аввало бир муаммони ҳал этишимиз зарур эди. Унинг ҳозирга қадар давом этаётган фаолиятининг аксарият қисмини очиқчасига билдириш мумкин эмас, акс ҳолда бу айрим одамларга катта нохушлик келтириши мумкин. Бундан ташқари, ҳатто тарихий далилларни ҳам ўзгартиришга тўғри келди. Кўпгина ҳолатларда биз ўйлаб топилган номлардан, атама ва воқеалар санасидан фойдаландик. Ва албатта, биз уларнинг чегарадан зарурий адабиётларни қай равишда олиб ўтганликларини ҳақида ҳикоя қилиб ўтирмадик. Аммо барча бу эҳтиёткорликларга қарамай, Андрейнинг тарихи ниҳоятда ноёб ва барчамиз учун ўта муҳим бўлиб қолаверади. Андрей кичик бир голланд қишлоғида, омади юришмаган темирчининг оиласида вояга етди. 1950 йилларнинг бошида у бошқалар каби дунёнинг учдан бирида ҳукмронликни қўлга киритган коммунизмнинг қандай қудратга эга эканлигини тушунганди. У худди биз каби коммунистик мамалакатлар лагери Ғарб учун, айниқса, ҳеч қандай молиявий кўмаксиз иш олиб борадиган якка-хизматчи учун ёпиқ эканлигини биларди. У худди бошқалар каби Россия, Венгрия, Албания ёки Хитойга келиб, бошқача ҳаёт тарзини тарғиб этиш ўта мураккаб эканлигини ҳам биларди. Ва мана энди биз мутлақо ноёб бўлган тарихнинг муқаддимасига ҳам етиб келдик... Жон ва Элизабет Шерилл GUIDEPOSTS, Кармел, Нью-Йорк 1 БОБ. ТУТУН ВА ҚАТТИҚ НОН Мен илк бора оёғимга ёғоч бошмоқларни кийганимдан буён – Голландияда уларни klompen дея аташади – саргузаштлар ҳақида орзу қила бошладим. Мен урушда разведкачи эдим, душманни оралаб ўтардим, тиканли сим тўсиқлар тагидан ўрмалардим, бошим узра эса душман ўқлари визиллаб учарди. Албатта, она қишлоғим Виттеда душман аскарлари йўқ эди, шу боис бир-биримизга қарши жанг қилардик. Биз, болакайлар, ўз кломпенларимизни қурол қилиб уришардик. Кимки ўзининг бошмоғини олишга улгурмаса, унинг ўзига ёғоч бошмоқ келиб тушарди. Ўз бошмоғим билан дўстим-душман Кеснинг бошига урган куним ёдимда қолган. Биз унинг пешанасидан шишиб чиққан ғуррадан эмас, балки дарз кетган оёқ кийими учун кўпроқ қўрқувга тушгандик. Мен Кес билан уруш ҳақида бутунлай унутиб, ёрилган кломпенни тузатишга киришдик. Аммо бунинг устаси бўлишим учун йиллаб қаттиқ меҳнат қилиш лозим, шу боис касби темирчи бўлган отам ўша оқшом этикдўз бўлишига тўғри келди. Отам шу куни эрталаб соат бешда туриб, олтита боласини боқишига ёрдам берадиган томорқасини сувлаган, бегона ўтларни суғуриб ташлаганди. Шундан сўнг Алмаркдаги темирчилик устахонасига бориш учун велосипедда тўрт мил масофани босиб ўтган. Мен мактабга нимадир кийиб боришим керак бўлгани учун, кечқурун ёғоч бошмоғим таглигидаги тешикдан ип ўтказиб, унинг товони ва тумшуғини бириктиришга тушди. “Андрей, энди эҳтиёт бўлгин!” – деди отам баланд овозда. Отам яхши эшитмасди, шу боис суҳбат чоғида деярли бақириб гапирарди. Мен уни тўлиқ тушунардим: оиламиздаги ҳар бир буюм оғир меҳнат орқали қўлга киритилганди. Аммо барибир қишлоқдаги бир оиланинг аъзолари болалик тасаввуримда душман бўлиб кўринарди. Бу Уэтстрлар оиласи эди. Нега Уэтстрларни ёқтирмаганлигимни билмайман. Эҳтимол, улар қишлоғимизда немислар билан уруш ҳақида гапирган биринчи одамлар бўлгани учундир, бу мавзу эса Виттеда оммабоп эмасди. Бундан ташқари, улар содиқ хушхабарчи-масиҳийлар эди. Уларнинг, “Худо, бизни марҳаматлагин” ва “Худонинг иродасига кўра” деб айтадиган сўзлари мендек уддабурон махфий агент учун ёқимсиз эшитиларди. Балки шу боис уларни душман сифатида тасаввур қилгандирман. Ёдимда, бир куни Уэтстр хоним ўчоққа пирогларни қўйган вақтда уларнинг уйи деразаси олдидан ўтдим. Эшик олдидаги деворга янги дераза ойнаси суяб қўйилган экан. Ойнага қараб туриб, хаёлимга бир фикр келди. Ва ниҳоят, мана энди голландияликларга хос тарзда доимий табассум қиладиган Уэтстрнинг ўзини йўқотиб қўйишини кўришим мумкин. Мен ойнани олиб, жуда эҳтиёткорлик билан фронт чизиғи бўйлаб душманнинг орқа тарафига ўтдим. Қишлоғимиздаги барча уйларда бўлгани каби, Уэтстрлар уйининг похол томига нарвон тираб қўйилганди. Мен кломпенларимни ечиб, тепага чиқдим. Ойнанинг бир тарафини оҳистагина мўрининг учига қўйдим. Сўнгра томдан тушиб, кўчанинг бошқа тарафига ўтдим ва энди нима бўлишини кўриш учун балиқ сотувчининг араваси ортига яшириндим. Табиийки, тутун мўри орқали уйга қайтиб кирди. У ошхонани тўлдириб, деразадан қуюқ бурқираган ҳолда ташқарига чиқа бошлади. Уэтстр хоним қаттиқ қичқирганча ошхонага қараб югурди, тезда ўчоқни очиб этаги билан тутунни ҳайдашга тушди. Жаноб Уэтстр кўчага югуриб чиқиб, тепадаги мўрига қаради. Гарчи голланд ҳаётида бирин-кетин кечадиган завқли воқеаларни кўриш умидим пучга чиққан бўлсада, жаноб Уэтстр нарвон орқали тепага шошилиб чиққанида, унинг қиёфаси бошқаларники каби бўзариб кетганди, мен эса даҳшатли рақиб устидан қозонилган катта аҳамиятли ғалабани ўз ҳисобимга ёзиб қўйдим. Менинг яна бир севимли душманим акам Бен эди. Бошқа акалар каби у ҳам ўзгарувчанликда беқиёс моҳир эди. Чордоқда жойлашган умумий ётоқхонамизда унинг ўрни ҳамиша қачонлардир менга ва бошқа болаларга тегишли бўлган ғаройиб буюмларга қалашиб ётарди. Биз ҳеч қачон ўз нарсаларимиз эвазига ундан нима олганимизни эслай олмасдик. Унинг асосий бойлиги қачонлардир опамиз Мартьега тегишли бўлган пуштиранг чўчқа-ақчадон эди. Бен унда бургомистрнинг майда-чуйда юмушларини ёки мактабимиз ўқитувчиси Мекле хонимнинг боғида ишлаб топган пулларини сақларди. Германия ҳақидаги хабарлар бизга кўпроқ кела бошлади ва менинг тасаввуримда, Бен ҳарбий аслаҳа тайёрлайдиган ўта бой немис бўлиб туюларди. У кунлардан бирида ишлаш учун кетганида, токчадан ақчадонни олиб тирқишига пичоқни тиқдим ва чўчқани орқаси билан пастга қаратдим. Тахминан ўн беш дақиқадан сўнг малла кўйлакдаги нацист қўриқчисига қарши ўтказилган махфий ҳамла натижасида, мен душмандан деярли бир гульденни мусодара қилиб олдим. Бу қийин кечмади. Ўлжани нима қилиш ҳақида бир қарорга келиш анча қийинроқ бўлди. Гульден йигирма беш цент қийматга тенг эди – қишлоқи болакай учун бу катта бойлик. Агар мен бу пуллар билан боққолчилик дўконига борсам, саволлар туғилса керак. Бироқ нима қилишни ўйлаб топдим! Хўш, мабодо бу пулларни топиб олдим десамчи? Кейинги куни мен муаллимамиз олдига келдимда, қўлимни узатиб айтдим: “Мекле хоним, қаранг, нима топиб олдим”. Мекле хоним оҳиста тин олди: “Эҳ-ҳе! Кўп пул топибсан-ку!” “Уларни ўзимда қолдирсам майлими?” “Сен бу пуллар кимники эканлигини билмайсанми?” Мен ҳатто қийноқ остида ҳам ҳақиқатни айтмаган бўлардим. “Йўқ, хоним. Мен уларни кўчадан топдим”. “Бўлмаса уларни полицияга олиб боргин, Анди. Ўша ерда нима қилиш кераклигини айтишади”. Полиция! Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Ўша куниёқ қўрқувдан титраб, пулларни қонун ва тартиб ҳимоячиларига элтиб бердим. Мен полиция бўлимимизни ҳақиқий гестаподек тасаввур қилиб, қаттиқ қўрқардим. Назаримда, пуллар қандайдир алоҳида, хоинона тарзда ярқираб тургандек туюларди. Аммо ҳарқалай, менинг сўзларимга ишонишди, негаки полиция бошлиғи конвертга исмимни ёзиб, пулларни жойлади ва мабодо бир йил мобайнида ҳеч ким бу пулларни сўраб келмаса, менга қайтаришларини айтди. Хуллас, мен бир йилдан сўнг барибир боққоллик дўконига бордим. Бен шу тариқа ўз пулларини ҳеч қачон тополмади. Аммо мана шу ҳолат барча ўйинни барбод қилди. Душман ичидаги фитнадан лаззатланганим йўқ, балки бунинг ўрнига оддий ўғирликнинг таъмини сездим, холос. Ўйлашимча, менинг ақл бовар қилмайдиган саргузаштлар ҳақидаги барча тасаввур ва орзуларим қайсидир маънода онамнинг радиосидан қочишга уриниш эди. Онам деярли ногирон эди. Юраги хасталиги боис кўп вақтини курсида ўтказишга мажбур бўлар, ягона овунчоғи радио эди. Лекин у фақат биргина эшиттиришни – Амстердамдан узатиладиган Хушхабар радиодастурини – тингларди. Унда баъзан мадҳия куйлашар, гоҳида эса ваъз айтишарди; буларнинг бари мен учун ҳамиша зерикарли эди. Бироқ онам учун эмас. Имон-эътиқод унинг ҳаёти мазмуни эди. Биз ҳатто Витте андазаси бўйича ҳам камбағал эдик, уйимиз қишлоқдаги энг кичик уй бўлган. Аммо онамнинг столи атрофидан ҳамиша ва ҳаммага жой етишидан хабардор бўлган кўплаб қашшоқлар, саёҳатчи воизлар, лўлилар уйимизга кириб келаверишарди. Бундай кунларда пишлоқ янада юпқа кесилиб, шўрвага сув қўшилсада, меҳмон ўз улушига эга бўларди. Онам учун тежамкорлик худди меҳмондўстлик сингари муҳим эди. Тўрт ёшимдаёқ картошканинг юпқа терисини шилиб, тозалашни эплай олардим. Етти ёшга тўлганимда бу мажбурият укам Корнелиуснинг зиммасига тушди, менга эса янада масъулиятлироқ вазифани – оёқ кийимларни ярқиратиб тозалашни – топширишди. Улар биз ҳар куни киядиган кломпенлар эмас, балки якшанбада кийиладиган чарм туфлилар эди, мабодо бир жуфт туфли ўн беш йил фойдаланмасдан аввалроқ ишдан чиқса, бу иқтисодий ҳалокат тариқасида қабул қилинарди. Онамнинг айтишича, туфлилар шундай ярқираши керакки, воиз уларнинг ёрқин товланишидан кўзларини юмиб олсин. Онамга оғир кўтариш мумкин бўлмагани сабабли, Бен ҳар ҳафта кир юварди. Кийимларни тоғорага ташлаб, сўнгра яна чиқариб олиш керак бўларди, негаки бундай ўзига хос кир ювиш бир жуфт айлантиргичлар ҳаракати ёрдамида амалга ошириларди. Мазкур техникавий янгилик хонадонимиз фахри эди. Биз навбати билан Беннинг қўлидаги дастакни олиб, токи қўлларимиз зирқираб оғримагунича уёқдан буёққа айлантирардик. Оилада фақат катта акам Бастиан бирор иш қилмасди. У Бендан икки ёш ва мендан олти ёш катта бўлган. Басни бирор ишга ҳеч қачон ўргатишмаган. У кун бўйи кўчадаги қайрағоч тагида қишлоқ одамлари ёнгинасидан ўтиб кетаётганини кузатиб турарди. Қишлоғимизда дов-дарахтлар кам эди, шу боис Витте ўз қайрағочлари билан фахрланарди. Ҳар бир уй олдида биттадан қайрағоч ўсган бўлиб, унинг бутоқлари йўл устида яшил равоқ ҳосил қиган ҳолда бир-бирига туташиб кетганди. Бас негадир қайрағочимиз остида турмасди. У кўча пастидаги учинчи қайрағочни танлаганди ва биздан кимдир уни кечки овқат учун чақириб келмагунича, кун бўйи ўша ерда қоларди. Ўйлашимча, онамдан кейинги ўринда Басни мен ҳаммадан кўпроқ яхши кўрардим. Одатда қишлоқ одамлари ўша ердан ўтаётганларида, акамнинг юзидаги ғаройиб бир уятчан табассумни кўриш учун унга эътибор қаратишарди: “А, Бас!” Акам узоқ йиллар давомида шу сўзларни тез-тез эшитиб турди ва ниҳоят ўзи ҳам такрорлай бошлади, бу унинг ўзи айта оладиган ягона сўзлар эди. Гарчи Бас гапира олмасада ва ҳаттоки мустақил кийина олмаса ҳам, унда бир ғаройиб ва ҳайратомуз иқтидор бўлган. 30-йилларда кўпгина голландларнинг уйида бўлгани сингари, бизнинг кичкинагина меҳмонхонамизда мўъжазгина орган турарди. Оиламизда фақат отамгина ноталарни ўқий олар ва оқшомлари кичик ўриндиққа ўтириб, оёқлари билан тепкини босар ҳамда қадимий қасидалар тўпламидан бирор мусиқани танлаб оларди, бошқалар эса куйлашарди. Барча куйларди, фақат Басдан ташқари. Отам чалишни бошлаганиданоқ Бас ўзини полга ташларди ва орган остига келиб, отамнинг оёқлари ёнида мусиқа асбобига бағрини бериб ётарди. Албатта, отам мусиқани эшитмаганлиги учун хатоларга йўл қўйиб қўпол чаларди, боз устига, узоқ йиллар мобайнида сандонга болға уриб ишлаганлиги боис бармоқлари йўғон ва букилмас бўлиб қолганди. Баъзан у мусиқа асбобидан қанча керакли ноталарни топса, яна шунча нотўғри ноталар ҳам чиқарарди. Аммо Басга барибир эди. У овоз тўлқинларини узатаётган мусиқа асбобига таърифлаб бўлмайдиган серзавқ нигоҳлари билан ёпишиб олганди. У ётган жойдан отамнинг қайси клавишларни ураётганини кўриб бўлмасди. Лекин Бас тўсатдан ўрнидан туриб, отамнинг елкасига оҳиста уриб қўярди. “А, Бас, а, Бас”, - дерди у. Отам ўрнидан турганида, Бас ўриндиққа унинг жойига ўтирарди. У доимо отам сингари виқор билан варақларни ўгириб, тўпламни кўздан кечирарди, лекин китоб кўпинча тепаси пастга қаратилган ҳолда турарди. Сўнгра эса худди отам каби тўпламдаги вараққа қараб қўйганча, чалишни бошларди. Бас оқшомлари отам чалган барча қўшиқларни бошидан охиригача ижро этарди. Лекин отам сингари иккиланиб, қўпол ва сохта чалмас эди. Бас хатосиз шунчалик чиройли чалардики, кўчадан ўтаётган одамлар мусиқани тинглаш учун тўхтаб қолишарди. Ёз оқшомларида, эшигимиз очиқ бўлганда, уйимиз атрофида оломон тўпланарди ва кўпчилик тингловчиларнинг ёноғидан кўз ёшлари оқарди. Зеро, Бас мусиқа чалганида, орган олдида фаришта ўтиргандек туюларди. Албатта, ҳар ҳафтада жамоатга бориш катта бир воқеа ҳисобланган. Витте қишлоғи голландлар кўп асрлар мобайнида денгиздан тортиб олган ҳудудда, польдерда* қад _______________________________________________ *польдер – дамбалар ёрдамида денгиз сувлари тортилиб, ўзлаштирилган ерлар (Таржимон изоҳи) кўтарганди. Шу боис польдерда жойлашган барча қишлоқлар каби, бизнинг қишлоқ ҳам дамба ёқасида эди. Бизда дамбанинг тепаси бўйлаб жанубдан шимолга элтадиган биргина кўча бўлган. Уйлар атрофи сув билан ўралган, тупроқ тўкиб кўтарилган оролда қурилган бўлиб, ҳар бир уй зовур устида ўрнатилган қадрдон кичик кўприк билан ўзаро боғланганди. Ҳар иккала кўчанинг охиридаги энг баланд ерда иккита жамоат жойлашганди. Испанларнинг Голландияга уюштирган босқинидан буён ҳанузгача католиклар ва протестантлар орасида бир талай тарангликлар мавжуд. Бутун иш ҳафтаси мобайнида балиқ сотувчи одам майда-чуйда металл буюмлар дўконининг эгаси билан хотиржамгина мулоқот қилади, якшанба куни эса биринчиси ўз оиласи билан қишлоқнинг шимолидаги рим-католик жамоатига боради, иккинчиси эса айни вақтда оиласини олиб жанубдаги протестант жамоатига йўл олади, аммо йўлда учрашиб қолсалар, бир-бирларига ҳатто бош ирғаб салом беришмайди. Бизнинг оиламиз ўзининг протестантлик анъаналари билан беҳад фахрланарди. Ўйлашимча, уйимиз қишлоқнинг шимолий чеккасида жойлашганидан отам ўта мамнун бўлган, негаки кўчанинг узунлиги унга ўзининг тўғри йўналишдан бораётганлигини кўрсатиш имконини берарди. Отамнинг қулоғи оғирлиги боис биз ҳамиша жамоатда биринчи қаторда ўтирардик. Бироқ оиламизнинг барча аъзолари учун бу қатор жуда қисқалик қиларди, шу боис мен онамни ва бошқа болаларни олдинга ўтказиб, орқароққа тисланардим. Сўнгра “жой топиш” учун орқа қаторларга ўтиб кетардим. Одатда мен жойимни жамоатдан имкон қадар узоқликдан топардим. Қишда музлаган канал бўйлаб ёғоч бошмоқларимда сирпанчиқ учардим. Ёзда эса жамоатдаги хизмат чоғлари далада шундай тинч ўтирар эдимки, қарғалар елкамга қўнарди ва қулоғимдан енгилгина чўқиб қўйишарди. Қандайдир ғаройиб сезги ҳамиша жамоатдаги хизмат қачон тугашини менга аниқ айтиб турарди, шу боис жамоат биносидан чиқаётган илк жафокашларнинг ёнига, эшик олдига суқилиб киришга айни вақтида улгуриб қолардим. Мен йиғинда иштирок этмаганимни асло пайқамаган воиз ёнида турардим. Келганларнинг ваъз ҳақидаги гапларини тинглардим ва шу тариқа мавзуни, унинг мазмун-моҳиятини, баъзан эса ҳаттоки бутун бошли воқеаларни билиб олардим. Бундай разведка мен учун алоҳида аҳамиятли эди, негаки мен бусиз ушбу саргузаштимнинг асосий қисмини уддалай олмасдим. Голландияда жамоатдан қайтишгач, уйда йиғилиш одат тусига кирганди. Бундай йиғинлар ўзида учта таркибни аниқ бирлаштирарди: бу ерда қаҳва ичишар, сигарет чекишар ва ваъзни батафсил муҳокама этишарди. Қишлоғимиздаги эркаклар ҳафтада бир маротаба узун қора сигара чекишарди. Ҳар якшанбада уларнинг хотинлари қаҳва қайнатганида, бу эркаклар ўз сигараларини чиқариб, катта тантана билан чекишга тушишарди. Шундан буён қаҳва ва сигаранинг ҳидини сезсам, юрагим қаттиқроқ ура бошлайди. Бу ҳид менда қўрқув ва ҳаяжон ҳисси билан қоришиб кетган – мени ваъз ўқилган пайтда жамоатда деб билган ота-онамни бу сафар ҳам лақиллата олармиканман? “Эслашимча, воиз фақат ўтган ойдагина Луқо Хушхабаридан (3:16) сўз юритганди”, - дея қайд этардим, гарчи бунинг шундай эмаслигини билсамда, аммо шу йўсинда чўпоннинг бугунги ваъзи нима ҳақда эканлигини яхши эслашим ҳақида иштирокчиларга тушунтириб қўярдим. Ёки: “У бугун сиёсат ҳақида яхши гапирди, - дердим мен суҳбатнинг бир қисмини илғаб қолиб. – Фикримча, бургомистр қутуриб кетади”. Бундай усул аъло даражада иш берарди. Ҳозир ўша ёшимда жамоатга қанчалик кам борганлигимни ўйлаб, қизариб кетаман. Аммо менинг ишонувчан ва оқкўнгил оилам ҳеч нимадан шубҳаланмагани ҳақида ўйлаганимда, баттарроқ қизараман. 1939 йилда бутун мамлакат Уэтстрлар оиласи аллақачон тушунган ҳолатни кўрди, яъни Германия кўпгина мамлакатларни, жумладан, Голландияни ҳам босиб олишга жиддий тайёрлана бошлади. Бизнинг уйимизда бу ҳақда камдан кам гапиришарди. Бас касал эди, шифокор унинг сил касаллиги билан оғриганини айтди. Бас узоқ ойлар мобайнида ўзининг торгина ётоқхонасида ётди ва тинимсиз йўталаверди. Унинг танаси шу даражада қуриб қолдики, каравотда фақат териси ва суяклари қолганди. Унинг азоблари оғирлашганининг яна бир сабаби, ўзини қандай ҳис қилаётганини бизга айта олмасди. Ёдимда, ўн бир ёшга тўлган кунимда онам ошхонада куймаланиб турган вақти унинг хонасига кирдим. Бу ерга кириш қатъий таъқиқланганди, негаки унинг касаллиги юқумли эди. Лекин мен айнан шуни хоҳлагандим. Агар Бас ўлса, мен ҳам ўлмоқчи эдим. Мен унинг тўшагига ўзимни ташлаб лабларидан ўпар эдим. Бас 1939 йилнинг июль ойида вафот этди, мен эса ҳар доимгидек соғлом эдим, назаримда, Худо мени икки бора алдагандек эди. Орадан ики ой ўтиб, сентябрь ойида ҳукумат умумий сафарбарлик эълон қилди. Онам илк маротаба радиони янгиликлар тўлқинига мослади. Биз радиоускунанинг энг баланд овозини кўтардик, лекин отам барибир ҳеч нимани эшитмасди. Шунда синглим Гелтье унинг ёнига ўтириб, энг муҳим хабарни қичқириб айтиб берди. “Барча заҳира қисмлари фаол ҳолатга келтирилган, дада”. “Барча хусусий автомобиллар давлат ихтиёрига олинган”. Кечга яқин йўлларда тиқилинч юзага келди, бундай охири йўқ тирбандликлар немислар бизнинг еримизга бостириб киришларидан аввалги ойларда одатий ҳолга айланди. Голландиянинг барча автомобилларини кўчаларда кўрардингиз. Шимол сари қанча машина интилаётган бўлса, жанубга ҳам шунча машина йўл олганди. Ҳеч ким ҳужум қаёқдан бошланишини билмас, аммо барчанинг имкон қадар тезроқ кетгиси келарди. Мен ҳар куни қопдек шим ва ўнгиб кетган кўйлакда қачонлардир Бас турган дарахт остида туриб, ўтаётган одамларни кузатардим. Ҳеч кимда гаплашиш истаги йўқ. Фақат жаноб Уэтстр ўзида жасорат тўплаб, барчамиз билган сўзларни айтди. Нега мени ўша вақтда бу оила ўзига тортганлигини тушунмайман, лекин кўпинча уларнинг деразаси остига келиб турардим. “Хайрли кун, Андрей”. “Хайрли кун, Уэтстр хоним”. “Онанг айтган топшириқ бўйича кетяпсанми? Ма, кучли бўлишинг учун печенье еб олгин”. Аёл печенье ва таомни деразага олдига олиб келди. Жаноб Уэтстр стол ёнидан ошхонага қаради. “Бу кичкинтой Андрейми? Сафарбарликни томоша қилишни хоҳлайсанми?” “Ҳа, жаноб”. Мен қандайдир сабабга кўра печеньени орқамга яширдим. “Андрей, ҳар оқшом юртимиз учун ибодат қил. Бизни олдинда қийин даврлар кутмоқда”. “Яхши, жаноб”. “Биз дағдаға қилганимиз билан танк ва самолётларга қарши нима ҳам қила олардик?” “Ҳа, жаноб”. “Улар бу ерга келишади, Андрей, темир каска кийиб, димоғдорлик ва нафрат билан келишади, биз эса фақат ибодат қилишимиз мумкин, холос”. Жаноб Уэтстр дераза олдига келиб, дераза токчасига тирсагини қўйди. “Сен ибодат қиласанми, Андрей? Бажаришимиз керак бўлган вазифани адо этишимиз учун, мажбуриятимизни охиригача уддалашимиз учун ибодат қил. Сен шундай қиласанми, Андрей?” “Ҳа, жаноб”. “Баракалла”. Жаноб Уэтстр хонага қайтди. “Бўпти, онанг қаёққа деган бўлса ўша ёққа югур”. Бироқ мен ўгирилиб кўча бўйлаб кетаётганимда, жаноб Уэтстр қайта чақириб қолди. “Печеньенгни еб ол. Биламан, бизнинг печкамиз баъзан жуда ёмон тутун чиқаради. Лекин энди деразага янги ойна қўйганимдан буён яхши ишлаяпти”. Ўша оқшом чордоқдаги тўшагимда ётиб, жаноб Уэтстр ҳақида ўйладим. Демак, у печка ҳақида билган. Аммо қишлоғимиздаги бошқа катта ёшлилар каби йўл тутмади, яъни отамга ҳеч нима демаган. Нега бундай қилганлиги қизиқ. Шунингдек, нега ибодат қилишимни сўраганини ҳам билгим келарди. Менинг ибодатимдан нима фойда! Худо ибодатларни эшитмайди. Мабодо немислар келишса, мен уларга ибодатдан кўра жиддийроқ бир нималар уюштираман. Мен якка ўзим душманга қарши амалга оширадиган қаҳрамонликлар ҳақидаги орзулар билан уйқуга кетдим. Апрель ойида Виттени жанубдан келган қочоқлар тўлдириб юборишди. Немислар қўшинини тўхтатиш учун Голландия ўз каналларини портлатиб, кўп асрлар мобайнида одамлар денгиздан қаричма қарич эгаллаб келган ерларни сувга бостирди. Бизнинг торгина уйимиздан ташқари барча уйларда сув босган жойлардан келган қочоқлар яшашарди, онамнинг қозонида эса куну-тун шўрва қайнарди. Аммо немислар қуруқликдан келишмади, албатта. Витте устидан биринчи самолётлар 1940 йилнинг 10 май куни учиб ўтди. Биз бутун тун бўйи бир-биримизга маҳкам ёпишганча ўтирдик, ҳеч ким ухлашни истамасди. Эртаси куни устимиздан самолётлар учиб ўтди, улар қишлоғимиздан тўрт миль наридаги кичкина ҳарбий аэдромни бомбардимон қилаётганларида портлаш овозларини эшитиб турдик. Мен ўн икки ёшга тўлган кун ҳам етиб келди, бироқ ҳозирда бу ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Немислар шундан сўнг Роттердамни бомбардимон қилишга тушдилар. Хилверсумдан сафарбарлик ҳақидаги хабарларни энг бошиданоқ етказиб келаётган радиодиктор бу янгиликни ўқиётганида йиғлаб юборди. Роттердам ер юзидан супуриб ташланганди. Бир соат ичида шаҳар вайрон бўлди. Бу блицкриг, яшин тезлигидаги уруш эди. Кейинги куни Голландия таслим бўлди. Орадан бир неча кун ўтиб, Виттега кичкинагина бақалоқ лейтенант полиция машинасида келиб бургомистрнинг уйига жойлашди. Унинг ёнида асосан кекса ёшдаги бир гуруҳ немис аскарлари бор эди. Витте муҳим маскан бўлмаганлиги боис қўмондонлик биринчи даражали қўшинларни бу ерга жойлаштиришни режалаштирмаганди. Менинг қаршилик кўрсатиш ҳақидаги тасаввурларим бир муддат жонли тус олди. Кўпинча тунги соат иккида чордоқдан нарвон орқали пастга секин тушардим. Онам эшитиб қолишини билардим, негаки унинг олдидан ўтаётганимда бир текис нафас олиши узилиб қоларди. Лекин у мени ҳеч қачон тўхтатмаган. Эртаси куни онам оиламиз аъзоларига майдалаб тақсимлаб бериладиган қимматбаҳо шакарни нима қилганлигимни сўрамади. Ва барибир қишлоқдагилар лейтенантнинг машинаси тўсатдан бузилиб қолаётганидан ҳайрон бўлишди. Уни ўт олдириб бўлмасди. Мотор ишламай қолганди. Айримлар машинанинг бензин бакидан шакар топиб олишганини айтишар, кимлардир эса бу гапга ишонмасди. Шаҳарда озиқ-овқатлар қишлоқ хўжалиги ҳудудларига нисбатан тезроқ тамом бўлди. Мен ўзимнинг болалик урушимда шу ҳолатдан фойдаландим. Урушнинг биринчи йилидаги иссиқ кунлардан бирида саватимни карам ва помидорларга тўлдириб, Алкмаргача тўрт миль масофани босиб ўтдим. Ўша ердаги дўконда урушга қадар пақилдоқларнинг эски заҳираси сақланарди, мен эса дўкон эгасига сабзавотлар кераклигини билардим. Имкон қадар савдолашдим, натижада саватимга пақилдоқларни солиб, айнан шу мақсадда олиб келган гулларим билан унинг устини ёпдим. Дўкондор жимгина кузатиб турарди. Сўнгра тўсатдан қатъий қарорга келгандек пештахта тагидан каттакон ўйинчоқ бомбани чиқарди. “Менда сабзавотлар бошқа йўқ”. “Сен комендантлик соатигача уйга қайтганинг маъқул”. Виттедаги ўша тунда чордоқ тағин ғичирлади ва онам яна нафасини ичига тортиб ўтирди. Мен оҳистагина тун қўйнига чиқдим. Икки аскардан иборат қўриқчилар гуруҳи уйимиз олдидаги кўчадан ўтиб кетди. Улар ҳар бир уйга машъала ёруғида қараб ўтишарди. Яқинлашаётган қадам товушларини эшитиб, деворга ёпишганча муздек қотдим. Аскарлар ёнгинамдан ўтиб кетган заҳотиёқ уйимиз ва кўча ўртасидаги кўприк сари ошиқдим, сўнгра эса аскарлардан қарама-қарши тарафдаги бургомистрнинг уйи томон югурдим. Қўриқчилар кўчанинг нариги томонида бўлганларида, катта бомбани лейтенантнинг уйи эшиги олдида осонгина портлатишим мумкин эди. Лекин янада қизиқроқ нимадир қилгим келди. Мен қишлоқдаги энг зўр чопқир эдим ва ўз ортимдан кекса аскарларни югуртириш ғаройиб бўлади деган қарорга келдим. Уларнинг ёши элликдан ўтган деб ўйламайман, лекин айни вақтда улар бутунлай мункиллаб қолгандек туюлганди. Шу боис қўриқчилар келишини кутиб турдим. Улар ўз штабларига келганда шамолдек елиб югуришга тушдим. “Тўхта!” Мени фонарь нурлари ёритди ва милтиқнинг затвори шиқирлаганини эшитдим. Милтиқ ҳақида асло ўйламаган эканман! Мен эгри-бугри йўллардан қуёндек югуриб кетдим. Шундан сўнг ўзим қолдирган ўйинчоқ бомба портлади, аскарлар эса бир дақиқага эътиборларини портлашга қаратишди. Мен зулмат аро қаршимда пайдо бўлган биринчи кўприкдан елиб ўтдим, боғга қараб қочдим ва ўзимни карам бошлари орасига урдим. Улар мени ахтариб топишдан умидларини токи бутунлай узмагунларича, немисча қўпол сўзларни айтиб, деярли бир соат излашди. Бундай муваффақиятдан руҳланиб кетиб, мен пақилдоқларни ҳаттоки кундузи портлатадиган бўлдим. Бир куни бекинган жойимдан югуриб чиқиб аскарга рўпара келиб қолдим. Қочишга уриниш айбимни тасдиқлаган бўларди, холос. Лекин қўлларимда қилмишларимнинг кучли исботи турарди: чап қўлимда пақилдоқ, ўнг қўлимда эса гугурт ушлаб тургандим. “Эй сен! Қани буёққа келчи!” Қалтироқ қўлларим билан пақилдоқни маҳкам қисдим. Пақилдоқни чўнтагимга тиқмадим, улар биринчи навбатда чўнтакларни титкилаб чиқишади. “Пақилдоқни сен портлатдингми?” “Пақилдоқни? Мен эмас, жаноб!” Қўлларим билан пақилдоқ ва гугуртни маҳкам қисган ҳолда худди ўзим тинтув қилишга таклиф этаётгандек пиджагимни пастидан ушлаб кенг очиб юбордим. Аскар кенг шимимдан тортиб қалпоғимгача диққат билан қараб чиқди. У нафратомуз тарзда ўгирилганида, қўлимдаги пақилдоқ тердан ҳўл бўлиб кетганди. Бироқ, вақт ўтиб бундай ўйинлардан чарчадим. Яқинимиздаги қишлоқларда гаровдагиларни қатор қилиб отиб ташлашар, уйларини ёқиб кулга айлантиришарди. Ўша ерларда ҳақиқий қаршилик ўсиб, кенг ёйилганди. Немислар ҳақидаги ҳазил кулгили туюлмай қолганди. Бутун Голландия бўйлаб onderduikers (“сувостидагилар” маъносидаги одамлар) сони ортиб борарди, улар Германиядаги мажбурий меҳнатга юборишларидан бош тортиб, босқинчилардан яширинган эркак ва ўспиринлар эди. Уруш бошланганида Бен ўн олти ёшда эди ва у урушнинг биринчи ойиданоқ Эрмело яқинидаги фермадаги пана жойга “шўнғиди”, биз шу тариқа беш йил мобайнида у ҳақда ҳеч нима эшитмадик. Радиоси бор кишилар янги ҳукумат назарида жиноятчиларга айланишди. Онамнинг мана шу хазинасини том тагидаги ковакка беркитдик ва Лондондан голланд тилида берилаётган янгиликларни эшитиш учун биттадан ўша ёққа борардик. Кейинроқ голланд темир йўли хизматчилари иш ташлаш эълон қилганида, биз ҳаттоки темир йўл ишчиларини ўша ковакка беркитиб қўйдик, албатта, уйимизда соҳил сари ўтаётганда тунаб қоладиган яҳудийлар ҳамиша бўларди. Немисларнинг жонли кучга бўлган эҳтиёжи тобора ортиб боргани учун босқинчи қўшинлар Виттедан кетишди. Аммо бизнинг азобларимиз шу билан тугамади – тинтувлар бошланди. Кечаю кундуз ҳар қандай вақтда қишлоқда юк машиналари пайдо бўлиб, кўчанинг иккала тарафини қуршаб олишар, аскарлар гуруҳи ҳар бир уйдан ишга яроқли эркакларни излашарди. Немисларнинг яна бир галги қуршовида бошқа омон қолган эркаклар ва ўсмирлар билан қочганимда ёшим ҳали ўн учга ҳам етмаганди. Биз бошимизни эгиб каналлардан сакраб ўтганча темир йўл ортидаги ботқоқлик сари дала орқали қочгандик. Темир йўл кўтармаси чиқиб олишимиз учун жуда баландлик қиларди ва бизни ўша ерда кўриб қолишлари мумкин эди, шу боис темир йўл кўприги тагидан оқаётган катта каналга шўнғидик, кейин эса совуқ сувдан қалтираб зўрға нафас олганча жиққа ҳўл тарзда ундан эмаклаб чиқдик. Урушнинг охирида бизга ҳаттоки кичкинтой Корнелиус ва қулоғи оғир отам ҳам қўшилишди. Қуршовлар ораси давридаги ҳаёт қайғули бир курашга айланди. Электр қувватидан фақат немислар фойдаланишарди. Электр қувватисиз насослар ишламас, шу боис ёмғир сувлари каналларда айниб ётарди. Уйда мой чироқлардан фойдаланганмиз, мойни эса карам уруғидан сиқиб чиқарардик. Кўмир йўқ эди, шу сабабдан Виттеда севимли қайрағочларимизни кесишга тушдилар. Бас ёқтирган дарахтни иккинчи йили ағдаришди. Лекин совуқ ва аскарлардан кўра энг ёмон душман – бу, очлик эди. Биз доимо азобда, беҳад оч эдик. Барча ҳосилни йиғим-теримдан сўнг дарҳол фронт учун олиб кетишарди. Отам аввалгидек сабзавотлар етиштирар, лекин ҳосилнинг катта қисмини немислар ўзига олишарди. Бир неча йиллар мобайнида олти кишидан иборат оиламиз икки кишига етарли озиқ-овқат билан кун кечирди. Дастлаб бундай ночор овқатланиш таркибига боғимиздаги лола пиёзларини қўшиб, худди картошка каби истеъмол қилдик. Онам ўзини овқатланаётгандек қилиб кўрсатар, лекин кўпинча тунлари у ўзининг бир мисқолгина улушини бизга бериш учун бўлакларга ажратаётганига кўзим тушарди. У Баснинг мана шундай кунларни кўрмай оламдан ўтганидан таскин топарди. Бас ҳеч қачон очлик қийноғини, совуқ хонадонни ва дарахтсиз кўчаларни тушунмаган бўларди. Аммо онам ўрнидан мутлақо тура олмайдиган кун ҳам етиб келди. Мабодо уруш тезда тугамаса, ҳаммамиз онамнинг ўлиб қолишини билардик. Бироқ, 1945 йилнинг баҳорида немислар кетгач, уларнинг ўрнига канадаликлар келишди. Одамлар кўчада туриб қувонч кўз ёшларини тўкишарди. Лекин мен бу одамлар орасида эмасдим. Бу пайтда тўхтамасдан беш миль масофани югуриб ўтиб, канадаликлар лагеридан кичкина халтачада қуруқ нон сўраб олаётгандим. Нон! Бу айнан ҳаёт нони эди! Мен уйга қичқириб кириб келдим: “Егулик! Егулик! Егулик!”. Онам қаттиқ нонни чайнаганида, Худога миннатдорлик кўз ёшлари унинг чуқур ажинларидан ёноқларига оқиб тушди. Уруш якунига етганди. 2 БОБ. САРИҚ РАНГЛИ СОМОН ҚАЛПОҚ 1945 йилнинг ёз кунларидан бирида, немислар босқинидан озод бўлганимиздан ойлар ўтиб, бир куни уйга келганимда синглим Гелтье отам мени кўрмоқчи эканлигини айтди. “Отам ҳозир боғда”, - деди синглим. Мен қоронғи ошхонадан ўтиб, қуёшнинг ёрқин нуридан кўзларимни қисган ҳолда карам жўяклари орасидан ўтдим. Отамнинг қўлида кетмон, оёғида кломпенлар бўлиб, жўяк устида эгилганча чидам билан бегона ўтларни юларди. Мен унинг рўпарасига келиб қичқирдим: “Ота, мени чақирдингизми?” Отам оҳиста қад ростлади.”Сен ўн етти ёшга тўлдинг, Андрей”. Мен гап нима ҳақда боришини дарҳол тушундим. “Ҳа, ота”. “Ҳаётда нималар билан машғул бўлмоқчисан?” Отам қичқириб гапиргани учун ноқулай аҳволга тушдим. Жавоб ўрнида мен ҳам қичқиришимга тўғри келди. “Билмайман, ота”. Ҳозир у мендан нега темирчилик касбини ёқтирмаслигимни сўрайди. У худди шуни сўради. Энди эса нега авточилангарликни ўрганмаётганимни сўраса керак – мен бу касбни немислар истилоси остида бўлган вақтимизда ўрганишга урингандим. Отам шу ҳақда сўради. Мен бутун Витте отамнинг саволларини ҳамда уни қаноатлантирмоқчи бўлган мужмал ва мавҳум жавобларимни эшитаётганини билардим. “Ўзингга касб танлаш вақти келди, Андрей. Кузда бирор қарорга келишингни кутаман”. Отам тағин кетмон чопишга тушди, мен эса суҳбат тугаганини тушундим. Менда ўз тақдирим ҳақида қарор қилишим учун икки ой қолганди. Бироқ нима истаётганимни билардим: кундалик ҳаёт билан чегараланмаган ҳаётни. Мен саргузаштларни истардим. Мен ҳамиша орқасига қарашга ўрганган одамлардан, Виттедан кетишни орзу қилардим. Аммо шу билан биргаликда, истиқболим ёрқин эмаслигини ҳам билардим. Немислар келганида олтинчи синфда ўқирдим. Улар мактабимиз биносини эгаллаб олиб, таълим олишимга нуқта қўйишганди. Ихтиёримдаги ягона имконият – уйдан қочиб кетиш қолганди, холос. Ўша куни канални оёқяланг кесиб ўтиб, фермерлар фойдаланадиган тор сўқмоқ бўйлаб югурдим. Беш миль масофани босиб ўтганимдан кейингина қизиша бошладим. Мен пақилдоқлар сотиб олган шаҳар ичидан югуриб ўтдим. Энди фикрларим ёришган, тиниқ ишлай бошлаганди. Мен жавоб топишга ўсиб бораётган ҳис-туйғу билан тепаликка тиришиб чиқдим. Ниҳоят, бир қарорга келдим. Газеталарда колониялардаги қўзғолон ҳақида мунтазам ёзишарди. Голландиянинг яқинда японлардан озод бўлган Ост-Индияси энди голладлардан халос бўлишга интилаётганди. Ҳар куни бу колониялар – уч юз эллик йил мобайнида голланд ери бўлганлигини бизга эслатиб туришарди.Нега бизнинг қўшинларимиз уларни голланд тахтига қайтармаслиги керак? Нега бу мумкин эмас? Ўша кеча уйдагиларга нима қилишни билишим ҳақида айтдим. “Хўш, нима қилиш керак, Анди?” – сўради Мартье. “Мен ҳарбий хизматга бораман”. Онам нафасини ичига ютди. “О, Андрей!” У жуда кўплаб қўшинларни кўрганди. “Наҳотки биз доимо қотилликлар ҳақида ўйлайдиган бўлсак?” Бироқ отам ва акам бошқача фикрда эди. Кейинги ҳафта отамдан велосипедни олиб, Амстердамдаги қабул пунктига йўл олдим. Тунда маъюс ва умидсиз аҳволда уйга қайтиб келдим. Ҳарбий хизматга фақат ушбу йилда ўн саккизга тўладиган ўн етти ёшлиларни олишаркан. Мен эса 1946 йилнинг май ойида ўн саккизга тўламан. Январь ойида тағин қабул пунктига келдим, бу сафар қабул қилишди. Мен тез орада Виттега виқор билан янги мундирда кириб келдим, шимим калта, мундир жуда кенг эканлигини, умуман ўта аҳмоқона кўринганимни пайқаганим йўқ. Аммо мен колонияни қироличага қайтаришга, бошқалар коммунист ва зоти бузуқ деб атайдиган бир қанча ифлос инқилобчиларга сабоқ бериб қўйишга аҳд қилгандим. Бу иккита сўз ўз-ўзидан ўзаро бирлашиб кетганди. Қароримга қойил қолмаган ягона одамлар Уэтстрлар бўлишди. Мен уларнинг уйи олдидан мағрур қадам ташлаб ўтдим. “Салом, Анди”. “Хайрли тонг, жаноб Уэтстр”. “Ота-онанг саломатми?” Наҳотки у менинг мундиримни кўрмаётган бўлса? Аскарча камарим тўқасида қуёш нурлари акс этишини кўзлаб ўгирилдим. Ниҳоят, бидирлашга тушдим:” Биласизми, мен ҳарбий хизматга кирдим. Ост-Индияга жўнаяпман”. Жаноб Уэтстр менга яхшироқ қарамоқчи бўлгандек ўзини орқага олди. “Ҳа, кўряпман. Демак, саргузаштлар сари йўл олибсанда. Сен учун ибодат қиламан, Андрей. Саргузаштларинг сенга ёқиши учун ибодат қиламан”. Мен унга беҳад ҳайрат билан тикилиб қолдим. Менга ёқадиган саргузаштлар деганда нимани назарда тутди? Мана шу ердан, мана шу бир хил ва вазмин одамлардан бошлаб, Витте орқали барча йўналишлар бўйлаб тортилган ҳар қандай саргузаш менга бу қишлоқдаги узун уйқулардан кўра кўпроқ ёқадиган бўлиб қолди. Хуллас, уйни тарк этдим. Уй билан нафақат жисмонан, балки қалбан айрилишдим. Мен дастлабки тайёргарлик чоғида жон-жаҳдим билан меҳнат қилдим ва қилаётган ишларим ҳаётимда биринчи бора ўзимга ёқди. О, менга катталарга бўлганидек муносабатда бўлишса қанчалик ёқарди. Тайёргарликнинг бир қисми Горкум шаҳрида бўлиб ўтди. Ҳар якшанбада жамоатга бориб турдим, аммо Худога хизмат қизиқтиргани учун эмас, балки хизматдан сўнг бўладиган тушликда қорин тўйғазиб олиш учун. Тушлик чоғида мени Индонезияга юбориладиган махсус қўпорувчи-десант гуруҳига тайинлаганлари ҳақида айтишни жуда-жуда ёқтирардим. “Бир неча ҳафтадан сўнг, - дердим намойишкорона ҳаракат билан стулда керилганча якшанба сигарасини ёнимдан чиқариб, - душман билан юзма-юз бўламан”. Сўнгра эса уй эгаларига лоқайд қараб қўйганча, менга хат ёзиш-ёзмасликлари ҳақида сўрардим. Улар доимо рози бўлишарди, мен Голландиядан кетишимдан аввал ёндафтарчамда етмишта манзил ёзилганди. Мактубдошларимдан бири қиз бола эди. Мен уни якшанба хизматидан сўнг ислоҳотчилар жамоатида учратдим. Бу мен аввал учратган қизлар орасида энг чиройлиси эди. У тахминан мен билан тенгдош, кўкимтир-қора сочли жуда нозик қиз. Мен оппоқ ранг қордек бўлиши ҳақида ўқигандим, лекин ҳаётимда илк бора шундай рангни ўз кўзим билан кўрдим. Ибодат чоғидаги ёқимли мудроқдан сўнг мени тушликка таклиф қиладиганларни излашга тушдим. Ва албатта, мўлжалим бу сафар аниқ бўлди. Қорқиз эшик олдида турарди. У ўзини таништирди. “Менинг исмим Тиле”, - деди у. “ Мен эса Андрейман”. “Онам сўраяпти, биз билан тушлик қилишни истамайсизми?” “Бажонидил”, - жавоб қайтардим ва орадан бир неча дақиқа ўтиб, мени қўлтиғимдан тутган малика билан жамоатни тарк этдим. Тиленинг отаси балиқ сотувчи эди. Улар Горкумдаги денгиз соҳиллари яқинида, дўконлари жойлашган бинонинг тепасида яшашарди. Тушлик чоғида соҳилдан келаётган муаттар ҳидлар қайнатилган карам ва ветчинанинг ҳиди билан қоришиб кетганди. Тушликдан сўнг биз оила меҳмонхонасида ўтирардик. “Сигара чекасанми, Андрей?” – таклиф қилди Тиленинг отаси. “Раҳмат, жаноб”. Сигарани олиб, Виттедаги эркаклар қилгани каби уни бармоқларимда айлантира бошладим. Очиғини айтганда, сигара чекиш менга ёқмасди, лекин эркаклар тоифасига мансублик ҳисси шу қадар кучли эдики, мен арқонни чекиб ҳам ундан ҳузур олишим мумкин эди. Биз ичиб сигарани тутатиб ўтирганимизда, Тиле деразага ўгирилиб ўтирар ва тушнинг ёрқин нурлари унинг сочларини ҳар қачонгидан ҳам кўра кўкимтир рангда кўрсатарди. У деярли ҳеч нима демади, бироқ бу навниҳол қиз менга мактуб ёзишини билиб турардим, эҳтимол, муносабатларимиз фақат хат ёзиш билан чекланиб қолмас. 1946 йил 22 ноябрь – ватандаги охирги кун. Тиле ва Горкумдаги бошқа оилалар билан хайрлашиб бўлдим. Энди ўз оиламиздагилар билан кўришиб келиш қолганди. Мабодо ўшанда онамни охирги маротаба кўраётганлигимни билганимда, ўзимни фронтга отланаётган ботир аскардек тутмаган бўлардим. Бу ҳақда билмасдим ва шу боис онамнинг қучоқлашини шундай бўлиши керакдек қабул қилдим. Мен қандай ажойиб тарзда кўринишим ҳақида ўйлардим: устимдаги мундир ўзимга ярашган, аъло даражадаги жисмоний ҳолатдаман, сочларим ҳарбийчасига калта олинган. Ниҳоят, кетиш учун қўзғалганимда, онам этаги остидан кичкина китобни чиқарди. Бунинг Муқаддас Китоб эканлигини дарҳол тушундим. “Андрей, уни ўзинг билан олиб кетасанми?” Албатта, мен “ҳа” деб жавоб қайтардим. “Сен уни ўқийсанми, Андрей?” Сиз қачонлардир онангизга “йўқ” деганмисиз? Сиз ниманидир қилмаслигингиз мумкин, аммо “йўқ” деб айта олмайсиз. Муқаддас Китобни йўл халтамнинг энг тубига солдим ва у ҳақда бутунлай унутдим. Бизнинг транспорт кемамиз “Sibajak” 1946 йили Мавлуд арафасида Индонезия қирғоқларига етиб келди. Менга ёпирилган оғир тропик ҳидлардан қалбим ҳаяжонга тўлди. Ярим яланғоч юк ташувчилар кема нарвони орқали шошилганча чиқиб тушишарди. Мен бу янги ҳидлардан нафас олдим, эътиборимизни тортмоқчи бўлган сотувчиларнинг овозига қулоқ тутдим. Йўл халтамни елкамга ташлаб, қуёшнинг куйдирувчи нурлари остида нарвон орқали пастга тушдим. Ўшанда орадан бир неча ҳафта ўтиб, ҳозир атрофимда тўпланган кишиларга ўхшаш қуролсиз одамларни, болаларни ўлдиришим хаёлимда ҳам йўқ эди. Айримлар маймунларни сотишарди. Бу ҳайвонларнинг бўйнида занжир бўлиб, кўпчилиги турли ҳаракатлар қилишни биларди. Жиддий, кексанамо башарали бу жониворларга жуда қизиқиб қолдим, уларга яхшироқ қараш учун энгашдим. “Уларга тегма!” Мен қаддимни ростлаб қарадим, зобитларимиздан бири менга гапираётган экан. “Аскар, улар тишлаб олади”. Зобит жилмайди, аммо айни вақтда ўта жиддий эди. “Улардан ярми қутуриш билан касалланган”. Зобит нари кетди, мен қўлимни тортдим. Сотувчи болакай зобитнинг ортидан баланд овозда савдони бузганликда уни айблаб югурди. Мен кемадан тушган аскарлар сафига қайтдим, аммо маймун боқиб олиш ҳақида қатъий бир қарорга келгандим. Бизларнинг орамиздан қўпорувчи-десант гуруҳига белгиланганларни яқиндаги оролга машғулот учун жўнатилди. Менга югуриш ва тўсиқлардан кечиб ўтиш ёқарди: девордан ошиш, дарё ва оқимлардан кечиб ўтиш, чирмовиқларга осилиш, пулемётнинг тинимсиз отилаётган ўқлари остида паст энгашганча қувур ва тоннеллардан ўрмалаб ўтиш. Тағин найза, пичоқ ва фақат қўл билан бажариладиган жангларни кўпроқ ёқтирардим. “Хай-хо!” Ҳамла, зарба, рақибга қарши яланғочланган пичоқ билан ҳужум. Бироқ негадир одамларни ўлдиришга ўрганаётганлигим фикри ҳеч хаёлимга келмабди. Десантларни тайёрлашда уларнинг ўзига бўлган ишонч ҳиссини ривожлантиришга ҳам аҳамият бериларди. Аммо бу масалада қаттиқ тайёрланишимга ҳожат йўқ деб билардим. Болалигимдан буён нимани хоҳласам, шуни уддалашимга бўлган мутлақо асоссиз ишонч бор эди. Мисол учун, Брен номли гусеницали оғир юк машинасини бошқариш билан шундай бўлган. Ҳатто бу машинани ҳайдашни биладиганлар ҳам қийинчилик билан унинг найрангларини эплай олишарди. Мен эса ҳарбий машғулотларга борганимизда, керакли барча ҳаракатларни тушуниб олганимга ишонч ҳосил қилмагунимча ҳайдовчини кузатиб турардим. Тўсатдан буни амалда аниқлаб олиш имкони пайдо бўлди. Штабдан чиққанимда, зобитга тўқнаш келдим. “Машина ҳайдашни биласанми, аскар?” Дарҳол ҳарбийчасига салом бериб, яна ҳам тезроқ жавоб қайтардим: “Худди шундай, жаноб”. “Анави Бренни гаражга қўйиш керак. Кетдик”. Нақ тўғримиздаги бурилишда юк машинаси турарди. Гараж бу ердан уч юз ярд масофада. Ўша жойда яна еттита машина бирин-кетин қўйилганди. Ҳайдовчининг ўрнига шипиллаб тушдим, зобит ёнимга жойлашди. Асбоб қалқонига қарадим. Олдимда ўт олдириш калити турарди ва ҳайдовчи энг аввало мана шу калитни бураганини эсладим. Табиийки, мотор ўқчиб ишлай бошлади. Хўш, энди қайси тепкини босиш керак? Мен улардан бирини босдим ва у енгилгина пастга тушди, шунда тағин омадим келганини тушундим. Тезликни ёқиб, уланишга туширдим ва биз кучли силтаниш билан олдинга юрдик. Зобит менга қараб қўйган бўлсада, ҳеч нима демади: Брен ҳайдовчиларининг ҳеч бири бунчалик текис ва тўғри ҳайдамасди. Лекин лагер кўчаси бўйлаб катта тезликда ҳайдаганимда, зобитнинг иккала қўли билан ўриндиққа ёпишиб, оёқларини пастга қаттиқ тираб олганлигини пайқадим. Бу уч юз ярдни кичик бир ноқулайлик билан босиб ўтдик, яъни кўчадан ўтиб бораётган сержант машинамизнинг нақ ғилдираги остидан ўта тезлик билан отилиб чиқишга улгурди. Ва мана, биз бошқа машиналар олдига етиб келдик. Аммо шу жойда фалокатга йўлиққанимни тушундим. Мен машинанинг тормози қаерда эканлигини билмасдим. Қалтираётган қўлларим билан топишим мумкин бўлган барча тугмачалар ва дастакларни босиб чиқдим. Барча жиҳозлар орасида акселаторни қўшдим ва охирги силтов билан қатор турган юк машиналарига урилдик. Еттита Брен олдинга ҳаракатланди, токи биз тутун ичида қолиб моторимиз батамом ўчмагунича ҳар бир машина олдинда турганига бориб урилаверди. Мен зобитга талмовсираб қараб қолдим. У катта очилган кўзлари билан олдинга қараб турар, юзидан шовуллаб тер оқарди. У менга қарамасдан машинадан тушди, чўқиниб олдида кетди. Машинага сержант югуриб келиб мени ҳайдовчи ўриндиғидан тортиб туширди. “Нима бўлди, аскар? Нималар қилиб қўйдинг?” “У мендан машина ҳайдай олишимни сўради. Аммо машинани тўхтата олиш-олмаслигимни сўрагани йўқ!” Эҳтимол омадим келгандир, эртаси куни эрталаб биринчи жанговор машғулотга жўнаб кетдик. Айтишларича, жангларда ўз таркибининг тўртдан уч қисмини йўқотган коммандосга ёрдам бериш учун бизни юборишаётган экан. Тонг чоғида фронт сари учдик. Ва мен шу заҳотиёқ саргузашт масаласида адашганимни тушундим. Бу шунчаки хатар эмасди – мен хавф-хатарни ёқтирардим – бу қотиллик эди. Энди бизнинг нишонларимиз қоғоз шакллар эмас, биз уйда қолдириб келганга ўхшаган ота ва ака-укалар эди. Биз аксарият ҳолларда оддий тинч аҳолига қарши ўқ узардик. Мен нималар қиляпман ўзи? Бу ерга қандай тушиб қолдим? Ўзим ўзимдан нафрат қилардим. Сўнгра бир умр мени таъқиб қиладиган ҳодиса юз берди. Биз ҳали одамлари бутунлай кетиб қолмаган бир қишлоқдан ўтиб бораётгандик. Бизда қўрқув ҳисси йўқ эди, негаки коммунистлар ўз одамлари қолган қишлоқда мина қўйишмаганига ишончимиз комил эди. Биз учун энг қўрқинчлиси - бу, миналар эди. Биз улардан ҳамиша қўрқардик. Бундай қабиҳ ускуна оёғингиз тагидан отилиб чиқиб портлаши ва сизни бутун умр судралиб яшайдиган чўлоққа айлантириб қўйиши мумкин. Уч ҳафта мобайнида жангларда мунтазам иштирок этгандик ва асабларимиз таранг ҳолатда эди. Тўсатдан қишлоқ ўртасида миналар ўрамига дуч келдик. Гуруҳ жазавага тушиб қолди. Биз буйруқсиз, ҳеч бир сабабсиз нима ҳаракатланаётган бўлса, шунга қарата ўқ узардик. Ҳушимизни йиғиб олганимизда эса, қишлоқда тирик жон қолмаганди. Биз мина кўмилган ҳудудни айланиб, ўзимиз йўқ қилган қишлоқ орқали ўтдик. Қишлоқ чеккасида сал бўлмаса ақлимдан айирадиган манзарага кўзим тушди. Кўлмак устида индонезиялик ёшгина аёл чақалоғини кўкрагига босганча қонига беланиб ётарди. Иккаласини ҳам битта ўқ билан ўлдирганди. Шундан сўнг ўзимни отиб ташлашга тайёр эдим. Аммо биласизми, кейинги икки йил давомида қўшинларимизда ўз довюраклигим ва жасоратим билан танилдим. Мен ёрқин сариқ рангли қалпоқ сотиб олиб, ҳамиша ўзим билан олиб юрардим. Бу чақириқ ва таклиф эди. “Мана мен! – дея қичқирарди қалпоғим. – Менга қараб ўқ отинг!” Аста-секин атрофимда мен каби бебош йигитлар тўпланишди ва бутун лагерда машҳур бўлган шиорни ўйлаб топдик: “Доно бўл – ақлсиз бўл!” Биз икки йил мобайнида жанг майдонида ёки лагердаги дам олиш чоғида нималар қилган бўлсак, барисини энг учига чиққан даражага етказардик. Агар муштлашсак, жон-жаҳдимиз билан уришардик. Агар ичсак, ҳушимизни йўқотгунча ичардик. Биз биргаликда бардан барга судралиб ўтардик ва маҳаллий дўконларнинг ойналарини бўш шишалар билан уриб синдирардик. Бундай айш-ишратлардан ўзимга келганимда, нега бундай қилганлигимни асло тушунмай қолардим. Бир куни хаёлимга, балки бу масалада капеллан, яъни ҳарбий руҳоний ёрдам бериши мумкин, деган фикр келиб қолди. Уни зобитлар баридан топиш мумкинлиги ҳақида эшитгандим, лекин уни топганимда, бошқа ҳамма каби маст ва вайсақи ҳолатда эди. У олдимга чиқиб келди, аммо нима мақсадда келганимни билиб, буни ўзим ҳам эплай олишимни истеҳзо билан айтди. “Агар истасанг жанг олдидан хизматга келгин, - деди руҳоний, - шунда одамларни ўлдирганингда, марҳаматга сазовор бўласан”. Унга ўзининг назарида жуда кулгили ҳазил қилгандек туюлди ва бу ҳақда бошқаларга айтиб бериш учун барга қайтиб кирди. Мен ана шунда ўз мактубдошларимга мурожаат қилдим. Ўзим хат ёзишга ваъда қилган барча кишиларга ёзиб юбордим, баъзилари билан ўз гумонларимни баҳам кўрдим. Уларнинг деярли ҳаммаси бир хил жавоб қайтаришди: “Сен ватанинг учун жанг қиляпсан, Андрей. Шу боис бошқа нарсалар аҳамиятга эга эмас”. Фақат биргина инсон бу ҳақда кенгроқ ёзиб юборди. Бу Тиле эди. У менга гуноҳларим ҳақида ёзганди. Бу сўзлар мени ҳаяжонга солди. Лекин у кейин кечирим ҳақида ёзганди. Ва мана шу ўринда мен уни тушунмадим. Гуноҳкорлик ҳисси мени худди занжирдек бураб ташлаган эдики, нимаики қилмай – ичсам, муштлашсам, хат ёзсам ёки уларни ўқисам ҳам – бундан халос этолмасди. Кунлардан бирида Жакартага сайрга чиққанимда бозорда узун ходага бойланган кичкина гиббонни кўриб қолдим. У энг баландликда ўтириб, қандайдир меваларни ерди ва ёнидан ўтиб кетаётганимда елкамга сакраб чиқиб, апельсин палласини берди. Мен жилмайдим, бу эса шу заҳотиёқ индонизиялик сотувчининг олдимга югуриб келишига туртки берди. “Жаноб, сиз маймунимга ёқдингиз”. Мен тағин жилмайдим. Гиббон менга икки бора кўз қисиб қўйди, сўнгра эса кулгисини билдиргандек тишларини кўрсатиб қўйди. “Қанча туради?” Мен шу тариқа маймун сотиб олдим. Уни ўзим билан казармага олиб келдим. Дастлаб барча йигитлар ҳайратга тушишди. “У тишлайдими?” “У фақат фирибгарларни тишлайди”, - дея давоб қайтардим. Бу шунчаки ҳеч қандай аҳамиятсиз енгил гап эди. Аммо шу сўзларни айтган ҳам эдимки, маймун қўлимдан чиқиб кетиб чордоқ тўсинига ёпишиб олди ва – нега айнан ўша ёққа сакрагани номаълум – ғаройиб тарзда ҳар доим покер ўйинида ютиб чиқадиган жуссадор бир йигитнинг бошига сакради. У чайқалиб кетди ва бошидан маймунни олиб ташлашга уриниб қўлларини силкита бошлади. Бутун казарма кулгига тўлиб кетди. “Уни мендан олиб ташла, - қичқирарди Ян Зварт, - йўқот уни!” Мен қўлимни узатдим ва маймун олдимга келди. Ян сочларини текислади, кўйлагини тўғрилади, унинг кўзларида қаҳрли олов ёнарди. “Мен уни ўлдираман”, - секингина гапирди у. Ўша кун мен битта дўст топиб, бошқасини йўқотдим. Орадан кўп вақт ўтмай, маймуннинг қорни оғриётганлигини пайқаб қолдим. Бир куни уни қўлимда кўтариб юрганимда, бел қисмида нимадир қаттиқ нарсани пайқадим. Уни каравотга ётқизиб, тинч ётишини буюрдим. Жуда эҳтиёткорлик билан токи ўша қаттиқ нарсани топмагунимча юнгини пайпаслайвердим. Кўринишидан маймун ҳали кичкина бўлганида кимдир уни сим бўлаги билан боғлаган ва кейинчалик ечмаган. Маймун катта бўлгани сайин сим унинг бадани ичида қолиб кетаверган. Бу сим унга қаттиқ азоб берганга ўхшайди. Ўша кечанинг ўзидаёқ уни операция қилдим. Устарани олиб, бели атрофидаги юнгни уч дюм кенгликда қириб чиқдим. Очилиб қолган яра қизил ва даҳшатли кўринишда эди. Казармадаги йигитлар қараб туришар, мен эса токи симни топмагунимча жониворни эҳтиёткорлик билан кесиб чиқдим. Маймун ҳайрон қолдирарли даражада жим ётарди. Ва ҳаттоки унга азобли бўлганида ҳам, менга гўё шундай демоқчи бўлгандек қараб турарди: “Мен ҳаммасини тушунаман”. Ниҳоят, симни чиқариб олдим. Маймун шу заҳотиёқ ўрнидан ирғиб турди, казармада Яндан бошқа йигитларнинг катта хурсандчилиги остида гириллаб айланди, елкамда сакраб сочимдан тортқилашга тушди. Ушбу воқеадан сўнг гиббон билан айрилмас дўстларга айландик. Ўйлашимча, унга қандай мустаҳкам боғланиб қолган бўлсам, у ҳам менга шунчалик боғланганди. Назаримда, уни боғлаб турган ўша сим билан мени шундай ўраб турган айбдорлигим ҳисси ўртасида боғлиқлик бор эди, унинг халос бўлишида эса ўзим интилаётган маънони кўрдим. Агарда кундузи банд бўлмасам, уни ўзим билан бирга ўрмон бўйлаб узоққа югуришга олиб кетардим. У ортимдан токи чарчамагунича сакраб борарди. Сўнгра кескин сакраш билан олдинга ташланарди, сакрар ва токи уни қўлимга олиб елкамга қўймагунимча шортимда осилиб турарди. Мен ерга йиқилиб ухлаб қолмагунимча биргаликда ўн-ўн беш миль масофани югуриб ўтардик. Ўрмонда деярли ҳамма вақт маймунлар бўларди. Менинг кичкина гиббоним дарахт тепасига чиқиб олиб, ўз биродарлари билан бутоқларда осилиб ўйнарди. Биринчи маротаба шундай бўлганида, мен уни бутунлай йўқотдимми, дея қўрқиб кетдим. Бироқ лагерга қайтиш учун қўзғалганимда қаёқдандир тепадан кескин ва қаттиқ қийқириқ , баргларнинг шитир-шитири эшитилди ва гиббон оғир юмалаган ҳолда елкамга қулаб тушди. Бир куни хурсанд ва хушчақчақ ҳолда казармага қайтганимда акамдан келган хат кутиб турган экан. Акам Бен кўмиш маросими ҳақида батафсил ёзибди. Катта қийинчилик билан ва бир муддатдан кейингина гап онам ҳақида кетаётганини тушундим. Ҳарқалай, улар менга телеграмма жўнатишган, аммо уни ололмаганман. Ҳозир йиғлаб юборишимни сездим. Маймунга сув бердим, у ичаётганида эса лагердан чиқиб кетдим. Ҳатто гиббонни ҳам кўргим келмаётганди. Мен токи биқинимга нимадир тиқилиб қолмагунича югуравердим ва тўсатдан онамсиз энди қандай яшашимни ҳис этдим. Айнан шу ҳафтада Ян Зварт гиббонимдан ўч олди. Бир куни навбатчиликдан қайтганимда мени шундай янгилик билан қарши олишди: “Андрей, маймунинг ўлиб қолди”. “Ўлиб қолди? – мен гапираётган аскарга телбанамо қарадим. – Нима бўлди ўзи?” “Йигитлардан бири унинг думидан ушлаб олиб деворга урди”. “Звартми?” Аскар ҳеч нима деб жавоб қайтармади. “Маймун қаерда ҳозир?” “Кўчада. Буталар орасида ётибди”. Мен уни бутоқлар билан ёпилган ердан топдим. Янада ёмонроғи шуки, у ҳали тирик эди. Уни кўтариб казармага олиб келдим. Маймуннинг жағи синганди. Томоғида катта тешик ланг очилиб турарди. Унга сув беришга уринганимда томоғидаги тешик орқали оқиб кетди. Ян Зварт муштлашишга тайёр ҳолда менга эҳтиёткорона қараб турарди. Лекин муштлашиб ўтирмадим. Кейинги кунларда бошимга ёғилган ниҳоятда кучли оғриқ барча туйғуларимни адаштириб юборганди. Кейинги ўн кун мобайнида кечаю кундуз маймунни парвариш қилиб ўтирдим. Унинг томоғини тикиб, ширин сув ичирдим. Митти билакларини уқаладим. Юнгини силаб-сийпаладим. Илиқ сақладим ва у билан доимо суҳбатлашдим. Бу мен бандиликдан озод қилган жонивор эди ва уни курашсиз топшириб юбормоқчи эмасдим. Секин, жуда секинлик билан гиббоним ейишни бошлади, сўнгра аста-секин каравотда ўрмалади. Кейин эса ўтирадиган ва ўз вақтида овқатлантиришга шошилмасам, жаҳл билан ғингшийдиган бўлди. Иккинчи ойнинг охирига келиб, яна мен билан ўрмонда югуришга тушди. Бироқ у инсонга бўлган ишончини батамом йўқотганди. Одамлар ҳузурида тўрттала панжаси ва думи билан қўлларимга бурканиб, бошини кўкрагимга яширмагунича дир-дир титраб турарди. Янги ҳужумга тайёргарлик ҳақида маълум бўлган заҳотиёқ, ҳайдовчилардан қайси бири гиббон билан мени чангалзорга олиб бориш учун машинани вақтинчалик олиши мумкинлигини сўрадим. ”Мен уни қўйиб юбориб, тезда қайтмоқчиман, - дедим. – Ким бизни олиб боради?” “Мен олиб бораман”. Мен ўгирилиб қарадим. Бу Ян Зварт эди. Мен унга узоқ тикилиб қолдим, аммо у киприк ҳам қоқмади. “Яхши”. Токи биз ўрмон сари борар эканмиз, маймунга нега энди уни ёнимда олиб қололмаслигимни айтдим. Ниҳоят биз тўхтадик. Мен гиббонни ерга қўйганимда, унинг ақлли кўзлари менга тушунгандек қаради. У ҳаттоки жип машинасига қайтиб сакраб чиқишга уринмади. Биз жўнаб кетганимизда, у ўша ерда туриб, токи биз кўздан ғойиб бўлгунимизча орқамиздан қараб турди. Эртаси куни тонгда, 1949 йилнинг 12 февраль куни гуруҳимиз олдинга қараб йўлга тушди. Яхшиямки, миттивой гиббонни қўйиб юборган эканман, негаки бу лагерга бошқа қайтиб келиш менга насиб этмади. Ва мен тағин аввалгидек жасур бўлиб кўринишга уриндим. Яна ўзимнинг сариқ рангли сомон қалпоғимни кийдим. Қичқириб сўкинганча гуруҳимиз ортидан қадамба қадам юрдим, бироқ омад мендан юз ўгирганга ўхшарди. Бир куни эрталаб оёғимга ўқ тегди ва мени ногиронлигим боис ҳарбий хизматдан бўшатишди. Бу жуда тез юз берди, дастлаб умуман оғриқсиз, нима бўлганини ҳам тушунмай қолдим. Биз пистирмада ўтиргандик. Анчайин кучли рақиб уч тарафдан қуршаб олди. Ўқ нима учун қалпоғимга эмас, оёғимга текканини билмайман, лекин югураётиб йиқилиб тушдим. Қоқилиб йиқилмаганимни билардим, аммо ўрнимдан туролмасдим. Сўнгра оёқ кийимимда иккита тешикни кўрдим. Иккала тешикдан ҳам қон оқарди. “Яраландим”, - дея ёрдамга чақирдим ҳаяжонга тушмасдан. Бу яққол ҳолат эди, мен уни қандай бўлса, шундай қайд этдим. Дўстим мени ўқлардан асраш учун чуқурга тортиб туширди. Ниҳоят, санитарлар ҳам келишди. Улар мени замбилга солиб, ерга текказгудек пастга энгаштирганча олиб кетишди. Гарчи бошимдаги сариқ қалпоқ душманнинг эътиборини ўзига тортсада, уни ечиб ташлашни қатъиян рад этдим. Битта ўқ бошимга теккудек бўлиб қалпоғимнинг тепасидан тешиб ўтди. Бироқ менга барибир эди. Орадан бир неча соат ўтиб, бошимдаги қалпоқ билан биргаликда ҳарбий дала шифохонасидаги операция столига ётқизишди. Операция икки ярим соат вақтни олди. Мен шифокорларнинг оёғимни кесиш ёки кесмаслик ҳақида муҳокама қилаётганларини эшитиб ётардим. Ҳамшира қалпоқни ечишимни сўради, лекин рад этдим. “Сиз бунинг маъносини билмайсизми? – сўради жарроҳ ҳамширадан. – Бу улар хизмат қиладиган қисмнинг тимсоли. Бу доно ва ақлсиз бўлишга қарор қилган ўша йигитлар”. Аммо фикр юритиш лаёқатимдан айрилганим йўқ. Бу охирги ҳазил ва охирги муваффақиятсизлик эди. Ҳатто қаҳрамон бўлиб ўлиш ҳам насиб этмади. Ҳозиргина оёғимдан яраландим. Нима сабабдандир ўз-ўзимни ғазаб билан барбод қилишим жараёнида бундай бўлиши ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Аслида ҳамиша ҳар қандай майнавозчиликка чуқур нафрат билан ёндашганман. Аммо ногирон бўлиб яшашдан ортиқ хўрлик бўлмаса керак! Саргузаштларим барбод бўлди. Йигирма ёшимда бу оламда саргузаштларга асло ўрин йўқлигини тушундим. 3 БОБ. БЎШ КОКОСДАГИ ТОШЧАЛАР Мен ҳарбий касалхонада ётардим. Ўнг оёғимни шунчалик қаттиқ гипс қилишдики, зўрға қимирлата олардим. Дастлаб олдимга ҳарбий қисмимдан йигитлар келишди. Лекин кейинроқ баъзилари ҳалок бўлишди, айримлари яраланишди. Бироқ, охир-оқибат, ҳаёт давом этарди. Шифокорлар энди ҳеч қачон ҳассасиз юролмаслигимни айтишди. Бу ҳақда ўйламаган афзал. Дўстларим аста-секин олдимга келмай қўйишди. Аммо улар ҳаётимдан бутунлай ғойиб бўлишларидан аввал , ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборадиган иккита муҳим ишни қилишди. Биринчидан, улар мен жўнатмоқчи бўлмаган мактубни юборишди. Бу Тилега мўлжалланган хат эди. Кейинги вақтларда менда бир қанча ғалати одатлар пайдо бўлди. Ҳар сафар жангдан ёки шаҳардаги тунги изғишлардан қайтиб келганимдан сўнг, ўзимни кўпроқ жирканч ҳис қилганимда, Тилега мактуб ёзардим. Ўзим қилган ва кўрган барча қабиҳликларни, барча жирканч ишларни, ҳеч қачон ҳеч кимга айтмайдиган қилмишларимнни қоғозга туширардим. Сўнгра бу хатларни ёқиб юборардим. Айнан сўнгги жангга киришдан олдин Тилега хат ёзишни бошлагандим. У ҳали якунланмаган, казармадаги йўл халтамда ётарди. Ярадор бўлганимдан сўнг ўртоқларимдан бири ҳарбий кийимларимни топшириб юборишдан аввал сафар халтамни қараб чиқибди. Масъулиятли инсон сифатида Тиле номига ёзган мактубимни олиб, ён дафтаримдаги манзили бўйича жўнатиб юборибди. У яхши иш қилганлигига ишонганди. “Оҳ, сен қанақа экансан-а! – деди у шифохонага мени кўргани келганида. - Ҳеч қачон шунча манзиллар ёзилган ёндафтарчани кўрмагандим! Сен нима, Голландияда яхши қизлари бўлган ҳар бир оилага ёзасанми? Тиленинг манзилини ярим соат изладим. Эҳтиёт бўлгин-а, бу яна бир урушнинг бошланиши бўлиши мумкин”. Ҳарқалай, юзимда бир қўрқув акс этган бўлса керакки, у тўсатдан стулдан сакраб турди. “Гапимни эшит, Анди, сендаги оғриқ бунчалик кучли эканлигини билмагандим. Мен эса ёнингда ўтириб бемаъни ҳазиллар қиляпман. Энди бошқа сафар, аҳволинг яхшироқ бўлганида келаман”. Мен бир неча кун давомида ўша ноўрин хатимда нималар ёзганим ҳақида ўйлаб чиқдим. Хотирам адашмаса, унда шундай сўзлар битилганди: “Азизам Тиле. Мен бугун ўзимни жуда ёлғиз сезяпман. Ёнимда бўлиб қолишингни жуда хоҳлаяпман. Шунда кўзларингга тикилиб, ҳаммасини айтишим ва аввалгидек сенга ёқишим ёки ёқмай қолганлигим, ҳеч бўлмаса мени муҳокама қилиш-қилмаслигинг ҳақида билгим келади. Сен бир вақтлар ибодат қилишим лозимлиги ҳақида ёзгандинг. Аммо барибир ибодат қилмаяпман. Аксинча, энг бадбин сўзлар билан сўкинаман. Мен эндиликда Голландияда умуман эшитмаган сўзларни биламан. Қўпол ҳазиллар қиламан. Ўзимни қанчалик ёмон ҳис қилсам, шу даражада йигитларни кулдира оламан. Мен мутлақо сен ўйлаган одам эмасман. Бу уруш аввал мени ҳаяжонга соларди. Энди эса йўқ. Ҳозир мурдаларни кўрсам, елкамни қисиб қўяман, холос. Биз аскарларни эмас, балки оддий аҳолини – эркак, аёл ва болаларни ўлдираяпмиз. Менда Худога интилиш йўқ. Мен ибодат қилишни истамайман. Жамоатга бориш ўрнига, барга бориб ақлдан озгунимча ичаман.” Ўша хатда яна бошқа гаплар ҳам кўп эди. Кўпроқ ва ёмонроқ. Касалхона палатасида ётиб, Тилега мастлик хуружида яна нималар ёзганлигимни эслашга уриндим. Начора, Тиле мен айриладиган яна битта дўст бўларкан. Аммо нохушлик шунда эдики, Тиле нафақат менинг дўстим эди. У менинг энг яқин дўстим ва мен унинг бунданда яқинроқ бўлишини истардим. Мен торгина каравотда ётганча, Тиле мактубимни қай тариқа ўқиётганлигини тасаввур қилардим. Беихтиёр қўлимни бир тарафга ташлаганимда китобга тегиб кетдим. Бу мен учун қилишган иккинчи яхши иш эди. Улар онам совға қилган кўҳна Муқаддас Китобни топишган экан. Ян Зварт уни келтириб, ўнғайсиз ҳолда каравот ёнидаги тумбочкага қўйиб кетди. “Бу китоб буюмларинг орасида экан, - деди у, - балки сенга керак бўлар деб ўйладим”. Унга миннатдорчилик билдирдим, аммо китобни қўлимга олмадим. Агар шифохонадаги роҳибалар бўлмаганида, уни ўқиб чиқишга қизиқишим даргумон эди. Мен ётган касалхонада франциск ибодатхонасидан келган роҳибалар ишлашарди. Тез орада уларни севиб қолдим. Улар эрта тонгдан токи ярим тунгача меҳнат қилишарди – палаталарни ва оғир касалларга тутиладиган тувакларни ювишар, яраларга малҳам қўйиб боғлашар, бизнинг номимиздан мактуб ёзишар, кулишар ва қўшиқ айтишарди. Мен уларнинг шикоят қилганларини асло эшитган эмасман. Бир куни мени артиб тозалаш учун келган роҳибадан унинг ўзи ва роҳибаларнинг доимо бунчалик қувноқ юришларига нима ёрдам бераётганлигини сўрадим. “Сендек яхши голланд боласи, Андрей, бу саволга жавобни билишинг керак. Бу Масиҳнинг севгиси”. У мазкур сўзларни айтаётганида кўзлари ёришиб турарди, мен эса бошқа саволга ҳожат қолмаганини тушундим: унинг учун бу сўзларида барча жавоб мужассам эди. У бутун оқшом гапирсада бундан яхшироқ гапни айтолмаган бўларди. “Аммо сен ҳазил қиляпсан, шундай эмасми? – дея гапида давом этди у ҳануз тумбочкамда ётган Муқаддас Китобни сийпалаб. – Жавобни шу ердан топишинг мумкин”. Энди беихтиёр қўлим китобга тегиб кетганида, олиб ўқишга тушдим. Китоб менда икки ярим йил мобайнида бўлган, аммо бирор марта ҳам очмаган эканман. Бироқ мен роҳибалар ҳақида, уларнинг битмас-туганмас қувончи ва хотиржамлиги ҳақида ўйлардим: “Жавобни шу ердан топишинг мумкин...” Мен қулайроқ ўрнашиб олиб, Ибтидо Китобининг биринчи оятига етиб бормагунимча саҳифаларни хотиржамлик билан бирин-кетин варақлашга тушдим. Мен оламнинг яратилиши ва гуноҳга ботиш ҳақида ўқидим. Энди у менга аввалгидек, яъни чўмилиш ёқимли бўлган каналлар бизни кутаётган бир вақтда ўқитувчимиз китоб бобларидан бирини ўқиб берганида туюлганидек сохта бўлиб туюлмасди. Мен охиригача ўқиб чиқиш учун бетоқатлик билан бутун-бутун саҳифаларни қолдириб кетардим. Ниҳоят, орадан кунлар ўтиб, Янги Аҳдга етиб бордим. Гипсда ётиб ундаги буюк маънони ғира-шира тасаввур қилган ҳолда дастхатлар битилган Хушхабарни тўлиқ ўқиб чиқдим. Наҳотки буларнинг ҳаммаси ҳақиқат бўлса? Юҳанно Хушхабарининг айни ўртасини ўқиётган пайтимда хат келтиришди. Конвертдаги ёзув таниш эди. Тиле! Қалтираётган қўлларим билан конвертни очдим. “Азизим Андрей!” Мен такрор ўқидим – “азизим” Андрей! Ўзим жўнатмаган мактубларимда уни шундай атардим. “Азизим Андрей! Ҳозир олдимда ўзининг қалби ёвузлашиб кетган дея ўйлаётган йигитнинг хати ётибди. Аммо унинг қалби оғриқдан эзилмоқда, холос, у ўзининг дардларини мен билан баҳам кўрганлигидан фахрланаман”. Сўнгра Муқаддас Китобдан ўқиб чиқишим лозим оятлар рўйхати келтирилибди. Тиле фақат Муқаддас Китоб орқали, Худонинг севги оқими орқали инсоннинг озурда қалби тушунча ва таскин топиши ҳақида ёзганди. Шу тариқа дунёнинг турли жойларида бўлган ҳолда Муқаддас Китобни биргаликда ўқиган мўъжизавий ҳафталаримиз бошланди. Мен саҳифаларни саволлар билан тўлдириб ташлардим, Тиле эса уларга жавоб топиш учун ўз чўпонига, кутубхонага ёки ўз қалбининг туб-тубига мурожаат қиларди. Аммо вақт ўтди, мендан аста-секин гипсни ечиб олишди. Ўзимнинг бурушган оёғимни кўриб, авваллари қандай қувонч билан югурганларимни эсладим ва бундай қувончни бошқа ҳис этолмаслигимни тушундим. Мени Тиле ва франциск роҳибалари айтган ҳис-туйғуларга қарама-қарши бўлган аччиқ қайғу ҳисси қамраб олди. Оёққа турганим заҳоти ҳар оқшом шифохонадан чиқиб, токи ақлдан озгунча ичиш учун яқинроқдаги барга машаққат билан оқсоқланиб борардим. Роҳибалар бу ҳақда мен билан ҳеч қачон гаплашишмади. Бироқ уйга жўнашим олдидан севимли роҳибам Патриция каравотим ёнидаги стулга ўтириб сўради. “Анди, сенга бир воқеани айтиб беришимни хоҳлайсанми? Биласанми, маҳаллий одамлар ўрмонда маймунни қандай овлашади?” Маймунлар ҳақида эшитиш фикридан юзим ёришди. “Билмайман. Айтиб бер”. “Бўпти, эшит. Маҳаллий одамлар маймун ҳеч қачон ҳеч нарсани - бу ҳатто унинг озодлигини йўқотишга олиб келса ҳам - қўлидан қўйиб юбормаслигини билишади. Шунинг учун улар мана бундай қилишади. Улар кокосни олиб бир тарафидан маймун панжасини тиқадиган даражада катта қилиб ўйишади. Сўнгра улар кокосга тош солиб, буталар ичида тўр билан пойлаб туришади. Тез орада кокосга бирорта қизиқувчан маймун келади. У бўш кокосни кўтариб силкита бошлайди. У кокос ичига қарайди, сўнгра унинг ичига панжасини тиқиб тошларни пайпаслайди ва шу заҳотиёқ муштига тугиб олади. Бироқ мушт қилган ҳолда панжасини кокосдан чиқариб олмайди, бармоқларини ёзиб тошдан айрилишни эса истамайди. Биласанми, Анди, бундай маймун ўзига буюк бойлик ва хазина бўлиб туюлганни панжасидан ҳеч қўйиб юбормайди. Ҳаётда ўзини бундай тутадиган аҳмоқни ушлашдан осони йўқ”. Роҳиба Патриция ўрнидан туриб, стулни яна тағин стол олдига олиб борди. У бир дақиқа сукут сақлаб, сўнгра кўзларимга тик қаради. “Сен нимага ёпишиб турибсан, Андрей? Озодликка эга бўлишингга нима халақит беряпти?” Роҳиба шу сўзларни айтиб кетиб қолди. Унинг нима демоқчи бўлганлигини аниқ тушундим. Аммо бундай насиҳат менга тўғри келмайди дея ҳисобладим. Кейинги кун иккита сабабга кўра мен учун муҳим эди: йигирма бир ёшга тўлдим ва шифохона кемаси билан уйга, Голландияга йўл олдим. Бу иккала ҳодисани нишонлаш учун уч йил олдин Индонезияга келган, қадам ташлай оладиган ёки оқсоқланиб юрадиган барчани таклиф этдим. Саккиз киши эдик. Биз вақтни ажойиб тарзда ўтказдик. Биз қичқирдик, тўполон қилдик ва ҳушимизни йўқотгунча ичдик. 4 БОБ. БЎРОНЛИ КЕЧА “Андрей!” Гелтье кичкина кўприк орқали ўтиб бўйнимга осилди. Сўнгра орқасига ўгирилиб қичқирди: “Мартье! Бориб отамни топгин! Унга Андрей қайтиб келганлигини айт!” Бир дақиқа ичида мўъжазгина боғимиз одамларга тўлиб кетди. Мартье отамни излаб топишга чопиб кетишдан аввал ўпиши учун менга қараб ошиқди. Бу ерда Бен ва унинг қаллиғи ҳам бор экан. Менга улар тўйни келишимга қадар тўхтатиб турганлари ҳақида хабар қилишганди. Кичкина укам Корнелиус жиддий тарзда қўлимни сиқиб қўйди. У ҳассамдан кўзини узмасди, унинг қанчалик оғир жароҳат олганлигим ҳақида ўйлаётганини билиб турардим. Қучоқлаш ва ўпичлар айни қизғин кечаётган бир пайтда уйдан бироз оқсоқланган ҳолда отам чиқиб келди. Унинг жигарранг кўзларидан ёшлар оқарди “Андрей, болагинам! Қандай яхши! Уйга қайтганинг қандай яхши бўлди!” Отам аввалгидек баланд овозда гапирарди. Дастлабки кўришувлар ҳис-ҳаяжони босилганидан сўнг, Мартье менга деди: “Хоҳлаган пайтингда, онамнинг қабрига сени олиб бораман”. Мен ҳозир бормоқчи эканлигимни айтдим. Қабристон уйимиздан бор-йўғи беш ярд масофада эди, лекин бу йўлни босиб ўтиш учун отамнинг велосипедини олдим. Яраланган оёғимни велосипед ўтирғичидан ошириб ўтказиб, ярим пиёда, ярим велосипедда ўтирган ҳолда йўлга тушдим. “Чиндан аҳволинг шунча ёмонми?” – сўради Мартье. “Шифокорлар умуман юролмай қолишимдан қўрқишганди”. Онамнинг қабри устидаги тупроқ ҳали чўкмаганди. Ерга қотирилган кичкина қизил вазада янги гуллар турарди. Орадан бир муддат ўтиб, биз Мартье билан уйга жимгина қайтиб келдик. Ўша оқшом сайр қилиб келмоқчи эканлигимни айтдим. Ҳеч ким ҳамроҳ бўлишни таклиф этмади, негаки барча қаёққа бормоқчи эканлигимни биларди. Мен тағин велосипедни олиб, кўчалардан қийинчилик билан ҳайдаб ўтдим. Қабристон ой ёруғида кумуш тусга кирганди, қабрни осонгина топиб олдим. Ерга ўтириб, онамга охирги сўзларимни айтдим. “Онажон, мен қайтиб келдим”. Назаримда, онам билан чиндан ҳам гаплашаётгандек эдим. “Мен сизнинг Муқаддас Китобингизни ўқидим, она. Бирданига эмас, аммо ўқиб чиқдим”. Узоқ вақт жим қолдим. “Онажон, энди нима қиламан? Оғриқдан юз ярдни ҳам босиб ўтолмайман-ку. Ҳеч қачон темирчилик касбини ёқтирмаганимни биласиз. Шифохонада кўниктириш маркази бор, лекин у ерда нимани ўрганишим мумкин? Ўзимни жуда кераксиз ҳис қиляпман, она. Ҳам гуноҳкордек. Ўша томондаги ҳаётим учун ўзимни гуноҳкор ҳис қиляпман. Жавоб беринг, онажон”. Бироқ жавоб йўқ эди. Ойнинг совуқ нури менга, қабрга ва бутун атрофга, барча ўлик ва чала ўлик нарсаларга қуйиларди. Ярим соат ўтириб, ўтмишга қайтишга уринишдан воз кечдим. Сўнгра уйга йўл олдим. Гелтье ошхона столида ўтириб тикиш қиларди. “Биз сен қаерда ётишинг ҳақида гаплашдик, Андрей, - деди у бошини кўтармай. – Нима деб ўйлайсан, нарвондан тепага кўтарила оласанми?” Мен бошим устидаги шифтнинг тешигига қарадим; сўнгра шахд билан нарвонни олдим. Бир ҳаракат билан аввал соғ оёғимни, кейин оғриқли оёғимни нарвонга қўйдим. Қаттиқ оғриқдан пешонамга тер чиқди, аммо буни ҳеч ким кўрмаслиги учун бошимни ўгирдим. Мени ўзимнинг эски тўшагим кутарди, оппоқ чойшаблар қоронғида меҳмондўстлик билан товланиб турарди. Йиғлаб юбормасликка ҳаракат қилганча қия шифтга тикилиб узоқ ётдим, сўнгра эса буюк саргузаштларим қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида хаёлга толганча уйқуга кетдим. Эртаси тонгда ҳассамни олиб қишлоқни айланиб келишга жўнадим. Одамлар мулойим муомала қилишарди, бироқ назаримда, улар таажжубда эдилар. Улар мундиримга, кейин эса оёғимга зимдан тикилиб қарашарди. “Ост-Индияда яраландингми ёки бошқа жойда?” – деб сўрашарди улар. Бу уруш мағлубият билан тугаган барча урушлар каби Голландияда шон-шарафга эга бўлмаганди. Индонезиянинг яқинда мустақилликка эришиши барчага маълум эди, шу боис ўзимизни ҳамиша шундай бўлишини хоҳлагандек қилиб кўрсатишимиз анча енгил эди. Уруш фахрийларининг ватанга қайтиши масалани тағин оғирлаштирганди. Мен қандайдир ноаниқ сабабга кўра Уэтстрлар хонадонига йўл олдим. Улар стол атрофида ўтиришган экан, қаҳва ичгани мамнуният билан таклиф этишди. Жаноб Уэтстр мендан Сукарно ва коммунистлар ҳақида сўради, сўнгра эса шахсий мазмундаги саволларни бера бошлади. “Сен ўзинг истаб борган саргузаштларингдан хурсандмисан, Анди?” Мен ерга қарадим. “Йўқ, мутлақо”, - жавоб қайтардим. “Яхши, - деди у,- биз ибодат қилишда давом этамиз”. “Саргузаштлар ҳақида? Мен учунми? – ўзимда ғазаб тўлқини кўтарилаётганини сездим. – Ҳа, албатта, ибодат қилинг. Мана энди саргузаштларга роса тайёрман. Даъват қилсалар бас, шу заҳотиёқ оёққа тураман”. Ва шу ондаёқ уялиб кетдим. Бу сўзларни айтишга нима мажбур қилди? Мен дўстлигимиз барбод бўлганлик туйғуси билан бу ердан кетдим. Яна бир киши билан – Кес билан учрашишни жуда хоҳлардим. У ҳам уйида экан, тепада бир уюм китобларга бошини қўйганча ўтирарди. Асабий саломлашувлардан сўнг улардан бирини қўлимга олдим, бу Каломнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги китоб эди. “Бу нима?” – деб сўрадим. Кес менинг қўлимдан китобни олди. “Мен нима билан машғул бўлишим кераклигини тушундим”. “Омадинг бор экан. Нима билан шуғулланмоқчисан?” – сўрадим ҳозир эшитадиганимни билиб турганлигимга қийинчилик билан ўзимни ишонтирганча. “Ўзимни Худонинг хизматига бағишламоқчиман. Чўпон Вандерхоп менга ёрдам беради”. Мен букчайиб бу ердан имкон қадар тезроқ жўнаб қолдим. Дорндаги уруш фахрийлари шифохонаси ўзида даволаш корпусини, палаталар ва жонлаштириш бўлимига эга бўлган йирик иншоот эди, бироқ унинг асосий хусусияти зерикиш эди. Менга машқлар ёқмасди, ҳунармандчилик мактабида машғулотлар ўташга қизиқмасдим, аммо ҳаммасидан кўпроқ меҳнат билан даволашларини кўргани кўзим йўқ эди. Биз пишиқ ва қуюқ лойдан кўзалар ясашимиз керак эди. Бунга эса қўлим сира қовушмасди. Ҳамма сир шунда эдики, лой бўлагини кулолчилик чархининг марказига аниқ қўйиб, сўнгра эса ускунани айлантирганча, айни вақтда қўллар билан лой бўлагидан муайян шакл ясаш лозим эди. Негадир чарх марказини асло тополмасдим. Бундан шунчалик асабим бузилардики, лой бўлагини бир неча марта қаршимдаги деворга улоқтириб юборганман. Биринчи дам олиш кунларининг ўзидаёқ Тиле билан кўришиш учун йўл олдим. Горкумга автобусда кетаётиб, ўзимга унинг аввалгидек гўзал эмаслигини мунтазам уқтирдим. Сўнгра балиқ дўкони остонасидан ўтиб, Тилега кўзим тушди. Унинг кўзлари қора, ранги эса аввалгидан ҳам оппоқ кўринди. Гарчи отаси бизни диққат билан кузатиб турган бўлсада, биз саломлашиш тариқасида қўлларимизни узоқ вақт қўйвормай турдик. “Уйга хуш келибсан, Андрей”. Тиленинг отаси қўлидаги балиқ тангачаларини этагига артганча ёнимга келди. У шиддат билан қўлимдан олди. “Ҳиндистон ҳақида барчасини сўзлаб бер!” Мен озод бўлганим заҳоти, Тиле билан балиқ дўконидан чиқиб кетдик. Куннинг қолган қисмини бир бошпанадаги катта чиғир устида суҳбат қилиб ўтказдик. Мен ўзимнинг қайтишим, Гелтьенинг эри ва Беннинг яқинда бўладиган тўйи ҳақида гапирдим. Кўниктириш маркази ҳақида, лой билан ишлашни умуман ёқтирмаслигим ҳақида гапирдим. Гарчи Тиле умидсизликка тушишини билсамда, имон борасида муваффақиятсизликка учраганимни айтдим. Тиле кўрфазга қараб турарди. “Лекин Худо – юмшоқ оҳангда гапирди у, - мағлубиятни тан олмайди”. У бирдан кулиб юборди. “Назаримда, сен ўша лой бўлакларидан бирисан, Анди. Худонинг сен учун режаси бор, У сени Ўзининг мақсадлари марказига жойлаштирмоқчи бўляпти, аммо сен доимо Унинг қўлларидан буралиб сирпаниб чиқиб кетяпсан”. У менга ўзининг қора кўзлари билан назар солди: “Сен қаёқдан биласан, Анди? Эҳтимол, У сендан ажойиб ниманидир яратмоқчидир?” Мен кўзларимни ерга қадаб, ўзимни тошга эзғилаган сигаретамга ўта қизиқиб қараётгандек қилиб тутмоқчи бўлдим. “Мисол учун, нимани?” – деб сўрадим. Тиле бутун атрофга сочиб ташланган сигарет қолдиқларига ҳазар билан қаради. “Мисол учун, кулдонни, - қисқача гапирди у. - Сен кўп чекасанми, Анди?” Мен ҳар куни уч пачкагача сигарет чекардим. “Билмайман”, - деб жавоб бердим. “Шу боис йўталяпсан. Бу сенга фойда бермайди деб ўйлайман”. “Сенда мени тарбиялаш учун режаларинг кўпга ўхшайди, шундайми?” – ўзим истамаган ҳолда шу гапларни айтиб юбордим. Нега мен доимо айнияпман? Тўсатдан буларнинг барчасидан, ҳатто Тиледан ҳам ниҳоятда узоқда эканлигимни ҳис қилдим. Ахир у оёғидаги даҳшатли оғриқни енгишга уринган одам лабларини қони чиққунча тишлаши мумкинлигини билмайди. Автобусдаги аёллар менга жой бериш учун ўринларидан қўзғалганларида нималарни ҳис қилишимдан бу қиз бехабар. Мен ўша куни Тилега айтмоқчи бўлган сўзларимга бутунлай терс гапларни айтганимни тушунган ҳолда бу ердан кетдим. Фақат икки ойдан кейингина имон-эътиқод ҳақида яна эшитдим, аммо бу сафар Тиле эмас, балки бошқа ёқимтой қиз менга шу ҳақда айтди. 1949 йил сентябрь ойининг булутли тонги эди. Биз ўз тўшакларимизда ўтирганча эрталабки машқлардан сўнг мактуб ёзардик ва ўқирдик, ҳамшира кириб олдимизга меҳмон келганлигини айтди. Мен токи йигирмата йигит пастгина ҳуштак чалганларини эшитмагунимча асло эътибор қаратмадим. Кўзларимни кўтариб қарадим. Эшик олдида ҳайиққан ҳолда, аммо барибир мамнун қиёфада ёрқин сариқ сочли қиз турарди. “Чакки эмас”, - ёнимдаги каравотда ётадиган Пир шивирлаб қўйди. “Мен кўп вақтларингизни олмайман, - деб бошлади қиз, - фақат сизларнинг барчангизни бугунги палата йиғинига таклиф этмоқчиман. У ерда кўп ичимликлар ва егуликлар бўлади...”. “Йиғин қандай кўринишда бўлади?” – кимдир қичқирди. “... Автобус бу ердан оқшом соат еттида жўнайди, умид қиламанки, барчангиз келасиз”. Йигитлар серзавқ, жўрттага сершовқин олқишлар билан “Офарин! Қойил!” дея қичқираётган бир пайтда қиз қайтиб кетди. Аммо кечқурун соат етти бўлганида, биз барчамиз катта хонада соқолимиз олинган, сочларимизга бриалин қалин суртилган ҳолда турардик. Барчадан олдинда Пир иккаламиз. Биз нафақат шифохонадан ташқарида вақт ўтказишдан, балки Пир қишлоққа бориб ўша ерда қандай ичимликлар бўлишини билиб келганидан хурсанд эдик. Автобус манзилга етиб келганида шишанинг ярми аллақачон бўшаганди. Палаткада орқа қаторга ўтиб, шишани охиригача бўшатдик. Кўпчилик йигитлар борганимизни кулгили дея ҳисоблашди. Аммо йиғин ўтказган одамлар бундай фикрда эмасди. Ниҳоят, ориқ юзли ва кўзлари чуқур ботган кулгили бир киши – бундай нусхалар менга ҳеч қачон ёқмаган – минбардан тушиб, иштирокчилар орасида ўзини бошқаролмайдиган иккита одам борлигини айтди. У сўнгра кўзини юмиб, барҳаёт руҳимизнинг саломатлиги ҳақидаги узоқ ва эҳтиросли ибодатини бошлади. Биз эса томоғимизга тиқилиб келган кулгини зўрға ушлаб турардик. Бироқ, улар ниҳоят тантанавор равишда ва жўр бўлиб бизни “бегона руҳлар таъсирига тушган биродарлар” деб атаганида, ўзимизни босолмай қолдик. Биз ўзимизни ташладик, ўкирдик, кулавериб нафасимиз бўғилди. У энди ибодат қилолмаслигини тушуниб, жамоага куйлашни буюрди. У “Let My People Go” (“Халқимни қўйиб юбор”) қўшиғини танлади. Тезда барча келганлар нақаротга қўшилишди. “Let My people go...” Бу сўзлар такрор ва такрор янграб улкан палаткани тўлдириб юборди. Йиғин тугаб, уруш қатнашчилари автобус олдида тўпланишди. Аммо қалбимда ҳамон ўша сўзлар янграрди: “Let them gos Let me gos (Уларни қўйиб юбор... мени қўйиб юбор...)” Албатта, сен куйламаган, балки эшитган оддийгина қўшиқ Худонинг ибодатингга қайтарадиган жавоби бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш аҳмоқлик эди. Аммо барибир, кейинги кунги ёқимсиз меҳнат терапияси чоғида ғалати бир ҳодиса рўй берди. Гарчи шу куни кечаги ичкиликбозликдан сўнг ўзимнинг кулолчилик доирамда жўяли бирор иш қилолмасамда, шу ерга ўтириб бир бўлак кўкимтир лой ташладим. Сўнгра лойни марказга ҳаракатлантириб, айни вақтда оёқларим билан секин айлантирдим. Ва тўсатдан бармоқларим остидан кўза ўсиб чиқди. Кўзларимга ишонмай, айланага яна гувала лой ташладим. Ва тағин ортиқча уринишсиз тасаввуримдаги кўза ҳосил бўлди. Ўша куни яна бир ғаройиб ҳодиса юз берди. Тушликдан кейинги дам олиш чоғида бизга келтиришадиган журналларни варақлаб ўтирганимда, баногоҳ тумбочкада онам хотираси сифатида сақлайдиган Муқаддас Китобни олиб ўқигим келиб қолди. Мен уни Голландияга қайтганимдан буён ўқимагандим. Лекин ўша куни ўқидим ва барча ўқиганларимни тушунганимдан ўзим ҳайратда қолдим. Аввал менга мавҳум туюлган барча жойлари энди жозибадор воқеа каби қизиқ туюла бошлади. Мен уни бутун дам олиш соатида ва токи яна бир бора чой ичишга таклиф қилмагунларича ўқиб ўтирдим. Бир ҳафтадан сўнг дам олиш кунлари уйга боришим мумкинлигини айтишганда Муқаддас Китобни чанқоқлик билан ўқиб ўтиргандим. Лекин уйда ҳам чордоқдаги тўшагимда ётиб, Муқаддас Китобни ўқиб ётдим. Гелтье шўрва келтирганида менга қараб, аҳволим яхши эканлигига ишонч ҳосил қилишга уринди, сўнгра бир сўз демай пастга тушиб кетди. Мен билан нималар юз беряпти ўзи? Сўнгра жамоатга қатнаш бошланди. Аввал жамоатга қатнамаган мендек бир йигит энди доимо бориб турадиган бўлди, бунга эса бутун қишлоқ эътибор қаратди. Мен нафақат якшанба тонгидаги хизматга, шунингдек, кечликларга, чоршанба кунлари ўтказиладиган йиғинларга ҳам қатнай бошладим. 1949 йилнинг ноябрь ойида ҳарбий хизматдан расман бўшатишди. Олган пулларимнинг бир қисмига янги ажойиб велосипед сотиб олиб унда ногирон оёғимни фақат тепкига қўйиб, асосан соғлом оёқ билан ҳайдашни ўргандим. Мен ҳамон оғриқсиз қадам босолмасдим, велосипедда эса оғриқ бу даражада даҳшатли бўлмасди. Мана эндиликда қўшни шаҳарлардаги жамоат хизматига борадиган бўлдим. Душанба кунлари Алкмардаги Халоскорлик қўшини йиғинларига қатнардим. Сешанба кунлари Амстердамдаги баптистлар жамоатида ўтказиладиган жамоатга бориб келардим. Ҳар куни қаердадир бирор йиғин ўтказиларди. Мен қаерда воиз нима деган бўлса, бариси диққат билан ёзиб олардим, кейинги куни эрталаб эса воизнинг айтганлари ҳақиқатга тўғри келишига ишонч ҳосил қилиш учун ёзганларимни Муқаддас Китобдаги оятлар билан солиштириб кўрардим. “Андрей!” – Мартье зинапояда қўлида чой тўлдирилган пиёлани кўтарганича пайдо бўлди, - Андрей, сен билан гаплашиб олсам бўладими?” Мен ўтирдим: “Албатта, Мартье”. “Биз кўп вақтингни чордоқда ёлғиз ўтказаётганингдан жуда хавотирланаяпмиз. Сен доимо Муқаддас Китобни ўқийсан. Ҳар кеча жамоатга борасан. Бу ақли расолик эмас. Сенга нима бўлди, Анди?” Мен жилмайдим: “Ўзим ҳам билмайман”. “Биз жуда хавотирдамиз, Анди. Отам ҳам сендан хавотирда. У айтяптики... - Мартье бу сўзни қандай қилиб яхшироқ айтишни ўйлаётгандек жим қолди. – Отам айтяптики, бу сенинг жароҳатларинг оқибати экан”. У шу сўзларни айтиб, тезда пастга тушиб кетди. Мен бу сўзлар устида ўйланиб қолдим. Наҳотки ҳақиқатдан ҳам диний мутаассибга айланаётган бўлсам? Мен Муқаддас Китобдаги оятлардан иқтибос келтирганча, ҳудудда изғиб юрадиган телба кишилар ҳақида эшитгандим. Наҳотки ўзим ҳам шундай бўлиб қолсам? Бироқ мени ғалати ҳолат тарк этмади ва у жамоатдан бу жамоатга велосипедда қатнаб ўрганишда, тинглашда, эшитганларимни онгимга сингдиришда давом этдим. Кунлардан бирида Пирдан мени яхшигина айш-ишратга таклиф этган мактубини олдим, лекин унга ҳатто жавоб ҳам қайтарган эмасман. Жавоб қайтармоқчи эдим, аммо унутиб қўйибман ва фақат орадан бир неча ҳафта ўтгандан кейингина унинг хатини Хадсон Тейлорнинг китоби орасидан топиб олдим. Бошқа тарафдан эса, кўп вақтимни Кес ва собиқ муаллимам Мекле хоним билан, шунингдек, Уэтстрлар билан ўтказадиган бўлдим, албатта, Тиле билан эса аввалгидан ҳам кўпроқ учрашиб турардим. Ҳар ҳафта нималар ўқиганим ёки эшитганим ҳақида Тиле билан гаплашиб олиш учун велосипедда Горкумга борардим. Энди соҳил бўйида совуқ бўлиб қолганди. Шу боис балиқ дўконига кириб, харидорлар оломони ичида гаплашадиган бўлдик. Тиле аввалига мен билан кечаётган воқеалардан хурсанд эди, аммо ҳафталар ойларга уланиб, жамоатга қатнашиш мунтазам давом этавергач, у хавотирга тушди. “Сен ахир адои-тамом бўлишни истамайсан-ку, Анди, - деди у. – Ўзингни бироз тўхтатиб олишинг керакдек туюлмаяптими? Бошқа бирор-бир китобларни ўқигин. Баъзан кинога бориб тургин”. Аммо бошқа ҳеч нимани истамасдим. Ҳеч нарса мени дунёда ғаройиб саргузаштлар каби ўзига жалб этолмасди. Тиле ҳар замонда мендан бирор иш топганлигим ҳақида сўрарди. Бу жиддий муаммо эди. Ишсиз ҳолда ўзимда анчадан буён пайдо бўлган орзуни Тилега таклиф этолмасдим. Шу боис бирор иш топишга жиддий киришдим. Аммо иш топишимдан аввал оёғимга бир йил аввал теккан ўқдан кўра ҳаётимни янада кучлироқ ўзгартириб юборган бир ҳодиса рўй берди. Бу 1950 йилнинг айни қиш чоғидаги бўронли кеча эди. Мен тўшакда ётардим. Кучли шамол эсди, қор аралаш ёмғир ёғди, бундай об-ҳаво январь ойида Голландияда тез-тез бўлиб турарди. Мен ташқарида ҳўл қор деярли ер бўйлаб изғиётганини билган ҳолда жун адёлни иягимгача тортдим. Бундай шамолда турлича овозларни эшитгандек бўлдим. Роҳиба Патрициянинг овозини эшитдим: “Маймун асло қўлидан қўйиб юбормайди...”. Палаткадаги жамоавий куйлашни эшитдим: “Халқимни қўйиб юбор...”. Хўш, мен нимани ушлаб турибман? Мени нима боғлаб турибди? Мен ва эркинлигим ўртасида нима бор? Уйдаги барча ухлаб ётарди. Қўлимни бошим остига қўйиб қоронғи шифтга қараганча ётардим, ана шунда мен мутлақо хотиржам тарзда ўз худбинлигимдан воз кечдим. Ташқарида энди ўзимни аҳмоқона тутмаслигим ҳақида огоҳлантириб шамол эсарди. Худога мурожаат қилдим – бир, икки ва тайёр. Ибодатимда ишонч унчалик кўп эмасди. Мен шунчаки айтдим: “Раббим, агар Сен менга йўл кўрсатмоқчи бўлсанг, Сенга итоат этаман. Омин”. Ҳаммаси жуда оддий юз берди. 5 БОБ. ИТОАТ ЙЎЛИДАГИ ҚАДАМ Ўша тунда соҳил узра эсаётган бўрон шовқини остида ухлаб қолдим. Ғалати жиҳати шунда эдики, ўзимни ҳимоя қилишдан воз кечиб ва Худога ишонган ҳолда, энди ўзимни аввал ҳеч қачон ҳис этмаган хавфсизликда сезардим. Эрталаб борлиғимни тўлдирган қувонч билан уйғондим ва бу ҳақда бирор киши билан баҳам кўриш кераклигини тушундим. Ўз оиламдагиларга бу ҳақда айтолмасдим, улар шундоқ ҳам ҳолатимдан ташвишда эдилар. Фақат Уэтстрларга ва Кесга бу ҳақда айта олардим. Уэтстрлар ҳаммасини дарҳол тушунишди. “Худога ҳамдлар бўлсин!” – дея ҳайқирди Филип Уэтстр. Бундай хитоб мени бир қадар таажжубга солди, аммо унинг овози оҳангидан кўнглимга илиқлик югурди. Улар “юқоридан туғилиш” ҳақида гапиришди, бироқ бундай ғалати жумлага қарамай, кўпчилик имонлиларга яхши таниш бўлган йўл сари қадам ташлаганимни тушундим. Бу ҳақда Кесга айтиб берганимда, нимани ҳис қилганимни дарҳол тушунди. У китобларга тўла ёзув столи атрофида ўтирарди. У менга олимлардек назар солди. “Сен билан юз берган ҳодисанинг ўз номи бор, - деди у каттакон ҳажмдаги китобга бармоғи билан уриб. - Бу Худога юзланиш. Сенга Худога юзланишинг қанчалик самимий эканлигини кўриш жуда қизиқарли бўларди, Андрей”. Аммо, Тилени кўргани келганимда, бу янгиликни бошқалар каби қувонч билан қарши олмагандек туюлганидан ҳайрон қолдим. “Бу оммавий йиғинлардан ўтадиган кайфиятми?”- деб сўради қиз. Бечора Тилега янада жиддийроқ яна бир руҳий ларзани бошидан кечиришига тўғри келганди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб – 1950 йилнинг эрта баҳорида – мен Амстердамга Кес билан биргаликда машҳур голланд хушхабарчиси Арне Донкернинг ваъзини эшитмоқ учун йўл олдим. Чўпон Донкер ваъзининг охирида ўз сўзини бўлди. “Дўстлар, - деди у, - бугун ғаройиб бир ҳодиса рўй беришини ҳис қиляпман. Шу ерда ўзини Худонинг хизматига бағишлашни истайдиган инсон иштирок этмоқда”. Ўйин қиляпти, деб ўйладим. Ҳар ҳолда, у кимнидир одамлар орасига тайинлаб қўйган, ҳозир шу одам ўрнидан туриб, йиғинни озгина жонлантириш учун олдинга югуриб чиқади. Лекин жаноб Донкер иштирокчиларни кўздан кечиришда давом этарди. Залга жимлик чўмди, унинг қарашлари эса оғир тус олди. Кес ҳам буни ўзида ҳис этди. “Бундай ҳолатларга тоқат қилолмайман, - шивирлади у. – Юр, бу ердан кетамиз!” Биз залнинг охирига бордик. Одамлар ўгирилиб қарай бошлашди. Биз тағин ўтирдик. “Бўпти, нима ҳам дердик, - деди жаноб Донкер, - Худо бу инсоннинг кимлигини билади. У хатарга ва саргузаштларга тўла ҳаётни кутаётган инсонни билади. Ўйлашимча, у ҳали ёш. Ёш йигит у”. Энди барча иштирокчилар бошларини ўгириб, воиз кимни назарда тутганлигини аниқлашга уриндилар. Ва тўсатдан қандайдир амрга бўйсуниб – ҳеч қачон буни тушунолмайман – биз Кес билан биргаликда оёққа турдик. “Аҳа, - деди воиз, - ана улар. Иккита ёш йигит! Ажойиб! Олдингга чиқинглар, йигитлар!” Биз Кес билан биргаликда чуқур тин олиб минбар сари узун йўлакдан ўтиб бордик ва ўша ерда худди тушда бўлаётгани каби тиз чўкдик, жаноб Донкер эса бошимиз устида ибодат қилди. У ибодат қилганида, мен фақатгина бу ҳақда Тиле нима дейишини ўйлардим. “О, йўқ, Андрей!” У карахт бўлиб даҳшатга тушади. “Сен ўзингни бир бурчакка тиқиб қўясан-ку, наҳотки шуни тушунмасанг?” Аммо бундан баттари ҳали олдинда эди. Воиз ибодатни тўхтатиб, менга ва Кесга биз билан хизматдан сўнг гаплашиб олмоқчи эканлигини айтди. Унчалик иштиёқсиз, бизни гипноз қилганлигига шубҳаланган ҳолда шу ерда қолдик. Зал бўшаб қолганида, жаноб Донкер биздан исмларимизни сўради. “Андрей ва Кес, - дея такрорлади у, - хўш, йигитлар, биринчи топшириққа тайёрмисизлар?” Биз эътироз билдиришга улгурмасимиздан сўзида давом этди. “Яхши! Мен ўз шаҳарларингизга қайтишингизни истайман, дарвоқе, қаердан бўласизлар, йигитлар?” “Виттедан”. “Иккалангиз ҳам Виттеданми? Ажойиб! Виттега қайтиб, бургомистрнинг уйи олдида йиғин ташкил этинг. Исо ўз шогирдларига Хушхабарни “Қуддусдан” ёйишни бошлашларини буюрганидек Муқаддас Китобда баён этилганидек такрорланг. Улар буни ўз уйларидан бошлашларига тўғри келган...”. Сўзлар худди снарядлар каби бирин-кетин ёғиларди. У биздан нима ҳақда сўраётганини ўзи тушунадими? “Мен сизлар билан бирга бўламан, йигитлар! – давом этди жаноб Донкер. – Ҳеч нима ҳақида ташвишланмаслик керак. Ҳамма гап малакада. Дастлаб мен гапираман...” Мен зўрға эшитиб турардим. Ҳар қандай тоифадаги кўча воизларини ёқтирмаслигим ёдимга тушди. Бироқ онгимга бошқа сўзлар сингиб кира бошлади. “...Демак, биз кунни белгилаб олдик. Шанба куни кечқурун, Виттеда”. “Ҳа, жаноб”, - дедим мен “йўқ” деб айтишга тайёрланган ҳолда. “Хўш, сен нима дейсан, ўғлим?”- жаноб Донкер Кесдан сўради. “Ҳа, жаноб”. Биз Кес билан биргаликда бундай ноқулай вазиятга тушганимиз учун ич-ичимиздан бир-биримизни айблаб, тўлиқ сукунатда эсанкираганча уйга қайтдик. Виттедаги бизнинг йиғинимизни бирор киши ҳам ўтказиб юбормади. Ҳаттоки шаҳар кучуклари ҳам намойишга келишди. Биз қутидан қилинган минбар ёнида бир талай таниш қиёфаларга тикилганча Хушхабарчи ёнида турардик. Айримлар очиқчасига кулишар, бошқалари ҳиринглаб қўйишарди. Учинчи тоифадагилар, яъни Уэтстрлар ва Макле хонимга ўхшаганлар маъқуллаган тарзда бош силташарди. Кейинги ярим соат тўлиғича даҳшатли бўлди. Жаноб Донкер ва Кес нима деганларини эслолмайман. Фақат жаноб Донкер ниманидир кутгандек менга ўгирилган ҳолатни эслайман. Олдинга чиқдим ва залга ўлик сукунат чўкди. Мен қалтираётган оёқларимни яшираётган кенг голланд шимимдан миннатдор бўлган ҳолда яна бир қадам қўйиб, минбарнинг четига бориб қолдим. Айтмоқчи бўлган сўзларимдан бирортасини эслай олмасдим. Шу боис Индонезиядан уйга қайтганимда ўзимни нақадар жирканч ва айбдор ҳис қилганлигимни айтдим. Ўз айбим ва нуқсонларим юкини қандай кўтариб юрганимни, ким бўлганлигимни ва бир кечаси кучли бўрон вақтида Худога юзланиб, ўзимдан бу юкни олиб ташламагунимча ҳаётдан нималарни кутганлигимни сўзлаб бердим. Мен уларга ўзимни шундан буён қанчалик эркин ҳис қилганлигимни токи жаноб Донкер Худонинг хизматчиси бўлиш истагимни эслатмагунича айтиб турдим. “Аммо, биласизларми, - дедим мен ватандошларимга, - бундан ўзим ҳайратга тушяпман...”. Мен Тиле билан учрашувдан деярли ҳайиқиб турардим. Дарҳақиқат, ўзинг уйланмоқчи бўлиб турган қизга тўсатдан хизматчи бўлишга қарор қилганингни айтиш оғир. Уни қандай ҳаёт кутмоқда? Оғир ҳаёт, арзимас даромад, балки, қандайдир узоқ бир жойда кундалик ҳаётнинг қулайликларидан маҳрумлик кутаётгандир. Токи унинг ўзи бутун қалби ва руҳи билан бу ғояга ўзини бағишламаса, унга қандай қилиб шундай тақдирни таклиф қилишим мумкин? Хуллас, кейинги ҳафтадан бошлаб Тилени хизматчига айлантириш ишларини бошлаб юбордим. Мен унга йиғиндаги ҳолат ва ўзимдаги ишонч ҳақида, бундай қарорга келишим Худонинг иродаси эканлиги ҳақида гапирдим. Қанчалик ғалати бўлмасин, Тилега хизматчилик ҳаётимга унашидан кўра, бошқа одамлар олдида чиқиш қилишим ҳақидаги ҳолатларга розилик билдириши қийин кечди. “Бир масалада жаноб Донкернинг фикрига қўшиламан, - деди у. - Ҳар қандай хизматни уйдан бошлаган афзал. Нега Витте яқинидан иш топиб, ундан биринчи хизматчилик майдони сифатида фойдаланмаслик керак? Сен хизматчи бўлишга даъват этилганингни ёки аксинча эканлигини тезда тушуниб оласан”. Бу фикр менга маъқул кўринди. Витте яқинидаги энг катта корхона Алкмардаги Рингерснинг шоколад фабрикаси эди. Ўша ерда Гелтьенинг эри Ари ишларди. Мен ундан ходимлар бўлимида исмимни киритиб қўйишини сўрадим. Алкмарга ишга кириш учун ариза топширишга кетишим олдидан ғаройиб туш кўрдим. Фабрикада бошқалардан ажралиб турганлигимни яққол сезган кўплаб абгор ва бахтсиз одамлар бор эди. Улар атрофимни ўраб ўз сирларимни баҳам кўришни талаб этишди. Гап нима ҳақда эканлигини айтганимда, уларнинг юзи ҳақиқат нуридан ёришиб кетди. Биз биргаликда тиз чўкдик... Афсуски, шу пайтда уйғониб кетдим. Мен Рингерс фабрикасининг ходимлар бўлими олдидаги ёғоч ўриндиқда ўтирардим. Ҳавода шоколаднинг оғир ҳиди айланиб турарди. “Навбатдаги кирсин!” Мен эшикдан имкон қадар тезроқ кирдим: ҳассамни уйда қолдириб келгандим. Аввалгидек қадам ташлашларим оғриқли эди, аммо жуда қаттиқ чарчаганимда шундай бўларди. Мен оқсоқланмаган ҳолда, хаста оёғимни босишга ўргандим. Ходимлар бўлими бошлиғи аризамга қараб хўмрайди. “Ҳарбий хизматдан тиббий кўрсатма асосида озод қилинган, - у баланд овозда ўқиб, менга гумонсираб қараб қўйди. – Сизга нима бўлган?” “Ҳеч нима, - дея жавоб бердим юзимга қон қуюлаётганини ҳис қилиб. – Бошқалар қиладиган ишларни бажара оламан”. “Сиз тез хафа бўлар экансиз”. У шундай деган бўлсада, менга иш берди. Мен шоколадлар жойлаштириладиган қутиларни санаб чиқиб, сўнгра уларни юклаш цехига олиб боришим керак эди. Ҳорғин қиёфали йигит мени айлана йўлак бўйлаб улкан цех эшигидан туртиб киритди, ҳойнаҳой бу ерда икки юзтача қиз ўнлаб конвейер ленталари олдида туришарди. У мени қизлардан бири ёнида қолдирди. “Қизлар, бу Андрей. У билан кўнгил ёзинг!” Қизлар мени ҳуштак чалиб қарши олганларига ҳайрон бўлдим. Сўнгра турли қочирма гаплар ёғилди: “Эй, Рути, у сенга ёқяптими?” “Кўринишидан бундай деб бўлмайди”. Шундан сўнг нопок ва ифлос ҳазилларни эшитдим. Ҳаттоки менинг ҳарбий хизматда сўкишларга ўрганган қулоқларим ҳам бундай сўзларни эшитишга тайёр эмасди. Тушунишимча, бундай беадаблик мусобақасини Гретье исмли қиз бошқариб турарди. Унинг севимли мавзуси бузуқчилик эди: у овозини кўтариб менга қайси ҳайвонни шерикликка танлашни муҳокама қиларди. Аравам тўлганида, бу қизлардан сўнг покдомондек кўринадиган юклаш цехидаги эркаклар даврасига қочиб қолишдан хурсанд бўлдим. Тезда аравамни бўшатишди ва мени тағин катта цехда қувончли қийқириқлар билан кутиб олишди.”Худойим, балки бу хизмат майдонидир, - хаёлга ботдим қутилар учун квитанцияни марказий залдаги назоратчининг дарчаси олдига элтаётиб, - аммо бу менинг майдоним эмас. Мен ҳеч қачон бу қизлар билан гаплашишни ўрганолмайман. Нимаики айтмай, улар бошқа маънога ўгиришади ва ...”. Мен тўхтаб қолдим. Зеро дарча ортида дунёдаги энг ёқимтой кўзлар менга жилмайиб турарди. Улар жигарранг эди. Йўқ, бу кўзлар яшил эди. Бу қиз жуда ёш эди. Ёрқин сочли, нозиккина, эҳтимол, унинг ёши эндигига ўн тўққиздан ўтгандир ва у бу цехдаги энг масъулиятли ишни бажарарди. У иш ордери ва квитанцияларни тўлдирарди. Мен унга ўзимнинг квитанциямни узатганимда, унинг табассуми кулгига айланди. “Уларга эътибор берманг, - деди қиз, - улар ҳар бир янги келганни шундай кутиб олишади. Бир ёки икки кундан кейин яна бошқаси келади”. Қалбим миннатдорчиликка тўлди. У менга олдида уюлиб ётган ҳужжатлар орасидан янги юк ҳужжатини топширди, бироқ мен унга тикилганча тураверардим. Цехдаги барча қизлар худди циркдаги каби упа-элик суртиб бўянганди, лекин унда косметикадан асар ҳам йўқ. Фақат навқирон ёшлиги доимо ўз рангини ўзгартирган кўзларида барқ уриб турарди. Унга қанчалик узоқ қараганим сайин, аввал ҳам уни кўрганлигимга ишончим шунчалик ортарди. Бироқ мабодо унга шу саволни берсам, сохта янграган бўларди. Бу ердан истамайгина йиғиш цехига кетдим. Назаримда, вақтнинг ўтиши чўзилиб борарди. Тик оёқда ўтказган иш куним охирида ҳар қадам босишим азобга айланди. Қанчалик уринмай, оқсоқлана бошладим. Гретье буни дарҳол пайқади. “Нима бўлди, Анди? – дея диққати таранглашди унинг. – Каравотдан йиқилиб тушдингми?” “Ост-Индия”, - жавоб бердим унинг жим қолишига умид қилиб. Гретьенинг тантанавор қичқириғи бутун цехга эшитилди. “Қизлар, бизнинг орамизда қаҳрамон бор! Анди, Сукарно ҳақида айтишганлари ростми? У ерда ёшгина қизларни ёқтиришадими?” Мен энг даҳшатли хатога йўл қўйдим. Энди ишхонада янги бўлмай қўйганимдан сўнг, қизлар кўп кунлар мобайнида мендан шарқий экзотика нима эканлиги ҳақида сўрайверишди. Бир неча бора цехдаги ўша-ўша суҳбатлардан зерикиб, ишни ташламоқчи бўлдим, аммо мени дарча ортидаги жилмайиб турадиган кўзлар қутқариб қоларди. Мен ўша ёққа ҳатто квитанциям йўқ пайтида ҳам борардим. Баъзан квитанция билан биргаликда ёзув қоғозимни ҳам узатардим: “Сен бугун жуда чиройли кўринишдасан!” ёки “Ярим соат аввал хўмрайиб тургандинг. Нима бўлди?” . Бу қиз ўзи ҳам эшитишига тўғри келадиган суҳбатлар ҳақида нима деб ўйлаши, умуман бундай жойда нега ишлаётганлигини билишга қизиқардим. Ва ҳамма вақт уни қаердадир кўрганлигим ҳақидаги туйғу мени тарк этмасди. Мен фабрикада бир ой ишлаганимдан сўнг, ўзимда жасорат тўплаб шундай дедим: “Сендан хавотир оляпман. Бу одамлар билан биргаликда ишлаш учун жуда ёшлик қиласан, сен жуда яхшиман”. Қиз бошини орқага ташлаб кулиб юборди. “Эҳ, бобожон! – деди у. - Фикрларинг нақадар эскича! Аслида, - у дарча томон энгашди, - улар умуман ёмон одамлар эмас. Улардан кўпчилиги шунчаки дўстликка муштоқ ва дўст топишнинг бошқача йўлларини билишмайди”. У менга ишониш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлгандек тикилиб қаради. “Биласанми, - деди у юмшоқ оҳангда, - мен масиҳийман. Шу боис бу ерга ишлагани келдим”. Унинг сафдош-хизматчи эканлигини тушуниб, ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Ва шу заҳотиёқ бу чеҳрани аввал қаерда кўрганлигимни эсладим. Уруш қатнашчилари шифохонаси! Бу бизни палатадаги йиғинга таклиф этган ўша қиз эди! Ва у шу ерда... Мен ҳаяжондан тутилган ҳолда, Рингерс фабрикасига худди у каби вазифа билан тушиб қолганимдан буён нималар бўлганини тўлиқ айтиб бердим. У ўзини Корри ван Дам дея аташларини айтди. Шу кундан бошлаб биз Корри билан бир жамоа бўлдик. Мен конвейерлар ўртасидаги қаторлар орасида юриб, тўлган қутиларни жўнатиш жараёнида қизлардан қайси бирида бирор муаммо борлигини пайқаш имконига эга эдим. Мен бу ҳақда Коррига хабар берардим, у эса ўша қиз билан навбатдаги иш ордери учун келганида, ёлғиз гаплашиб олиши мумкин эди. Шу тариқа биз аста-секин худди ўзимиз каби қизиқувчан кишилардан иборат кичкина гуруҳ туздик. Британиялик Хушхабарчи Сидни Уилсон Голландияда бўлган вақтида якшанба кунлари ёшлар учун йиғинлар ўтказди, биз уларга қатнай бошладик. Бу йиғинларга биринчи бўлиб қатнай бошлаган ишчилардан бири Ами исмли қиз эди, у сўқир ва ўта ногирон аҳволга тушган бўлиб, Гретье билан битта конвейерда ишларди. Ами Брайл бўйича ўқиб, Брайлнинг кичкина ручкаси билан сўқир харидорлар учун ҳарфларни қандай ўйиб олишини менга кўрсатарди. Мен ҳам шундай ручка ва Брайл алифбосини сотиб олдим ҳамда конвейерда Амининг чаққон бармоқлари учун ёзув қолдирдим. Албатта, Гретье бундай воқеаларни шунчаки ўтказиб юбормасди. “Ами! – қичқира бошлади у ишлаётган қизлар орасида туриб. – Бу сафар у қанча таклиф қиляпти?” Ами узоқ вақт бундай ҳазил-мазахни юмшоқлик билан қабул қилди. Бироқ бир куни цехдан қайтганимда бу қиз ўзининг кўз ёшларини тўхтатиб қолмоқчи бўлаётгандек, оқимтир кўзларини тез-тез юмиб-очаётганлигини кўриб қолдим. “Тушунаман, - ўкирди Гретье, - нега бунчалик ўзингга ишонмаслигингни биламан”. Гретье мени кўриб, жаҳлдор қиёфада кулди. “Ами, қоронғида барча эркаклар бир хил кўринади, тўғрими?” – қичқирди у. Мен эшикда қотиб қолдим. Бугун ишга келаётиб, Худодан бу одамларга нима дейишим кераклигини айтишини сўрагандим. Шу заҳотиёқ Худодан мен орқали айтилаадиган жавоб шунчалик кутилмаган бўлдики, ишониш қийин бунга, аммо амр шунчалик аниқ эди ва унга ўйламасдан дарҳол бўйсундим. “Гретье, - дедим мен, - бас қил! Яхшиликча бас қил!” Гретье оғзи очилганича қотиб қолди. Бунга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Аммо сўзимда давом этишга тўғри келди, акс ҳолда ташаббусни йўқотиб қўярдим. “Гретье, - дея чақирдим каттакон цехнинг шовқинидан ҳам баландроқ овозда, - шанба куни эрталаб соат тўққизда масиҳийлик конференциясига автобус жўнайди. Мен ўша ерда бўлишингни истайман”. “Яхши”, - жавоб қайтарди у. Унинг жавоби ўша заҳотиёқ янграганди. Мен шундан сўнг ҳозир яна бирорта ҳазил бўлишини кутдим, аммо энди Гретье кўзларини пирпираётганини пайқадим. Қутиларни тахлашга кетаётганимда эса, бутун цех ғалати равишда жимиб қолганига эътибор қаратдим. Барча ҳозир бўлиб ўтган воқеадан енгилгина карахт ҳолатга тушганди. Шанба куни Гретье автобусда ўтирарди. Бу мени кўпроқ ҳайратга солди. Гарчи бу аввалги Гретье бўлсада, унинг қиёфасидан нималар бўлаётганини кўриш учунгина кетаётганлиги барчага тушунарли эди. Гретье аввал қандай бўлса, конференцияда ҳам шундайлигича қолди. Ҳар замонда одамларнинг ўз ҳаётини Худо қандай ўзгартирганлиги ҳақидаги ҳикояларига унинг берган изоҳи эшитилиб қоларди. Йиғин ўртасидаги танаффуслар чоғида Гретье қандайдир журнални ўқиб ўтирди. Якшанба куни кечқурун автобус бизни Алкмарга, мен ўз велосипедимни қолдирган гаражга олиб келди. Гретье Витте яқинидаги шаҳарчада яшарди. Мен велосипеднинг орқа ўриндиғида Гретьенинг мен билан кетишга рози бўлиш-бўлмаслиги ҳақида ўйладим. Бу эса гувоҳларсиз у билан гаплашиб олишнинг қулай фурсати эди. “Гретье, сени велосипедда уйингга элтиб қўйишимни истайсанми? Автобус пулини тежаб қолган бўлардинг”. Гретье лабини тишлади, мен эса автобус чиптаси ҳақини тежаб қолиш учун мен билан кетиш керакми ёки йўқми, гўё ўзини шу ҳақда ўйлаётгандек қилиб кўрсатаётганини тушундим. Ниҳоят у елкасини қисиб қўйганча велосипедга ўтирди. Мен Коррига кўз қисдим ва йўлга тушдик. Шаҳар ташқарисига чиққан пайтимиздаёқ, Гретье билан Худо ҳақида гаплашиб олмоқчи бўлдим. Аммо у мени ҳайрон қолдириб, аниқ шарт қўйди: “Имон ҳақида бир оғиз гаплашмаймиз. Табиатдан завқ олайлик”. Мен тўғри эшитганимга зўрға ишондим. Лекин унинг гапига бўйсундим. Йўлимиз давомида ўз асирамга имон ҳақида оғиз очмадим. Мен ёнгинамиздаги лолазорлар ҳақида гапирдим ва уруш вақтида унинг ҳам лола пиёзлари еганлигини билдим. Унинг кўчасига етиб борганимизда, қиз мени табассуми билан мукофотлади. Корри эртаси куни мени нурли табассум билан кутиб олди. “Сен Гретьега нима дединг? Ҳарқалай, ғайриоддий нимадир бўлгандир!” “Нимани назарда тутяпсан? Мен унга бирор сўз айтмадим”. Аммо ҳар ҳолда Гретье ўша тонг ҳақиқатдан ҳам бирор ифлос ҳазил қилмади. Шу куни Ами шоколадли қутини тушириб юборди. Ва айнан Гретье унинг ёнида тиззалаб, сочилиб кетган шоколадларни йиғишга ёрдам берди. Тушлик вақтида эса ўз патнисини кўтариб ёнимга келди. “Сен билан ўтирсам майлими?” “Албатта”, - дедим мен. “Биласанми, нима ҳақда ўйладим? – сўз бошлади Гретье. – Улар ўз йиғинларида айтганларидек, сен мени “Масиҳни қабул қилишга” мажбурлайсанми деб ўйлагандим. Бу ҳақда эшитмоқчи эмасдим. Лекин сен бир оғиз гапирмадинг. Энди эса ... фақат, илтимос, устимдан кулмагин”. “Албатта, кулмайман”. “Мен шундай деб ўйладим: “Эҳтимол, Андрей мени жуда тубанлашиб кетган, орқага қайтишига йўли қолмаган деб ҳисоблар? Шу боис, бу мавзуда мен билан гаплашишни истамас?” Сўнгра эса балки чиндан ҳам ўта тубанлашиб кетгандирман деб ўйладим. Агар Худодан кечирим сўрасам, У мени авф этармикан? Ўша йигитлар уқтирганидек, ҳаммасини бошидан бошлашимга ижозат берармикан? Нима бўлмасин, Худодан шу ҳақда сўрадим. Бу кулгили ибодат эди, лекин мен жиддий гапирдим. Ва биласанми, Анди, мен йиғлашга тушдим. Тун бўйи йиғладим, аммо эрталабдан ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман”. Бу мен гувоҳ бўлган биринчи мурожаат эди. Гретье бир кечада бошқа одамга айланганди. Ёки, тўғрироғи, у аввалгидек инсон бўлиб қолаверган, аммо аввалги камчиликлардан холи бўлганди. У ҳамон етакчи эди, ҳамиша гапираверарди, аммо бунинг нима фарқи бор! Гретье номақбул воқеаларни айтишни бас қилганида, бошқа қизлар ҳам ушбу мавзуда гаплашмай қўйишди. Фабрикада ибодат гуруҳи ўз ишини бошлади, Гретье унга келиб-кетишларга масъул эди. Агар кимнингдир боласи касал бўлса ёки эри ишсиз бўлиб қолганидан Гретье хабар топса, умумий жамғармага пул бермаган кишининг аҳволи вой бўларди. Бу қизда чиндан ҳам чуқур ўзгариш юз берганди. Ҳар кеча Виттедаги чордоғимда ухлаш учун ётар эканман, Худога бундай ўзгарувда иштирок этишимга изн бергани учун миннатдорчилик билдирардим. Фабрика таниб бўлмайдиган даражада ўзгарганди. Ва буларнинг ҳаммаси Худога итоаткорлигим боис юз берди. Бир куни марказий дарвозадан велосипедда чиқиб келганимда, мени совға кутиб турган экан. “Жаноб Рингерс сизни кўрмоқчи”, - деди Корри. “Жаноб Рингерс!” – мен нимадир қилиб қўйдим, шекилли, балки иш вақтида диний ваълар ўқиётганимдан хабар топгандир. Котиба директорнинг шахсий хонаси эшигини очди. Жаноб Рингерс катта чарм курсида ўтирганча, қўли билан менга қарама-қарши тарафни кўрсатди. Мен энг чеккада ўтирдим. “Андрей, - деди жаноб Рангерс, - сиз икки ҳафта олдин ўтказилган руҳий тестни эслайсизми? “Ҳа, жаноб”. “Бу тестлар сиздаги тафаккур даражаси юқори эканлигидан далолат бермоқда”. Мен бу даражалар ҳақида ҳеч нима билмасдим, лекин у жилмайганида мен ҳам табассум қилдим. “Биз – деди у, - сизни бошқарувчи бўлишингиз учун ўқишга юбормоқчимиз. Мен икки ҳафтага таътил олишингизни истайман. Фабрикани айланиб, барча турдаги ишлар билан танишинг. Ўзингизга ёқадиган бирор ишни топсангиз, сизни ўша ишга тайёрлашдан бошлаймиз”. Ниҳоят сўзлашга журъат этиб, шундай дедим: “Мен ўзимга ёқадиган ишни биламан. Тестларни тўлдирганимдан кейин мен билан гаплашган одамнинг лавозимида ишламоқчиман”. “Ходимлар руҳиятининг таҳлилчиси” - деди жаноб Рингерс. Унинг ўткир кўзлари менга қадалди. “Ўйлашимча, - деди у, - мабодо имон мавзусида суҳбат қурсак, қаршилик билдирмасангиз керак”. Мен қизариб кетганлигимни пайқадим. “Ҳа, албатта, - деди у, - биз сизнинг ўша ёқда, юқорида имонга жалб этиш борасида катта ишлар қилаётганингизни биламиз. Қўшимча қилмоқчиманки, фаолиятнинг бундай турини мен шоколад тайёрлашдан кўра анчайин муҳим деб ҳисоблайман”. У менинг енгил тортганимни кўриб жилмайди. “Унисини ҳам, бунисини ҳам биргаликда қилмаслигингиз учун ҳеч қандай сабабни кўрмаяпман, Андрей. Агар Самовий Шоҳлик учун ходимларни йиғиш билан бир вақтда менга фабрикани муваффақиятли бошқаришимга ёрдам берсангиз, албатта, жуда хурсанд бўлардим”. Тиле менинг янги ишимдан хурсанд эди. У, янги машғулотим мени жалб этиб, Худога бағишлаган хизматни унутишимдан умидвор эди. Аммо мен бундай қилолмасдим. Гарчи янги вазифам ўзимга ёққан бўлсада, қандайдир номаълумликка нисбатан янада кучли интилишни ҳис қилдим. Рингерснинг таклифига ва психоанализ бўйича ўқиш имконига жавобан фабрикада яна икки йил ишлаб беришга рози бўлдим. Бу вақт тугаганида эса, кетишим кераклигини тушундим. Бунга қатъий киришганимни кўриб, Тиле баҳслашишни бас қилиб, менга ёрдам беришни бошлади. У чет элларга кўплаб хизматчиларни жўнатадиган Голланд ислоҳотчилар жамоатига қатнаб турарди. У хизматчиларнинг ҳар биридан нима қилиш кераклигини сўраб хат ёзарди. Барчасидан келган жавоб бир хил эди: хизматчи бўлиш учун биринчи навбатда қўл узатиб марҳаматлаш маросимидан ўтиш лозим эди. Бироқ Голланд ислоҳотчилар жамоатига мактуб ёзганимда, ўрта мактабнинг мен уруш вақтида ўтказиб юборган бир қанча дастурларидан ўтишим, шунингдек, диний таълим олишим учун ўн икки йил керак бўлишини билиб олдим. Ўн икки йил! Қўлларим шалвираб тушди. Шундай бўлсада, сиртқи курсга ўқишга кирдим. Энг катта муаммолар китоблар билан боғлиқ эди. Менда ҳеч қандай жамғарма йўқ. Энди фабрикадаги ходимларни сифатли саралаш ишларига Гретье жавоб берганида, Гелтье уйни сақлаш учун фойдаланмаган пулларни тезда харжлаб юбордим. Мен китобларга қандай эришиш ҳақида фикр юритганча сигарета чекаётиб, тўсатдан бу масаланинг ечимини қўлимда ушлаб турганимни пайқаб қолдим. Мен енгил ҳалқа бўлиб тутаётган оқ таёқчанинг охирига қараб қолдим. Ҳар ҳафтада сигарета учун қанча харажат қиламан? Ҳисоблаб кўргандим, хаёлим ёришди. Ҳафтада битта китоб учун бемалол етаркан. Китоб дўконларига ҳар сафар кирганимда бир неча саҳифасини ўқийдиган ўша асарларнинг ҳатто тўпламини сотиб олишга ҳам етаркан. Ташлаш осон бўлмади. Ўйлашимча, ҳар қандай голландга ёққанидек, чекиш менга ҳам ёқарди, негаки, бу биз учун анъана эди. Аммо барибир ташладим ва кичкинагина столимдаги китобларим тобора кўпаяверди. Немис грамматикаси, инглиз грамматикаси, жамоат тарихи тўплами, Муқаддас Китобга изоҳлар. Бу Муқаддас Китоб ва мадҳиялар тўпламидан ташқари бизнинг хонадонимизда пайдо бўлган дастлабки китоблар эди. Икки йил мобайнида мен ҳар бир бўш дақиқамни ўқиш билан ўтказдим. Мекле хоним нима билан машғул эканлигимдан хабар топиб, инглиз тилини ўргатишни таклиф этганида, қувонч билан рози бўлдим. У ажойиб ўқитувчи бўлиб, руҳан тушкунликка тушганимда, кучларим тугаб қолганида ўз жўшқинлиги билан билан менга қувват берарди. Мабодо унинг талаффузи онамнинг радиосидан баъзан эшитадиган инглизча талаффузга тўғри келмаса, буни электрониканинг носозлиги ҳисобига ёзиб қўярдим ва қунт билан Мекле хонимнинг инглизча сўзларини такрорлардим. Бироқ Мекле хоним таълим олишим жараёни якунланаётганидан мамнун бўлсада, менинг хизматимга ишончи унчалик баланд эмасди. “Сен одамларга ёрдам беришинг учун марҳаматланиш маросимидан ўтишни зарур деб ўйлайсанми? – деб сўрарди аёл. – Ёшинг йигирма тўртда. Бундай тезликда фақат хизматни бошлайдиган пайтда ёшинг ўттизда бўлади. Хизматчилик ташкилотларида дунёвий одамлар учун ҳам кўплаб иш топилади. Мен сени ҳеч нимага ундамаяпман, Андрей. Фақат саволлар беряпман”. Албатта, бундай саволларни мен ўзимга ҳар куни берардим. Якшанба кунларидан бирида бу масалани Сидни Уилсон билан муҳокама этдим. Унинг йиғинида Рингерс фабрикасидан ҳам кўплар иштирок этарди, шу боис ўзимиз учун бутун бир зални ижарага олдик. Мен ўзимнинг муаммоларим ва таълим олишдаги расмиятчиликлар ҳақида арз қилганимда, у кулишни бошлади. “Сиз худди WEC ходимлари каби гапиряпсиз”, - деди у. “WEC?” Бутунжаҳон Хушхабарчилар ҳаракати ( Worldwide Evangelization Crusade), - деди у, - бу, жамоат ўз дастурларини ишлаб чиқмаган мамлакатларда одамларни хизматчилик фаолиятига тайёрлайдиган инглиз ташкилоти. Улар ҳам хизматчиларни узоқ муддатга тайёрлашдан шикоят қилишади”. У жамоатнинг хизматчилик ташкилотлари бюджет пуллари ҳисобида фаолият юритишини тушунтирди. Одатда хизматчилик кенгаши қачон ўзларида пул бўлишини ёки ҳеч бўлмаса, қаердан бу пуллар қачон келишини кутишади. Фақат шундан кейингина улар хизматчини юборишга тайёр бўлишади. Бироқ WEC эмас. Мабодо улар Худо кимнидир аниқ бирор жойга хизмат қилишга даъват этаётганини кўришса, уни ўша ёққа жўнатишади ва хизматчининг моддий таъминотини бу ҳақда ғамхўрлик қиладиган Худога ишониб топширишади. “Улар хизматчи тариқасида жўнатадиган кишиларга ҳам худди шундай ёндашадилар, - деди жаноб Уилсон. – Агар улар шу инсон учун ушбу фаолиятга ҳақиқий даъват йўлланган дея ўйласалар, унинг илмий даражаси бор ёки йўқлиги мутлақо ташвишлантирмайди. Икки йил мобайнида улар бу инсонни ўз мактабларида тарбиялашади, сўнгра эса хизматга юборадилар”. Менга буларнинг бариси ёқди, лекин ўзимни молиявий муносабатларда унчалик ишончли ҳис қилмасдим. Мен ўз эҳтиёжлари борасида “Худога ишониб”, оқибатда тиланчига айланиб қолган бир қанча кишиларни билардим. Улар очиқчасига пул беришларини сўраб тиланчилик қилишмасди, бунга ишора қилишарди, холос. Виттеда уларни “ишорагўй хизматчилар” тариқасида билишарди, уларнинг имон билан эмас, балки ҳис-туйғулар билан яшаётганлигини айтишарди. Улар исқирт ва номақбул кўринишарди. Мабодо Масиҳ Шоҳ бўлиб, улар Исонинг элчилари бўлишса, бундай ҳолат Самовий Салтанат ғазнасининг ночорлигидан яққол далолат бериб турарди. Қанчалик ғалати бўлмасин, имон рутбасини қабул қилиш учун узоқ йиллар ўқиган айнан шу Кес жаноб Уилсоннинг айтганларига ҳаммадан кўпроқ қизиқиб қолди. “Йўлга на халта, на иккита кийим, на оёқ кийими олманглар” – иқтибос келтирарди Кес. – илоҳиёт нуқтаи назаридан, бу соғлом позиция. Мен WEC ҳақида кўпроқ билишни истайман”. Орадан бир неча ой ўтгач, бизга шундай имконият берилди. Кунлардан бирида Рингерснинг фабрикасига Сидни Уилсон қўнғироқ қилиб, Харлемга WEC бошқарувидан бир киши келаётганлигини айтди. “Анди, унинг исми Жонсон. У шу ерда эканлигида, кўришиб олсанг бўлмайдими?” Кейинги ҳафта мен велосипедда Харлемга йўл олдим. Ҳаммаси ўзим тасаввур қилганимдек бўлди. Жаноб Жонсон ўта озғин бўлиб, ундаги кийим хизматчининг молиявий аҳволидан гувоҳлик бериб турарди. Бироқ хизматчилар бутун дунё бўйлаб нималар қилаётгани ҳақида сўз юритганида, унинг сўлғин юзи жонланди. У барчасидан кўпроқ Шотландиянинг Глазго хизмат мактаби ва унинг аксарияти ҳақсиз ишлайдиган ўқитувчилари билан фахрланиши яққол кўриниб турарди. Мактабда илоҳиёт, экзегетика ва бошқа академик тартиб-қоидаларнинг профессорлари бор эди, шунингдек, қурувчи ишчиларни, чилангар ва электрчиларни тайёрлайдиган муаллимлар ҳам фаолият юритишарди, негаки талабаларни аввал жамоат бўлмаган жойда жамоат биноларини қуриш учун тайёрлашарди. Аммо унинг айтишича, бу энг асосийси эмас. Мактабнинг асосий мақсади талабалардан имкон қадар ҳақиқий масиҳийларни етиштириб чиқариш эди. Виттега қайтган заҳотим Кеснинг олдига бордим. Биз велосипед билан польдерларда айланиб келмоқчи бўлдик. Кеснинг саволлари кескин ва амалий эди: у гўё эртага ҳаммасини ташлаб, мактабга боришга тайёрдек саволлар берарди. Ўқиш учун қанча тўлаш керак? Кейинги ўқув йили қачон бошланади? Хорижий тилларни билиш учун нималар талаб этилади? Бу менга қизиқарли бўлмагани учун сўрамагандим. Мен Кесга WEC ташкилотининг Лондондаги штаби манзилини бериб, ўзимга муқаррар етиб келадиган янгиликларни кута бошладим. Ва албатта, орадан бир неча кун ўтиб, Кес Глазгодаги мактабга ўқишга кириш учун ариза топширганлигини айтди. Кеснинг маълумоти борлиги учун уни тезда қабул қилишибди. Энди Рингерс фабрикасидан уйга қайтганимда, мени Глазгодан келган бир уюм қувончли мактублар кутиб турган бўларди. Кес бу мактубларда ўз ҳаётини, ўзи ўрганган жиҳозларни, масиҳийлик ҳаётида очган кашфиётлари ҳақида ёзарди. Мен жаноб Рингерсга ваъда қилганимдан кўпроқ вақт фабрикада ишладим. WEC мактаби менга ҳам тўғри келиши кўриниб турарди. Аммо мен барибир орқага чўзавердим. Ҳамма менга қаршидек бўлиб туюларди. Менга Кеснинг билимлари етишмасди. Менинг тўпиқ суягим оғрирди – буни бошқалардан яширишим мумкин, лекин бу аниқ шундай эди. Агар биргина квартални ҳам босиб ўтишим азобли бўлса, қандай қилиб хизматчи бўлишим мумкин? Бироқ хизматчи бўлишни ният қилганманми ёки бу ўзим тасаввур қилган романтик бир орзумикан? Мен Сидни Уилсон “ўтиниб ибодат қилиш” сўзини ишлатишини тез-тез эшитиб турардим. У токи жавоб бўлмагунича, қизғин ва чекинмас ибодатни назарда тутарди. Мен ҳам ўз саволимга “ўтиниб ибодат қилиш” учун синов ўтказмоқчи бўлдим. 1952 йил сентябрь ойининг якшанбасида эшитиб қолишларидан қўрқмаган ҳолда баланд овозда ибодат қилиш учун польдерларга кетдим. Канал соҳилида ўтириб, худди Тиле билан гаплаша олганимдек, Худо билан шунчаки гаплаша бошладим. Мен қишлоқда одамлар қаҳва ичиб сигара чекаётган вақт давомида, якшанбада кун бўйи кечқурунгача гапириб ўтирдим. Аммо барибир Худо менга нима тайёрлаганини аниқ билишим ҳақида бир тушунчага келолмадим. “Худойим, бу нима ўзи? Нима мени ушлаб турибди? Сен менга белгилаган хизматдан бош тортишимни нима билан оқлай оламан?” Ва ўша ерда, канал бўйида мен тўсатдан жавоб олдим. Мендаги “ҳа” Худода ҳамиша “лекин” маъносини англатарди. “Ҳа, Раббим, лекин менинг маълумотим йўқ”. “Ҳа, Раббим, бироқ мен оқсоқман”. Ўшанда Худога дарҳол “ҳа” деб айтдим. Мен буни аввалгидан мутлақо бошқача тарзда, ҳеч қандай бошқача маъно қўшмаган ҳолда айтдим. “Мен бораман, Худойим, - дедим мен, - илоҳиёт рутбасини қабул қилишим, WEC мактабига ўқишга киришим ёки Рингерснинг фабрикасида қолиб ишлашим муҳим эмас. Мен Сенга манзур бўлса, қаёққа десанг ва қачон хоҳласанг бораман. Мана шу дақиқадан бошлайман. Раббим, ҳозир ўрнимдан туриб ташлайдиган қадамимни Сенга итоат йўлидаги биринчи қадамим деб ҳисоблашимни Сендан сўрашим мумкинми? Мен уни итоат қадами деб атайман”. Мен ўрнимдан турдим. Ва катта бир қадам ташладим. Айни шу вақтда хаста оёғимда кучли оғриқ сездим. Катта тўпиқ суягимни чиқариб юбормадимми, дея даҳшат билан ўйладим. Жуда эҳтиёткорлик билан майиб оёғимни ерга босдим. Аммо нима бу? Мен хаста оёғимда бемалол турардим. Нималар бўлди ўзи? Аста-секин ва жуда эҳтиёткорлик билан уйга йўл олдим, аммо йўл давомида хаёлимга Каломдан бир оят келди: “Улар эса йўлда кетаётиб, моховдан фориғ бўлишди”. Аввалига бу оят қаердан олинганлигини эслай олмадим. Сўнгра эса роҳиблар сари йўл олган ўнта моховга Масиҳ қандай буюриб, мўъжиза юз бергани ҳақидаги воқеани эсладим: “Улар эса йўлда кетаётиб, моховдан фориғ бўлишди”. Наҳотки? Наҳотки мен ҳам шифо топган бўлсам? Ўша оқшом Виттедан олти миль наридаги кечки хизмат пайтида иштирок этишим керак эди. Ўша куни йиғинга олиб борадиган ҳамма йўлни пиёда босиб ўтишга қарор қилдим. Мен худди шундай қилдим. Уйга қайтиш вақти келганида, дўстим мени мотоциклда элтиб қўйишни таклиф этди. “Бугун эмас, раҳмат. Ўйлашимча, пиёда борганим афзал”. У ўзининг қулоқларига ишонмади. Оиламдагилар ҳам ўша йиғинда бўлганимга ишонмадилар, негаки ҳовлида турган велосипедимни кўриб, мени уйда қолган деб билишган экан. Бошқа куни эса шоколад фабрикасида суҳбатдан сўнг ҳар бир янги келган ходимни тайинланган иш жойигача кузатиб қўйдим, авваллари ўз курсимда ўтирганча қолаверардим. Тахминан кун ярмига бориб тиззам қичиша бошлади, эски чандиқни артганимда эса иккита чок ташқарига чиқиб қолди. Ҳафта охирига келиб ҳеч қачон битмаган кертик ниҳоят ёпилди. Кейинги ҳафтада Глазгодаги WEС хизмат мактабига қабул қилишлари учун расман ариза топширдим. Бир ойдан сўнг жавоб келди. Ётоқхонада жой билан таъминланим ҳолда 1953 йилнинг май ойидан машғулотларни бошлашим мумкин эди. Коррининг ҳаётида ҳам янгиликлар юз берди. У ҳамширалар курсига ёзилгач, Рингерс фабрикасида охирги иш кунида эди. Мен унинг қувончдан порлаб турган кўзларига қараб, уларнинг жигарранг эканлигини пайқадим. Биз бир дақиқа қўл ушлашиб, сўнгра тезда хайрлашдик. Қаршимда мени энг кўпроқ қўрқитадиган муаммо турарди. Тилега ҳеч ким молиявий таъминламайдиган, ҳеч бир ташкилот ёрдам бермайдиган, эътироф ва шон-шарафга эга бўлмаган ҳамда берган маълумотини тасдиқлай олмайдиган хизмат мактабига ўқишга кирганлигимни қандай айтаман. Биз Тиле билан биргаликда Горкумдаги соҳил бўйида сайр қилган ҳолда маҳзун бир кунни ўтказдик. Икковимиз ҳам кам гапирдик. Менда унинг ҳар қандай саволларига жавоб ва далил-исботлар бор эди. Аммо баҳслашиш ўрнига у янада кўпроқ сукут сақлади. Фақат оёғимнинг тузалгани ҳақида гапирганимда ҳаяжонга тушди. Мен буни кичик мўъжиза дея атаб хатога йўл қўйдим. “Буниси энди ҳаддан зиёд, Андрей! – ловуллаб кетди у. – Кўпгина одамларда жароҳат ва шикастланиш бўлади, аммо ўзларини яхшироқ сезишганида бирортаси ҳам ақлга зид аризалар ёзиш учун югуришмайди”. Бу сафар Тиленинг оиласи билан тушлик қилишга қолмадим. Менинг янги қароримга кўникишлари учун уларга вақт керак деган қарорга келдим. Ҳамма гап шунда, Тилега вақт керак. У аста-секин менинг ҳақ эканлигимни тушунади. Айни вақтда, сафар учун пул тўплай бошладим. Мен ўзимда бор ҳамма нарсани – велосипед ва китобларнинг қимматбаҳо тўпламини – сотиб юбордим. Бу пулга Глазгога жўнашимдан аввал WEС директори билан учрашишим лозим бўлган Лондонга чипта сотиб олдим. Чипта учун тўлаганимдан сўнг, биринчи семестр учун ўттиздан сал кўпроқ британ фунтлари қолди, холос. Мен Лондонга 1953 йилнинг 20 апрелида жўнаб кетишим керак эди. Бироқ жўнашим олдидан бошимни қотириб қўйган учта воқеа кетма-кет юз берди. Дастлаб Тиледан хат келди. У ўз жамоатининг хизматчилик кенгашига хат ёзиб, Глазгодаги мактаб ҳақида фикр билдиришларини сўрабди. Улар мактабнинг вакилликка эга эмаслиги, масиҳийлик ташкилоти билан боғлиқ бошқа ўқув муассасасининг филиали эмаслигини Тилега маълум қилишибди. Шу тариқа, Тиле токи мен бу гуруҳ билан алоқада эканман, мени кўришни ва овозимни эшитишни ҳам истамаслигини билдирганди. У ўзининг қисқагина мактубининг охирига исмини ёзганди, холос, - “Тиле”. “Сени севаман, Тиле” деб эмас. Шунчаки, - “Тиле”. Мен эшик олдида қўлимда конверт тутган ҳолда бу нимани англатишини тушунишга уринардим, шу пайт Мекле хоним кичик кўприкдан ўтиб, уйимиз сари келаётганини кўриб қолдим. “Андрей, - дея чақирди у, - мен сенга айрим гапларни айтишим керак. Мен аллақачондан буён шундай қилмоқчи эдим. Фақат буни қандай қилишни билмасдим”. У чуқур тин олиб ёрилди. “Менга қара, Андрей. Аслида мен ҳеч қачон инглизча талаффузни эшитмаганман. Аммо кўп ўқирдим, - шошилганча қўшимча қилди у, - мен билан хат ёзишадиган англиялик аёллар эса грамматикам юқори даражада эканлигини айтишарди”. У хижолат тортиб жим қолди. “Мен сени бу ҳақда огоҳлантириб қўйиш лозим деб ўйладим”, - шундай дея ғизиллаганча кетиб қолди. Шундан икки кун кейин Лондондан телеграмма келганида, мен бу иккала хабарга кўникиб улгургандим. “Афсус билан хабар қиламизки, сиз учун жой бўшаган эмас. Сиз 1954 йилда келишингиз мумкин”. Кетма-кет уч зарба. Мактабда мен учун жой йўқ. У ерда таълим инглиз тилида олиб борилади, аммо мен бу тилда гапира олмайдиганга ўхшайман. Ва барибир борсам, севган қизимдан айрилиб қоламан. Барча хаёлий тўсиқлар Глазгодаги йўлимда менга қарши қўйилганди. Аммо шу билан биргаликда, ичимдаги ҳеч қачон адашмайдиган, барча инсоний ҳисоб-китоб ва мулоҳазаларга бефарқ бўлган аниқ ва сокин овоз менга шундай дегандек бўлаверди: “Бора қол”. Бу ўша унутилмас бўронли кечада мени чорлаган, фабрикада гапиришга ундаган овоз, мантиқий изоҳга тўғри келмайдиган амр эди. Мен эртаси куни Мартье ва Гелтьени ўпиб, отам ва Корнелиуснинг қўлини қисиб хайрлашдим ва ҳозирга қадар давом этаётган саёҳатга мени бошлаган автобус сари пастга қараб югурдим. 6 БОБ. ШОҲОНА ЎЙИН Мен WEC штаб-квартирасининг манзили ёзилган газетани қўлимда тутганча Лондонда поезддан тушдим. Вокзал ёнида катта қизил автобуслар ва баланд қора таксилар виқор билан айланиб юришарди. Полициячининг олдига бориб, газетани узатдим ва ушбу манзилга қандай етиб бориш мумкинлигини сўрадим. Зобит газетани олиб қаради. Сўнгра бош ирғаб, аниқлик бўлиши учун қўли билан йўналишни кўрсатиб бир неча дақиқа гапирди. Мен унинг бирор сўзини тушунмасдан ҳайрон қараб қолдим. Мен хижолат бўлганча “данк у” (инглизчада бузиб айтилган “thank you” – “раҳмат”) деганча ундан газетани олиб, зобит тушунтириш чоғида қўли билан кўрсатган йўналиш бўйлаб кетдим. Мен бошқа полициячилардан сўраб билишга ҳам уриндим, аммо натижалар шундай қониқарсиз эди. Биргина йўл қолганди: таксига қимматбаҳо валютамни сарфлашимга тўғри келаётганди. Мен йўл чеккасида тўхтаб турган бўш таксини топдим, ҳайдовчига газетани узатиб, йўлнинг чап тарафидан ҳайдаб кетганида кўзларимни юмиб олдим. Орадан бир неча дақиқа ўтиб у машинани тўхтатди, аввал газетани, сўнгра эса таъмирга ўта муҳтож бўлиб ётган катта иморатни кўрсатди. Мен жомадонимни олиб, зинапоялардан тепага кўтарилиб эшик қўнғироғини босдим. Эшикни бир аёл очди. Мен ким эканлигим ва нима учун келганлигимни зўр бериб тушунтирдим. Хоним гапларимнинг бир қисмини ҳам тушунмаганлигини яққол билдириб турган лоқайд кўзлари билан менга қараб турди. У қўли билан ичкарига киришимга ишора қилиб, залдаги тик суянчиқли баланд стулни кўрсатиб ғойиб бўлди. У голланд тилида бироз гаплаша оладиган эркак билан қайтиб келди. Мен ким эканлигим ва нима учун келганлигимни яна бир бора тушунтирдим. “Ҳа-я, албатта. Бироқ бизнинг телеграммани олмадингизми? Биз уч кун аввал сизга мактабда жой йўқ эканлиги ҳақида хабар юборгандик”. “Мен телеграммани олдим, жаноб”. “Ва барибир келдингизми?” Мен эркакнинг табассум қилаётганини кўриб, хурсанд бўлдим. “Жой бўшайдиган вақт келади, - дедим мен, - бунга ишонаман. Мен бунга тайёр бўлиб турмоқчиман”. Эркак тағин кулимсираб, кутиб туришимни айтди. У қайтганида эса ўзим умид қилган янгиликни олиб келди. Мен ишлаш шарти билан штаб-квартирада бир муддат қолишим мумкин экан. Шу тариқа ҳаётимнинг чет мамлакатдаги энг оғир икки ойи бошланди. Бажаришимга тўғри келган жисмоний иш қийин эмасди: WEC биносини бўяб чиқишим керак экан. Нарвонда ишлашга ўрганиб қолганимдан сўнг, ўз ишимдан ҳузур қиладиган бўлдим. Мен ҳаттоки қиролича Елизаветанинг тож кийиши муносабати билан ўтказилган байрамга ҳам бормадим. Ходимларимиз тож кийиш маросимини телевизордан кўришим учун пастга тушишимни қичқириқ билан узлуксиз таклиф этиб туришди. Аммо мен том устидаги байроқлар ва шаҳар устида турли учиш усулларини бажараётган самолётлар кўриниб турган ўрнимда қолишни афзал деб билдим. Бу икки ойдаги энг қийини инглиз тилини ўрганиш бўлди. Тил ўрганиш устида шунчалик қаттиқ ишладимки, бошим мунтазам оғрийдиган бўлди. WEC ходимлари ўзлари “сокин тонг вақти” – сокинликда нонуштадан аввал Муқаддас Китобни ўқиш ва иш олдидан ибодат қилиш – деб атайдиган паллани амалиётда ўташарди. Ҳеч ким бир оғиз сўз айтмасди. Бу менга жуда ёқарди. Мен қушларнинг биринчи сайроғидан уйғониб, кийинардим ва боғга қўлимда иккита китоб билан кириб кетардим. Биттаси инглиз тилидаги Муқаддас Китоб, бошқаси луғат эди. Ҳеч қандай шубҳасиз, бу ажойиб усул эди, бироқ унда айрим камчиликлар бор эди. Менинг ўша пайтдаги инглиз тилидаги билимим Муқаддас Китобдаги қадимий сўзлар ва ифодалар билан тўлиб тошганди, мисол учун, “сенга ростини айтайи” сўзлари каби. Бир куни стол атрофида ёнимдаги қўшнимнинг унга мойни узатиб юбориш ҳақидаги илтимосини шу тариқа етказдим: “Андрейнинг қўшниси шундай айтмоқда, сариёғни узатиб юбориш сенга малол келмайдими?” Аммо мен ўрганиб олдим. Бир ярим ой ичида Англиядаги директор мендан кечлик ибодатни ўқишимни сўради. Орадан етти дақиқа ўтиб, менинг инглиз тили заҳирам тугаб, ўтириб олдим. Икки ҳафтадан сўнг тағин ибодатни ўқишимни сўрашди. Бу сафар мен Муқаддас Китобдан Ерихо йўлида сўқир кишига Исонинг айтган сўзларини танладим: “Ишончинг сени қутқарди”. Бу ўйлаб қилинмаган ҳаракат эди, негаки тиш орасида янграйдиган инглизча товуш голланд учун амри маҳол (Бу ўринда “Ишончинг сени қутқарди” (Thy faith hath saved thee) жумласида бериладиган “th” бирикмаси шундай товушга бой бўлиши назарда тутилмоқда). “Идончинг дени қудқарди”, - дедим ва кейинги ўн тўрт дақиқа мобайнида ўз нуқтаи назаримни барча тўпланганларга буюк қувонч ила етказишга ҳаракат қилдим. Менинг кичкинагина ваъзимдан сўнг барча атрофимни ўраб олди. “Сен анча яхши гапирдинг, Анди, - дейишди улар хурсандчилик билан елкамга қоқиб. – Биз барини деярли тушундик! Ўн тўрт дақиқа давомида! Ўтган сафаргидан кўра икки баробар кўпроқ!” “Демак, бу бизнинг голланд экан-да... Ўйлашимча, унинг ваъзи чиндан ҳам ажойиб бўлди”. Бу овоз хонанинг узоқ бурчагидан эшитилди. Эшик олдида мен аввал кўрмаган ўрта ёшлардаги, тақир бош, жуссадор ва қизил юзли бир киши турарди. Мени унинг бир оз қисилган шўхчан кўзларидаги учқун дарҳол ўзига тортди. “Андрей, эҳтимол, сен Уильям Хопкинс билан таниш эмасдирсан”, - деди WEC директори. Мен янги келган кишига яқинлашиб, қўлимни узатдим. Уильям Хопкинс қўлимни каттакон панжаси орасига олиб шундай сиқдики, ҳақиқий саломлашиш қандай бўлишини тушундим. “У анчайин бақувват кўринади, - деди жаноб Хопкинс. – Агар биз унинг қоғозларини тўғриласак, унда ҳаммаси яхши бўлади”. Ҳойнаҳой, мен карахт аҳволга тушгандек кўринган бўлсам керак, негаки директор штаб-квартирани тарк этишим лозимлигини менга тушунтира бошлади. Мен бинони бўяб чиқдим, жойимга WEC хизматчиларидан бири келибди. Аммо жаноб Хопкинс Буюк Британияда ишлашим учун керак бўладиган ҳужжатларни тўғриласа, Лондонда қолишим ва Глазгодаги ўқишим ҳамда китоблар учун пул тўплашим мумкин экан. Хизматчилик фаолиятида амалий муаммолар юзага келганда, бу ташкилот ҳамиша Уильям Хопкинсга мурожаат қилишларини билиб олдим. “Андрей, буюмларингни йиғ, болакай, - деди жаноб Хопкинс, - токи иш топгунингча оиламда яшаб туришингни таклиф этаман”. Мен дарҳол ўзимнинг нарсаларимни йиғдим. Тиш чўтка ва устарамни жойлаётганимда, WEC ходимларидан бири жаноб Хопкинс ҳақида менга бироз сўзлаб берди. У омадли пудратчи бўлиб, айни вақтда камтарона ҳаёт кечирар экан. Ўз даромадининг ўндан тўққиз қисмини турли хизматчилик ташкилотларининг эҳтиёжлари учун ажратаркан. WEC Хопкинс ёрдам берадиган кўплаб ташкилотлардан бири экан. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, мен WEC ходимлари билан хайрлашган ҳолда эшик олдида турардим. “Бино жуда ажойиб кўриниш олибди, Анди”, - деди директор қўлимни қисиб. “Данк у”. “Қани, айтилиши керакдек ифода этгин – thank you”. “Thee-ank ee-ou”. Биз жаноб Хопкинс билан машина сари пастга тушаётганимизда ҳамма кулиб турарди. Жаноб Хопкинснинг Темзе дарёси бўйидаги уйи худди ўзим тасаввур қилганимдек оддий, иссиқ ва қулай эди. Хопкинс хоним ногирон экан. У кўп вақтини тўшакда ўтказаркан, аммо унинг хонадонига бостириб келганимга қарши асло норозилик билдирмади. “Ўзингизни уйингиздагидек ҳис қилинг, - дея қарши олди аёл. – Буфет қаерда эканлигини ва кириш эшиги ҳеч қачон ёпиқ бўлмаслигини эслаб қолинг”. Аёл эрига ўгирилганида, унинг кўзларида ҳам худди жаноб Хопкинснинг кўзларидаги каби учқунни кўрдим. “Дарвоқе, мабодо кечаси ўз тўшагингизда бирор дарбадарни кўриб қолсангиз, ажабланманг. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Мабодо шундай бўлса, меҳмонхонада адёл ва ёстиқлар бор, сиз ўчоқ олдида ўзингизга жой тўшашингиз мумкин”. Орадан бир ҳафта ҳам ўтмай, улар бу билан мени огоҳлантиришганини тушундим. Бир куни кечқурун узоқ ва натижасиз иш қидиришларимдан сўнг уйга келганимда, эр-хотин Хопкинсларнинг меҳмонхонада ўтиришганини кўрдим. “Ўз хонангизга кирманг, Андрей, - деди Хопкинс хоним, - хонадаги сизнинг тўшагингизда маст одам ухламоқда. Биз чой ичиб бўлдик ва сизга ҳам қолдирдик”. Мен ёнаётган ўчоқ олдида кечки овқатни тановул қилаётганимда, аёл менга хонамда ётган эркак ҳақида гапириб берди. У ёмғирдан қочиб, жаноб Хопкинс очган хизмат жамоатига келганида эри шу ерга олиб келган экан. “Уйғонганида биз унга овқат ва кийим берамиз, - деди Хопкинс хоним. – Нимани қаердан олишни ҳали билмайман, бироқ Худо бу ҳақда ҳам ғамхўрлик қилади”. Худо ҳақиқатдан ҳам ғамхўрлик кўрсатди. Бошқа кўплаб ҳолатларда бўлганидек ўша сафар ҳам мен Хопкинсларнинг уйида Худо уларнинг эҳтиёжини ғаройиб тарзда қондирганлигига гувоҳ бўлдим. Бирор марта ҳам кимдир уларнинг уйидан оч ёки яланғоч чиқиб кетганлигини кўрмадим. Гап уларнинг пули борлигида эмас. Эр-хотин жаноб Хопкинс даромадининг фақат кичик бир қисмини ўзларининг камтарона ҳаётлари учун олиб қолишарди. Бу хонадонга доимий келадиган мен каби бегона одамлар ёки тиланчилар, дайди ва маст кишилар Худонинг таъминотида бўлишарди. Ва Худо Ўз хизматига содиқ эди. Гоҳо бирорта қўшни идишда овқат кўтариб келарди – “азизларим, бугун овқат тайёрлашга кайфиятингиз йўқдир дея ҳар эҳтимолга қарши кўтариб келавердим”. Ёки аллақачон унутиб юборилган қарзни қайтариб беришар ёхуд аввал шу уйда турганлардан кимдир бирор ёрдам бериш мақсадида келиб қоларди. “Ҳа, ўғлим, сен чиндан ҳам ёрдам беришинг мумкин. Тепада оёқ кийими йўқ бир қария ухлаб ётибди. Нима деб ўйлайсан, сен унга ботинка топиб бероласанми?” Мен ўз ҳужжатларим тартибга келтириб, иш топгунимча Хопкинсларнинг уйида икки кунгина яшаб турмоқчи бўлгандим. Гарчи жаноб Хопкинс билан меҳнат департаментига мунтазам қатнаган бўлсакда, менга барибир ишга рухсатнома беришмади. Айни вақтда Хопкинслар мендан уйларида қолишимни сўрашди, бу шу тариқа рўй берди. Биринчи келган куним эрталаб жаноб Хопкинс ишга жўнади, Хопкинс хоним эса тўшакда ётганича қолаверди. Мен ўз ҳолимга қўйиб берилгандим. Шу боис полювгич ва латтани олиб, ошхонани ҳафсала билан тозалаб чиқдим. Ваннани тозалаётганимда кир кийимлар тўпланган синиқ саватни кўриб қолдим ва ҳаммасини ювиб чиқдим. Кун ярмига келиб кийимлар қуригач, дазмолладим Жаноб Хопкинс ҳали ишдан қайтмаган пайтда тушлик тайёрладим. Уйимизда ана шундай ишларга ўрганган эдим – оиламизда ҳар биримиз ҳар қандай ишни бажариб кетардик. Аммо Хопкинслар нималар қилганимни кўришгач, ёқимли ҳаяжонга тушишди. Улар ёки голландларнинг омилкорлиги ҳақида тушунчага эга эмасдилар ёхуд кимдир уларнинг эҳтиёжларига эътибор қаратишига ўрганмаган эдилар, аммо нима бўлганда ҳам улар ўзларини мен худди улуғвор ишни амалга оширгандек тутишди ва оила аъзоси сифатида шу ерда қолишимни сўрашди. Мен шундай қилдим. Мен бош-ошпаз ва идиш-товоқ ювувчи бўлдим, улар эса менинг инглиз ота-онамга айланишди. Бошқа кўпчилик сингари, мен ҳам уларни тезда Хоппи амаки ва Хоппи ая деб атайдиган бўлдим. Дарҳақиқат, Хопкинс хоним кўп масалаларда онамни эслатарди; у ўзининг заиф соғлигини зорланмай қабул қилиб, оғриққа чидаб яшарди, худди шунингдек, муҳтожлар олдида “эшик ҳеч қачон ёпилмайдиган” уйида барчасига бардош билан ёндашарди. Хоппи амаки билан дўстлик эса ҳар қандай кишини руҳан бойитиши мумкин эди. У ҳар қандай расм-русумларнинг душмани эди. Мен у билан машинада шаҳар бўйлаб турли қурилишларга борганимда, Хоппи амаки компания президенти бўлгани боис ҳеч бўлмаса ўзига бўйинбоғ ва тирсагида тешик бўлмаган пиджак сотиб олишини ўтиниб сўрадим. Аммо Хоппи амаки саросимага тушганимни кўриб кулиб юборди, холос. “Қўйсангчи, Андрей, бу ерда мени ҳеч ким танимайди”. У ўзини таниган кишиларга ҳам шундай муносабатда бўларди. Мен уни ишчи ботинкасини кийиб ёки икки кунлаб соқоли қирилмаган ҳолда жамоатга жўнаётганида эшик олдида тўхтатиб қолардим. Лекин унга бу ҳақда гапиришга уринганимда, менга маломатли кўз тикарди: “Анди, болагинам! Мени бу ерда ҳамма билади!” Хоппи амакининг хизматчилик жамоати мен учун жумбоқ эди. Унинг эшиклари ҳамиша кенг очиқ бўлиб, баъзан адашиб қолган дайди исиниб олиш учун ўша ёққа кириб турарди. Аммо масала ваъз ўқишга бориб тақалганида, стуллар бўшаб қоларди. Бироқ бу уни тўхтатиб қололмасди. Эсимда, у бир куни бўш залда ваъз ўқиганди. “Бу сафар сиз йиғинимизни ўтказиб юбордингиз, - дерди жаноб Хопкинс жамоатда бўлмаганларга. – Лекин кўчада учрашганимизда сизни таниб оламан. Энди эса Худо сизга нималар демоқчи бўлганини эшитинг...”. Ваъз ўқиб бўлинганида, мен эътироз билдирдим: “Сиз мен учун ўта жумбоқсиз. Мен ваъз ўқиганимда, залда ҳақиқий одамларни кўришни истайман”. Хоппи амаки жавобан кулиб қўйди. “Мана кўрасан, - деди у, - биз ҳали уйга етиб бормасимиздан аввал, шу ерда ўтириши керак бўлган одамни учратамиз. Учратганимизда эса, унинг қалби бунга тайёр ҳолатда бўлади. Вақт ва маскан биз учун фақатгина чеклов, Анди; биз Худога таянишимиз керак”. Дарҳақиқат, уйга қайтаётганимизда, олдимизга кўча дайдиси келди ва Хоппи амаки бу аёл ваъзнинг аввалги қирқ дақиқасини гўё эшитгандек, унга ваъзнинг якунловчи қисмини айтиб берди. Ўша кеч мен тағин ўчоқ олдида ухладим, эрталаб эса бу серғайрат воиз ва унинг хотини яна бир кишини Масиҳга олиб келишди. Ниҳоят кунлардан бирида Глазгодан хат келди: у ерда узоқ кутилган вакансия очилибди. Мен куз чоғида мактабга боришим керак эди. Хоппи амаки, дайди аёл ва мен Хоппи аянинг каравоти атрофида тантанали намойиш ўтказдик, ана шунда барчамиз эҳтимол бир умрга хайрлашаётганимизни тушуниб қолдик. 1953 йилнинг сентябрь ойида мен Шотландиядаги хизматчилик мактабига жўнаб кетдим. Бу сафар мактабни топишим қийин бўлмади. Мен қўлимда жомадон билан кичикроқ тепаликка кўтарилиб, шаҳзода Альберт кўчасидаги ўнинчи рақамли уйни топиб бордим. Бу бурчакда тош девор билан пастгина ўраб олинган икки қаватли иморат экан. Мен аввалги металл тўсиқларнинг қолдиғини кўрдим, шубҳасизки, тўсиқлар уруш пайтида қайта эритиш учун жўнатиб юборилган. Кириш жойидаги ёғоч аркда шундай ёзувларни ўқидим: “Худога ишонч билдиринг”. Мен Глазгодаги икки йиллик таълимдан кўзланган мақсад айнан шу эканлигини билардим: имоннинг хусусияти ҳақида барчасини билишлари учун талабаларга ёрдам кўрсатиш. Китобдан билиб олиш. Бошқа имонлилардан билиб олиш. Ўз тажрибасига кўра билиш. Янгича иштиёқ билан арк тагидан ўтиб, оқ шағал ётқизилган сўқмоқ бўйлаб тепадаги эшик сари юрдим. Эшикни тақиллатганимда уни Кес очди. Тағин қадрдон голландча қиёфани кўриш жуда мароқли бўлди. Биз мириқиб кўришиб олганимиздан сўнг, у сумкамни олиб мени тепадаги хонага бошлади. У мени учта биродарларимизга таништирди, заҳира чиқиш эшигини ва ётоқхонадаги бошқа қирқ беш кишини кўрсатди – эркаклар қўшни иморатлардан бирида, аёллар бошқа бинода туришар экан. “Ҳеч қачон қизлар билан ёлғиз қолма, - огоҳлантирди Кес. – Бизга ҳатто улар билан гаплашиш таъқиқланган. Биз фақат тушлик чоғи бир-биримизни кўрамиз”. Тез орада директор Стюарт Диннен билан расмий танишувим бўлиб ўтди. “Биз ўз олдимизга –деди жаноб Диннен менга, - талабаларни Унинг барча орзу-мақсадларига асосан Худога ишонишга ўргатмоқчимиз. Биз хизматчиларни анъанавий хизмат майдонларига, аммо янги ҳудудларга юборамиз. Бизнинг хизматчиларимиз мустақил ишлашади. Улар Худо Ўз Каломида айтганларини чиндан ҳам бажаришига шубҳа қилишса ёки қўрқишса, самарали фаолият олиб боришолмайди. Шу боис биз нафақат ғояларга, балки ишончга ҳам ўргатамиз. Умид қиламанки, сиз бизнинг мактабдан айни шуни излагансиз, Андрей”. “Ҳа, жаноб, айнан шундай”. “Молиявий масалаларга келсак, сиз албатта биласиз, Андрей, биз ўқиш учун ҳақ олмаймиз. Бизнинг ўқитувчиларимиз худди менга ўхшаб Лондондан келишади ва мактабимизнинг ҳеч бир ходими маош олмайди. Яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатлар йилига тўқсон фунтни ташкил қилади, бу икки юз эллик доллардан сал кўпроқ деганидир. Бу унчалик катта пул эмас, шу боис талабаларнинг ўзлари овқат тайёрлашади, йиғиштиришади ва умуман барча ишларни ўзлари бажаришади.Биз эса шу тўқсон фунтни аввалроқ бериб қўйишларини сўраймиз. Тушунишимча, ҳозир бундай тўлов қилиш имконига эга эмассиз”. “Йўқ, жаноб”. “Майли, сиз қисмларга бўлиб тўлашингиз мумкин, ҳар бир сессия олдидан ўттиз фунтдан. Бироқ сизнинг ва бошқаларнинг манфаати учун бу пулларни ўз вақтида тўлаб боришингизни талаб қиламиз”. “Ҳа, жаноб. Мен мутлақо розиман”. Мен чиндан ҳам рози бўлгандим. Ўқиш учун тўлов қилишим ҳақидаги масала юрагимнинг туб-тубидан Худога ишончим борасидаги биринчи амалий синов бўлганди. Ёнимда Голландиядан олиб келган ўттиз фунт пулим бор эди. Навбатдаги семестрларга келсак, Худо менинг пулга бўлган эҳтиёжимни қандай қондиришини кўрмоқчи бўлгандим. Аммо биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ мени анчайин ташвишга солган ҳолатга гувоҳ бўлдим. Талабалар тушлик чоғида молиявий муаммоларни тез-тез муҳокама қилиб туришарди. Баъзан аниқ бирор эҳтиёж юзасидан тун бўйи қилинган ибодатдан сўнг бу эҳтиёжнинг ярми ёки тўртдан уч қисми қондириларди. Мисол учун, талабаларимиз хизматини ўтайдиган қариялар уйига ўнта адёл керак бўлиб қолса, талабалар фақат олтита адёл учун маблағ олишарди. Муқаддас Китобда бизлар Худонинг узумзоридаги ишчилар эканлигимиз айтилган. Наҳотки Худо Ўз ишчиларига шу тарзда ҳақ тўласа? Бир куни кечқурун сайрга чиқдим. Талабалар мени бир неча бора “Партикка бормаслик учун” огоҳлантиришди. Партик тепалигимиз пастидаги хароба ҳудуд эди. У ерда маст-аластлар, гиёҳвандлар, ўғрилар ва ҳаттоки қотиллар изғиб юришини айтишарди, шу боис у ерда бўлиш хавфли эди. Ва барибир бу ҳудуд худди унга айтар сўзим бордек ўзига жалб этарди. Партикнинг кулранг, ифлос кўчалари атрофга чўзилиб кетганди. Шамол тош кўприкдан ахлатни сочарди. Сентябрь ҳавоси қуруқ эди. Бешта квартални босиб ўтмасимдан, олдимга икки бора тиламчилар келишди. Мен ёнимда бўлган бор пулимни бердим ва уларнинг шу заҳотиёқ яқиндаги барга йўл олганларига қараб турдим. Мен Глазго харобаларида тиланчилик қиладиган бу дайдилар тепаликда яшайдиган бўлажак хизматчилардан кўра кўпроқ даромадга эга бўлишларини билардим. Бироқ нега бу аҳвол мени бунчалик ташвишлантираётганини тушуна олмасдим. Мен зиқна эдимми? Бундай деб ўйламайман. Биз ҳамиша камбағал бўлганмиз, аммо бу мени ҳеч қачон бунчалик ташвишга солмаган. Хўш, гап нимада ўзи? Ва тўсатдан, мактабга қайтиб келаётганимда бунга жавоб олдим. Масала пулда эмасди. Талабаларимизнинг молиявий муаммоларга бўлган муносабати менда ташвиш уйғотаётганди. Шоколад фабрикасида жаноб Рингерс ишим учун тўлиқ ва ўз вақтида тўлашига шубҳа қилмасдим. Албатта, -дердим ўзимга ўзим, - агар фабриканинг оддий ишчиси бошлиғига ишончни ҳис этса, Худонинг ишчиси ҳам ўзида шундай ишончни ҳис қилиши керак. Мен мактаб дарвозасидан ичкарига кирдим. Тепамда эслатма осилиб турарди. “Худога ишонч билдиринг”. Мана гап қаерда! Гап муайян миқдордаги пулни олишга бўлган ишонч кераклигида эмас, балки бу муаммога нисбатан менда ишонч бўлишида. Мен қандайдир бир ғаройиботнинг эшиги олдида турганлигим боис ўзимни янада кучлироқ ҳис қилган ҳолда шағал ётқизилган сўқмоқдан кетиб борардим. Оёқ учида тепага кўтарилиб, ётоқхона деразасининг олдида ўтириб Глазгога назар ташладим. Агарки мен ҳаётимни Шоҳнинг қули сифатида топширишга ҳозирланаётган эканман, бу Шоҳ ҳақида билишим керак. У қанақа ўзи? Мен Унга қай тариқа ишонишим мумкин? Худди ҳеч бир муаммони ҳал этмайдиган қонунларга ишонгандек ишонишим керакми? Ёки Унга жанг майдонидаги қўмондонга, аниқ бир шахсга, ҳаққоний етакчига ишонгандек ишониш мумкинми? Бу савол ўта муҳим эди. Негаки агар У фақат номигагина Шоҳ бўлса, шоколад фабрикасига қайтганим маъқул. Мен масиҳий бўлиб қолавераман, аммо эътиқодим фақатгина баъзи юксак аҳлоқий қонунларга амал қиладиган ва мендан садоқатли хизматни деярли талаб қилмайдиган динга айланиб қолади. Бошқа томондан олганда, агар Худо Шахс бўлса, яъни биз билан мулоқот қилса, биз билан қизиқса, ғамхўрлик қилса, севса ва бошқарса, бу ҳолда менинг муносабатим Унга нисбатан бутунлай бошқача бўлади.Бундай Шоҳ билан ҳар қандай жангга киришга тайёрман. Мен сентябрнинг ой нур сочган ўша кечасида дераза токчасида ўтирганча, Худонинг табиатини тадқиқ этишим молиявий масаладан бошланишини негадир кўнглим сезганди. Ўша тунда буни тушуниб, Худо билан аҳд туздим. “Раббим, - дедим мен, - Сенга амалий масалаларда ишонч билдириш мумкинлигини билишим керак. Менга биринчи семестр учун пул ишлаб топишимга ёрдам берганингдан миннатдорман. Энди ўқув йилининг қолган қисмлари учун мени таъминлашингни сўрайман. Агар тўлов қилишни бир кунгина бўлса ҳам кечиктирсам, шоколад фабрикасига қайтиб кетишимни билишим керак”. Бу болаларча, қўпол ва талабчан ибодат эди. Лекин мен ўшанда чиндан ҳам масиҳийлик ҳаётида гўдак эдим. Энг ажойиби эса шуки, Худо ибодатимга жавоб қайтарди. Бироқ дастлаб ғалати тарзда мени синовдан ўтказди. Биринчи семестр якунланиш арафасида эди. Эрталаб синфда тизимли илоҳиётшунослик, Каломни таҳлил қилиш ва ўрганиш, дунёвий динлар, лингвистика, яъни ҳар қандай бошқа семинарияда ўтиладиган сабоқларни ўтдик. Кундузи амалий ишларни бажардик: ғишт тердик, чилангарлик ва дурадгорлик ишлари билан шуғулландик, биринчи ёрдам кўрсатишни ва тропик гигиена, автомашиналарни таъмирлашни ўргандик. Бир неча кун мобайнида биз ҳаммамиз – қизлар ҳам, йигитлар ҳам – Лондондаги Форд заводида машиналарни очиш ва йиғишни ўргандик. Умумий касблар тўпламига қўшимча тарзда пальма япроқларидан кулбалар ясаш ва лойдан сув оқмайдиган идишлар тайёрлашни ҳам билиб олдик. Айни вақтда навбати билан ошхонада, кирхонада ва боғда меҳнат қилдик. Бу ҳар бир кишига ва барчага тааллуқли эди. Талаба қизлардан бири шифокор немис бўлиб, мен унинг худди жарроҳлик операцияси учун хонани тайёрлагандек ахлат бакларини ҳафсала билан қириб тозалаганини кўп бора кузатганман. Ҳафталар жуда тез ўтиб кетди ва хушхабар сафарларидан бирига чиқадиган вақт ҳам етиб келди. “Бу сенга ёқади, Анди, - деди жаноб Диннен. – Бу сени Худога ишонишга ўргатадиган ажойиб синов. Қоидалар жуда оддий. Сафар олдидан ҳар бир талабага бир фунт стерлинг миқдорида банкнот берилади. Сиз шу банкнот билан бутун Шотландия бўйлаб хизматчилик сафарига жўнайсиз. Сиз бир жойдан бошқасига кўчиш, яшаш учун тўлов ва ўтказадиган йиғинларингиз эълонига сарф бўладиган барча харажатларни ўзингиз қоплашингиз керак. Сиз ижарага олинган жой, шунингдек, зиёфат учун ўзингиз тўлайсиз...”. “Буларнинг ҳаммасини шу бир фунт стерлинг билан тўлаймизми?” “Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тўрт ҳафтадан сўнг мактабга қайтганингизда, бу фунтни қайтариб беришингиз керак!” Мен кулиб юбордим: “Биз ҳамма вақт давомида садақа сўраб юрадиганга ўхшаяпмиз”. “Йўқ, пул йиғишларингизга рухсат берилмайди! Ҳеч қандай ҳолатда ҳам! Йиғинда пул ҳақида ҳатто гапириш ҳам мумкин эмас. Сизнинг барча эҳтиёжларингиз ўзингиз қўллайдиган бирор бир чораларсиз қондирилиши керак – акс ҳолда тадқиқот муваффақиятсиз чиққан ҳисобланади”. Бизнинг гуруҳимизда бешта йигит бор эди. Кейинчалик мана шу тўрт ҳафта давомида бизга пул қаёқдан келганлигини эслашга уринганимда, қийинчилик билан бир неча ҳолатларни хотирамга келтирдим. Баъзан бирор йигит номига озроқ пул солинган хат келиб қоларди. Гоҳо бир неча кун ёки ҳафта аввал биз бўлган жамоатдан қанақадир ёрдам келарди. Бу туҳфаларга қўшиб юборилган хатларни ўқиш жуда қизиқ бўларди” Биламан, сизларга пул керак эмас, акс ҳолда бу ҳақда айтган бўлардингизлар, - деб ёзганди бир киши, - бироқ Худо бу пулларни сизга жўнатиш учун конвертга жойламагунимча уйқу бермади”. Ёрдам кўпинча озиқ-овқат тариқасида келиб қоларди. Тоғли Шотландиянинг кичикроқ шаҳарчасида бизга олти юзта тухум беришди. Биз нонуштада тухум едик, тушлик олдидан тухумдан иборат салат истеъмол қилдик, шундан сўнг тухумли ширинлик тортилди. Биз товуққа фақат бир неча ҳафтадан кейингина қўрқмасдан қарайдиган бўлдик. Аммо нимаики бўлмасин, биз иккита қоидага қатъий амал қилдик: ҳеч қачон эҳтиёжларимиз ҳақида овоз чиқариб айтмадик ва нимаики олган бўлсак, агар бунинг иложи бўлса, биринчи сутканинг ўзидаёқ ўндан бирини қайтариб бердик. Биз билан мактабдан бир вақтда чиққан бошқа жамоа ўндан бирини бериш қоидасига унчалик қатъий амал қилмади. Улар ўз даромадларининг ўндан бирини олиб қўйишди, лекин бирдан беришмай, “кутилмаган вазиятлар пайдо бўлганида ҳар эҳтимолга қарши” ўзларида сақлаб туришди. Албатта, бундай вазиятлар тез-тез бўлиб турарди! Бизда ҳам бунга ўхшаш ҳолатлар ҳар куни, кўплаб бўларди. Аммо ўша йигитлар ўзларига тайинланган ойда Шотландиядаги барча меҳмонхоналарда, конферц-зал ва бозорларда қулоқларигача қарзга ботиб қолишди, биз эса қайтаришимиз керак бўлганидан ҳатто ўн фунт ортиқ пул билан мактабга қайтдик. Агар биз пулларни жуда тезда қайтарган бўлсак, Худо бизни барча керакли воситалар билан таъминлаб, ҳамиша янада тезроқ ҳаракат қилди. Биз шу тариқа WEC чет элга юборган хизматчилар тариқасида ўз тадқиқотимизни фойда билан якунладик. Аммо сафаримизнинг охирида тадқиқот барбод бўлгандек туюлган ҳолатлар ҳам бўлди. Ҳафтанинг охирида Эдинбургда йиғин ўтказдик. Йиғинимизнинг биринчи кунидаёқ бир гуруҳ ёшлар бизга қизиқиш билдиришди ва уларнинг кейинги куни ҳам келишларини уюштириш учун нимадир қилишни жуда хоҳладик. Тўсатдан гуруҳимизнинг аъзоларидан бири ҳеч ким билан маслаҳатлашмаган ҳолда ўрнидан туриб шундай деб қолди. “Эртага йиғиндан аввал, - деди у, - биз барчангизни чой ичишга таклиф этамиз. Соат тўртда. Ким келади?” Йигирма бешга яқин киши қўлларини кўтаришди. Дастлаб хурсанд бўлиш ўрнига қўрқувга тушдик. Зеро, ўзимизда чой ҳам, нон ҳам, мой ҳам ва ҳаттоки чашка ҳам йўқлигини билардик. Бизда буларни сотиб олиш учун пул йўқ – сўнгги танга-чақаларимиз зални ижарага олиш учун берилганди. Бу Худонинг бизга ғамхўрлигига оид ҳақиқий синов эди. Қайсидир вақт Худо бизга энг кичик ёшдагиларни ёрдамга юбориб, таъминлайдигандек туюлди. Йиғиндан сўнг олдимизга бир неча киши келиб, дастурхон тузашда ёрдам бермоқчи эканликларини айтишди. Бирови сут олиб келмоқчи бўлди, бошқаси чой, яна кимдир шакар олиб келишини таклиф этди. Бир қиз идиш-товоқ келтиришга ваъда берди. Бизнинг чойхўрлигимиз чиндан ҳам юз берадиганга ўхшаб қолди. Аммо энг асосийси – торт етишмасди. Шотланд ёшлари учун тортсиз чой – чой эмас. Ўша оқшом биз Худога ибодат қилдик: “Худойим, бизда муаммо пайдо бўлди. Ҳеч қаердан торт ололмаймиз. Илтимос, бизга ёрдам бер”. Тун чоғи залдаги адёлларимизга ўранганча, Худо қай тарзда бизга торт йўллашини зўр бериб тасаввур қилиб ётдик. Тонг отди. Айтиш мумкинки, биз қўлида торт кўтариб эшигимизга келадиган самовий элчини кутардик. Лекин у келмади. Тонгги почта келди. Биз пул келганлиги умидида иккита хатни очдик. Уларда пул йўқ. Қўшни жамоатдан бир аёл келиб, қандай ёрдам кераклигини сўради. “Торт”, - бу сўз оғзимиздан отилиб кетай деб турарди, аммо ичимизга ютиб, бош чайқадик. “Худо бизга ғамхўрлик қилади”, - дея унга жавоб қайтардик. Чойхўрлик соат тўртга белгиланганди. Соат учда дастурхон тузадик, торт эса ҳалигача йўқ. Чой қайната бошладик. Учдан қирқ беш дақиқа ўтди. Ана шунда эшик қўнғироғи жиринглади. Биз барчамиз катта эшик сари ташландик, остонада почтачи турарди. Унинг қўлида катта пакет бор эди. “Салом, йигитлар, - деди почтачи. – Менда сизлар учун жўнатма бор, унда қандайдир егулик борга ўхшайди”. У пакетни йигитлардан бирига берди. “Умуман айтганда, етказиб берадиган вақт ўтган, - дея қўшимча қилди у, - лекин айниб қолиши мумкин бўлган маҳсулотни кечасига қолдиришни истамадим”. Биз унга самимий миннатдорчилик билдирдик ва унинг ортидан эшик ёпилган заҳоти бир йигит тантанавор тарзда менга жўнатмани узатди. “Бу сен учун, Анди. Лондондан Хопкинс хонимдан келибди”. Жўнатмани олиб, эҳтиёткорлик билан очдим. Ипларни кесдим. Малла ўрама қоғозни ечдим. Унинг ичида ҳеч қандай ёзувли қоғоз йўқ – фақат катта оқ коробка. Ич-ичимдан коробканинг тепасини секингина кўтаришим мумкинлигини билиб турардим. Очганимда эса беш жуфт кўзлар ҳайрат билан улкан, ажойиб, юмшоқ шоколадли тортга қараб қолишди. Ана шундай тажрибага эга бўлганим боис мактабда Уэтстрлардан иккинчи семестримга етадиган пул келганлиги ҳақида чекни кўрганимда унчалик ҳайрон бўлмадим. Иккинчи семестр биринчисига қараганда янада тезроқ ўтди, кўп нарсаларни ўрганиб ва ўйлаб олиш керак эди. Бироқ иккинчиси тугамасидан аввал учинчи семестр учун пул олдим. Бу қанчалик ҳайрон қолдирмасин, пулни уруш қатнашчилари шифохонасида танишган дўстларим юборишибди. Мана шундай мўъжизалар кейинги йилда ҳам давом этди. Мен ҳеч қачон ўқиш учун тўлов ҳақида гапирмасдим, аммо барибир чеклар керакли пайтда пайдо бўларди, мен шу тариқа ўз вақтида ва тўлиқ тўлашим мумкин бўларди. Ҳеч қачон пул керак бўлганидан ортиқ бўлмаган, аммо шунга қарамай, менга ёрдам берган одамлар бир-бирларини танимасликларига қарамай, уларнинг инъом менга айни керак вақтда етиб келарди. Мен ҳамиша Худо садоқатининг исботига гувоҳ бўлдим. Лекин шу билан биргаликда, Ундаги битмас-туганмас ҳазилкашлик ҳиссига ҳам ишонч ҳосил қилдим. Мен ўқиш учун тўлов масаласида ҳеч қачон муаммо бўлмаслигини Худодан сўраб, У билан аҳд туздим. Лекин мени совун, тиш пастаси ёки устара билан таъминлаши ҳақида бирор сўз айтган эмасман. Бир куни эрталаб хўжалик совуним тугаганини пайқаб қолдим. Пул сақлайдиган қутимни очиб қарасам, унда бор-йўғи олти пенс қолибди. Хўжалик совуни эса саккиз пенс турарди. “Худойим, ўзимни тоза тутишим кераклигини биласан. Шу боис, илтимос, шу етмаётган икки пенс билан нимадир қилгин”. Олти пенсни олиб, дўконга жўнадим. Дўконлардан бирининг эшигида эълонни кўриб қолдим: “Нарх икки пенсга камайтирилган! Ҳозироқ совун сотиб олинг!” Мен кириб совун сотиб олдим ва мактабга қувноқ мусиқани ҳуштак қилиб чалганча кириб келдим. Коробкада мактабни тугутгунимга қадар етадиган совун бор эди. Бироқ шу кечанинг ўзидаёқ бир дўстим кир юваётганимни кўриб қичқирди: “Андрей, бир оз совун қарз бериб тургин. Менда тугабди”. Албатта, унга совун бериб, ҳеч нима демадим. Унинг қайтариб бермаслигини яхши тушунган ҳолда, қимматбаҳо совунимни қандай сарф қилаётганини кузатиб турдим. Ҳар куни у мендан яна озгина оларди, мен эса ўзимга тобора камроқ ишлатадиган бўлдим. Сўнгра тиш пастаси тугади. Идиш бўшаган экан. Мен уни сиқиб, бураб кесганимдан сўнг ҳеч нимаси қолмади. Қаердадир оддий ош тузи тишларни тозалаш учун ажойиб восита эканлигини ўқигандим. Дарҳақиқат, тишларим тоза бўлди, аммо бундан томоғимда безовталик юз берди. Устара тиғларичи? Мен фойдаланиб бўлинган тиғларни ташлаб юбормасдим, табиийки, уларни қайта тиклайдиган кун ҳам етиб келди. Қайроқтош йўқ эди, шу боис уларни яланғоч қўлимда ўткирлар эдим. Ҳар куни ўн дақиқадан ўз танамда – натижада юзим тоза қириладиган бўлди, аммо бунинг қандай баҳо билан эришилганини айтмайсизми! Барча ўтган вақтда Худо мен билан ўйнаётганлигини ҳис қилардим. Балки У бундай тадқиқотдан истак ва эҳтиёж орасидаги фарқни менга кўрсатиш учун фойдалангандир. Тиш пастаси – бу яхши, янги устара тиғлари тез ва юзни тозароқ тозалайди, аммо булар зарурият эмас, балки ҳашамат. Ҳақиқий эҳтиёж пайдо бўлганида, Худо уни қондиришига ишонардим. Дарҳақиқат, ҳақиқий эҳтиёж тезда пайдо бўлди. Британиядаги хорижликлар вақти-вақти билан ўз визаларини узайтириб боришлари керак эди. Мен ўз визамни 1954 йилнинг 31 декабригача ҳал қилишим лозим, акс ҳолда мамлакатни тарк этишимга тўғри келарди. Бироқ бу сана яқинлашиб қолганида, менда бирор пенни ҳам йўқ эди. Лондонга визамни узайтириш ҳақидаги эълонни қандай жўнатишим мумкин? Буюртма бир шиллинг, яъни ўн икки пенни турарди. Чўнтагимда шиллинглар йўқлиги туфайлигина Худо мактабдан кетишимга йўл қўймайди деб ўйлардим. Хуллас, ўйин янги босқичга ўтди. Энди унинг ўз номи бор эди. Мен уни шоҳона ўйин деб атадим. Мен Худо кимнидир пул билан таъминлаганида, буни шоҳларга хос тарзда сахийлик билан, одамни хўрламаган ва ҳақоратламаган тарзда бажаришини англагандим. Буюртма хатга оид муаммони ҳал қилиш даврида мен бу ўйиндан уч бора бош тортишимга оз қолди. Ўша йили талабалар жамоасининг бошлиғи бўлиб, брошюраларни молиявий таъминлайдиган мактаб фонди учун жавобгар эдим. Бир куни тақвимга қарадим – 28 декабрь кириб келганди, – сўнгра эса фонддаги пулларга кўз ташладим. Қутида бир неча фунтлар ётарди. Агар қанчадир вақтга фонддан бор-йўғи бир шиллинг олиб турсам нима бўлади? Лекин тезда бу фикрдан қайтдим. Кейин эса 29 декабрь кириб келди. Икки кун қолганди, холос. Мен туз билан тишларни тозалаш ва қўлда тиғни ўткирлаш учун қанча узоқ вақт кераклиги ҳақида унутгандим, зеро бир шиллинг билан боғлиқ драматик кечинмаларга берилиб кетгандим. Ўша тонг хаёлимга балки пенниларни кўчадан топиб олишим мумкинлиги ҳақида фикр келиб қолди. Мен пальтомни кийиб кўчада юрганимда, нималар қилаётганимни тўсатдан пайқаб қолдим. Ахир бошимни қуйи эгиб кўзларимни ерга тикканча ариқлардан пул излаб юрардим. Наҳотки бу шоҳона ўйин бўлса? Қаддимни кўтариб, одамлар лиқ тўлган кўчада қаттиқ кулиб юбордим. Мактабга бошимни тик тутган ҳолда қайтиб келдим, лекин пул барибир пайдо бўлмади. Ўйиннинг охирги раунди янада нозикроқ бўлди. 30 декабрь кириб келди. Агар мактубим Лондонга 31 декабрда етиб боришини хоҳласам, айнан шу куни ўз аризамни почта орқали жўнатиб юборишим керак. Соат тўққизда талабалардан бири зинапоядан туриб, менинг олдимга кимдир келганини қичқириб айтди. Мен бу фаришта-халоскорим бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар билан зинапоялардан пастга қараб югурдим. Аммо меҳмонимни кўрганда, руҳим тушиб кетди. Бу меҳмоним пул бергани эмас, балки пул сўрагани келганди. Бу бир неча ойлар аввал Партик харобаларида танишган ёш дўстим Ричард эди. У баъзан пул керак бўлганида мактабга келиб турарди. Зўрға қадам ташлаб, унинг олдига чиқдим. Ричард оқ шағал тўкилган йўлакчада кўзларини пастга тикканча турарди. “Андрей, - деди у, - ортиқча пулинг йўқми? Мен очман”. Мен кулиб, нима гаплигини сўрадим. Унга совун ва устара тиғлари ҳақида гапираётганимда эса, тангани кўриб қолдим. У шағал устида ётарди ва қуёш нурида шундай товланардики, Ричард эмас, фақат мен кўришим мумкин эди. Танганинг рангидан унинг шиллинг эканлигини тушундим. Беихтиёр тангани кўздан яшириш учун ботинкам билан босдим. Сўнгра Ричард билан гаплашаётиб, уни ердан бир қанча тошчалар билан бирга кўтардим. Мен токи қўлимда фақат шиллинг қолмагунича, тошларни бирин-кетин пастга ташладим. Бироқ уни чўнтагимга жойлаганимда, ичимда ҳақиқий кураш бошланди. Бу танга мактабда қолишимни ҳал этарди. У Ричардга ёрдам бермайди, негаки у шу заҳотиёқ ичиб қўяди ва бир соатдан сўнг тағин шу аҳволга тушади. Мен ўзимни алдаётганимни яққол англаб турган ҳолда баҳона топиш учун бирин-кетин турли далилларни ўйлаб топардим. Худо бундай қилиш керак эмаслигини аниқ айтган-ку, мен қандай қилиб Ричардни муҳокама қилишим мумкин. Бундан ташқари, бу шоҳона ўйин эмас! Худонинг ўғилларидан бири оч эканлигини айтиб айтиб турганида, Худонинг элчиси пулни қандай сақлаб туриши мумкин. Мен чўнтагимга қўлимни тиқиб, кумуш тангани чиқардим. “Менга қара, Ричард, - дедим мен, - мана, менда нима бор. Шу сенга ёрдам берадими?” Ричарднинг кўзлари ёришиб кетди. “Албатта, дўстим”. У тангани ҳавода ўйнатиб, тепаликдан пастга қараб югурди. Ҳаммасини тўғри қилганлигим ҳисси билан енгил тортиб, мактабга қайтиш учун ўгирилдим. Бироқ эшик тутқичини ушламасимдан, йўлакда почтачи кўринди. Келган почталар орасида менга ҳам хат бор экан. Мактубда Гретьенинг дасхатини кўрганимдаёқ, у Рингерс фабрикасидаги ибодат гуруҳидан келганлигини, унда пул борлигини тушундим. Худди шундай бўлиб чиқди. Ва кўп пул –бир ярим фунт, яъни ўттиз шиллинг бор эди. Бу пуллар хат жўнатишим, қутилаб совун, севимли тиш пастаси ва яхши устара тиғлари сотиб олишимга етиб ортарди. Ўйин тугади. Шоҳ барчасини шоҳона тарзда амалга оширди. 1955 йилнинг баҳори ҳам етиб келди. Хизмат мактабидаги икки йиллик сабоғим деярли якунланиб қолди ва иш бошлашга сабрим чидамасди. Кес мактабни бир йил аввал тугатиб, ҳозир Кореяда хизмат қиларди. У ўзининг мактубларида хизмат учун турли эҳтиёжлар ва имкониятлар ҳақида ёзарди. Директор ҳам мендан Кеснинг ёнида хизмат қилишга хоҳишим бор-йўқлигини сўради. Сўнгра бир куни эрталаб – кўпинча тақдирнинг кескин бурилишлари юз берадиган тарзда хотиржам, ҳеч қандай дабдабасиз – қўлимга бир журнални олдим ва ҳаётим шундан бошлаб бошқа ҳеч қачон аввалги ўзанига тушмади. Ўқишни якунлашимдан бир йил муқаддам жомадонимни олиш учун ертўлага тушгандим. Ўша ерда, қаттиқ қоғоздан ясалган қути устида мен ҳам, мактабдаги бошқа биров ҳам аввал кўрмаган журнал ётарди. Журнал бу ерга қандай тушиб қолганини ҳеч қачон билолмадим. Мен уни қўлимга олиб, лоқайдлик билан варақладим. Бу ялтироқ қоғозда чоп этилган ҳамда ёрқин фотосуратлар ва картиналар билан безалган ажойиб журнал эди. Кўпгина фотосуратларда Пекин, Варшава ҳамда Прага бўйлаб қадам ташлаётган кўп минг кишилик оломон акс этганди. Уларнинг қиёфалари жўшқин, қадамлари эса қатъий эди. Инглизча матнда айтилишича, бу ёш йигит-қизлар тўқсон олти миллион кишидан иборат халқаро ташкилотнинг аъзолари эдилар. Ҳеч қаерда коммунистлар ҳақида бирор сўз йўқ эди, фақат баъзида “социалистик” сўзи учраб қоларди. Гап яхшироқ дунё, ёруғ келажак ҳақида борарди. Журналнинг охирида келгуси июлда Варшавада бўлиб ўтадиган ёшлар фестивали ҳақида эълон берилганди. Барча хоҳловчилар фестивалга таклиф этилганди. Ҳаммаси шуми? Мен журнални бир чеккага суриб қўйиш ўрнига, уни қўлтиғим остига қистириб жомадон билан бирга хонамга олиб келдим. Ўша оқшом бунинг нима оқибатга олиб келишини тушунмаган ҳолда, журналда кўрсатилган Варшавадаги манзилга хат ёздим. Мен масиҳий хизматчилик мактабида ўқиётганимни, ёшлар фестивалида Масиҳ ҳақида гапирмоқчи бўлаётганим ва улар менга социализм ҳақида айтиб беришларига қизиқиш билдираётганимни очиқ билдирдим. Фестивалга борсам бўладими? Хатни жўнатдим ва тўсатдан жавоб келиб қолди. Улар менинг боришимдан хурсанд бўлишларини айтишганди. Талаба бўлганим боис менга муайян имтиёзлар берилган эди. Амстердамдан алоҳида поезд жўнайди. Хатда керак бўладиган ҳужжатлар илова қилинганди. Мени Варшавада қувонч билан кутиб олишади. Ушбу сафар ҳақида фақат Хоппи амакига айтдим. У менга шундай жавоб қилди: “Андрей, ўйлашимча, сен боришинг керак. Мен харажатларинг учун сенга эллик фунт стерлинг бераман”. Мен Шотландиядан Голландияга қайтиш учун йўлга чиққанимда, орзуим аниқ тус ола бошлади. Рингерсда ишлай бошлаган кунимдан буён токи шу пайтгача орзуларим хаёлларимда ноаниқ бўлакларга сочилиб, ҳамиша ғира-шира ва мавҳум кўринишда бўлганди. Барчаси фабрикада ишлаган охирги кунимдан бошланган. Рингерсда ҳужжатлар юритилиши учун ёлғиз яшайдиган ва коммунист бир аёл масъул эди. Бу ўрта бўйли, жуссадор аёл бўлиб, калта кесилган оқарган сочлари бошида ҳурпайиб турарди. У бизнинг маошимиз (биз қуллармиз)дан бошлаган гапини қирол (у золим) ҳақида якунлагунича, барчасига қатъий изоҳ бериб чиқарди. Аёл Хушхабарчилик йўналишидаги интилишим ҳақида билиб қолганида, унда гўё “Худо-золим синф ўйлаб топган ўйдирма” каби эълонни уқтирадиган бир дастур ишга тушиб кетгандек бўлди. У ҳазилни мутлақо тушунмаганлиги учун бошқалар унинг устидан кулишаётганини ҳеч қачон англамасди. У фабрикадаги йигирма йиллик фаолияти давомида ҳеч кимни ўз “эътиқод”ига кирита олмади. Мен уни кулгили деб эмас, балки аянчли дея ҳисоблардим, тез-тез ёлғиз ўзи ўтирган стол ёнидан жой олардим. Фабрикадан кетаётган куним хайрлашиш учун унинг иш жойида тўхтадим. “Ва ниҳоят мендан қутуладиган бўлдингиз!” – дедим яхши ниятда хайрлашмоқчи бўлиб. “Аммо барчага айтиб берган ёлғонингиздан эмас! – қизишиб кетди аёл. – Сиз одамларни қутқарилиш ҳақидаги гапларингиз билан сеҳрлаб қўйдингиз! Сиз уларни кўр қилиб қўйдингиз...”. Мен чуқур тин олиб халқ учун афюн ҳақидаги ваъзни эшитишга ҳозирландим. Аммо жаҳлдор овоз мени ҳайрон қолдирганча титраб кетди. “Албатта, улар сизга ишонишди, - деди у ишонч билан, - улар тайёргарликдан ўтмаган одамлар. Уларни мунозара мулоқотига ўргатишмаган. Улар ўзлари хоҳлаган нарсаларни ўйлашади, холос”. “Охир-оқибат, - унинг овози менга зўрға эшитилди, - агар сизда танлаш имкони бўлганида, Худони ва шунга ўхшашларни танламаган бўлардингиз”. Унга тезкор назар ташлаб, ақл бовар қилмайдиган ҳолатни кўрдим: мен унинг нигоҳига қалқиб чиқаётган кўз ёшларини кўргандек бўлдим. 7 БОБ. ТЕМИР ПАРДА ОРТИДА Мен Виттега қайтганимда, худди Индонезиядан қайтганимда ҳеч нима ўзгармаганидек, уйда бирор нарса ўргармаганлигини кўрдим. Ўша 1955 йилнинг июль тонгида, уйни аввал тарк этаётганимда қишлоқ қандай уйқуда ётган бўлса ўша ҳолатда тургандек туюлди, дастлаб худди бу ерда вақт тўхтаб қолгандек қандайдир ёқимсиз бир кайфият туғилди. Кўприкдан ўтиб ҳовлига яқинлашганимда, Гелтье боғда ювилган кийимларни торга ёяётганди. Дарвоқе, ўзгаришлар ҳам бор эди: айвонда Гелтьенинг кичкинтой ўғли ўйнаб ўтирган экан. “Салом! – қичқирдим мен. – Уйда бирор киши борми? Мен Андиман!” Ва шу заҳотиёқ аллақаёқдан бутун оила тўпланди. Қийқириқлар, саломлашувлар янгради, мени қучоқлаб олишди ва шу заҳотиёқ доимий муаммони муҳокама қилиш бошланди: Анди уйга қайтганида ким қаерда ухлаши керак. Кейинги бир неча кун мобайнида ўртоқларимни бориб кўрдим. Жаноб Рингерсни кўриш учун фабрикага бордим. Инглизча талаффузимни эшитиб, ҳайрон бўлиб қўлини силкитган Мекле хонимнинг олдига бордим, сўнгра Кеснинг оиласи сари йўл олдим. Шундан сўнг Уэтстрлар хонадонига бордим, қарангки, улар Амстердамга кўчиб кетишмоқчи экан. Уларнинг гул савдоси билан боғлиқ ишлари яхши кетмоқда, шу боис катта савдо компаниялари яқинида бўлишни исташибди. Энг сўнгги навбатда акам Бен ва унинг хотинини кўриб келиш учун Эрмелога жўнадим. Гўё бехосдан бўлгандек ундан Тиле ҳақидаги бирор янгиликдан хабари бор-йўқлигини сўрадим. “Ҳа, - деди у ҳеч бир аҳамиятни билдирмаган оҳангда, - ўтган йили унинг турмушга чиққанлигини эшитгандим. Адашмасам, нон сотувчига эрга теккан бўлса керак”. Бу мавзуда ортиқча сўзга ҳожат қолмагани боис Тиле ҳақида бошқа гапирмадик. Поезд Амстердамдан Варшава сари 1955 йил 15 июль куни йўлга чиқди. Фестивалда бунчалик кўп йигит-қизлар тўпланганини кўриб ҳайрон қолдим. Юзлаб ёшлар вокзални тўлдириб юборганди. Дастлаб журналда ўқиганим ўша ақл бовар қилмас йирик рақамларга ишона бошладим. Жомадоним жуда оғир. Унда бир қанча кийим ва пайпоқлар бор эди, холос. Аммо ўттиз бир саҳифалик “Қутқарилиш йўли” деб номланган китобчалар кўпгина эди. Агар коммунистлар ўз мамлакатларига адабиётларим билан бирга таклиф этишган экан, мен уларни кўтариб юришга тайёр эдим. Карл Маркс қачонлардир шундай деган: “Менга йигирма олтита қўрғошин аскарларни беринг, ана шунда бутун дунёни забт этаман”. У бу сўзлари билан инглиз алифбосидаги йигирма олтита ҳарфни назарда тутганди. Нима ҳам дердим, бу ўйинни биз ҳам ўйнашимиз мумкин. Мен Польша сафарига қудратли китобчанинг Европадаги турли тилларда чоп этилган нашрларини ўзим билан олдим. Хуллас, оғирлигидан тутқичи узилиб тушгудек бўлаётган жомадонни кўтариб ва ҳар қадам ташлаганимда ғижирлаётган янги вельвет шим билан вагонга кирдим. Орадан бир неча соат ўтиб эса, меҳмонхонага жойлаштиришларини кутиб Варшаванинг марказий вокзалида турардим. Мен бу мамлакатдаги бирор кишини танимасдим; польяк тилида бирор сўзни билмасдим. Бутун дунёдан Варшавага менинг мақсадимга қарама-қарши фикрли ёшлар келаётганди. Кутаётган чоғимда эса ибодат қилаётганимни тўсатдан пайқаб қолдим, менинг ибодатим бу сершовқин, ҳаракатчан, кулишаётган одамларнинг ўзаро муносабатлари орасида Худога нисбатан йўлланган ягона мурожаат эди. Мен жойлашган “меҳмонхона” ётоқ учун махсус мослаштирилган мактаб биноси эди. Рўйхатдан ўтгач, мени ўттизта каравот қўйилган математика хонасига жўнатишди. Имкон туғилган заҳоти энди нима қилишни ўйлаганча Варшава кўчаларига чиқиб кетдим. Лоқайдлик билан биринчи дуч келган автобусга ўтирдим ва йўл давомида нима қилишим кераклигини тушундим. Истило даврида немис тилини бироз ўргангандим ва Польшада кўплаб немислар яшашини билардим. Шу боис кўкрагимни тўлдирганча нафас олиб немисчасига шундай дедим: “Мен Голландиядан келган масиҳийман”. Атрофимдаги одамлар гапиришни бас қилишди. Аҳмоқона кўринаётганимни ҳис қилдим. “Мен польяк масиҳийлари билан учрашмоқчиман. Кимдир ёрдам бера оладими?” Сукунат. Аммо тўладан келган бир аёл автобусдан тушаётиб, юзимга теккудек даражада яқинлашиб немис тилида шивирлаб манзилни айтди. Сўнгра у қўшимча қилди: “Муқаддас Китоб дўкони”. Юрагим ҳаяжон билан урарди. Муқаддас Китоб дўкони? Коммунистик мамлакатда-я? Мен айтилган манзилни топдим ва дарҳақиқат – ўша ерда Муқаддас Китоб дўкони бор экан. Витриналарда турли тилларда чоп этилган Муқаддас Китоблар, чўнтакка сиғадиган ҳажмдаги Хушхабарлар турарди. Бироқ дўкон атрофи катта панжаралар билан ўралган, эшикка эса ёғоч қоқилган. Эшикда ёзувли қоғоз осилган бўлиб, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ёзиб олиб, меҳмонхонага қайтдим. Гуруҳим раҳбари бўлган аёл кулимсиради: “Бу таътил ҳақидаги эълон”, - деди у. “Жамоавий таътил вақтида ёпиқ. 21 июлдан очилади”. Ҳа, кутишдан бошқа чорам йўқ. Уч ҳафталик сафаримизнинг барча дастури аввалдан режалаштирилиб қўйилганди. Эрталаб биз шаҳар бўйлаб ташкил этилган саёҳатга боришимиз, кундузи ва кечқурун эса маъруза эшитишимиз лозим эди. Мен бир неча кун жадвалга риоя қилдим. Бизга Варшаванинг яхши тозаланган ташқи ҳолатини кўрсатишаётгани тушунарли эди. Янги мактаблар, гуллаб яшнаётган фабрикалар, қулай квартиралар, маҳсулотларга тўлиб тошган дўконлар. Барчаси ажойиб. Лекин ёлғиз юрганимда кўрадиганларим менга қизиқарлироқ туюларди. Бир куни эрталаб буни синаб кўрмоқчи бўлдим. Барвақт туриб, гуруҳдаги бошқалар нонушта учун пастга тушишларидан аввал бинодан чиқиб кетдим. Бу қандай кун эди-я! Ҳамма ёқда уруш қолдирган қайғули оқибатларни кўриб, Варшаванинг катта кўчаларидан ўтиб борардим. Биз ташкилий саёҳатлар вақтида бормаган йирик-йирик кварталлар вайрона ҳолатда ётарди. У ерда харобалар, жулдур кийимдаги одамлар тўп-тўп бўлиб навбатда турган ярим бўш токчали дўконлар кўзга ташланарди. Алоҳида бир воқеа хотирамда ўрнашиб қолди. Шаҳарда уйлари бомбадан вайрон бўлган ҳудуд бўлиб, унда бутун бир оилалар худди қуёнлар каби майдонларда яшарди. Улар ертўла қазиб, шу ерда жойлашиб олишган экан. Мен чиқиндилар чанг-тўзони орасида ўйнаётган ялангоёқ қизалоқни кўриб қолдим. Ёнимда польяк тилидаги буклет бор эди, уни қизалоққа бир оз пул билан қўшиб узатдим. У менга ҳайрон қаради ва шағал тепаликка югуриб чиқди. Орадан бир дақиқа ўтиб, тошлар орасидан бир аёлнинг боши кўринди. У қўлида брошюра ва пулни тутганча, олдимга оқсоқланиб келди. Ортидан бир эркак ҳам келарди. Иккаласи ҳам ифлос ҳолатда ва маст эди. Мен улар билан немис тилида, инглиз тилида ва ҳаттоки голланд тилида гаплашишга уриндим, аммо улар ҳеч нимани тушунмаганлик ифодаси акс этган нигоҳлари билан тикилиб туришарди. Имо-ишоралар билан бу китобни ўқиш кераклигини кўрсатдим, лекин китобни ушлаб туришларига кўра ўқишни билмасликларини тушундим. Улар фақат бошларини қимирлатишарди, холос, ниҳоят мен ҳам бош чайқаганча бу ердан кетдим. Якшанба куни келди. Бу бизнинг дастуримиздаги муҳим кун эди. Биз ўйингоҳдаги намойишда қатнашишимиз керак. Бироқ бунинг ўрнига жамоатга кетдим. Голланд газеталарида польяк жамоати етакчиларининг уй қамоғига олиниши ва семинарияларнинг ёпилиши ҳақида кўп ёзишарди, бундан эса мен Польшада барча диний ҳаёт яширинча фаолият юритишга ўтиб кетганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилгандим. Албатта, бу шундай эмасди. Кўринишидан, Муқаддас Китоб дўконлари ишлаб турарди. Мен эшиги очиқ бўлган католик жамоатлари ёнидан ўтдим. Аммо Польшада фаолият юритаётган протестант жамоатлари ҳам бормикан? Мен раҳбарларимиздан жамоат ҳақида сўрашни истамадим, негаки уларга ишонмасдим. Шу боис кўчага яширинча чиқиб, такси ушладим. “Хайрли кун”, - дедим польяк тилида. Ҳайдовчи кулиб узундан узоқ таклифлар билдира бошлади. Бироқ польяк тилида фақат саломлашишни билардим, ундан мени немис тилида жамоатга олиб боришини сўраганимда, ҳайдовчининг юзидаги табассум йўқолди. Инглиз тилида тушунтирмоқчи бўлдим, лекин у ҳеч нимани тушунмади. Мен худди ибодат ўқиётгандек қўлларимни қовуштирдим, сўнгра китоб ўқиётгандек уларни очдим. Кейин чўқиниб олиб, бош чайқадим. Йўқ, католик ибодатхонасига эмас. Шундан сўнг тағин худди китоб ўқиётгандек ишоралар қилдим. Ҳайдовчи яна жилмайди. У шаҳар бўйлаб елиб кетди ва менга нима кераклигини тушунганлигини англадим. Биз иккита гумбаз қад кўтарган қизил ғиштли иморат олдида тўхтадик. Орадан ўн дақиқа ўтиб мен Темир парда ортидаги ислоҳотчилар жамоатида ўтирардим. Мени келувчиларнинг миқдори ҳайрон қолдирди. Жамоатнинг тўртдан уч қисми одам билан тўлган. Шунингдек, ёшлар ҳам иштирок этаётганларини кўриб, ҳайратим янада ортди. Бу ерда баланд руҳ билан куйлашарди, ҳар ҳолда, у Каломга асосланганга ўхшарди, негаки воиз доимо Муқаддас Китобга мурожаат қилиб турарди. Хизмат якунланганида, залда ўзим биладиган бирор тилда гапиришларини кутиб ўтирдим. Ҳарқалай, чет эллик эканлигим билиниб тургандир, негаки “Хуш келибсиз” сўзларини инглиз тилида эшитдим. Ўгирилиб қарасам чўпон экан. “Сиз бир оз кутиб туролмайсизми? – деб сўради у. – Сиз билан гаплашмоқчи эдим”. Мен мамнуният билан уни кутиб турдим. Деярли ҳамма кетиб бўлганидан сўнг, чўпон ва бир қанча ёшлар менинг саволларимга ҳозиржавоблик билан жавоб қайтаришди. Ҳа, улар анчайин эркинлик шароитида партия сиёсати билан келишган ҳолда ўз эътиқодларига очиқ амал қилганлар. Ҳа, жамоатнинг аъзолари коммунистлар ҳам бўлиши мумкин. Нима ҳам дердик, режим халқ учун шунчалик кўп ишлар қилдики, айрим нарсаларга шунчаки кўз юмишга тўғри келади. “Ҳа, бу ён бериш, - деди чўпон елкасини қисиб, - аммо нима ҳам қилардик?” “Юртингизда қайси жамоатга борасиз?” – деб сўради бир ёш йигит аъло даражадаги инглиз талаффузида. “Баптистлар жамоатига”. “Баптистлар жамоатидаги хизматга боришни истайсизми?” “Ниҳоятда хоҳлайман”. У қоғоз-қалам чиқариб манзилни ёзди. “Бугун кечқурун ўша ерда хизмат бўлади”, - дея қўшимча қилди у. Ўша кечанинг ўзидаёқ голланд делегациясининг бошқа аъзоларидан узундан узоқ маърузаларнинг нақадар зерикарли бўлганлиги ҳақида эшитиб, яна таксига ўтирдим, лекин бу сафар аниқ манзил билан қуролланган эдим. Етиб келганимда, хизмат айни қизиган палла экан. Бу ерда одам камдек туюлди менга. Одамлар унчалик яхши кийинишмаганди, келувчилар орасида ўсмирлар деярли йўқ. Аммо қизиқ бир ҳолат юз берди. Чўпон бу ерда чет элликнинг пайдо бўлгани ҳақида хабар берганида, мендан шу заҳоти минбарга кўтарилиб, тўпланган одамлар олдида сўзлашимни сўрашди. Таажжубга тушдим. Наҳотки уларда шу қадар эркинлик бўлса? “Немис ёки инглиз тилида гапирадиган бирор киши борми?” – деб сўрадим эндиликда тез-тез фойдаланиб турадиган усул топганимни англамаган ҳолда. Қарангки, эшик олдида немис тилида гапирадиган бир аёл бор экан. Унинг ёрдами билан Темир парда ортидаги дастлабки ваъзимни ўқидим. Ваъз қисқа бўлсада, мазмуни аён эди: мана мен, Темир парданинг бошқа тарафидан келган масиҳий шу ерда туриб, коммунистик мамлакатда Хушхабарни тарғиб этяпман. Қисқагина ваъзим охирида чўпон энг қизиқарли гапни айтди. “Биз сизга шу ерда эканлигингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчимиз, - деди у. – Ҳатто бирор сўз айтмаганингизда ҳам, сизни шу ерда кўришнинг ўзи биз учун кўп нарсани билдиради. Баъзан бу курашимизда ўзимизни бутунлай ёлғиз ҳис этамиз”. Ўша тунда математика хонасидаги ўз каравотимда ётар эканман, бу иккала жамоат бир-биридан қанчалик фарқ қилиши ҳақида ўйладим. Биттаси ҳукумат билан аниқ алоқада бўлгани боис ўзига катта миқдордаги одамларни, жумладан, ёшларни ҳам жалб этганди. Бошқаси эса ўзим сезганимдек, якка йўлдан бораётганди. Мен улардан жамоатга келувчилар орасида коммунистик партия аъзолари бор-йўқлигини сўраганимда, шундай жавоб қайтаришди: “Агар бор бўлса ҳам, биз бу ҳақда билмаймиз”. Менга жуда тез ва кўплаб нарсаларни ўрганишимга тўғри келаётганди ва буларнинг барини ўзлаштириб олиш қийин эди. Мен Польшада деярли бир ҳафта бўлдим! Ниҳоят, Муқаддас Китоб дўкони очиладиган 21 июль ҳам етиб келди. Меҳмонхонадан барвақт чиқиб, тезда Янги дунё кўчасига етиб бордим. Эрталабки соат тўққизга яқин дўконга шошилганча келиб, қулф тешигига калит солаётган кишини кўрдим. “Хайрли тонг”, - дедим польяк тилида. У қаддини кўтариб менга қаради. “Хайрли тонг”, - деди у ишончсиз оҳангда. “Сиз инглиз ёки немис тилида гапирасизми?” – сўрадим инглизчалаб. “Инглизча гапираман, - у атрофга қараб қўйди. – Киринг”. Дўкон эгаси чироқни ёқиб деразаларни оча бошлади. У ўз ишини қилаётганида, ўзимни таништирдим. Хўжайин жилмайиб қўйди. Энди унинг навбати келганди. У менга ўз дўконини кўрсатди: Муқаддас Китобнинг турли нархлар белгиланган эски нашрлари. Дўкондор ҳамма вақт аслида ким эканлигимни билишга уриниб саволлар бераверди. “Нега Польшага келдингиз?” – тўсатдан сўраб қолди у. “Агар бир аъзо азоб чекса, қолган барча тана аъзолари у билан бирга азоб чекади”, - мен Коринфликларга биринчи мактубдан жумла келтирдим. Дўкондор менга тикилиб қолди. “Биз азоб ҳақида гапирмаяпмиз, - деди у, - аксинча, мен сизга Муқаддас Китобни мутлақо эркин равишда нашр этиб, тарқатаётганимизни айтяпман”. Ва у ўзи айтганидек, масиҳийларнинг режим билан яхши муносабатларини тасвирлаб берадиган воқеани айтиб берди. Ҳатто Сталин ҳам ўлими олдидан унга Муқаддас Китоб дўкони фаолияти ҳақида гапириб беришганида, табассум қилган экан. Дўкондорнинг айтишича, кунлардан бирида дўконга икки амалдор келиб, унга ёзма тартибдаги буйруқни топширишибди. Сталиннинг туғилган куни шарафига ҳар бир дўкон ўз витринасидаги энг яхши маҳсулотлар ёнида Сталиннинг портретини осиши шарт экан. “Албатта, - давом этди дўкондор, - мен қувонч билан буйруқни бажардим. Ҳар куни дўконларни излаб, ахтарганимни топдим: Сталиннинг кўкракка қўлини қўйиб ёқимли табассум акс этган катта ва ранг-баранг бўёқларда ифодаланган портретини. Мен бу портретни ўз витринамга жойлаштирдим. Сўнгра энг қиммат Муқаддас Китобни олиб, Масиҳнинг сўзлари қизил ранг билан белгиланган саҳифасини очдим ва уни айнан Сталиннинг назари тушиб турган жойга қўйдим. Барчага менинг виставкам ёқди, негаки жуда тез орада витрина олдида оломон тўпланди, барча табассум қиларди. Халқ полицияси ҳам келди. “Буни тезда йўқотинг!” деб буюришди. “О йўқ, жаноблар, - дея жавоб бердим. – Мен бундай қилолмайман, негаки ҳукуматнинг буйруғи оқ қоғозга қора ранг билан ёзиб қўйилган”. Мен кулдим, дўкондор эса йўқ. Ҳатто унинг кўзлари ҳам кулган эмас. Бу менинг Темир парда ортидаги масиҳийлик ҳаётида муҳим рол ўйнаётган қуруқ ва иккиюзламачи риёкор билан биринчи учрашувим эди. Дўкондорнинг жиддий юз ифодасига мувофиқ келиши учун шошилганча қиёфамни тартибга келтирдим. Биз суҳбатлашаётган пайтда дўконга бир неча харидор кирди. Дўконга бунчалик кўп харидорларнинг келиши менда қизиқиш уйғотди. Ёлғиз қолганимизда, бошқа коммунистик мамлакатларда ҳам Муқаддас Китоб дўкони бор-йўқлиги ҳақида сўрадим. “Қаердадир бор, қаердадир йўқ”, - жавоб қайтарди у китоб расталаридаги чангни арта туриб. “Ўйлашимча, Россияда Муқаддас Китоб чиндан ҳам кам. Менга айтишларича, ҳаттоки одамлар Муқаддас Китоб орқали бойлик ортиришаркан. Бирор киши контрабанда орқали Россияга ўнлаб Муқаддас Китобларни келтириб шундай катта пулга сотадики, бу пулларга мотоцикл сотиб олиш мумкин. Сўнгра эса у мотоциклни Польша, Югославия ёки Шарқий Германияга олиб келиб, фойдаси билан сотади, бу пулга эса яна кўпроқ Муқаддас Китоб харид қилади. Лекин бу миш-мишлар, холос”. Ўша тонгни Муқаддас Китоб дўкондори билан суҳбатлашиб ўтказдим, кетишга тўғри келганида хоҳламайгина хайрлашдим. Қайтаётганимда эса ҳозир нималарни кўрганимни англашга уриндим. Мана, дўкон барча хоҳловчиларга Муқаддас Китобни очиқчасига сотмоқда, бу ҳолат эса Голландияда ўзим тез-тез эшитиб турадиган шафқатсиз таъқиблар ҳақидаги гапларга асло тўғри келмайди. Аммо барибир бу биродар худди ноқонуний савдо билан шуғулланаётгандек ўзини жуда эҳтиёткорона тутди. Дўконда танглик ва сиқиқлик муҳити сезилиб турди, бу эса ҳаммаси унчалик оддий эмаслигидан гувоҳлик бериб турарди. Лекин барибир нима учун келган бўлсам, ўша мақсадимни ҳали амалга оширганим йўқ. Мен кўчаларда ўзимнинг “йигирма олтита аскарим”ни очиқчасига тарқатиб, нималар юз беришини кўрмоқчи эдим. Шу боис бир неча кун узлуксиз чорраҳаларда турдим, ёзнинг ёрқин ва серсув мева-чеваларига тўлган бозорларга бордим, трамвайларда ва тўғри келган жойда ўз буклетларимни тарқатдим. Аввал ҳеч қачон трамвайларда шунча кўп одам юришини кўрмагандим. Ёдимда, бир куни трамвайнинг орқа қисмида мени шунчалик қисиб ташлашдики, брошюраларимни ғижимлаб ташламасликлари учун уларни бошимдан юқорига кўтардим. Ёнгинамда турган қишлоқлик бир аёл китобчаларимни кўриб ибодат қилгач шундай деди: “Ҳа, ҳа, бу айнан бизнинг Польшага керак бўлган китоб”. Айнан шундай. Бироқ мен унинг Шарқий Европалик католик эканлигини, мен – Ғарблик протестант эса лиқ тўла трамвайда масиҳийлар каби шунчаки учрашиб қолганимизни билардим. Кунлар ўтарди, ҳеч ким менга буклетларимни шаҳар кўчаларида тарқатишимга халал бермасди. Мен бундай муваффақиятли хизмат тадқиқотидан қувончда эдим. Ўз брошюраларимни барчага ва ҳар қаерда тарқата оламан дея ҳисоблардим. Аммо бир куни эрталаб мактабимиз яқинидаги аскарлар бараги ҳақида ўйланиб қолдим. Аскарларга брошюра таклиф этиш фикри хаёлимга ҳам келган эмас, негаки уларнинг кўринишиёқ қадамларимни тескари тарафга тезлаштириб юборарди. Инсон қанчалик сўқир бўлиши мумкин! Мен ахир одамни мундирига қараб муҳокама қилмаслик кераклигини билишим керак эди-ку. Фестивал якунланиши арафасида қоровулда турган бир гуруҳ аскарлар олдига бориб, ҳар бирига брошюра топшириб чиқдим. Улар буклетга, менга, сўнгра эса бир-бирларига қарашди. Аскарларга голланд эканлигимни айтдим, маълум бўлишича, улардан бири немис тилида гаплашар экан. “Сиз, ҳарқалай, Америка истилосидан жуда хафа бўлсангиз керак”. “Нимадан?” “Голландияни Америка ҳарбий-ҳаво қўшинлари босиб олганидан”. Мен Голландияни ҳеч ким босиб олмаганини тушунтириб бўлган ҳам эдимки, барча аскарлар тўсатдан қаддиларини ростлашди. Улар олдига йўл-йўлакай буйруқ берганича зобит келди. Олтита аскар тезда кетиб қолишди. Бироқ уларнинг бари брошюраларимни бекитишганини пайқадим. “Сиз бу аскарларга нима бердингиз?”, - зобит мендан немисчалаб сўради. “Мана буни, жаноб”, - унга брошюраларимдан бирини топширдим. У брошюрага диққат билан тикилди. Ва орадан икки соат ўтгандан кейингина биз айрилишдик. Эртаси куни бизнинг гуруҳимиз жўнаб кетди ва мен ҳам кетиш учун тайёрланишим керак эди. Биз хайрлашганимизда, зобит – у православ оиласидан эди – менга Худонинг марҳаматини ва бехатар саёҳатни тилади. Варшавадан кетадиган куннинг тонги ҳам етиб келди. Мен одатдагидан барвақт туриб, тонг чоғида кўчага чиқдим. Кенг кўчалардан бири чеккасидаги ўриндиқни шудрингдан тозалаб, чўнтак Хушхабарини очиб ўтирдим. Мен атайин барвақт чиқдим. Варшавадаги сафарим давомида ўзим учратган ҳар бир киши учун ибодат қилишни истардим. Ўша тонг узоқ вақт қаерда бўлганимни, кимлар билан учрашганимни эсладим. Уч якшанбада мен пресвитериан, баптист, рим-католик, православ, ислоҳот ва методик жамоатида бўлдим. Беш маротаба йиғилганлар олдида чиқиш қилишимни сўрашди. Муқаддас Китоб дўконига бордим, кўчада ва трамвайдаги одамлар билан, аскарлар ва зобит билан гаплашдим. Мен уларнинг ҳар бири учун ибодат қилдим. Ибодат қилаётганимда, тўсатдан мусиқа янграб қолди. Мусиқа овози катта кўчадан янграётганди. Бу хониш овозлари қўшилиб кетган шахдам қадамлар жаранги эди. Сўнгра эса фестивалнинг тантанавор намойишини – ташрифимнинг якунловчи дамларини – кўриб қолдим. Бу чиндан ҳам режимнинг фавқулодда қудрати акс этган маҳобатли намойиш эди. Улар – ёш социалистлар – катта кўчадан пастга шахдам қадамлар билан тобора яқинлашиб келишарди. Улар мажбуран боришмаётганди, бунга бир лаҳза ҳам шубҳа қилган эмасман. Ёшлар ишонч билан қадам ташлашарди. Улар ҳар бир қаторда саккиз кишидан кетиб боришарди: ҳаёт завқига тўлган, соғлом, юзлари тоза қирилган ва сочлари текис калталанган. Улар куйлашарди, овозлари эса ҳайқириққа ўхшаб кетарди. Улар ёнимдан ўн дақиқа, ўн беш дақиқа ўтиб туришди, бу навқирон эркак ва аёлларнинг тугамайдиган сафлари эди. Бунинг таъсири ҳайратомуз эди. Улар йигирманчи асрнинг хушхабарчилари эди. Улар ўзларининг хушхабарларини ҳайқириб айтиш учун келишганди. Улар айтаётган эзгу хабарларнинг бир қисми Худо ҳақидаги асоссиз қадимий тушунчалар, кўҳна ва эскирган хурофотлар ҳақида эди. Инсон ўзига ўзи хўжайин ва келажаги унинг ўзининг қўлида. Хўш, биз Ғарбда, ёнимдан ҳануз ўтаётган ва гулдурос жўрлик билан кафтларини бир-бирига ураётган бу минглаб ёшлар билан нима ҳам қилишимиз мумкин? Уларни ўлдириш керакми? Нацистлар шундай таклифни олдинга суришганди. Уларнинг чақириғини қабул қилмай, енгиб чиқишларига имкон бериш керакми? WEC ва унинг хизматчилик коллежига бўлган севгим ҳамда ҳурматим ҳаққи айтишим лозимки, улар Темир парда ортига бирор марта ҳам ҳеч кимни юборишмаган. Хўш, нима қилишимиз керак? Мен нима қилишим керак? Тиззамдаги Муқаддас Китоб очилиб кетди ва енгил шамол саҳифаларни силкитди. Мен ушлаб туриш учун варақларга қўлимни қўйдим ва нигоҳим Ваҳий Китобига тушди. Бармоғим гўё қаерни ўқишим кераклигини кўрсатгиб турарди. “Бедор бўл! – дерди Муқаддас Китоб бармоқларим остида. - Ўлишга юз тутмаган ниманг қолган бўлса, тузатиб қўй.” Баногоҳ бу оламга кўз ёшларим пардаси ортидан қараётганимни тушундим. Наҳотки Худо бир умрлик хизматни шу ерда, Унинг жафокаш Жамоати ҳаёт учун курашаётган Темир парда ортида ўташимга даъват этаётган бўлса? Наҳотки бу ерда ҳануз сақланиб қолган қимматбаҳо бойликни тасдиқлаш менга топширилмоқда? Бироқ бу бемаънилик! Буни қандай уддалайман? Шуни биламанки, ўша 1955 йилда улкан хизматчилик майдонида бирорта ҳам хизматчи йўқ эди. Мен бир ўзим, ортимдан ҳеч қандай фонд, бирорта ташкилот турмаган ҳолда ёнгинамдан ҳозиргина ўтган шундай улкан кучга қарши нима ҳам қилишим мумкин? 8 БОБ. АЗОБ КОСАСИ Бизнинг поездимиз Амстердамга аниқ жадвал бўйича етиб келди. Йўловчилар оломони билан бирга ташқарига чиқдим, вельвет шимим аввалгидек ғижирлар, аммо жомадоним Варшавага кетаётган пайтимга нисбатан анча енгил эди. Виттега дарҳол жўнамадим. Бунинг ўрнига аввал Уэтстрларнинг Амстердамдаги янги уйини кўрмоқчи бўлдим. Уй ажойиб эди. Чиройли, малла ғиштдан қурилган, дарё яқинида дарахтлар экилган кўчада жойлашган экан. Уй олдида янги “Фольксваген” турарди, машина олганлари ҳақида жаноб Уэтстр менга ёзиб юборганди. Жомадонимни йўлакда қўйиб, кичкина эшикни очишга уриндим. “Хўш, ўғлим, у сенга ёқяптими?” Мен ўгирилиб, жилмайиб турган жаноб Уэтстрни кўрдим. У шу заҳотиёқ мени соҳил бўйлаб кичикроқ сайрга бошлаб кетди. “Бўпти, мақтанишни бас қилай, - деди у, - яхшиси, сен Польшага қандай бориб келганинг ҳақида гапир”. Мен куннинг қолган қисмида Уэтстрларга ўз сафарим ҳақида гапириб бердим. Шунингдек, менга Муқаддас Китобдан яққол илоҳий тарзда берилган оят ҳақида гапирдим. “Лекин қай тарзда ниманидир тасдиқлашим мумкин? – деб сўрадим. – Наҳотки менда қандайдир бир қудрат бўлса?” Жаноб Уэтстр бош чайқади. Мен сўзлаб берган чексиз эҳтиёжларни биргина голланд қондира олмаслиги ҳақидаги фикримга қўшилди. Лекин Уэтстр хоним тушунди. “Албатта, ҳеч қандай куч йўқ! – қувонч билан ҳайқирди у. – Бироқ биз айнан заиф бўлганимизда, Худо биздан яхшироқ тарзда фойдаланишини наҳотки билмасанг? Балки бу сен эмас, Темир парда ортидаги ҳаётингни режалаштирган Муқаддас Руҳдир? Сен эса куч ҳақида гапиряпсан...”. Дарвоқе, Виттега қайтишим ёқимли бир совға билан алоҳида ёдимда қолган. Бутун оқшом давомида қўшнилар саволлар билан келиб туришди, негаки 1955 йилда Ғарблик одамлар Темир парда ортига энди-энди ўрганишаётганди ва коммунистик дунё махфийлик пардасига бурканганди. Ниҳоят, сўнгги меҳмон ҳам ёғоч бошмоқларини тўқиллатиб кўприкдан ўтиб кетгач, барчамиз ухлашга ҳозирландик. Мен энгашиб деярли бўш жомадонимни олдим ва Корнелиус ортидан чордоққа чиқиш учун нарвон сари йўл олдим. “Бир дақиқа, Анди”, - деди Гелтье. Мен тўхтадим. “Биз сенга бир нарса кўрсатмоқчимиз!” Мен нарвондан тушиб, Гелтьенинг ортидан ота-онамнинг эски ётоқхонасига кирдим. Бу ердаги ҳамма нарса вафот этган яқинларимиз ҳақида эслатиб турарди. Мен адёл остидаги Баснинг жонсиз танасини, урушнинг охирги ойларида бошидаги ёстиқни ҳам тўғрилашга ҳолсиз бўлиб қолган онамни эсладим... “Биз отамга сарой устида янги хона қурдик, - деди Гелтье, - шу боис, бу ерни сенга беришга қарор қилдик”. Нафасим бўғзимга тиқилди. Ҳаттоки энг дадил орзуларимда ҳам шахсий хонам бўлишини тасаввур қилмагандим. Ари ва Гелтье менга бундай совға қилиш учун нималардан воз кечганларини билардим. “Токи уйланмагунингча!” – отам меҳмонхонадан туриб қичқирди. Отам йигирма етти ёшли ўғлига бўйдоқлик ҳаёти билан хайрлашиш вақти келганини тез-тез ишора қиладиган бўлганди. “Токи уйланмагунингча!” Мен қийинчилик билан миннатдорчилик сўзларини топдим! Ўша тунда ҳамма ухлаганидан сўнг эшикни ёпиб, жиҳозларни кўздан кечирганча хонада уёқдан бу ёққа юрдим. “Худойим, стул учун раҳмат. Ҳаммаси учун миннатдорман...”. Мен ўзимга ёзув столи тайёрлаб оламан. Столни шу ерга қўйиб хонамда ўтирганча ўқийман, ишлайман, режалар тузаман. Қайтганимдан сўнг орадан бир ҳафта ҳам ўтмай, таклифлар ёғилиб кетди. Жамоатлар, клублар, фуқаролик ташкилотлари ва мактаблар – барча Темир парда ортидаги ҳаёт ҳақида билишни истарди. Мен ҳамма таклифларни қабул қилдим. Чиқишларим учун пул таклиф қилишгани ҳам бунга рози бўлишимнинг сабабларидан бири эди. Аммо бошқа, янада муҳимроқ сабаб бор эди. Мен айнан одамлар олдида чиқиш қилсамгина, келгусидаги ишларимни тезроқ тушуниб олишимни ғаройиб тарзда ҳис қилардим. Ва ана шундай ҳолат юз берди. Харлемдаги бир жамоат бутун шаҳар бўйлаб “Темир парда ортида масиҳийнинг ҳаёти” ҳақида сўзлаб беришим тўғрисидаги эълонларни осиб ташлади. Мен бу мавзуда биргина шаҳарга уюштирган уч кунлик сафаримдан сўнг асло чиқиш қилмагандим. Лекин ушбу реклама тингловчиларнинг катта оломонини ўзига жалб этди ва зал одамга лиқ тўлганди. Реклама бир гуруҳ коммунистларнинг ҳам қизиқишини уйғотганди. Мен уларни дарҳол танидим: улардан айримлари мен билан бирга Варшавада бўлишганди. Мен қизиқ вазиятга тушиб қолганлигим ҳақида ўйладим. Бироқ улар мени ҳайрон қолдириб, ваъз ўқилаётган пайтда ҳам, аудиторияга савол бериш учун рухсат этилганида ҳам ҳеч қандай фаоллик кўрсатишмади. Аммо йиғиндан сўнг олдимга бир аёл келди. У биз Варшавада бўлган ёшлар делегациясининг раҳбари эди. “Менга айтганларингиз ёқмади”, - деди у. “Жуда афсусдаман. Ўйлашимча, бу чиндан ҳам сизга ёқиши мумкин эмас”. “Сиз вазиятнинг фақат бир қисмини ёритдингиз, - деди у. – Сиз барчасини кўрмаганга ўхшайсиз. Сиз кўпроқ сафар қилишингиз, бошқа шаҳарларга боришингиз ва кўплаб раҳбарлар билан учрашмоғингиз керак”. Мен жавоб бермадим. У нима демоқчи бўляпти? “Бошқача айтганда, сиз ўша ёққа яна бир марта боришингиз керак, мен сизга айнан шуни таклиф этмоқчиман”. Мен нафасимни ичимга ютдим. “Гап шундаки, Чехословакияга сафар учун Голландиядан ўн беш кишини танлаб олишим кераклигини айтишди. Биз у ерда тўрт ҳафта бўламиз. Ўша ёққа талабалар, профессорлар, матбуот намоёндалари боришади, бундан ташқари, жамоатдан кимнидир таклиф этмоқчи эдик. Боришни хоҳлайсизми?” Наҳотки бу тағин Худонинг қўли бўлса? Наҳотки яна бир эшик қаршимда очилаётган бўлса? Мен молиявий таъминот масаласини тағин Худонинг ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдим. Менда бу саёҳат учун пул йўқ эди. “Худойим, агар Сен менинг боришимни хоҳласанг, - хаёлимдан шундай фикр ўтди, - Сен Ўзинг мени пул билан таъминлайсан”. “Раҳмат, - дедим овоз чиқариб, - бироқ бундай сафарни ўзимга раво кўролмайман. Жуда афсусдаман”. Мен мазкур учрашув учун Варшавадан ўзим келтирган фотосуратларни йиғиштира бошладим. “Майли, - деди аёл, - биз бу масалани ҳал этишимиз мумкин”. Мен унга қарадим: “Сиз нимани назарда тутяпсиз?” “Сафар харажатларини. Сиз бунинг учун умуман тўламайсиз”. Менинг Темир парда ортига иккинчи сафарим шу тариқа бошланди. Бу Польшага қилган сафаримни эслатиб юборди, гарчи гуруҳ у қадар катта бўлмай, қаёққадир мустақил чиқишим учун камроқ имконият бўлган бўлсада. Энди эса Худо Чехословакияда мени нимага ўргатмоқчи бўлганини тушунишга уринардим. Тўрт ҳафталик сафаримизнинг сўнгида бу саволга жавоб топдим. Ҳамма жойда бизга коммунистлар даврида халқ фойдаланаётган диний эркинлик ҳақида ҳикоя қилишарди. Йўлбошловчимизнинг айтишича, Чехословакияда давлат таъминотида турадиган бир гуруҳ олимлар бўлиб, улар яқиндагина Муқаддас Китобнинг янги таржимасини якунлашибди, энди эса Муқаддас Китоб луғати устида ишлашаётган экан. “Шу олимлар билан учрашишни жуда истайман”, - дедим мен. Ўша куннинг ўзидаёқ мени Прагадаги йирик муассасага олиб боришди. Бу жамоатлараро марказ эди – Чехословакиядаги барча протестант жамоатларининг штаб-квартираси. Мени энг аввало турли хизматлар жойлаштирилган бинонинг салобатли кўриниши таажжубга солди. Мени қора костюмдаги олимнамо қиёфали одамлар қалин китоблар ва уюм-уюм қоғозлар олдида ўтирган офислар ёнидан олиб ўтишди. Бу одамлар Муқаддас Китобнинг янги таржимаси устида ишлаётганган эканлар. Буларнинг бари менда кучли таассурот қолдирди. Лекин аста-секин айрим ғалати далиллар намоён бўлаверди. Мен янги таржиманинг қўлёзмасини кўришга ижозат сўрадим, улар маҳобатли ҳамда оғир қўлёзмаларни кўрсатишди. “А, таржимани ҳали чоп этишмадими?” – деб сўрадим. “Ҳозирча йўқ, - жавоб берди олим. Унинг қиёфаси қайғулидек туюлди. – Таржима уруш давридан буён тайёр, аммо ...” У гуруҳ раҳбарига қараб жумлани якунламай жим қолди. “Муқаддас Китоб луғати нима бўляпти? У тайёр бўлганми? “Деярли”. “Муқаддас Китоб луғати бўлмаса Муқаддас Китобга эга бўлишдан нима наф? Аввалги таржималар борми? Олим худди нима айтмоқчи эканлигини ҳал этмоқчи бўлгандек тағин гуруҳ раҳбарига қаради. “Йўқ, - ниҳоят у ғўлдиради. – Йўқ, ҳаммаси жуда мураккаб. Ҳозир Муқаддас Китобни топиш жуда қийин”. Гуруҳ раҳбари суҳбатимизни якунлашга қарор қилди. Мени бошқа савол беришимга қўймай, бинодан олиб чиқишди. Бироқ барчаси тушунарли. Мен найранг нимада эканлигини тушундим. Янги режим бу имонли халқ билан очиқ курашга киришмаган, балки топишмачоқ ўйинини таклиф этганди. Ҳукумат Муқаддас Китобнинг ҳеч қачон чоп этилмайдиган таржимаси учун ҳақ тўлашга тайёр эди. У Муқаддас Китобнинг янги луғатини яратиш учун маблағ ажратган, лекин Муқаддас Китобсиз бу луғат ҳеч нимага арзимасди. Эртаси куни йўлбошловчимиздан мени Юнгманова кўчасидаги тўққизинчи уйда жойлашган диний китоб дўконига олиб боришини сўрадим. Мен Муқаддас Китобни қўлга киритиш чиндан ҳам қийинлигини кўрмоқчи эдим. Дўконда кўпгина мусиқа асарлари, канцелярия маҳсулотлари, суратлар, ҳайкалчалар, хочлар, диний мавзуга кўпроқ ёки камроқ тааллуқли китоблар бор эди. Голландиядаги ҳар қандай шунга ўхшаш дўконда Муқаддас Китобнинг турли нашрлари билан тўлган бўлим албатта бўларди. - Исонинг сўзлари қизил билан белгиланган Муқаддас Китобни кўрсам бўладими? – деб сўрадим сотувчидан. Ўша пайтга келиб, немисча ёки инглизча гапирсам, тушунишда ҳеч қандай бир алоҳида қийинчилик бўлмаслигини билиб олгандим. Сотувчи бош чайқади: “Афсусдаман, жаноб. Ҳозир бундай Муқаддас Китоблар сотувда йўқ”. “Одатий матндаги Муқаддас Китоб борми?” Бироқ бундай нашр вақтинча йўқ экан. “Хоним, - дедим мен, - Чехословакиядаги жамоат қандай яшаётганлигини кўриш учун бу ерга Голландиядан келдим. Сиз мамлакатдаги энг катта диний дўконда бирорта ҳам Муқаддас Китоб йўқлигини айтяпсизми? Сотувчи кечирим сўраб, парда ортига ўтганча ғойиб бўлди. Қоғозларнинг шиқирлаши билан бирга ҳаяжонли бўғиқ овозлар эшитилди. Сўнгра малла қоғозли ўрамани кўтариб келаётган бошқарувчи кўринди. “Мана, жаноб”. Мен унга миннатдорчилик билдирдим. “Муқаддас Китоб ўта ноёб бўлиб қолди, шу боис биз янги таржимасини тайёрлаяпмиз, - деди бошқарувчи, - токи янгиси чиқмагунича эски ҳолатдагисини шунчаки чоп этишмайди”. Прагадаги сафаримизнинг охирги куни ҳам келди. Биз учун катта дастур тайёрланган экан: дастлаб шаҳар ташқарисидаги намунали колхозга бориш, тушдан сўнг пресс-конференция, сўнгра эса Прага билан хайрлашув. Эҳтимол, бир вазият ўртага тушмаганида, мен бу тадбирда одоб юзасидан ҳам ўтирган бўлардим – бу якшанба куни бўлиб, чех имонлилари билан биргаликда, гуруҳ раҳбарининг назоратисиз, тиз чўкиб ибодат қилишим учун охирги имконият эди. Мен кўп кунлар мобайнида қочиб чиқиш режасини туздим. Автобусимизнинг орқа эшигида пружина ишдан чиққанлиги эътиборимни тортди. Ҳатто ёпиқ ҳолатда ҳам унда оёқ сиғадиган ёриқ қолганди. Ва мана, нафасимни ростлаб... Сафаримизнинг охирги кунида автобус жойидан қўзғалганида, орқа қаторда ўтирардим. Светофор олдидаги ҳар бекатда ҳеч кимга сездирмай автобусдан чиқиб кетишга уриниб кўрдим. Лекин барча шаҳарнинг кўркам жойларини томоша қилиб, бошларини ўгираверарди. Ниҳоят барчанинг нигоҳи қандайдир қаҳрамоннинг отда ўтирган бронза ҳайкалини кўриш учун олдинга диққат билан қаратилди. Мен унинг кимлигини билолмадим, негаки йўлбошловчимиз бу ҳақда ҳикоя қилишни бошлаши биланоқ кўкрагимни тўлдириб нафас олганча ёриқдан сиқилиб ўтиб кўчага чиқдим. Тормоз ғийқиллади, кучли мотор гувиллади. Мен Прага кўчаларида ёлғиз ўзим қолиб кетдим. Орадан ярим соат ўтиб, аввалги экскурсиямиз чоғида ўзим кўриб ўтган жамоат залида турардим. Одамларнинг ичкарига кираётганларига қараб турдим. Айниқса, жамоатнинг Муқаддас Китобсиз қандай фаолият кўрсатишини билишга қизиқишим баланд эди. Кимдир ўзи билан мадҳиялар тўпламини олиб келарди, Муқаддас билан келаётганлар жуда кам. Бироқ аксарият кишиларнинг ўзлари билан дафтар олиб келаётганлари мени кўпроқ ҳайрон қолдирди. Нега? Хизмат бошланди. Мен орқа қаторга ўтирдим. Хизмат бошланган бўлсада, ҳайронлигим тўхтамади. Қаранг-а, ҳаммасининг кўзи ўткир экан! Мадҳия тўпламларининг эгалари қўлларини баланд чўзиб туришарди. Дафтари борлар ҳам. Сабабини кейинроқ тушундим: тўплами борлар бошқалар ҳам уларни кўриши учун шундай ушлаб туришаркан. Дафтарларда эса севимли қўшиқ ва мадҳияларининг нота ҳамда сўзлари ёзилган. Худди шу ҳолат Муқаддас Китобни ўқиш чоғида ҳам давом этди. Воиз оятни эълон қилганида, Муқаддас Китоби бор киши шу жойни топиб, атрофдагилар ҳам кўриши учун китобни баландга кўтарарди. Бу одамлар Каломга яқин бўлиш учун кураш олиб бораётганларини кузатиб турардим, қўлим эса чўнтагимдаги Муқаддас Китобни маҳкам тутиб олганди. Мен ёнимда китоб олиб юришга доимо ўзимни ҳақли дея ҳисоблардим. Мен олдимда тақинчоқ таққан бўйнини чўзганча, ўғлининг қўлидан тутганча бошини баланд кўтариб Муқаддас Китоб сўзларига қарашга уринаётган кекса кампирни эсимга олмасам, бу китобни ҳеч қачон қўлимга олмайман деб ўйладим. Хизматдан сўнг руҳонийга ўзимни таништирдим. Чехословакиядаги масиҳийлар билан учрашиш учун Голландиядан махсус келганимни айтганимда, у ҳаяжонини зўрға босди. “Эшитишимча, - деди у, - Чехословакия ўз чегараларини очмоқчи экан. Аммо мен бунга ишонмайман. Уруш тугаганидан сўнг...- у ўгирилиб атрофга қаради, - биз худди қамоқхонага тушиб қолгандекмиз. Мен сиз билан гаплашиб олишим керак”. Биз биргаликда унинг уйига йўл олдик. Мен фақат анча кейин, 1955 йилда бу унинг учун жуда хатарли бўлганини тушундим. У ҳукумат жамоатни ўз назоратига олишга уринаётганини айтди. Айнан ҳукумат семинарияга талабаларни танлаб оларкан ва ўша ёққа мавжуд режимни тўла қаноатлантирадиган номзодлар боришаркан. Бундан ташқари, руҳонийлар ўз лицензияларини ҳар икки ойда узайтириб туришлари керак. Унинг дўстига яқинда ҳеч қандай изоҳларсиз раддия беришибди. Ҳар бир ваъз аввалдан ёзилиб, ҳукумат розилигидан ўтиши керак. Ҳар бир жамоат тегишли муассасаларга ўз етакчиларининг рўйхатини тақдим этиши шарт. Ўтган ҳафтада Брнода бешта биродар устидан суд ўтказилибди, негаки жамоат ўз етакчиларининг рўйхатини бермаган экан. Иккинчи хизматни бошлаш вақти келганди. “Бизда чиқиш қилишни истамайсизми?” – тўсатдан сўраб қолди у. “Бунинг иложи борми? Чиндан ҳам шу ерда ваъз айтсам бўладими?” “Йўқ. Мен “ваъз айтиш” демадим. Сўзларни эҳтиёт бўлиб ишлатиш керак. Сиз ваъз ўқий олмайсиз, негаки чет элликсиз, бироқ сиз Голландиядан “салом йўллашингиз” мумкин. Агар хоҳласангиз, - дўстим жилмайди, - Худодан “салом йўллашингиз” мумкин. Менинг таржимоним тиббиёт олийгоҳидан Антонин исмли ёш талаба эди. Дастлаб Голландиядан салом йўлладим. Бунга икки дақиқа вақт кетди. Сўнгра ярим соат мобайнида келганларга “Исо Масиҳдан” саломлар йўлладим. Бу шунчалик яхши кечдики, Антонин бошқа жамоатда ҳам шундай қилишни таклиф этди. Ўша куни тўрт маротаба чиқиш қилдим ва бешта турли жамоатларда бўлдим. Ҳар бири ўзига хос тарзда ёдимда сақланиб қолган, лекин охиргиси алоҳида тарзда. Зеро мен айнан ўша ерда азоб косасини қабул қилдим. Оқшом соат етти эди. Бу пайтда гуруҳдагилар йўқлигимдан роса ташвишга тушганларини билардим. Мен уларни топишга ҳаракат қилишим лозим эди. Аммо шу ҳақда ўйлаб турганимда, Антонин яна бир жамоатга бора олиш-олмаслигимни сўради, унинг айтишича, айниқса ўша жамоатдаги одамлар хорижлик бирор киши билан учрашишга муҳтож эканлар. Шу боис тағин йўлга отланиб, тезда чекка овлоқда жойлашган кичкина Морав жамоатига етиб келдик. Мен халқнинг кўплигидан, айниқса, ёшларнинг кўплигидан ҳайратга тушдим. Ҳар ҳолда, ўша жойда ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ёшлар қирқ нафарга яқин эди. Мен дастлаб саломимни йўллаб, сўнгра саволларга жавоб бера бошладим. Масиҳийлар Голландияда яхши иш топишлари мумкинми? Мабодо жамоатга борсанг, бу ҳақда ҳукуматга етказишадими? Бир вақтнинг ўзида жамоатга қатнаб, олийгоҳга кириш мумкинми? “Кўраяпсизми, - деди Антонин менга, - ҳозирда Чехословакияда масиҳий бўлиш ватанпарварликка зид. Бу одамлардан айримлари қора рўйхатга киритилган бўлиб, иш топа олишмайди. Аксарияти маълумотга эга эмас. Шу боис, - у ёнида турган ёшгина йигитнинг қўлидан кичкина қутини олди, - улар сизга шуни совға қилишмоқчи”. Ёш йигит чех тилида нималарнидир жўшиб гапирди. “Буни ўзингиз билан Голландияга олиб кетинг, - таржима қилди Антонин, одамлар сиздан бунинг нима эканлигини сўрашганларида, биз ҳақимизда айтинг ва биз ҳам Масиҳ Танасининг аъзолари эканлигимизни, жафо чекаётганимизни эслатиб ўтинг”. Мен қутичани очдим. Унинг ичида майдагина коса шаклидаги кўкракка тақиладиган кумуш нишон ётарди. Мен кийимларининг ёқасида шундай нишон таққан бир қанча ёшларни кўргандим, лекин бунинг нимани англатишини билмасдим. Антонин нишонни пиджагимга тақиб қўйди. “Бу Чехословакиядаги жамоат тимсоли. Биз уни Азоб Косаси дея атаймиз”. Антонин мени меҳмонхонада қолдириб кетганида, тағин унинг сўзлари ҳақида ўйладим. Мен худди Чехословакиядаги масиҳийлар каби Голландияда ҳам жамоатнинг замонавий тарихига оид ҳаётий ҳолатлардан айрилиб қолганимизни тушундим. Азоб косаси бошқалар билан баҳам кўришимиз керак бўлган мавжудлик тимсоли эди. Бироқ ҳозир қаршимда бошқа мавжудлик турарди. Ўз гуруҳимни энди қандай топаман? Улар меҳмонхонада йўқ ва ҳеч ким хайрлашув тушлиги қаерда ўтказилишидан бехабар. Мен гуруҳимиз билан бир неча марота борган ресторанга жўнадим. “Йўқ, жаноб, Голландиядан келган гуруҳ бугун бу ерда тушлик қилмайди”. “Мен шу ерда бутерброд еб олсам бўладими?” “Албатта, мумкин, жаноб”. Мен бутерброддан эндигина бир тишлаган ҳам эдимки, эшик ланг очилиб гуруҳимиз бошлиғи кириб келди. У тезда атрофга кўз югуртириб, мени кўрди ва енгил тин олди. Бироқ шу лаҳзанинг ўзидаёқ қиёфаси ғазабли тус олди. У столим яқинига гўё учиб келгандек туюлди, официантга ҳисоб-китоб чекини улоқтириб боши билан менга эшикни кўрсатди. Унинг гапириш ҳолатида эмаслиги кўриниб турарди. Кўчада бизни ҳукумат машинаси кутиб турган экан – узун қора лимузиннинг мотори ўт олиб турар, рулда ёқимсиз қиёфали бир одам ўтирарди. Биз яқинлашганимизда, у машинадан тушиб эшикни очди ва ичкарига кирганимиздан сўнг ёпиб қўйди. Мени қаёққа олиб боришмоқчи? Голливуд фильмларидаги шунга ўхшаш саҳналарни эслаб, қаёққа кетаётганимизни хотирамда сақлаб қолишга уриндим. Машинанинг йўналишини кузатиб, тўсатдан вазиятнинг кулгили эканлигини тушундим. Машина бизни меҳмонхонага олиб бораётганди. Биз деярли яқинлашиб қолганимизда, гуруҳ раҳбари биринчи маротаба гапирди. “Сиз бизни ярим кун ушлаб қолдингиз. Биз барча касалхоналарга, барча полиция участкаларига қўнғироқ қилдик. Биз ҳатто ўликхонага қўнғироқ қилдик. Афсуски, у ерда йўқ экансиз! Қаерда эдингиз?” “О, - дедим мен, - гуруҳдан қолиб кетиб, пиёда сайр қилдим. Сизга шунчалик ташвиш келтирганимдан самимий афсусдаман”. “Майли, энди расман айтишим керак, жаноб, сизни бу ерда бошқа кутишмайди. Мабодо бу мамлакатга тағин киришга уринсангиз, ўзингиз бунга ишонч ҳосил қиласиз”. Худди шундай ҳам бўлди. Орадан бир йил ўтиб, Чехословакияга виза олмоқчи бўлдим, аммо менга рад этишди. Ушбу омадсиз уринишимдан сўнг икки йил ўтгач, яна виза беришларини сўрадим, аммо бу сафар ҳам рад жавобини олдим. Ва фақат 70-йиллардагина бу мўъжизавий мамлакатга келишимга ижозат беришди. Бу пайтда эса масиҳийлар қувғин қилинадиган шундай жойлар ҳақида билиб олгандимки, улар билан таққослаганда Чехословакия мен учун эркин мамлакат бўлиб туюларди. 9 БОБ. АСОС ПОЙДЕВОРИ Кейинги бир неча ой менга дилгир бўлиб туюлди. Польша ва Чехословакияга саёҳатим деярли аралашувимсиз, ўз-ўзидан ҳал бўлганди. Аммо бу мамлакатларга ёки Темир парда ортидаги бошқа давлатларга бормоқчи бўлсам, кўп ойларга чўзиладиган анкетабозлик, виза беришни кейинга суриш, уч нусхадаги бланкаларни тўлдириш каби бюрократлик тўсиқларига дуч келардим, аммо ҳеч қандай виза беришмасди. Ҳатто кичкина хонам ҳам муаммолар туғдира бошлади. Чехословакияда бўлганимда хонам ҳақида тез-тез ўйлардим, уйга тезроқ қайтишни орзу қилардим. Лекин эндиликда аввал асло ўйламаган муаммоларга дуч келдим. Эҳтимол, масала айнан хонанинг қулай ва шинам бўлгани учундир; у менга ёлғиз эканлигимни эслатиб турарди. Кун бўйи хонамда элчихона учун мактублар ёзиб, мен билан нафақат хонамни, балки маслагимни, ҳаётий қарашларимни баҳам кўрадиган турмуш ўртоғи ҳақида ўйлардим. Ёруғроқ кунларда эса шунчаки ўз устимдан кулардим: гўзал қизни ўзига жалб этиш учун хизматчилик фаолияти кўп ҳам тўғри келавермасди, орзуимдаги қиз эса соҳибжамол эди. Бу гўзал мен ўзимда ҳис этган даъват бўйича хизмат қилишимга нима деркан? Ахир мен унга айрилиқни, махфийлик ва ноаниқликнигина таклиф этишим мумкин. Бу менинг хулосаларим эди, аммо орзуимдаги қизнинг ўзи бу қийинчиликлар ҳақида ҳеч қачон гапирмаган. Бошқа муаммо эса пул билан боғлиқ. Гарчи Гелтье ҳам, Ари ҳам бу мавзуда гапирмаган бўлсаларда, хонадон харажатларида иштирок этишим шарт эканлигини билардим. Саёҳатдан қайтиб келганимдан кўп ўтмай, голланд журнали “Kracht Van Omhoog” мендан Темир парда ортидаги саргузаштларим ҳақида туркум мақолалар ёзиб беришимни сўради. Ўзимда ёзувчиликка мойиллик сезмасдим, шу боис таклифга эътибор бермадим. Бироқ бўш ҳамён билан қўлбола ёзув столи атрофида ўтирганимда, Худонинг овозини эшитгандек бўлдим: “Kracht Van Omhoog” учун мақола ёз”. Бундай амр ақлимни шошириб қўйди. Гап бу ўринда мен илтимос қилиб сўраган пуллар ҳақида кетмаётганди. Лекин бу ишни тезроқ бажариш кераклигини ҳис қилдим ва нафақат Польшада, балки Чехословакияда кўрганларим ҳақида итоаткорлик билан ёзишга тушдим. Эртаси тонгдаёқ бу мақолаларни бир қанча фотосуратлар билан биргаликда журналга жўнатиб юбордим. Муҳаррир миннатдорчилик билан жавоб қайтарди, аммо ўзим тахмин қилганимдек, ҳеч қандай гонорар йўқ эди ва мен бу ҳақда шу заҳотиёқ унутдим. Ва бир куни эрталаб баногоҳ журналдан яна бир хат олдим. Муҳаррр менга ғалати ишлар юз берганлиги ҳақида ёзганди. Мен мақоламнинг ҳеч бир ўрнида моливий қийинчиликлар ҳақида ёзмагандим ва тағин ўша ерларга боришим хусусида қайд этмагандим, лекин бутун Голландиядан муштарийлар менга пул юборишибди. Улар кўп эмас, бир неча гульдендан юборишибди, аммо муҳаррир бу пулларни қаёққа юборишини мендан сўраганди. Менинг молиявий таъминотимнинг ғаройиб қисми ана шу тариқа бошланди. Нотаниш дўстларим юборган биринчи хайриялар камтарона эди, лекин эҳтиёжларим ҳам унчалик катта эмасди. Гелтьега хўжалик борасида ёрдам беришни истардим, эски пиджагим бутунлай тўзиб кетган, Антонинга эса чех тилидаги Муқаддас Китобни юборишга ваъда бергандим. Мазкур эҳтиёжларни қондириш учун “Kracht Van Omhoog” муштарийларидан озгина пул олгандим, холос. Бироқ фаолиятим кўлами кенгайиб, янада аҳамиятлироқ эҳтиёжлар пайдо бўлганида, муштарийлардан келаётган ёрдам ҳам кенгайди. Фақат орадан бир йил ўтгач, Худо молиявий таъминотнинг бошқа йўлларини очди. Аммо “Kracht Van Omhoog” билан ҳамкорлигим натижасида пулдан кўра янада қимматроқ бойликни қўлга киритдим. Бир куни эрталаб почта билан биргаликда Амерсфорт қишлоғидаги ибодат гуруҳи бошлиғидан хат келди. Унда ёзилишича, Муқаддас Руҳ – нега эканлигини ўзлари ҳам билишмайди – уларда мен билан алоқа боғлаш истагини уйғотибди ва мен Амерсфортга бора оламанми? Мазкур таклиф қизиқтириб қўйди. Агарда Муқаддас Руҳ одамлар ҳаракатини шунчалик аниқ йўналтирган экан, буларнинг барчаси ҳақида батафсилроқ билишни истадим. Амерсфортга йўл олдим. Тахминан ўн иккита эркак ва аёллардан иборат гуруҳ билан тўғон қурувчиси Карл де Граф номли кишининг уйида учрашдим. Аввал ҳеч қачон бу каби гуруҳни учратмагандим. Ўзим иштирок этган бошқа ибодат гуруҳларидаги оқшом дастури, етакчи билан суҳбат ва Муқаддас Китобни ўрганиш мавзуси ўрнига бу одамлар ўз вақтларини шунчаки тинглаш билан ўтказадигандек туюлди. Баъзан улар овоз чиқариб ибодат қилишарди – бироқ муайян тартибда навбати билан. Бу ибодатлар чуқур ўйланган кечиримдан кўра Худога бўлган севгининг ногоҳ билдирилган изҳорига ўхшаб кетарди. Гўё хонадаги ҳар бир одам Худонинг жуда яқин эканлигини ҳис этар, Унинг ҳузурида беҳад қувончни изҳор этишдан бошқа ҳеч нимани истамагандек, бирор нарсага муҳтож эмасдек туюларди. Баъзан гуруҳдаги кимдир ниманидир эшитиб қоларди: қайдайдир кўрсатмалар, ташқаридан келаётган маълумотлар. Бу ҳам овоз чиқариб айтиларди. “Америкадаги Йоста она бугун бизнинг ибодатимизга эҳтиёж сезмоқда”. “Худойим, Стефье учун қилган ибодатимизга ҳозиргина қайтарган жавобинг учун Сендан миннатдормиз”. Ибодатнинг бундай янгича кўриниши шу қадар ўзига жалб этдики, гуруҳнинг бошқа аъзолари кетишга тайёрланиб, де Граф хоним мени ўзимга тайёрланган хонага элтганида, жавондаги соат кўрсатаётган вақтга қийинчилик билан ишондим: соат эрталабки тўрт яримни кўрсатарди. Орадан бир неча кун ўтиб, хонамда “Kracht Van Omhoog” учун мақола ёзаётганимда, Гелтье эшикни тақиллатди. “Андрей, сенинг олдингга келишибди. Мен бу одамни танимайман”. Айвонга чиқиб Карл де Графни кўрдим. “Салом”, - дедим ҳайрон қолганча. “Салом, Анди. Сен машина ҳайдашни биласанми?” “Машина ҳайдашними?” “Ҳа, енгил машинани”. “Йўқ, - деб жавоб қайтардим бутунлай ҳайрон қолиб, - билмайман”. “Кеча кечқурун ибодатимизда Худонинг сен ҳақингда айтган хабарини олдик. Машина ҳайдашни ўрганишинг шарт”. “Лекин нима учун? – сўрадим мен. – Балки менда ҳеч қачон машина бўлмас”. “Андрей, - деди жаноб де Граф худди фаҳми пастроқ талаба билан гаплашаётгандек шошилмасдан, - мантиқий хулосалар келтирмоқчи эмасман. Мен сенга фақатгина Худонинг хабарини етказаяпман, холос”. У шу сўзларни айтиб ўгирилди ва ўзини кутиб турган машина сари юрди. Машина ҳайдашни ўрганишим керак эканлиги ҳақидаги фикр шунчалик хаёлий туюлдики, бунга киришмай қўя қолдим. Лекин бир ҳафтадан сўнг тўғон қурувчи тағин келди. “Сен машина ҳайдашни ўргана бошладингми?” “Йў-ў-қ ҳали” “Наҳотки итоат қилиш қанчалик муҳимлигини тушунмасанг? Ўзим сени ўргатишимга тўғри келади, шекилли. Қани ўтирчи”. Ўша куни мен бундан ўн бир йил муқаддам ҳарбий транспортни муваффақиятсиз ҳайдаган кунимдан буён биринчи марта рулга ўтирдим. Жаноб де Граф яна ва яна келаверди, у шунчалик моҳир муаллим чиқиб қолдики, орадан бир неча ҳафта ўтиб, имтиҳонни биринчи уринишдаёқ топширдим – бунақаси Голландияда камдан кам учрайди. Бироқ машина ҳайдашни нега ўрганишим кераклигини асло тушунмасдим. Ахир ўзимда велосипед ҳам йўқ эди. Аммо жаноб де Граф бу мавзуни муҳокама қилишни истамади. “Итоаткорликда алоҳида қувонч бор, - деди у, - Худо нимани режалаштиргани кейин аён бўлади”. Сўнгра мени бошқа масалалардан бир мунча вақтга чалғитган воқеалар юз берди. 1956 йилнинг кузида Венгрияда қўзғолон бўлиб ўтди, шу билан бирга юзлаб ва минглаб умидсиз, қўрқувга тушган одамларнинг нафақат Венгриядан, балки Югославия, Шарқий Германия ва бошқа коммунистик мамлакатлардан Ғарбга қочиши бошланди. Бу қочоқларни чегара яқинидаги улкан лагерларда тўплашар, айтишларича, бу ердаги шароитга тоқат қилиб бўлмасди. Виттедаги бургомистрнинг уйи олдида қандайдир одам нутқ сўзлаб, кўнгиллиларни қочоқларга ёрдам беришга чақирди. Мен биринчи автобус билан лагерга жўнаб кетдим. Кўнгиллилар автобуснинг фақат биринчи қаторларида ўтиришарди, бошқа қисми эса озиқ-овқатлар, кийим ва дори-дармонлар билан тўлган бўлиб, уларни Ғарбий Германия ва Австрияда жойлашган йирик лагердагилар орасида тақсимлаш керак эди. Аммо барибир кўрганларимга нисбатан тайёр эмас эканман. Биргина хонада ўнлаб оилалар яшар, улардан айримлари хонанинг бир қисмини чойшаблар билан беркитиб, алоҳида бўлишга шароит яратишга уринишарди. Биз эҳтиёжлар денгизига шўнғидик: биз кийим ва дори-дармонлар тарқатардик, хатлар ёзардик, алоҳида оилалар учун бошпана топиб беришга уринардик, виза бериш ҳақидаги аризаларни тўлдирардик. Ва албатта, имкон бўлган жойда ибодат йиғинларини ўтказардим. Айнан ўша ерда ўзим учун ҳайратомуз кашфиёт қилдим. Бу одамларнинг катта қисми Муқаддас Китоб ҳақида ҳеч нима билишмасди. Эски режим остида улғайганларнинг аксарияти маълумотсиз эди. Коммунистлар даврида туғилган ёшлар эса яхши маълумот олишган, бироқ Муқаддас Китоб ҳақида ҳеч нарса эшитмагандилар, албатта. Шу боис, мен кўпроқ таржимонлар орқали Муқаддас Китобнинг асосий билимлари билан таништира бошладим. Ўз тажрибамга кўра, бу билимларнинг нақадар қудратли эканини билардим, лекин Муқаддас Китоб мутлақо бир янгилик бўлган одамларга унинг қандай таъсир қилишини кўришга тайёр эмасдим. Шу пайтгача тўлиқ умидсизликка тушган одамлар баракдаги барча кишилар учун руҳий таянчга айланишди. Мен қайғу ўрнини умид эгаллаганини, уятнинг ўрнида қувонч пайдо бўлганини кўрдим. Югославиялик кекса эр-хотин қочоқлар ёдимда. Хотини тўладан келган бўлиб, тозаликка унчалик риоя этмас, ияги остидан бир дюм узунлигидаги мўй ўсиб чиққанди. Аёл ҳеч бўлмаса охирги кучлари билан тўшакда ўзини тутиб туришга уринар, лекин кўплаб аждодлари яшаган фермасидан айрилган эри кун бўйи каравотнинг у томонидан бу тарафига беҳуда тебраниб ўтираверарди. Улар мен баракда ташкил этган Муқаддас Китоб машғулотларига қатнай бошладилар. Эр-хотинлар дастлаб эшитганларидан карахт аҳволга тушишди. Қария тинглаб, кўз ёшларини оқизганча йиғларди. Тўртинчи машғулотга келиб, кекса аёлнинг иягида мўй йўқлигини ва қария ҳам соқол-мўйловини қириб олганини пайқадим. Албатта, бу арзимас ҳолатлар, лекин ўзларини Худонинг севимли болалари эканлигини англай бошлаган бу иккала инсон учун мана шу ҳолат ҳам кўп нарсани англатарди. “Агар қанийди...” – деди қария бир куни машғулотдан сўнг, бироқ сўнгра жим қолди. “Агар нима бўлса?” – сўради таржимон. “Агар буларнинг ҳаммасини анча йиллар аввал уйда, Югославияда билганимда эди”. Шу тариқа Югославияга қиладиган сафарим орзуимга айланди. Биз ўзимиз билан олиб келган кийимлар ва бошқа гуманитар ёрдамлар аллақачон тугаганди, шу боис яна тўплаб олиш учун Голландияга йўл олдик. Уйда бўлганимда, виза олиш учун Югославия элчихонасига мурожаат қилдим. Менга тағин уч нусхадаги бланка беришди, энди ўнталаб буюртма қиладиган фотосуратларга тушишга ундашди, ана шундан сўнг ноумид сўзларни эшитдим: “Ҳужжатларингизни кўриб чиқиш учун вақт керак”. Бланка тўлдиришда фақат бир маротаба иккиланиб қолдим. Варақнинг ўртасида “машғулот тури”ҳақида ёзишим керак эди. Мен ўз фаолиятим бу масалада фойдам учун ишламаслигини ҳис этдим. Бироқ Глазгодаги мактабда бизни нимага ўргатишган? Очиқчасига юриш, ҳеч нимани яширмаслик, негаки биз барча учун очиқмиз. Шу боис, худди аввалгидек катта босма ҳарфлар билан ХИЗМАТЧИ деб ёзиб, ҳужжатларимни устунчада қолдирдим. Бизнинг автобусимиз адёл ва кийимларга, қуюқ сут, қаҳва ва шоколадларга тўлганида, тағин қочоқлар лагерига йўл олдик. Ғарбий Берлинда бўлганимда телеграмма келди – отам боғда ишлаётган пайтида вафот этибди. Биринчи поезд билан уйга жўнадим. Қабристонда оддий дафн маросимини ўтказдик. Голландияда ер кам бўлгани боис урф бўлганидек, онамнинг қабрини очиб, ўша ерга отамнинг тобутини туширдик. Энди кўҳна уйимиз чиндан ҳам ҳувиллаб қолди. Мен салат ва карам жўягини тоқат билан кавлаётган сиқиқ елкали букчайган вужудни жуда соғиндим, менга унинг барчага бўлган севгиси ниҳоятда етишмаётганди. Германияга қайтгач, бошим билан ишга шўнғидим. Қочоқларнинг сўнгги тўлқини Венгриядаги қўзғолон боис пайдо бўлганди, бироқ Ғарбий Германияда бундай лагерлар аллақачондан буён мавжуд, аммо улар ҳақида фақатгина сўнгги воқеалардан кейингина эсга олиб гапира бошлашди. Мазкур лагерларда Иккинчи жаҳон уруши давридан буён барча унутган уйсизлар, фашистлар телбалигининг оқибати – уйсиз, ватансиз бадарға қилинганлар яшарди. Бу одамлар , айниқса, болалар қайғули кўринишни ҳосил қилишарди. Мен ҳеч қачон оиласи, доимий уйи бўлмаган ўн бир-ўн икки ёшли ўсмирларни учратдим. Ёлғиз яшаётганлар бу ерда никоҳдагиларга қараганда кўпроқ устунликка эга эдилар, негаки оилавий турмушлар кам бўлиб, аксарият болалар никоҳсиз туғилишганди. Мен кўп ойлар мобайнида шундай болалар гуруҳини Голландияга олиб ўтиш устида ишладим. Уларни қувонч билан кутиб олган кўплаб оилаларни биламан. Гелтье ва Мартье ҳам шундай болаларни асраб олишлари мумкин эди, аммо тиббий кўрикдан такрор ва такрор ҳаракат қилиб ҳам ўтишолмади. Бундай совуқ ва зах баракларда сил касаллиги билан оғриб қолиш одатий ҳол бўлган. Деворлардаги Швеция ва Қўшма Штатларга соғлом болалар таклиф этилган плакатлар ҳар бир лагерда тўқсон фоизи касалланган болалар устидан худди бир масхарадек туюларди. Мен бундай умидсиз ва қайғули иш устида чарчоқсиз ишладим. Ва мана бир куни эрталаб, қаерда бўлмайин, ҳар кунлик ҳаётимнинг ажралмас қисми бўлган дам олиш чоғида ҳайратомуз бир воқеа юз берди. Мен ниҳоятда сокин бир овозни эшитгандек бўлдим: “Бугун сен Югославияга виза оласан”. Мен ишонмадим. Ишга жуда берилиб кетганим боис аризам ҳақида деярли унутгандим. Аммо барибир эрталабки почтани кутиб, деразадан беихтиёр қараб қўйишимни пайқаб қолдим. Почтачини кутиб, унга пешвоз югурдим. “Сизга Голландиядан хат!” – деди почтачи аёл сумкасини кавлаб. Мен ундан хатни олдим. Мактубда Виттедаги манзилнинг устидан чизилган бўлиб, унинг устидан Гелтьенинг қўли билан Берлиндаги манзил битилганди. Конвертнинг тепасидаги чап бурчагида Югославиянинг Гаагадаги элчихонасининг муҳри босилганди. “Раҳмат!” – дедим мен кўчанинг ўзидаёқ, хатни очиб, унга тушунмаган ҳолда тикилиб қолдим. Югославия ҳукумати афсус билан менга виза рад этилганинини маълум қилганди. Мана шу, холос. Ҳеч қандай изоҳ берилмаганди. Бу нимани англатади? Ахир мактуб ҳақида огоҳлантирилган эдим-ку. Ва бу огоҳлантирувда менга виза берилиши айтилганди. Эҳтимол, шу ерда, Берлиндаги Югославия элчихонасига бориб янги ариза беришим керакдир? Хонамга югуриб бориб, бир жуфт фотосуратларимни олиб трамвай бекатига жўнадим. Орадан бир соат ўтгач, тағин уч нусхада бланкаларни тўлдирдим. Тағин бланкада “машғулот тури” қайд этиладиган қаторга келдим. Мен барча муаммоларим фаолият тури билан боғлиқ эканлиги ҳақида гумонсирай бошладим. “Худойим, - дедим мен, - бу жойига нима деб ёзишим керак?” Ана шунда тўсатдан Буюк топшириқдаги сўзларни эслаб қолдим: “Боринглар, барча халқларга ўргатинглар”. Демак, мен ўқитувчиман, шундай эмасми? Бу сафар анкетага ЎҚИТУВЧИ дея ёзиб, ҳужжатларимни ходимга топширдим. “Мабодо кутиб турсангиз, жаноб, ҳужжатларингизни ҳозир текшириб бераман”. Амалдор эшик ортида ғойиб бўлди. Ҳаяжон ичида йигирма дақиқани ўтказдим ва телеграф калити қандай ишлаётганини эшитгандек ҳам бўлдим. Аммо, ҳарқалай, адашган бўлсам керак. Негаки амалдор қайтиб келди ва табассум билан хайрли саёҳат тилади. Мен бу қувончни бирор киши билан баҳам кўришни истардим. Оиламиз аъзолари биланми? Уйимизда телефон йўқ эди, қўшниларга қўнғироқ қилиш эса ноқулай. Уэтстрларга қўнғироқ қилсамчи? Айнан шундай! Уэтстрларга қўнғироқ қиламан. Қўнғироқ қилишга буюртма бердим, гўшакни эса жаноб Уэтстр кўтарди. “Сизга Андрей қўнғироқ қиляпти. Уйда эканлигингиз қандай яхши бўлди”. “Мен сени Берлинда деб ўйлагандим”. “Ҳа”. “Андрей, таъзиямизни қабул эт”. “Раҳмат. Бироқ сизга хушхабар айтмоқчиман, жаноб Уэтстр. Мен бу қувончни сиз билан баҳам кўрмоқчиман. Ҳозир қўлимда иккита ҳужжат турибди. Биттаси – Голландиядаги Югославия элчихонасидан менга виза рад этилгани ҳақида, иккинчиси эса шу ерда югославиялик амалдор берган визали паспорт. Визани олдим, жаноб Уэтстр! Мен ўша ёққа хизматчи сифатида бораман!” “Андрей, сен яхшиси Голландияга келиб, ўз калитингни олиб кетгин”. “Кечирасиз, жаноб Уэтстр, мен сизни яхши эшитмаяпман. Калит ҳақида гапирдингиз, шекилли”. “Тўғри. Сенинг “Фольксваген”инг калити. Биз ҳаммасини ҳал қилиб бўлганмиз, бизни ҳеч ким бу аҳдимиздан қайтаролмайди. Бир неча ой аввал Уэтстр хоним билан шунга қарор қилгандик, яъни сен виза олсанг, у билан биргаликда бизнинг автомобилимизни ҳам оласан. Уйга келиб, калитингни олиб кет”. Мен Амстердамга келганимда, чиндан ҳам уларни бу қарорларидан қайтармоқчи бўлдим. Бу жуда катта совға эди – уни қандай қабул қилишни билмасдим. “Лекин ишга бориб келишларингиз нима бўлади?” – дея сўрадим улардан. “Бизнинг ишимизми? – таъна қилди жаноб Уэтстр. – Андрей, сен Шоҳга хизмат қиляпсан! Йўқ, йўқ, биз шу ҳақда ибодат қилгандик, хуллас, мана, машинанинг ҳужжатлари”. Ўша оқшом бутунлай қарама-қарши туйғулар қуршовида жаноб Уэтстр билан ҳужжатларни расмийлаштириш учун бордим ҳамда деярли янги, ажойиб кўк рангли “Фольксваген” эгасига айландим. Ягона нохушлик Виттега қилган сафарим чоғида бўлди. Мен уйга эътиборни тортмасдан кириб бормоқчи эдим, аммо ёрқин-кўк рангли “Фольксваген” билан бундай қилиб бўлармиди! Атрофимда дарҳол бу кимнинг машинаси эканлигини билишни истаган қишлоқ аҳли тўпланди. Худди ўйлаганимдек, машина менга тегишли эканлигини айтганимда, бу ҳеч кимга ёқмади. Темирчининг ўғлига машина нега керак экан? “Эътиқод – даромадли иш, нима дейсан, Анди?” – ҳамқишлоқлардан бири ҳиринглаб им қоқди. Гарчи автомобилни менга жаноб Уэтстр совға қилганлигини такрор ва такрор айтсамда, барча кулиб қўярди, мен уларга бу ҳолат ёқмаганини кўрдим: темирчининг ўғли машинада юриши керак эмас. Витте аҳолиси қочоқлар учун менга ҳамиша пул хайрия қилишарди. Энди бу барҳам топди. Ҳамқишлоқларим билан ўзаро муносабатим кейин бошқа ҳеч қачон аввалгидек бўлмади. Бироқ ишлашим зарур эди. Бир неча кун давомида саёҳатимнинг йўналишини белгилаб чиқдим. Мен югослав тилида масиҳий адабиётларни излаб бутун Амстердамни кезиб чиқдим. Барча бу адабиётларни машинанинг хуфя жойларига беркитдим. Худо бу сафаримни қай тариқа молиявий таъминлаши ҳақида унчалик ҳам бош қотирмасдим. Сафарим мартнинг охирига белгиланганди. Жўнаш арафасида Карл де Граф билан учрашмоқчи бўлдим. Машинам борлигини билгач, унинг қиёфасида қандай ўзгариш бўлишини сабрсизлик билан кўришни истардим - зеро, бу, фақат унинг имонга таянган ҳолда машинам бўлишини билганлигининг исботи эди. Аммо жаноб Граф асло таажжубга тушмади. “Ҳа, - деди у, - машинанг бўлишини билардим. Негаки, - сўзида давом этди у чўнтагидан конверт чиқариб, - Худо бизга кейинги икки ой мобайнида сенга пул керак бўлишини билдирди. Ма, олгин”. У қўлимга конверт тутқазди. Мен ҳатто уни очган ҳам эмасман. Ўша пайтга келиб бу ғаройиб гуруҳ ҳақида анча маълумотларни билиб олгандим, шу боис конвертда сафарим учун қанча керак бўлса, шунча миқдорда пул борлигини билардим. Қалбим миннатдорликка тўлган ҳолда улар билан, Уэтстрлар билан, ўз оилам билан хайрлашдим ва Югославияга, Темир парда ортига йўл олдим. 10 БОБ. ТУНДАГИ ЧИРОҚЛАР Қаршимда Югославия чегараси ястаниб ётарди. Ҳаётимда илк бора коммунистик мамлакатга ҳамроҳсиз, ҳукумат ҳомийлик қиладиган гуруҳсиз йўл олгандим. Мен ўз “Фольксваген”имни чегара яқинида, Австриянинг кичик бир қишлоғи чеккасида тўхтатиб, атрофга яна бир бора диққат билан назар ташладим. Югославия ҳукумати 1957 йилда бу мамлакатга келувчилар учун фақат шахсий буюмларини олиб келишларига рухсат берганди. Барча янги нарсалар ёки катта миқдордаги буюмлар шубҳа уйғотарди, негаки бутун мамлакат бўйлаб қора бозорга қарши кураш кетаётганди. Ҳар қандай босма нашрлар қанча бўлишидан қатъий назар чегарада мусодара қилинар, бунинг боиси, уларга худди чет эл тарғиботи сингари қараларди. Ва мана, мен брошюралар ва Муқаддас Китоб билан лиқ тўлган машинам олдида турардим. Хўш, божхона ходимлари ёнидан қандай ўтиб кетишим мумкин? Ана шунда илк бора Худога илоҳиий контрабандачининг ибодати ила мурожаат қилдим: “Худойим, машинамнинг юкхонасида чегара ортидаги Сенинг фарзандларингга етказмоқчи бўлган Калом бор. Сен бу оламда бўлганингда, сўқир кўзларни нурафшон этдинг. Энди эса мени кўрадиган кўзларни сўқир қилишингни илтижо этаман. Божхонадагилар кўриши мумкин бўлмаган нарсаларни уларга кўрсатма”. Хуллас, ушбу ибодат билан қуролланган ҳолда, моторни ўт олдириб, чегарага йўл олдим. Машинам кўриниши билан иккита хурсанд ва таажжубга тушган амалдорлар пайдо бўлишди. Мен бу йўлдан қанча одам ўтиши ҳақида ўйланиб қолдим. Уларнинг паспортимга тикилиб туришларига кўра, биринчи маротаба голландни кўраётганга ўхшашарди. Улар немис тилида айрим расмиятчиликларни бажариш кераклигини ва шундай кейингина йўлда давом этишим мумкинлигини айтишди. Зобитлардан бири олиб ўтаётган буюмларим ҳақида сўради. Брошюралар ётоқ халтамга ўралган, палаткада эса адабиётлар жойлаштирилган бутун бир қутилар бор эди. “Худойим, бу кўзлар ҳеч нимани кўрмай қолсин”. “Кўрсатишингиз шарт бўлган нимадир борми?” “Ҳа, ёнимда пул, соат, фотоаппарат бор”. Божхонанинг бошқа ходими машина ичига қаради. У мендан жомадонимни чиқаришимни сўради. Лекин ундаги буюмлар ичида ҳам брошюралар яшириб қўйилганди. “Ҳа, албатта, жаноб”, - дедим мен. Олдинги ўриндиқни орқага суриб, жомадонни ташқарига чиқардим, ерга қўйиб очдим. Амалдор тепасидаги кўйлакни кўтарди. Айнан шунинг тагида, кўринадиган жойда иккита югослав тилида, яъни хорват ва словен тилидаги брошюралар ётарди. Хўш, Худо бундай вазиятда нималар қилади? “Йилнинг бундай вақтида сизларда об-ҳаво қуруқ экан”, - дедим мен жомадонни текшираётган амалдорга қарамасдан бошқасига юзланган ҳолда. Ва об-ҳаво ҳақида гапиришга тушдим. Унга ўз ватаним ҳақида, соҳил бўйида ҳамиша намчил эканлиги ҳақида гапирдим. Сўнгра барибир ҳаяжонимни боса олмай, ўгирилиб қарадим. Биринчи зобит жомадонимга ҳатто қарамаётганди. У бизнинг суҳбатимизни тинглаётган экан. Унга юзланганимда, ҳушини йиғиб олиб менга қаради. “Текширувдан ўтказадиган яна бирор нарсангиз борми?” “Майда-чуйдалар, холос”, - дедим мен. Охир-оқибат, брошюралар чиндан ҳам майда нарсалар эди. “Уларни текшириб ўтирмаймиз”, - деди божхона ходими. У жомадонни ёпишим учун ишора қилди ва илтифот билан паспортимни қайтариб берди. Биринчи тўхтаб ўтиш жойим Загребда бўлди. Менда Жамил исмли бир масиҳий етакчисининг манзили бор эди. Унинг манзилини менга Голланд Муқаддас Китоб жамиятида беришганди, негаки Жамил аввал кўплаб миқдорда Муқаддас Китобга буюртма берганди. Аммо 1945 йилда Тито раҳбар бўлганидан буён у ҳақда ҳеч нима эшитишмаган экан. Мен унинг эски манзилда яшаётганига умид қилмагандим, лекин бошқа чорам бўлмагани боис унга мартнинг охирида бир голланд меҳмонга келиши мумкинлиги қайд этилган ўта эҳтиёткорона мактуб йўлладим. Энди эса уни топиш умидида Загребга келдим. Югославиядаги масиҳийлар билан илк учрашувим чоғида рўй берган мўъжизалар ҳақида сўз юритишим учун мактубимга нима бўлганини тушунтиришим лозим, гарчи бу воқеа билан сал кейинроқ танишган бўлсамда. У белгиланган манзилга етиб келган, аммо Жамил аллақачон бошқа жойга кўчиб кетган экан. Уйнинг янги эгаси унинг қаерда яшашини билмаган, шу боис хатни почта орқали қайтариб юборган. Токи Жамилнинг янги манзилини почтада излаб топмагунларича, хат икки ҳафта шу ерда қолиб кетган. Мен Югославияга чегарасидан ўтган куни мактубни ниҳоят Жамилга етказишган. Жамил хатни ўқиб ҳайрон қолган. Бу сирли голланд ким ўзи? У билан учрашиш хавфли эмасми? Жамил нимадир қилиши кераклигини сезиб, трамвайга ўтирганча эски манзилига келган. У эски уйининг олдига келиб, йўлакда турганча нима қилиши ҳақида ўйлаган. Голланд келганми ва унинг ҳақида бу ерда суриштирганми? Уйнинг янги эгаси олдига уни қандайдир хорижлик излаётгани ҳақидаги шубҳали воқеани сўраши учун бориш керакми? Нима қилмоқ керак? Айнан шу пайтда мен йўлак четига етиб келгандим. Мен Жамилдан тахминан икки фут нарида автомобилдан чиқдим, у ҳам, албатта, машинам рақамидаги белгилардан мени таниди. У менинг қўлимдан тутиб олди ва биз бир-биримизга ўз бошимиздан кечирганларимизни сўзлаб бердик. Жамил ўз юртида хорижлик масиҳийни кўрганиданоқ қувончдан ўзига сиғмай кетганди. У мен Польшада эшитганларимни такрорларди. Биргина “ҳузурим”нинг ўзиёқ унинг учун кўп нарсаларни билдирарди. Улар ўзларини барчадан ажратиб қўйилган, ниҳоятда ёлғиз ҳис қилишарди. Албатта, у мамлакатдаги бошқа масиҳийлар билан алоқа ўрнатишимга ёрдам беради. У мен билан таржимон сифатида ишлайдиган одамни билади. Хуллас, орадан бир неча кун ўтиб, мен йўлбошловчим ва таржимоним бўлган ёш талаба, бўлғуси муҳандис Никола исмли йигит билан югослав масиҳийларига “салом” йўллаш мақсадида “ўзимнинг кўк рангли “Фольксваген”имга ўтирдим. Автомобиль билан Темир парда ортидаги мана шу илк саёҳатимда ўзимда борлигига аввал ҳам шубҳаланмаган бир қувватни пайқадим. Менга эллик кун учун виза беришди. Етти ҳафта мобайнида узлуксиз ваъз ўқидим, сабоқ бердим, одамларни руҳлантириб, Каломни тарқатдим. Эллик кун давомида деярли саксонта йиғин ўтказдим, баъзан якшанбада энг ками билан олти маротаба чиқишлар қилардим. Йирик жамоатларда, қишлоқларда, овлоқдаги фермаларда ваъз айтдим. Мен шимолда очиқроқ, коммунистларнинг таъсири кучлироқ бўлган жанубда яширин тарзда гапирдим. Юзаки қараганда Югославияда жамоат умуман таъқиб этилмайдигандек тасаввур уйғонарди. Ҳар сафар янги ҳудудга келганимда полиция участкасида рўйхатдан ўтишим керак бўларди, лекин мен имонлилар билан ҳатто уларнинг уйига бориб бемалол учрашардим. Жамоатлар очиқчасига фаолият кўрсатарди. Орадан вақт ўтиб, мен худди “салом” йўллаётгандек кўринишдан воз кечиб, дадиллик билан ваъз айтишни бошладим. Ҳеч ким эътироз билдирмади. Чегара яқинидаги айрим муайян вилоятлардан ташқари мамлакат ичида эркин кўчиб юришим мумкин эди, ҳукумат амалдорлари менинг фаолиятимни назорат қилишмасди. Бу мен умид ҳам қилмаган эркинлик эди. Бироқ Югославияни аста-секин яхшироқ ўрганиб борганим сайин, ҳукумат имонлиларга айнан қандай таъсир ўтказишини тушундим. Бошқарувчи синфнинг асосий эътибори болаларга қаратилганди. Улар кексаларни ўз ҳолига қўйишган, бироқ ёшларни жамоатдан нари тутиш учун ҳамма ишни қилишарди. Биз Никола билан бўлган жамоатлардан бири – рим католик жамоати – Загреб яқинидаги кичкина қишлоқда жойлашганди. Бундаги йиғинларда йигирма ёшдан кичик бирор киши ҳам йўқлигига эътибор қаратдим ва бу ҳақда Николога айтдим. У жавобан ўн ёшли ўғли бор аёлни менга таништирди. “Биродар Андрейга Иосифнинг нега жамоатда йўқлиги сабабини айтгин”, - сўради Никола. “Нега Иосиф жамоатда йўқ дейсизми?” – сўради аёл. Унинг овози қайғуга тўлганди: “Негаки мен маълумотсиз қишлоқи аёлман. Ўқитувчиси эса ўғлимга Худо йўқ деб айтади. Ҳукумат ҳам Худо йўқ дейди. Улар менинг Иосифимга шундай деб уқтиришади: “Эҳтимол, онанг бошқача фикрдадир, аммо биз бу ҳақда яхшироқ биламиз, шундай эмасми? Ёдингда бўлсин, сенинг онанг ўқимаган. Биз унинг устидан куламиз, холос”. Нима бўлди дейсизми? Иосифим мен билан бирга жамоатда йўқ. Улар менинг устимдан кулишди”. Орадан бир неча кун ўтиб, бошқа шаҳардаги масиҳий оилани бориб кўрдик. Уй олдида чанг-тўзон ичида ўйнаётган қизалоққа кўзимиз тушди. “Нега у мактабга бормади?” – деб сўрадим мен Николадан. Қизалоқнинг онаси бу ҳақда бизга сўзлаб берди. Мартанинг хонадонида тушлик олдидан Худога миннатдорчилик билдирилиб, ибодат қилишаркан. Мактабдаги нонушта вақтида Марта бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмасдан, баланд овозда ибодат қилибди. Ўқитувчи ғазабга тушибди. Бизни егулик билан ким таъминлайди, Худоми ёки ҳукумат тайинлаган одамларми? “Бу аҳмоқлик, Марта. Сен бошқа болаларга ёмон таъсир кўрсатяпсан”. Бироқ қизалоққа бу кўникма шу қадар чуқур сингиб кетган эканки, Марта эртаси куни тағин Худога егулик учун миннатдорчилик билдирибди ва уни мактабдан ҳайдаб юборишибди. Аммо биз фақат Македонияда жамоатга қатнайдиган одамларнинг чинакам қўрқувига гувоҳ бўлдик. Югославиядаги олти штатдан энг камбағали бўлган мазкур ҳудудда коммунистик партия айниқса кучли эди. Мамлакатнинг бу қисмидаги биринчи йиғинимиз эрталабки соат тўққизга белгиланганди. Лекин жамоатга келганимизда, бу жойда ҳеч ким йўқ экан. “Ҳеч нимага тушунмаяпман, - деди Никола чўпондан олган хатимизни чиқариб, - биз аниқ манзилга келганимизга ишончим комил”. Соат ўн бирда кутишдан бошқа маъно йўқлигини тушундик. Машинамиз турган кўчага чиқдик. Бироқ жўнай деб турганимизда, қишлоқлик бир киши ёнимиздан ўтаётиб тўхтади ва менга қўлини узатиб, бизга Худонинг марҳаматини тилаганча йўлида давом этди. Машинанинг эшигини энди ёпмоқчи бўлганимда, қишлоқлик яна бир киши келди ва юқоридаги ҳолат тағин такрорланди. Ўша тонг қирқ беш дақиқа мобайнида бутун қишлоқ аҳли тасодифан олдимиздан ўтди ва мутлақо тасодифан шу ерга келган воизнинг автомобилига дуч келиб, қувонч билан саломлашганча қўл бердилар. Ҳатто Никола ҳам нима бўлаётганини тушунишга ва изоҳлашга ожиз эди. Орадан бир неча кун ўтиб Македониянинг бошқа бир қишлоғида ҳам учрашув белгиланди. Чўпон соат саккизга белгиланган йиғин олдидан биргаликда тушлик қилиб олишга чақирди. Саккиз бўлишига беш дақиқа қолганида жамоатга боришимиз кераклигини айтдим. “Йўқ, - деди у деразадан қараб, - ҳали вақти эмас”. Соат 8:15. Чўпонга вақт ҳақида яна эслатдим. “Ҳойнаҳой, одамлар йиғилиб, кутишаётгандир”. “Йўқ, ҳали вақти эмас”. Чўпон бу гал ҳам жавоб беришидан аввал деразадан қараб қўйганига мен эътибор бердим. Соат 8:30. Ниҳоят, чўпон деразага яқинлашиб, қоронғуликка тикилиб қараганча бош ирғади. “Энди борса бўлади, - деди у, - кўраяпсизми, одамлар қоронғи тушмагунича жамоатга келишмайди. Гап ниманидир ноқонуний қилаётганимизда эмас. Айтиш керакки, эҳтиёт бўлишга тўғри келади”. Ана шунда мен бутун Македония бўйлаб кузатиладиган саҳнага шоҳид бўлдим. Қоронғулик ичида ҳаммаёқдан ёқилган керосин пампалар кўринди. Деҳқонлар икки кишидан бўлиб дала орқали келишарди, уч киши бўлиб келаётганлар камчилик ва ҳар бири қўлида лампа кўтариб олганди. Сўнгра шаҳарликлар тупроқ уйлар бўйлаб тушган ягона йўлдан юзлари кўринмаслиги учун фонарларини пастга тутганча келишарди. Улар жамоат биносининг ичида ўзларини осон таниб қолишлари мумкинлигидан қўрқишмасди; бу ерда ҳеч бўлмаганда, барча бир хил таваккал қиларди. Лампаларни деворлардаги махсус қозиқларга осиб қўйишди, залга энди илиқ ва ёқимли нур таралди. Ўша кечқурун мен Масиҳ олдига савол бериш учун кеч оқшомда келган Никодим ҳақида гапирдим. У ҳам Худони зулмат қўйнидан излашга қарор қилганлиги ҳақида айтдим. Аммо бу муҳим эмас. Вақт ва макон ҳамиша Худо сари илк қадамни қандай қўйиш кераклигини билдиради. Ўша кеча хорижлик воизни тинглаш учун деярли икки юзта одам келди. Улардан саксон бештаси гарчи бу йўл зулмат орасидан ўтсада, аввалги ҳаёт тарзидан воз кечдилар ва янги йўлга тушиш учун бу вазиятдан фойдаланишди. Македониянинг бошқа қишлоғида эса полиция билан жиддий учрашув бўлиб ўтди. Мен Николага нафақат йирик шаҳарлардаги, балки қишлоқларда ҳам яшаётган масиҳийлар билан учрашмоқчи эканлигимни айтдим. Носаки кичкинагина аҳоли яшаш маскани бўлиб, у ёққа боришнинг деярли иложи йўқ эди. Биз ўзимиз билан Никола Македонияда деярли билмаган йўлларни кўрсатган иккинчи йўлбошловчини ҳам олдик. Бу ғаройиб масиҳийни барча “тоғажон” деб атарди. Тоғажон бизга дала орқали кетган иккита чуқурликни кўрсатиб, уларни Носакига элтадиган йўл эканлигига ишонтирди. Йўл тобора ёмонлашиб борар, машинамиз ғилдираклари токи юмшоқ ерни босмагунича чуқурликлар янада катталаб борганди. “Мана сенга йўл, - дедим мен. – Яна узоқ юриш керакми, тоғажон?” “Биз етиб келдик!” – деди у узоқдаги дарахтларни кўрсатиб. Биз машинадан чиқиб, Носаки деб номланган бир қанча тупроқ уйлардан иборат қишлоққа етиб боргунча дала орқали пиёда ўтдик. Бу ерда жамоат бўлиши керак эди, бироқ биз ибодатхонани эслатувчи ҳеч нимани кўрмадик. Никола одамлардан суриштириб, қишлоқда ростдан ҳам жамоат бўлганини, аммо фақат биргина киши ибодат қилиб турганини аниқлади. Бу ўз уйини жамоатга айлантирган бева Анна бўлиб, бошқа ҳеч ким бу ерга келмас экан. Биз Аннанинг олдига йўл олдик. У ўзининг олдига Носакига хизматчи келганини эшитиб ҳайрон қолди. “Лекин ҳайрон бўлмаслигим керак, - дея ўз сўзини тўғрилади аёл. – Ахир мен ёрдам сўраб ибодат қилмаган эдимми?” Анна ўзининг жамоатини кўрсатди. Хусусий уйларда диний йиғинлар ўтказиш таъқиқланганди, шу боис Анна бир хонасини шунчаки беркитиб, унга “Ибодат уйи” деб ёзув илиб қўйганди. У ўша ёзувни илганида қишлоқдаги партиявийлар бундан таажжубланишган, аммо ҳеч ким эътироз билдирмаган. Охир-оқибат, Аннанинг ёлғиз ўзи бундай бемаъни хурофотга ёпишиб олган ва ҳеч кимга зиён етказа олмасди. Бироқ энди унинг олдига воиз келди. Бу янгилик дарҳол бутун қишлоққа тарқалди. Бу ердаги деярли ҳеч ким Югославиянинг бошқа ҳудудларида яшовчи кишиларни кўрмаганди, чет элликлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Билмадим, балки бу шунчаки қизиқиш бўлгандир, лекин қоронғи тушгандан сўнг далада ҳаракат қўзғалиб, Аннанинг уйи томон бораётган ялтироқ қўнғизлар нур соча бошлади. Биз мадҳияни такрорлаб, йиғилганларга Хушхабар тарихини айтиб бердик, негаки Анна ёш авлод Хушхабарни билмаслигига бизни ишонтирганди. Биз иккинчи мадҳияни куйлаётганимизда, эшик қаттиқ тақиллади. Барча куйлашдан тўхтади. Анна эшикни очди, остонада полиция мундиридаги икки киши турарди. Улар хонага кириб, тўпланганларни таниб олиш учун узоқ қараб туришди. Сўнгра янада яхшироқ кўриш учун ён бурчакка ўтишди. Шундан сўнг ёндафтарларини чиқариб, исмларни ёзишга тушдилар. Бу ишни тугатгач, Никола ва менга бир қанча саволлар беришди ва қандай тез келган бўлсалар, шундай тез кетиб қолишди. Бундан сўнг йиғиндаги кайфият энди аввалгидек эмасди. Айрим деҳқонлар шу заҳотиёқ уйга кетиб қолишди. Бошқалари шу ерда қолдилар, аммо аввалги жўшқинлик энди йўқ эди. Мен тавба қилиш учун олдинга чиқишни таклиф этганимда, бир қанча кишиларнинг бу даъватга ҳозир бўлганларидан ҳайрон қолдим. “Сиз бугун Масиҳ изидан бориш нимани англатишини кўрдингиз, - дедим мен. – Масиҳий бўлишни истаётганингизга ишончингиз комилми?” Ҳа, улар бунга шубҳа қилишмаганди. Хуллас, ўша оқшом кичкина бир жамоат туғилди, аммо унинг улғайишига имкон бермадилар. Бир йилдан сўнг Никола ўз хатида ҳукумат бу жамоатни йўқ қилганини ёзиб юборди. Бизга ёрдам берган “тоғажон” мамлакатдан чиқариб юборилибди. Эндиликда у Калифорнияда, АҚШда яшамоқда. Аннанинг ибодат уйи ёпилган. Николанинг ўзига келсак, уни ўша ўша оқшомдаги воқеани тушунтириши учун Загребдаги судга чақирганлар. Ҳакам унга огоҳлантириш бериб, эллик доллар қийматига тенг миқдорда жаримага тортибди. Ҳар қалай, Никола осонроқ қутулган. Ўзининг фикрига кўра, фақат талаба эканлиги уни янада қаттиқроқ жазодан қутқариб қолибди. Ҳукумат бошқа жамоатларга тегмай, ҳужум қилиш учун нега айнан шу кичкина жамоатни танлагани Никола учун ҳам, мен учун ҳам мавҳум бўлиб қолди. Югославия йўллари машина ҳайдаш учун ўта ёмон аҳволда эди. Агар биз тоғнинг айланма сўқмоқларидан бир амаллаб ўтиб олмаганимизда, водийга шиддатли оқимларни кечиб боришимизга тўғри келарди. Бироқ кичкина “Фольксваген”им учун энг катта фалокат - асфалтсиз йўллардаги чанг-тўзон. Чанг ҳаттоки маҳкам ёпилган эшик ва ойналар орқали ҳам ўтар, мен унинг машина моторини қай аҳволга тушираётганини ўйлашни ҳам истамасдим. Ҳар тонгдаги дам олиш соатида Никола билан ибодат қилаётганимизда, машинамиз учун ўтиниб сўрайдиган бўлдик. “Раббим, бизда вақт ҳам, машинани шу ерда таъмирлаш учун пул ҳам йўқ, шу боис, илтимос, унинг бузилишига йўл қўйма!” Бизнинг Югославияга 1957 йилги сафаримизнинг ўзига хос хусусияти йўлларда тўхтаб ўтишлар бўлган. Машиналар, айниқса, хориж автомобиллари ўша даврларда кам бўлиб, иккита ҳайдовчи бир-бирларининг ёнларидан ўтганларида, йўл, об-ҳаво, бензин нархи ва кўприклар ҳақида икки оғиз гаплашиб олиш учун деярли ҳамиша тўхтаб ўтишарди. Бир куни тоғнинг чанг кўчаларидан кетиб бораётганимизда қарама-қарши келаётган кичик юк машинасини кўриб қолдик. Ҳайдовчи йўл четида тўхтади, биз ҳам тўхтадик. “Салом, - деди ҳайдовчи, - ўйлашимча, ким эканлигингизни биламан. Сиз бугун оқшом Тернеда ваъз айтмоқчи бўлаётган хизматчисиз”. “Тўғри”. “Бу ўша мўъжиза машинами?” “Нега мўъжиза машина деяпсиз?” “Мен шу машина учун ҳар тонгда ибодат қилишингизни назарда тутяпман”. Кулиб юбордим. Ўтган йиғинда машина ҳақида гапириб ўтгандим, айтганларим шу заҳотиёқ тарқалиб кетибди-да. “Ҳа, - дедим мен, - бу худди ўша машина”. “Майлими унга қараб кўрсам? Мен механикман”. “Бундан жуда миннатдор бўлардим”. Мен “Фольксваген”имга ҳозиргина ёқилғи қуйгандим ва чегарадан ўтганимдан буён унга асло эътибор қаратмадим. Механик орқага ўтиб мотор устидаги қопқоқни кўтарди. У нималаргадир қараб шу ерда узоқ туриб қолди. “Биродар Андрей, - деди у ниҳоят, - ҳозиргина бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Бу мотор амалда умуман ишлаши мумкин эмас. Ўзингиз қаранг. Ҳаво фильтри. Карбюратор. Ўт олдириш. Йўқ, кечирасиз. Бу машина юриши мумкин эмас”. “Лекин у бизни барибир минглаб миль масофадан олиб ўтди”. Механик бош чайқаб қўйди, холос. “Биродар, - деди у, - моторни тозалаб, мойини алмаштириб берсам майлими? Сиз бу ғаройиботга қандай аҳмоқона ёндашаётганингизни кўриб дилим оғрияпти”. Биз миннатдорлик билдириб, механик ортидан Тернедан бир неча миль наридаги унинг қишлоғига йўл олдик. Ва ниҳоят, чўчқа ва ғозлар кўп бўлган кичик бир ҳовлига кириб келдик. Ўша оқшом ваъз айтаётганимизда механик моторни қисмларга ажратиб ҳафсала билан тозалади, мойини алмаштирди ва эртаси тонгда йўлга чиққанимизда, бизга янги ва ярқираб турган автомобилни топширди. Ҳа, Худо бизнинг ибодатларимизга жавоб қайтарганди. 1957 йилнинг 1 май куни Белградга кириб келдик. Биринчи май – коммунистлар учун муқаддас кун. Шаҳардаги меҳмонхона ва ресторанларда жой топишнинг иложи йўқ эди. Мабодо биз ваъз ўқиган жамоатнинг чўпони айтмаганида, Никола билан машинада тунни ўтказган бўлардик. У бизни уйига таклиф этди. Айнан унинг жамоатида ўша кундан бошлаб хизматимни белгилаб берган ҳодиса юз берди. Биз Никола билан одамларга тўлган залга қараганча минбарда турардик. Зал шунчалик тўлган эдики, Хушхабар воқеалари акс эттирилган фланелеграфни қўйишга жой йўқ эди. Ваънинг ўртасида кимдир тақиллата бошлади. Маълум бўлишича, ташқарида турган одамлар ваъзни эшита олишлари учун эшикни илмоғидан ечиб олишган экан. Бу мен яхши кўрадиган ҳайрон қарайдиган қишлоқ одамлари эмас, балки маданиятли, дурустгина кийинган шаҳарликлар эди. Ваъздан сўнг биз Никола билан одамларни тавба учун олдинга чиқишларига даъват этдик. Биз ўз ҳаётини Исо Масиҳга бағишламоқчи бўлган ёки аввалги мажбуриятларидан ўзини халос этмоқчи бўлган киши қўлини кўтаришини сўрадик. Залдаги барча қўллар тепага кўтарилди. Албатта, одамлар тўлиқ тушунишмади! Мен ушбу қадам қанчалик жиддий эканлигини яна бир бора тушунтирдим. Ниҳоятда аниқ қилиб душман ҳукуматда шогирдликнинг шарт-шароитлари ҳақида айтдим. Сўнгра яна бир бора хоҳловчиларни меҳробга таклиф этдим, лекин бу сафар ўрниларидан туришларини сўрадим. Барча ўрнидан турди. Мен ҳайратда эдим. Аввал ҳеч қачон бундай тайёрликни кўрмагандим. Бундай иштиёқдан таъсирланган ҳолда, Масиҳнинг шогирди бўлиш, ҳар кунлик ибодат ҳамда Муқаддас Китобни ўрганишдан иборат ҳаёт нимани англатиши ҳақида гапира бошладим. Муқаддас Китобни ўрганиш орқали Масиҳнинг янги туғилган фарзандлари Унинг сафларида баркамол жангчиларга айланишлари ҳақида сўз юритдим. Мен Глазгодаги хизмат мактабида берилган Муқаддас Китобни ўрганиш режасини ўртоқлашаётганимда, илк бора дўстона кайфиятдаги одамлар менга қарамай қолишганини пайқадим. Улар ўз қўлларига тикилишар, орқа қаторда турганларга қарашарди ва менга қарамаслик учун кўзларини дуч келган бошқа ёққа қадайверишарди. Ҳеч нимани тушунолмай, чўпонга қарадим. У ҳам таажжубга тушгандек туюларди. Никола орқали у менга шундай деди: “Ҳа, биз ҳар куни ибодат қиламиз. Ибодат ҳақида айтганларингиз менга ёқди. Аммо Муқаддас Китобни ўқиш масаласига келсак, биродар Андрей, бу ердаги аксарият одамларда Муқаддас Китоб йўқ”. Ўз қулоқларимга ишонмай унга термулиб қолдим. Мен қишлоқ жамоатларида бундай аҳволга кўниккандим. Аммо билимли космополитик Белградда ҳам аҳвол шу даражадами? Мен тингловчиларга ўгирилдим. “Кимда Муқаддас Китоб бор?” – деб сўрадим. Бутун залда чўпонни ҳам қўшган ҳолда етти киши қўл кўтарди. Мен гапиролмай қолдим. Ўзим билан олиб келган барча Муқаддас Китобни аллақачон тарқатиб бўлгандим. Хўш, сабоқ олишга қаттиқ интилаётган, ўзга йўлдан бораётган миллионлаб бошқа одамларга қарама-қарши оғир йўлни танлаб бошқарувга муҳтож бўлаётган бу одамларга нима ҳам беришим мумкин? Чўпон билан биргаликда мавжуд бўлган Муқаддас Китоблардан фойдаланиш тизимини ишлаб чиқдик: бизнинг жадвалда Муқаддас Китобни ўрганиш учун гуруҳ машғулотлари ўзига хос тарзда, жамоатнинг ҳар бир аъзоси учун муайян соатларда ўтказиладиган бўлди. Ўша куни мен йилдан йилга мустаҳкамланиб борган қароримни қабул қилдим. Ўша оқшом Муқаддас Китобга қўл қўйган ҳолда, одамлар ўрнатган девор орқали Худонинг Каломини Унинг фарзандларига етказиб беришга ваъда қилдим. Мен Муқаддас Китобни қандай сотиб олиб, қай тариқа етказиб келишим ҳақида ўйламагандим. Уларни фақат шу ёққа – Югославияга, Чехословакияга ва Худо очадиган эшик орқали киришим мумкин бўлган барча мамлакатларга олиб келишимни билардим. 11 БОБ. УЧИНЧИ ИБОДАТ Югославиядан уйга қайтаётганимда ўз сафаримни баҳолашга уриндим. Мен бу мамлакатда етти ҳафтадан ортиқ бўлдим. Деярли олти минг миль йўл босдим, юзга яқин йиғинлар ўтказдим ва келгусидаги ишлар учун кўплаб алоқалар ўрнатдим. Бироқ, одамларнинг, юзлаб одамларнинг мурожаатлари янада муҳимроқ эди. Амалда Самовий Салтанатга келган одамлар, янги масиҳийлар, эркаклар ва аёллар ўша пайтда ҳукумат Худо йўқ деб уқтирадиган мамлакатда яшардилар. Уларнинг ҳаёти энди нима бўлади? Янги дўстларимни фақат тахмин қилишим мумкин бўлган машаққат ва қурбонликларга ёлғиз ўзларини ташлаб кетиш юракка оғир ботарди. Менинг уларга Муқаддас Китоб келтириш ҳақидаги қароримга келсак, май тонги ёрқин нурлар сочиб турган ўша кунда бу ниятим Белградда ҳис қилганимдек мураккаб туюлмаганди. 1957 йилда коммунистик давлатлар чегараси орқали ҳеч қандай китобларни олиб киришнинг иложи йўқ эди – диний мавзудаги китоблар ҳақида гапирмай қўя қолай! Уларни қай тарзда олиб ўтаман? Имондош биродарларимни хавф остига қўймаган ҳолда уларни мамлакат ичида қандай тарқатаман? Бундай адабиётлар қайси мамлакатга кўпроқ керак? Нимадан бошлаш лозим? Европа бўйлаб миллар ортидан милларни босиб, уйга тобора яқинлашар эканман, барча бу саволлар хаёлларимни забт этиб келди. Йўқ, ҳушимни йиғиб олдим. Мен уйга бормадим. Виттега, албатта, лекин Витте энди менинг уйим эмасди, мен буни тўсатдан ва аниқ тушундим. Мана нима учун машинани секин ҳайдаганман, йўлда ҳар бир фермер билан ҳосил ҳақида гаплашганимда, харитага ишонч ҳосил қилиш учун тез-тез тўхтаган эканман. Шунда баногоҳ Югославияни тарк этганимдан буён бўйдоқларга хос хонамдаги муқаррар ёлғизлик дамларини имкон қадар кейинга суришга ҳаракат қилаётганимни тушундим. Отамнинг ўлимидан сўнг унинг сарой устидаги кичкина хонасига кўчиб ўтишга қарор қилдим. Бу фикр менга ниҳоятда маъқул кўринди: энди алоҳида кириш эшиги бўлиб, ҳеч кимни безовта қилмаган ҳолда келиб кетишим мумкин эди. Аммо бу тариқа келиб-кетишларим қанчалик ёлғиз эканлигимни ҳам кўрсатди. Бундан ташқари, кейинги ҳаётимда ҳам ёлғизликка маҳкум бўлганимни билардим. Германияда тўхтаб турган вақтимизда муқовасининг ички томонида бир ибодатимга Худонинг жиддий жавоби ёзилган Муқаддас Китобни очдим. Қаҳвани ҳўплаб, бу ҳақда ўзим Югославияда ибодат қилган тунни эсладим. Ўша оқшом ўзимни ниҳоятда ёлғиз ҳис этдим. “Худойим, - дедим мен, - бир йилдан сўнг ўттизга тўламан. Сен эркакка ёрдамчини яратгансан, лекин мен негадир ўзимникини топмадим. Худойим, бугун Сендан нимадир сўрамоқчиман. Мен Сендан бугун ўзимга турмуш ўртоғини сўрайман”. Муқаддас Китобда ана шу ноодатий ибодат санасини белгилаб қўйдим: “12 апрель 1957 йил. Носаки. Турмуш ўртоғини сўраб ибодат қилдим”. Ушбуни ёзиб жавоб учун жой қолдирдим. Орадан беш кун ўтиб Худодан бу илтижомга жавоб олдим. Дам олиш вақтида тўсатдан – мутлақо ишонч билан – Ишаё Пайғамбар Китобида (54:1) ибодатимга жавоб борлигини тушундим. Мен шоша-пиша Эски Аҳдни варақлаб шу сўзларни ўқидим: “ташлаб кетилган аёлнинг болалари эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади”. Бу сўзларни ўзимга қўллашга ва Худонинг иродасидан қувонч олишга уриниб, такрор ва такрор ўқидим. Эҳтимол, ўзимни ташлаб кетилган каби ҳис этарман, бироқ У менга хотин билан никоҳда бўлганимга нисбатан кўпроқ болаларни, илоҳий болаларни беради. Кечирим сўраб жавоб ёздим. Аммо қаҳва ичиб, баҳор гулларига бурканган далага қараб турганимда, илоҳий болалар – асло мен сўраган орзу эмаслигини тушундим. Мен жонли, мавжуд, тўполончи, уришгандан сўнг тузатишга тўғри келадиган, ёғоч бошмоқларда юзлари қизариб югуриб сакрайдиган болаларим бўлишини хоҳлагандим. Лекин ҳаммасидан кўпроқ жонли, мен билан бир тана бўладиган севувчи мавжудот, хотиним бўлишини орзу қилардим. Ҳозир эса мени ҳеч ким кутмаётган уйга кетяпман. Хўш, агар ҳозирнинг ўзида Ундан яна бир бора сўрасамчи? Агар Муқаддас Китобни таваккал очиб, Худонинг аниқ жавоби сифатида бирор оятга бармоғимни қадасамчи? Мен ҳамиша кимдир шу тариқа ўзига бошқарувни изласа кулиб қўярдим. Бироқ ҳар нарса юз бериши мумкин бўлган ажойиб баҳор куни эди, шу боис кўзларимни юмиб, Муқаддас Китобни очдим ва бармоғимни саҳифага босдим. Матнни кўрганимда эса, қийинчилик билан ўз кўзларимга ишондим. Бармоғим Ишаё Пайғамбар Китобини (54:1) кўрсатиб турарди: “ташлаб кетилган аёлнинг болалари эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади”. Мен ўзимга бу оятни тез-тез ўқиб турганим боис китобнинг шу саҳифаси ўз-ўзидан очилиб кетди деб қўйдим. Бироқ бу ёрдам бермади. Энди бутунлай ён бериб, Муқаддас Китобнинг охирига ўз саволимни ва яна такрор берилган жавобни ёзиб қўйдим. “Худойим, менга Сенинг жавобинг ёқмади, лекин у менга бутунлай тушунарли”. Олдимда мени Витте сари узоқ йўл ва кичкина хонамга қайтиш, ёлғизликка маҳкумлик кутарди. Қайтишим ўзим тасаввур этганимдек бўлди. Уйимиз меҳмонхонасида оиламиздагиларга Югославия ҳақида ҳикоя қилиб жуда кечгача ўтирдим. Сўнгра янги бошпанамни тезроқ кўриш мақсадида тепага чиқдим. Кичкина хона зах ва ноқулай туюлди. Каравотнинг ёпинғичини пўпанак босган, стул қанақадир оқликка чўккан, янги гулқоғозлар девордан қўпорилиб тушган. Аммо, охир-оқибат, бизда соҳил бўйида ҳамиша намчил об-ҳаво бўлади. Бу аввал мени камроқ безовта қиларди. Нега энди бу ҳолат назаримда ҳалокатдек туюляпти? Кейинги бир ярим ойда бошим билан ишга шўнғиб кетдим, мақолалар ёздим, Темир парда ортидаги хизматим қандай давом этишини тушунишим учун ибодат қилдим. Уэтстрлар олдига уларнинг кичкинагина “Фольксваген”и қаҳрамонона йўл босиб ўтганини айтиш бордим. “Kracht Van Omhoog” журнали учун янги мақолалар туркумини тайёрладим. Амерсфортдаги Карл де Граф ва ибодат гуруҳини бориб кўрдим. Умуман олганда, ҳамма вақт банд эдим. Шунчалик банд эдимки, ёлғизликни сезмаслигимни ўзимга доимо таъкидлаб турардим. Июль ойида мен таслим бўлдим. “Худойим, - дедим мен бир куни эрталаб сарой устидаги хонамда кичик йиғма темир каравотда ўтирганча, - Сен режалаштирган ўша бўйдоқлик ҳаёти учун яна бир бора ибодат қиламан. Ҳа, мен Сен ташлаб кетилган болалар ҳақида ваъда берганингни биламан, аммо, Худойим, Сен ёлғизга уй беришни ҳам ваъда қилгансан!” Мен гўё бу ҳақда Худога эслатиш учун Забур китобидан 67 санони тезда топдим: “Худо ёлғизларга уй беради”. Худойим, мен сарой устидаги мана шу хона учун Сенга миннатдорчилик билдираман. Унинг қоронғи, зах ва намиққан эканлиги ҳеч гап эмас, мен бунинг учун Сендан жуда миннатдорман. Аммо, меҳрибон Раббим, аслида бу уй эмас. Ҳақиқий уй эмас. Уй – бу мавжуд бўлган, ҳаётий хотин ва болалар”. “Худойим, Павлус ўзидаги ниш ва заҳарни Сен олиб ташлашингни сўраб, уч маротаба илтижо қилганди. Бироқ Сен рад этдинг. Мен турмуш ўртоғи ҳақида икки марта сўрадим. Ҳозир учинчи марта сўрамоқчиман. Балки Сен учинчи маротаба ҳам рад этарсан, Худойим, агар Сен рад этсанг, бу масалага бошқа ҳеч қачон қайтмайман. Мен бу ибодатимни шу ерга, Муқаддас Китобга ёзаман”. Мен уни очиб, орқа муқовасининг ички тарафига сўнгги сўзларимни ёздим: “Хотин сўраб учинчи маротаба илтижо қилди. Витте, 7 июль 1957 йил”. Сўнгра Муқаддас Китобни ёпиб қўйдим. “Айрим одамлар чиндан ҳам ёлғиз ҳаёт кечириш учун яратилганлар. Лекин мен эмас, Худойим, илтимос. Мен эмас”. Ва ниҳоят, сентябрнинг охиридагина жавоб ўрнида талқин қилишим мумкин бўлган воқеа юз берди. Ибодат вақтида баногоҳ қаршимда бир чеҳра намоён бўлди. Ёрқин рангли узун сочлар. Қуёшни булутлар орасидан чиқаришга ундай оладиган табассум. Ранглари товланиб турган кўзлар. Корри. Корри ван Дам. Мен ўша дамда нималарни ўйлаётганимдан қатъий назар, у ҳақдаги фикр шунчалик тез келдики, Худо менинг энг дадил орзуларимга жавоб бераётганлиги ҳақидаги ўйлардан юрагим тўлқинланиб кетди. Бироқ бу қандай юз бериши мумкин? Биз дўстлар ва бир жамоанинг аъзолари эдик, аммо Коррига ошиқ бўлишим ҳақида ҳеч қачон ўйламагандим. Ахир у ҳали қизалоқ эди. Ўсмирлик ёшида эди. Аммо бу... шошмачи, қачон бўлганди, орадан қанча вақт ўтди? Мен фабрикадан кетиб Англияга жўнаганимдан буён тўрт йил ўтди, ўшанда у ҳамшираликка ўқиш учун кетганди. Бироқ у улғайган, албатта. У ҳамширалик курсини тугатиб турмушга чиққандир. Ҳозиргина мактаб кийимини ечган қизалоқдан энди кап-катта қизга айланган, шу тобда эса - агар эрга тегмаган бўлса – жўшқин ва унга мафтун бўлган йигитлардан бирини кўз остига олаётгандир. Орадан бир соат ўтиб, мен Алкмарда Коррининг ота-онаси яшаган кўчада машина ҳайдаб борардим. Биз бу ерга ёшлар йиғинидан сўнг тез-тез келиб турардик. Ўшанда ван Дам хоним бизга пирожной ва қаҳва узатар, жаноб ван Дам эса ўзининг катта каноп трубкасидан шифтга паға-паға тутун пуркаб ўтирарди. Мен уларнинг уйига келганимда нима қилишимни аниқ билмасдим. Ҳар ҳолда, унга шунчаки қараб қўярман. Унинг шу ерда эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун. Балки, эшигини тақиллатарман. “Ван Дам хоним, менга Коррининг манзилини беролмайсизми?” Хўш, эшикни тўсатдан Коррининг ўзи очиб қолсачи? “Салом, Корри, сен турмушга чиқдингми? Агар ҳали эрга тегмаган бўлсанг, менга турмушга чиқ”. Мен нима қилишим ҳақида аниқ бир қарорга келмасдан уй олдига келдим. Ва шу заҳоти бу ерда ҳеч ким яшамаётганлигини кўрдим. Деразалар маҳкамлаб ташланган, боғда ёввойи ўсимликлар кўкариб чиққанди. Томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди, мен уни ичимга ютиб фабрикага йўл олдим. Йўқ, жаноб Рингерс ван Дамларнинг қаёққа кўчиб кетишганини билмас экан. Корричи? У Харлемдаги авлиё Елизавета касалхонасида амалиётни ўтаган. Балки у ҳозиргача ўша ерда ишлар, аммо жаноб Рингерс бу ҳақда ҳеч нима билмайди. Йўқ. У ҳали турмушга чиқмаган, бу ҳақда эшитган бўлишарди. У менинг бу саволларимга жавоб бераётганида, кўзлари чақнаб кетди. “Анди, бу навниҳол хонимга уйланган эркак бахтли бўлади!” Харлемда жуда шошилинч ишларим чиқиб қолганига ўзим ҳайронман. Шундай ажойиб шаҳарда Муқаддас Китоб дўконларини айланиш, жамоатларнинг мен кечириб бўлмас тарзда эътиборсизлик қилган таклифларига жавоб бериш, танишларни бориб кўриш керак эди. Тўппа-тўғри ёқилғи қуйиш шохобчасидан авлиё Елизавета касалхонасига қўнғироқ қилиб, навбатчи қиз Корри ҳақидаги маълумотларни излагунича нафасим бўғзимга тиқилиб турди. “ Ҳа, - жавоб янгради, - у охирги курсда ўқимоқда. Ван Дам хоним, - менинг енгил тин олишим навбатчини бир лаҳза гапдан тўхтатди, - бу йил ван Дам хоним касалхона ётоқхонасида эмас, хусусий уйда яшамоқда”. Навбатчи қиз менга манзилни айтиб, Коррининг квартираси шаҳарнинг ажойиб бир туманидаги хусусий уйнинг юқори қаватида эканлигини айтди: навбатчининг тушунтиришича, уй бекаси кекса бой аёл бўлиб, Корри ҳамширалик ишларини бажариши эвазига унга жой берган экан. Қисқа изловлардан сўнг бу кўчани топиб, Коррининг шундоққина том тагида жойлашган хонасининг деразасини аниқладим. Уй гўё суратлардаги қасрни эслатарди: Коррининг хонасида айвон ҳам бўлиб, унинг тепасида мўъжазгина тик бурчакли минора қад кўтарганди. Мен машинамни бир четга қўйиб орзуларга берилдим. Корри минорадаги малика, мен қурол-аслаҳаларга бурканган рицарь эдим. У Жульетта эди: қиз айвонга чиққанида мен ҳам олдинга чиқаман. Бироқ қиз айвонда ҳам, кўчада ҳам пайдо бўлмади. Кун ўтди. Қоронғи тушди, аммо Коррининг хонасида чироқ ёнмади. Энди романтик ўй-фикрларимни нари суриб, бориб эшикни тақиллатдим. Хизматкор қиз чиқди. Ван Дам хонимни сўраяпсизми? Ҳа, у шу ерда турарди. Лекин ҳозир ўз оиласи билан Алкмарда яшамоқда. “Алкмарда?” Мен ўзимнинг барча тасаввурларим ҳақида унутиб юбордим. “Бироқ уларнинг Алкмардаги уйида ҳеч ким яшамаяпти” Деразалар беркитилган, боғ қаровсиз ётибди ва...”. Ташвишли овозимни эшитиб, хизматкор қиз ортидан оппоқ сочли аёл кўринди. У юмшоқ оҳангда Коррининг отаси жиддий касал эканлигини ва қиз унга қарашиб туриш учун кетганини айтди. Оила зинапоялардан кўтарилиб чиқишга ҳожат бўлмайдиган бошқа уйга кўчиб ўтибди. Аёл менга манзилни берди. Кейинги бир неча кун мобайнида Харлемда режалаштирган ишларимни бажараётганимда қийналиб юрдим. Авваллари жаноб ван Дам билан суҳбатлашишга бир неча дақиқа ажратганимдан ўта хурсанд эдим. Касалдан аҳвол сўрашдан кўра ташриф учун яна қандай табиий сабаб бўлиши мумкин? Хуллас, орадан бир неча кун ўтиб, Алкмардаги ван Дамлар уйининг олдида туриб, эшикни тақиллатдим. Эшикни Корри очди. Уй ичкарисидан тушаётган нур унинг сарғиш сочларини тилларанг тусда товларди. “Мен отангни кўргани келдим”, - дедим ҳадиксираб. Бундай изоҳ уч ёшли болакайни ҳам ишонтира олмасди. Бироқ Корри мени тантанали равишда отасининг олдига олиб борди. Жаноб ван Дам чиндан ҳам оғир бетоб экан, бу шу заҳоти кўзга ташланди. Лекин у келганимдан жуда хурсанд бўлди. Шу боис унинг олдида Темир парда ортидаги сафарларимни ҳикоя қилиб, бир соатга яқин ўтирдим, Корри эса бу пайтда шиша ва патнислар кўтариб кириб-чиқиб турарди, мен унга қарамасликка ҳаракат қилиб ўтирдим. У ҳамшираларнинг оппоқ халатини кийган бўлиб, орзуларимда ҳам етиб бўлмас даражада фаришта бўлиб туюлди. Мана шу тариқа ғаройиб, деярли тутқич бермас ошиқлигим бошланди. Ҳафтада икки маротаба жаноб ван Дамни кўргани борардим, ҳафтада икки маротаба Корри билан эшик олдида оҳиста ва паст овозда суҳбат қилардик. Мен бемор ётган уйда тез-тез бўлиб туришни ножўя дея ҳисоблардим. Корридан менга турмушга чиқишини сўрашимни неча бора ўзимча тасаввур қилдим, бу шунчалик ғалати туюлардики, режамнинг бемаънилигига аввалдан ишониб қўйгандим. Илтимос, менга турмушга чиқ. Кўп вақт уйда бўлмайман, менга хат ёзишинг учун бўладиган манзилимни айтолмайман, мендан бирор хабар олишинг учун ойлар ўтади, гарчи биз бир мақсад йўлида хизмат қилаётган бўлсакда, мен ўзим бўладиган жойлар, кимлар билан ишлашим ҳақида сенга айтиб беролмайман. Агар қачонлардир қайтмасам, нима бўлганини ҳеч қачон билолмайсан. Бунга қўшимча равишда, доимий даромадим йўқлигини ва сарой устидаги хонада яшашимни ҳисобга олгин. Йўқ, Корри бундай ҳаётга рози бўлмайди, у ниҳоятда ақлли ва гўзал. 20 октябрда Венгрия элчихонасидан хат келди. Венгриядаги қўзғолондан бир ҳафта ўтганидан сўнг топширган аризамга жавоб келганди, унда виза олишим мумкинлиги хабар қилинганди. Ана шунда Корридан менга турмушга чиқишини айнан қай тарзда таклиф этишимни тушундим. Мен унга ҳозироқ, шу бугун таклиф билдираман, аммо Венгриядан қайтгунимча жавоб бермай туришини сўрайман. Шу тариқа, мабодо таклифим ҳақида ўйлаб кўрса, туйдан кейин дарҳол ўзи дуч келадиган айрилиқ, махфийлик, ноаниқликларни амалда синаб кўриши мумкин. Мен ўзимга ўзим бунинг барчаси беҳуда эканлигини айтдим. Энди режам бўлганида, қалбим умидга тўлди. Машинага сакраб чиқиб, Алкмаргача бўлган масофани рекорд даражада тез босиб ўтдим. Уйда бемор киши ётганлигини унутиб, эшикни қаттиқ қоқдим. Эшикни узоқ вақт очишмади, яна бир бора тақиллатмоқчи бўлганимда, тўсатдан Корри пайдо бўлди. Унинг юзига бир қараб, ҳаммасини тушундим. “Отангми?” У бош ирғади. “Ярим соат аввал”. У қийинчилик билан гапирди. “Хонада ҳозир шифокорлар бор”. Шу тариқа, ич-ичимдан ёндирган таклифни айтмаган ҳолда, Виттега қайтиб кетдим. Дафн маросимини эътиборга олмасак, уч ҳафта мобайнида Коррини кўрмадим. Шу вақтимнинг барисини Муқаддас Китобнинг Голландияда унчалик кўп бўлмаган венгер тилидаги нашрларини сотиб олишга сарфладим. Уларни машинага венгер тилидаги брошюралар билан бирга жойладим. Ниҳоят, ой нур сочган кечалардан бирида Коррини сайрга таклиф этдим. Биз токи машина чироқлари ўнгга бурилиб кетган йўлни ёритмагунича, кенг тўғон бўйлаб кетдик. Мен бурилдим ва биз тўхтадик. Бизнинг оёқларимиз тагидаги каналда ойнинг шуъласи акс этарди. Манзара жуда гўзал эди. Бироқ мен ҳаммасини нотўғри айтдим. “Корри, - деб бошладим, - менга турмушга чиқишингни хоҳлайман, лекин сенга қанчалик оғир бўлишини тушунтириб бўлмагунимча “йўқ” дема. Иккаламизга ҳам оғир бўлади”. Сўнгра мени Худо даъват этганига чин қалбдан ишонадиган ишимни тасвирлашга тушдим. Мен мабодо шундай қарорга келса, кейинги ой уни кутадиган ҳолатлар учун амалий мисол бўлишини айтдим. “Сен телбаликка қўл урган бўласан, Корри, - гапимни қайғули оҳангда тугатдим, - лекин хотиним бўлишингни жуда истаяпман!” Монологимни тугатганимда, Коррининг кўзлари янада каттароқ очилиб кетди. У нимадир айтмоқчи бўлиб оғзини очганида, кафтимни унинг лабларига босдим. Уни уйининг олдида қолдирганимда, Венгриядан қайтиб келганимдан сўнг, у ўз жавобини айтишга ваъда берди. Европага қилган бу галги сафарим аввалгиларидан қанчалик фарқ қиларди! Мен айрилиқ Коррига кўпгина нарсаларни аён этиши ҳақида ўйлардим, лекин бу сафардан ўзим ҳам кўпгина нарсаларни билим олишимга шубҳа қилмасдим. Аввал машинам ғилдираклари остида тез эриб кетадиган йўллар чексиздек ва мени Корридан тобора узоқларга олиб кетаётгандек туюларди. Чегарадан ўтиш ҳам аввалгиларига қараганда қийинроқ кечди. Билмадим, Венгриядан нега бунча қўрқдим экан. Балки Алкмарга қайта олмасликдан хавотир ёки қочоқлар лагерида ўзим кўп эшитган даҳшатли воқеалар мени чўчитиб қўйгандир. Аммо Худо “яна бир бор “кўрадиган кўзларни сўқир” қилиб қўйди ва ниҳоят, Венгрия қишлоқларидан бирида бўлиб қолдим. Мен бораётган йўл Дунай дарёси бўйидан ўтганди. У ҳақиқатдан ҳам қўшиқларда куйланганидек ажойиб эди, гарчи унинг одатий кўкиш ранги оқ-малла тус олган бўлсада. Қорним очқаб дарё бўйида тушлик қилиш учун тўхтадим. Йўлдан бурилиб, нақ кўлмакда тўхтадим ва зиёфат учун барча керакли нарсаларни чиқардим. Сафар плиткамни олишим учун чегарада сезиб қолишмаган брошюрали бир неча қутиларни чиқаришимга тўғри келди. Мен эндигина нўхат ва савзили баркани очганимда, моторнинг гувиллаши эшитилди. Бошимни кўтардим.Тўппа-тўғри мен томон баланд тўлқинлар ҳосил қилиб катта тезликда катер сузиб келарди. Катернинг учида автоматини қия ушлаган аскар турарди Энг сўнгги лаҳзада катер бурилиб олиб, нақ соҳил бўйида тўғриланиб тўхтади. Энди катерда яна иккита аскар борлигини кўрдим. Биринчи аскар соҳилга сакраб тушди, кейин иккинчиси ҳам тушди. “Худойим, - дедим оҳистагина, - қўрқувни енгишимга ёрдам бер”. Биринчи аскар мени нишонга олиб турди, бошқаси эса машинага қараб югурди. Машина эшигини очганларида ҳам нўхатли савзини қизитишда давом этардим. Мен тушунмасликларини яхши англаган ҳолда голландча гапира бошладим. “Хўш, жаноблар, - дедим тушлигимни кавлаштираётиб, - шундай ажойиб кунда сизларни кўрганимдан бағоят хурсандман”. Аскар менга оқариб кетган нигоҳлари билан қаради. “Кўраяпсизки, - давом этдим сўзимда, - овқатланмоқчи бўляпман”. Орқадан машинанинг бошқа эшиги очилганини эшитдим. Зиёфат қутисига энгашиб, яна иккита тарелкани олдим. “Бирга овқатланишни истамайсизларми?” – дедим таклиф маъносида қошларимни кўтариб. Аскар гўё овқат билан уни сотиб олиш мумкин эмаслигини англатгандек илкис бош чайқади. “Ҳеч бўлмаса, нўхатли сабзига сотилмайсан”, - дея гапирдим ўзимга. Иккинчи аскарнинг шу яқинда қадам ташлаб юрганлиги эшитиларди. У хоҳлаган пайтда қутиларда нима борлигини сўраб қолиши мумкин. “Майли, ўзларингиз биласизлар, - дедим баланд овозда, - агар қарши бўлмасаларингиз, тушлигим совумасидан овқатланиб олай”. Мен қошиқ билан косани кавлаштирганча ўйланиб қолдим. Овқатланишдан аввал ибодат қилсам бўлармикан? Лагерда Венгрияда ҳозир масиҳийларга алоҳида бир шубҳа билан қараётганларини айтишганди, зеро улардан кўпчилиги қўзғолонда етакчилик вазифасини бажаришган экан. Э йўқ, ахир бу вазият мана шу одамларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик бериш учун имконият-ку. Ибодат қилаётганимда машинамни текшираётган аскарлар бирор овоз чиқаришмади. Бироқ ибодатимни якунлаган чоғда тез яқинлашиб келаётган қадам товушларини эшитдим. Мен санчқини олиб тушликнинг биринчи порциясини оғзимга олиб бордим. Иккала аскар бир неча лаҳза олдимда иккиланиб қотиб қолишди. Сўнгра улар тез ўгирилиб, орқаларига қарамасдан ўз катерларига қараб югуришди. Мотор гувиллади ва сувда айлана бўйлаб кўпиклар сачради. Будапешт – мен бўлган мафтункор шаҳарлардан биридир; бу иккала қадим шаҳар, Буда ва Пешт Дунай дарёсининг иккала тарафида жойлашган. Қўзғолоннинг оқибатлари ҳамма ёқда кўриниб турарди: биноларда ўқ излари қолган, дарахтларнинг тепаси йўқ, трамвай рельслари издан чиққан. Менга Будапештнинг машҳур университетларидан бирида юқори вазифани эгалловчи профессор Б.нинг манзилини беришди. Мен ундан таржимоним бўлишини сўраганимда розилиги нимани англатишини тушунмагандим. “Албатта, биродар, - деди у, - биз биргаликда ишлаймиз”. Дарвоқе, бундай қарор ўша биродаримнинг кейинги фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Профессор Муқаддас Китобни кўриб, қувончдан ўзини йўқотиб қўяёзди. У Муқаддас Китоб сотувда деярли йўқлигини айтди, шундай бўлсада ўнлаб жамоатлар очиқчасига ишлаётган экан. Агар мени таваккал иш тутаётганим жуда безовта қилмаётган бўлса, мутлақо хотиржамлик билан китобларни тарқатишим ва ваъз қилишим мумкин экан. “Таваккал дейсизми?” “Хўш, биласизки, қўзғолон яқиндагина бўлиб ўтди. Ҳукумат жамоатнинг ҳар бир қутлуғ кечлигини фитнага тайёргарлик кўрилиш деб ҳисоблайди”. У ҳаммадан кўпроқ чўпонларнинг азият чекканини айтди. Будапештдаги чўпонларнинг аксарият қисми режимга қарши экан, уларнинг учдан бир қисми қамоқхоналарда ўтирган, айримлари олти йиллаб озодликдан маҳрум этилган. Ҳар бир руҳоний ўз фаолиятига рухсатхомани икки ой оралиғида узайтириб туриши шарт бўлиб, бундай талаб уларни доимий таранг кайфиятда ушлаб тураркан. Профессор Б. мени ўзининг дўсти, ислоҳот жамоати чўпонининг уйига олиб борди. Мезбон ўта эҳтиёткорлик билан эшикни очиб, бизни киритишидан аввал зинапоя майдончисига қараб қўйди. Унинг бутун квартираси лампа қалпоқларига тўлиб кетганди. Айримлари тайёр, бошқалари эса тайёрланиш жараёнида эди. Уларда Будапешт кўчалари анчайин нўноқлик билан тасвирланганди. Бу инсонга сабабларини айтмасдан, яқинда вазифасидан бўшатишибди. Энди ибодат хизмати чоғлари минбар жойлашган тепада ўтиришига рухсат йўқ экан. Ўзининг иштироки бошқа одамларга зиён келтириши мумкинлигидан қўрқиб, ўзи ва хотини ҳам жамоатга бормай қўйишибди. Ҳаётий таъминотлари учун пул топиш мақсадида лампа қалпоқларига сурат чизишни бошлабди. Унга ўз оиласини боқиш учун эрта тонгдан ярим тунгача меҳнат қилишига тўғри келаётган экан. Биз бу ердан қайтганимиздан сўнг, профессор Б.дан бу чўпоннинг тақдири бошқаларники билан қанча ўхшашлигини сўрадим. “Келишувга бормайдиган жамоат учун одатий ҳол, - деди у, - бироқ кўплар ўз нуқтаи-назарларига кўра ёндашадилар. Улар нафақат сиёсий масалаларда, балки имоннинг асосларига тааллуқли вазиятларга “мослашадилар”, яъни амалда режимнинг қуролларига айланишади”. Мен профессор Б.дан бирорта шундай жамоатга олиб боришини сўрадим, у эса ўша жамоатнинг чўпони шу куни мактаб фестивалини ўтказаётгани ҳақида айтди. Ҳа, бу чўпоннинг муроса йўлини тутганига ишонч ҳосил қилдим. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, у биз билан гаплашиб олгани келди. “Мана шу гуруҳдаги болаларнинг учдан бир қисми, - деди у мактаб ҳовлисида саф тортган ёшларни кўрсатиб, - бизнинг жамоатга тааллуқли”. Чўпон тушунтириб ўтганидек, ҳар бир ўсмирда унинг тартиб-интизомли фуқаро эканлигини акс эттириб турадиган ёрқин-қизил бўйинбоғ бор. Бўйинбоғни тақиш болаларнинг ўз ота-оналаридаги диний хурофотга қарши “тегишли муносабатлар”ининг бир шарти экан. “Қандай хурофотни назарда тутяпсиз?” – сўрадим мен. “О, мўъжизалар. Яратилиш тарихи. Биринчи гуноҳ. Инсоннинг тубанликка тушиши. Шунга ўхшаш гаплар. “Исонинг Худо эканлиги ҳақида нималар дейилмоқда?” “Ҳа, бу бизнинг хурофотлар рўйхатимизда биринчи ўринда туради”. “Сиз ўзингиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?” Чўпон юзини пастга қаратди. “Мен нима ҳам қила олишим мумкин?” – у елкасини қисиб қўйди. Болаларнинг бу байрамдан ҳузур қилишаётгани кўриниб турарди. Ана шунда Польша ва Чехословакияда эшитганим қўрқинчли думбирлатишлар яна янграб қолди. Аввал бўлганидек, улар дўпиллатишни тўсатдан бошлаб юборишди, лекин йигирма сониядан сўнг ягона товушга айланган бир текисдаги зарбаларга ўтишди, бу худди болға билан қандайдир ғайриоддий сандонга ураётганга ўхшарди. Бом. Бом. Бом. Умумий бирликда, ҳамма биргаликда, худди бир кишидек. Мактаб директори дўмбиллатишларни тўхтатмас, бу эса мени ақлдан оздирай дерди. Чўпоннинг ҳам бундан мен каби азобланаётганини кўриш мумкин эди. Мен чўпон қулоқларини беркитмоқчи бўлгандек қалтираётган қўлларини беихтиёр кўтарганини, аммо бунга журъат этмаганини пайқадим. Мактабдаги тантана тугаганидан сўнг, чўпон бизни жамоатга олиб борди. У мукаммаллаштирилган иситиш тизими ва янги деразалар, жамоатнинг кенгайтирилган ўйин майдончаси ҳақида гапириб, менга тўсатдан мурожаат қилди: “Биродар Андрей, хўш, мен нима қилишим керак?” Унга шу заҳоти жавоб қайтармадим. Унинг ҳолатида бўлмаган ҳолда, қандай қилиб маслаҳат беришим мумкин? “Кучли бўлиш керак”, деб айтиш осон. Амо бу инсон ўзида лицензия борлигини билар, демак, оиласининг таъминоти учун ҳукуматнинг инжиқликларига чидашга мажбур. Мен унга маслаҳат беролмасдим, аммо хатарнинг юзига тик боқиб, Исонинг қутқарувчи севгисини тарғиб этган Польша, Чехословакия, Югославиядаги масҳийлар ҳаёти ҳақида айтиб беришим мумкин эди. Назаримда, одамлар қалбларида ана шундай севги билан имоннинг бошқа ҳақиқатларини тушуниб етадилар. Профессор Б. Венгрияда чекловларни айланиб ўтиш йўлини топаётган жамоатлар ҳақида гапириб берди. Хушхабарчиликнинг энг қизиқарли намуналаридан бири дафн ва унашув маросимларида ўтказиларкан. Бир куни эрталаб профессор Б. мени венгерча тўйга таклиф этди. “Сиз бунга ўхшаш ҳеч нимани кўрмагансиз, - дея ишонтирди у мени. – Энди эса диққат билан эшитинг, сиздан ғаройиб бир ишни қилишингизни сўрайман. Сизга гапириш имкони берилади, ана шунда ёшларни тезда табриклаб қўйишингизга тўғри келади, сўнгра эса қутқарилиш ҳақида ўзингиз айта оладиган энг қайноқ ва энг долзабор ваъзингизни ўқишингиз мумкин”. Мен кулиб қўйдим. “Кулманг, - деди профессор Б.- Биз ҳозирги вақтда айнан шу тариқа ваъз ўқиймиз. Одамлар жамоатга боришдан қўрқишади ва бизга тўй ёки дафн маросимларимларини ўтказишимиз учун мурожаат қилишади. Шу боис биз вазиятдан фойдаланиб, қутқарилиш ҳақида ваъз айтамиз! Ўтган ҳафтада давлат амалдорларидан бири шундай деди: “Ишончим комилки, сизлар биродарларингизнинг тез-тез ўлиб, уларнинг қабри устида ваъз ўқиш учун ибодат қиласизлар”. Хуллас, мен тўйда ваъз айтдим, сўнгра профессор Б. билан, аввал ўзим фойдаланган, Голландиядан “салом йўллаш” усули ҳақида фикрлашдим. Бу таклиф унга маъқул тушиб, шу заҳотиёқ ундан фойдаланишни истаб қолди. Шу боис дарҳол қўнғироқ қилишни бошлади. Ўша оқшомнинг ўзидаёқ биз шаҳарнинг энг йирик жамоатларидан бирида одамларни ғафлатдан уйғотиш учун махфий йиғинни ташкил этдик. Кейинги кун бошқа бир жамоатда яна йиғин ўтказдик. Ва шу тариқа ҳар оқшом давом этаверди. Биз йиғин охиригача навбатдаги учрашув қаерда ўтказилиши ҳақида асло эълон қилмасдик. Бироқ ҳатто шундай ҳолатда ҳам одамлар келгинди голланднинг чиқишини кутиб, жамоатнинг йўлагида туришарди. Бунинг ҳаммаси бизга жуда катта эътиборни тортди ва тез орада янги ҳийлани ўйлаб топдик, яъни айнан қаерда ўтказилишини аниқ айтмаган ҳолда кейинги куни йиғин ўтказилишини эълон қиладиган бўлдик. Ва кейинги куни одамлар учрашув қаерда ўтказилишини бир-бирларига телефон орқали билдирадиган бўлишди. Биз бир куни йиғин бошланишини кутиб, минбар яқинида ўтирганимизда, чўпонлар тўпланганлар юзига қандай қараётганларига эътибор бердим. “Улар махфий полицияни излашмоқда, - тушунтирди профессор Б. - Биз улардан кўпини юзларидан таниймиз. Қўзғолондан сўнг қандай сабаб бўлишидан қатъий назар, катта оломонни тўплаш хавфли бўлиб қолди”. Асабийлик ва ташвиш юқумли бўлади, шу боис, бизнинг хушхабарчилик компаниясида ҳам полиция билан нохушликлар рўй берадиган бўлди. Бир куни кечқурун чиндан ҳам полиция келди. Мен буни профессорнинг юз ифодасидан пайқадим. “Улар шу ерда”, - шивирлади у ва менинг “улар” ким эканлигини сўрашимга ҳожат қолмади. У ўзи билан бошқа хонага ўтишим ҳақида ишора қилди. Бу ерда бизни фуқаролик кийимидаги икки киши кутиб турарди. Улар менга аллақанча саволлар беришди ва эртаси тонгда ўзларининг департаментларига профессор билан бирга боришим кераклигини айтишди. “Охирги маротаба, - деди профессор улар кетганидан сўнг, - икки кишини ҳибсга олишди. Улар қамоқхонада узоқ қолиб кетишди”. Ибодатдан сўнг барча чўпонлар нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳатлашиш учун йиғилишди. Профессор барчани унинг уйига бориб ибодат қилишларига таклиф этди. Шу тариқа биринчи марта унинг уйида бўлдим. Мен профессорнинг Шарқий Европада қандай ўринни эгаллаганини унутиб қўйгандим: унинг квартираси кенг ва шинам эди. У шундай ҳолатда туриб таваккал қилибди-я! Профессор менга шу заҳотиёқ ёқиб қолган ўғли Янош билан таништирди. У яқинда уйланган бўлиб, ишлари ривож топаётган ёш адвокат экан. У ҳам масиҳийларнинг тўла қонуний бўлмаган йиғинларида иштирок этиб, ўз жамиятдаги ҳолатини қурбон қилишга тайёр эди. Ўша оқшом еттита масиҳий бирга эдик, биз таваккалига Жамоатни яширин қайта тиклашга киришган дамлардан буён илк бора шундай тўплангандик, бизлар Худонинг Ўзи ҳукумат билан тўқнашишдан мўъжизавий тарзда асраши учун ибодат қилиш мақсадида тўплангандик. Биз ҳаммамиз профессор Б.нинг меҳмонхонасида, хона ўртасидаги кичкина қаҳва столининг атрофида тиз чўкканча ибодат қилдик. Бир соат мобайнида сидқидилдан бизни ночорликдан қутқариши учун Худога илтижо қилдик. Ва тўсатдан ибодат қилишдан тўхтадик. Ҳар биримиз айни бир вақтнинг ўзида Худо бизни эшитиб, ибодатимизга жавоб қайтарганига ишонч туйғусини ҳис этдик. Биз бир-биримизга ҳайрат билан кўз қисганча, ўрнимиздан турдик. Соатга қарадим. Тунги 11:35. Мана шу дамларда эртага ҳаммаси яхши бўлишини аниқ билиб турардик. Эртаси тонг соат роппа-роса тўққизда биз профессор билан биргаликда полиция бошқармасида эдик. Кутиб турганимизда, профессор бу бошқармани жуда яхши билиши ҳақида менга шивирлаб қўйди. Департамент бошлиғи Жамоатни таъқиб этишдан чарчамасди. Ўринбосари эса анчайин вазмин одам эди. “Бизга бошлиқ олдига боришимиз буюрилган, - деди профессор оғзини беркитиб. – Бу ёмон”. Соат тўққиздан ўттиз дақиқа ўтди, сўнгра ўн бўлди. Мана, соат ўн бир. Биз иккаламиз ҳам бу каби бюрократлик тўсиқларига ўрганиб қолгандик, бироқ бу ҳеч бир қолипга тўғри келмасди. Ниҳоят деярли ўн икки бўлганида амалдор кўринди. “Мен билан юринглар”, - деди у. Биз профессор билан бирга амалдор ортидан узун йўлакдан ўтиб бордик. Бошқарма бошлиғининг хонаси ёнидан ўтиб, юришда давом этдик. Ниҳоят, тўхтадик. Амалдорнинг айтишича, бошлиқ кеча кечқурун касал бўлиб қолибди. Бизнинг ишимиз ўринбосарга топширилибди. Профессор менга тезкор назар ташлади. Орадан йигирма дақиқа ўтиб, биз хонадан озод одамлар бўлиб чиқдик. Ўшанда бошлиқ айнан соат нечада касал бўлиб қолганини жуда сўрагим келганди. Ҳозиргача аминманки, бизга шундай дейишган бўларди – тунги 11:35. Ҳукумат билан тўқнашув бизни Будапештда янги йиғинлар ташкил этиш имконидан маҳрум этди. Профессор мен учун мамлакатнинг шарқига ўн кунлик сафар уюштирди ва таржимон ҳам топиб берди. Будапештга қайтганимда эса сафар ҳақида айтиш учун дўстим ва унинг ўғли олдига йўл олдим. Бироқ қандайдир ноқулайликни дарҳол сездим. Биринчидан, ота ва ўғил ҳам кундузи уйда эдилар. Ҳеч бири нималар юз бергани ҳақида оғиз очмади. Улар бошқа куни келишимни сўрашди ва жўнашим арафасида улар билан бирга нонушта қилдим. Эртаси тонгда тағин фалокатнинг зирқиратиб оғритадиган ҳиссини сездим. Биз столдан турганимизда, Янош чўнтагидан кичкина пакет чиқарди. Мен кейинчалик бу оилада қандай ҳодиса юз берганини билдим, фақат ана ўшандагина мана бу сўзларнинг маъноси тушуниб етдим. “Биз сизга қандай миннатдорчилик билдиришни билмаймиз, - деди Янош, - сиз мамлакатимизга келиб, катта таваккал қилдингиз. Мана буни эса сизни Голландияда кутаётган қиз учун совға қилмоқчимиз”. Мен уларга Корри ҳақида гапириб бергандим. Қутичанинг ичида ёқутлар билан зийнатланган қадимий тилла соч тўғнагич ётарди. Улар юзимдаги қиёфани кўриб кулиб юборишди. Янош ёш хотинининг елкаларидан қучди. “Анди, биз унинг сизга “ҳа” дейиши учун ибодат қиламиз”. Австрия бўйлаб уйга қайтаётганимда йўлнинг нақ чеккасида кичкина палаткамни ёзиб тунаб қолишимга тўғри келди. Ярим тунда даҳшатли тушдан уйғониб кетдим. Ортимдан қизил бўйинбоғ таққан бир гуруҳ полициячилар югуриб, кафтларини бир-бирига қарсиллатиб уришарди. Мен бу тушнинг профессор Б. га қандайдир алоқаси борлигини тушундим, унга хавф таҳдид қилаётганига ишончим комил эди. Эртаси куни ўзим етиб келган шаҳардан унга хат юбордим. Голландияда Виттега ҳатто бормадим, дарҳол Харлемга йўл олдим. Касалхонада Коррининг соат учдан ўн биргача ишлашини айтишди. Мен уни асосий чиқиш йўлагида кутиб ўтирдим. Кўча чироқлари ёруғида унинг сочлари тилларанг эмас, балки мисдек товланарди. Тик оёқда туриб кўп соатлик ишлашдан сўнг Корри толиққандек кўринарди. Аммо у кулганида, чарчоғи ундан учиб кетгандек бўлди. “О, Анди! – деди у. – Мен ҳам сени севаман! Наҳотки сен ҳамма муаммо ана шунда эканлигини кўрмаётган бўлсанг? Мен барибир сен ҳақингда ташвишланаман, соғинаман ва ибодат қиламан. Телба дўстинг бўлганимдан кўра, безовта хотининг бўлганим яхшироқ”. Келгуси ҳафтада биз Харлемдаги заргарлик дўконига бориб иккита никоҳ узуги сотиб олдик. Голландияда никоҳгача узукларни чап қўлда, тўйдан сўнг ўнг қўлда тақиб юриш одати бор. Биз Корри билан иккала узукни ҳам қасрининг тепа қаватидаги кичкина хонасига олиб бордик. Ўша ерда қутини очдик ва биримиз иккинчимизнинг бармоғига узук тақдик. “Корри, - дедим бу сўзлар бизнинг шиоримизга айланишини билмаган ҳолда биринчи маротаба, - Корри, йўл бизни қаёққа бошлашини билмаймиз, шундай эмасми?” “Бироқ, Анди, - у гапимни якунлади, - кел, ундан биргаликда ўтайлик”. Виттега келганимда, мени профессор Б.нинг хати кутиб турган экан. У Венгрияга борганим учун яна бир бора миннатдорчилик билдирибди. Унинг айтишича, жамоат аъзоларининг бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари туфайли жамоат кучли мустаҳкамланибди. У менинг яна бир бора келишимга ва бошқалар мендан намуна олиб, Венгрияга келишларига умид билдирибди. “Бироқ, - деганди у янгиликни ўзига хос тарзда билдириб, - менга нима бўлганини сиз билан баҳам кўришим керак деб ўйлайман. Бу сизнинг ташрифингиз боис юз берди деган хаёлга борманг, бу ҳар қандай ҳолатда ҳам мен билан содир бўларди. Мени университетдан кетишга мажбурлашди. Хафа бўлманг: бизнинг Нажоткоримиз учун кўп нарсалардан воз кечишга тўғри келган биргина мен эмас. Сиз ҳеч бир ҳолатда фавқулодда муҳим бу ишдан бош тортишингиз мумкин эмас. Бу сизнинг вазифангиз, Андрей; ҳар биримизда ҳам ўз вазифамиз бор. Гарчи сиз эшитмасангизда, биз ҳар куни сиз учун ибодат қиламиз. Бу хатни мамлакатдан бир дўстим чиқаради. Бизнинг почтамизни текширишмоқда. Биз сизнинг хизматингиз ўсиши ва кучайиши учун ибодат қиламиз. Ва яна такрорлайман: умидсизликка тушманг. Биз Худони улуғлаймиз”. 12 БОБ. СОХТА ЖАМОАТ Бизнинг Корри билан тўйимиз 1958 йил 27 июнда Алкмарда бўлиб ўтди. Тўйимизда Гретье, жаноб Рингерс ва фабрикадан яна бошқалар, шунингдек, Харлемдаги касалхонадан бир автобус иштирок этишди. Лондондан Хоппи амаки етиб келди. Хотини жуда заиф бўлгани учун келишга иложи бўлмай, эри орқали салом йўллабди. Шунингдек, WEC штаб-квартирасидан ҳам дўстлар, қочоқлар лагерида бирга ишлаган ўртоқлар ва албатта, Коррининг онаси, ака-укаларим ва сингилларим қатнашишди. Лекин бошқа кишиларни ҳам кўришни истагандим: Чехословакиядан талаба-медик Антонинни; Югославиядан Жамил ва Николани; Венгриядан профессор Б. ва Яношни. Ниҳоят, биз дўстлардан ва хотиралардан бир оз нари бўлиб, ёлғиз ўзимиз қолганимизда қоронғи тушиб қолганди. Ўзимизнинг асал ойимиз учун Карл де Графдан яшаш учун мосланган автотиркама олдик. Биз Францияга романтик сафар уюштиришни орзу қилардик. Бироқ тўйдан сўнг қаттиқ чарчаганимизни тўсатдан тушуниб қолдик – Корри ҳозиргина тугаган кириш имтиҳонларидан, мен эса унашувдан сўнг деярли ҳамма вақтимни қочоқлар лагерида иш билан ўтказгандим. Биз Алкмардан бир неча миль нарида, Голландияда кам учрайдиган ўрмонзор ичида бир ресторанга дуч келдик. Биз машинадан тушиб қаҳва ичиш учун ўша ерга кирдик. Аммо хўжайин хотини билан шундай меҳмондўст эканки, автотиркама муаммо бўлмаслигини, биз шу ерда қолишимиз мумкинлигини айтди. Трейлеримизни дарахтлар тагига киритиб қўйиб, бутун асал ойимизни мана шу дарахтзорда ўтказдик. Сарой устидаги қоронғи ва зах хона энди аввалгидек рутубатли туюлмасди! Мен хонам ҳақида қандай қилиб шундай хаёлларга борган эканман-а! Корри бу ерни ҳақиқий уйга айлантириб, нур ва илиқлик билан кириб келди. Лекин бизнинг ошхонамиз йўқ эди. Водопроводимиз ҳам йўқ. Томнинг гоҳ у, гоҳ бу еридан чакка томарди. Хўш, нима бўпти, ахир биз энди биргамиз. Ягона муаммо кийимлар солинадиган қоп бўлди. Бутун Голландия бўйлаб, барча жамоатларда қочоқлар кийим-кечакларга муҳтож бўлаётганлари ҳақида гапирардим ва одамлар ўз буюмларини юборишлари учун манзилимни бергандим. Бироқ шунча жўнатмалар йиғилишини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман! Улар почта, поезд, юк машиналари орқали жўнатишар, биз буларнинг барини қаерда сақлаш мумкинлигини ҳам билмасдик. Биринчи йили саккиз тонна кийим-кечаклар олдик. Мартье турмушга чиқиб эрининг уйида яшарди, лекин Ари ва Гелтьеда иккинчи фарзанд туғилган, Корнелиус хотини билан чордоқда истиқомат қиларди. Бутун уйда кийим-кечаклар учун бизнинг хонамиздан бошқа жой йўқ эди. Биз Корри билан ҳар сафар хонага кириб чиққанимизда, бу тугунлар орасидан суқилиб ўтишимизга тўғри келарди. Бироқ энг ёмони бу кийимларнинг ифлослиги эди. Биз энг ифлос кийимларни орқа ҳовлида тоғорада ювардик, бошқаларини эса чўтка билан тозалардик, аммо барибир хонамизда доимо бургалар бўларди. Бошқа муаммо эса бундай миқдордаги юкларни элтиб топшириш эди. Мен ҳар сафар лагерга борганимда, машинамни лиқ тўлдириб кетардим, аммо ўзининг барча афзалликларига қарамай, “Фольксваген” юк машинаси эмасди. Мен лагерга Корри билан биргаликда боришни ниҳоятда истардим, негаки унинг ўзи аҳволни кўрсин ва ювиб-тахлаган кийимлари топшириладиган одамларни кўрсин. Мен унинг лагерга мунтазам боришини орзу қилардим, негаки у бундай жойларда ҳамширалик қандай муҳим эканлигини билсин. Шу боис кузда машинанинг орқа ўриндиғини свитерлар, куртка ва оёқ кийимлари билан тепасигача лиқ тўлдириб, Ғарбий Берлиндаги қочоқлар лагерига йўл олдик. Биз кийимларнинг биринчи тўпламини Фихтердаги омборхонага туширдик. Бу ярим айлана шаклида қурилган эски ҳарбий бараклар эди. Уруш даврида ундан нацистлар фойдаланишган, энди эса бу ер қочоқларнинг “уйи”га айланганди. Корри илк бора шу ерда лагернинг ифлослиги ва қашшоқлигини кўрди ва ўша оқшом томоғидан овқат ўтмади. Мен кейинги кун Фольксмарштрасседаги лагерга атайин кирмай ўтдим, негаки бу ердаги аҳвол янада ёмонроқ эди. Эски фабрика жойида беш мингга яқин киши яшарди. Шароит шунчалик ёмон эдики, қизлар ўз танасини эллик пфеннингга сотишарди – бу ўн беш цент атрофидаги пул эди. Биз тақсимлаш марказига кийимлар жойланган қопларни элтганимизда, ўсмирлар биз томон деразалардан овқат қолдиқларини улоқтиришди. “Улардан хафа бўлма, - дедим Коррига унга ёпишган айниган салат япроғини олиб ташлаётиб, - улар бу ерда турли хил қабиҳликларни ўйлаб топишдан бошқа ишлари йўқ”. Бироқ мен учун энг қайғули кўриниш А.Ж.Дюнан номли лагерда бўлиб ўтди. Биз Корри билан ўша ёққа энг охирги навбатда жўнадик. Қизил Хоч асосчисининг номи билан аталган ушбу лагерда кўплаб собиқ мутахассислар, айниқса, ўқитувчилар бор эди. Ушбу лагерда яшаш нафақат жисмонан оғирлиги, балки одамлар ўз анъаналарини сақлаб қолишга уринишлари билан ҳам машҳур эди, бу эса бундаги муқаррар умидсизликни янада азобга айлантирарди. Ўша куни лагер бошлиғининг идорасидан чиққанимда, Коррининг Шарқий Германиялик оқ сочли Генриетта исмли немис аёли билан гаплашаётганини кўрдим. Унинг ҳаракатларидаги нимадир менга Мекле хонимни эслатди. Биз сокин бурчакни топиб, ўша ерда бир соат ўтирдик. Генриетта Саксониядаги ўн уч-ўн тўрт ёшли болаларга ўқитувчилик қилганини ва ҳамма муаммо ана шунда эканлигини айтди. “Мабодо мен беш ёки олти ёшлиларни ўқитсам, бунга кўз юмишим мумкин эди, - деди у, - аммо йўқ, ўқувчиларим айнан “Jugend Weihe”, яъни “Ёшларнинг бағишлови” байрамида иштирок этадиган ёшда”. “Ёшларнинг бағишлови?” “Ҳа. Биласизми, - деди Генриетта, - мен лютеранман. Жамоатимизда конфирмация – чақалоқнинг ҳаётидаги буюк воқеа, эҳтимол, энг катта байрам ўтказилади. Шу куни унга совғалар ҳадя қилишади, табрик сўзлари айтишади, у янги ҳуқуққа эга бўлади, мисол учун, ўғил болалар шим кийиб юришларига рухсат берилади. Бироқ бу аввало диний кун. Бу имонга истиғфор келтириладиган маросим”. Генриетта сўнгра “Jugend Weihe” байрами – ёшларнинг бағишлов байрами ҳақида гапирди. Мен бунинг жамоатга қарши пухта ўйланган ҳужум эканлигини дарҳол тушундим. Ҳукумат бу тантанани масиҳийлик конфирмацияси ўрнига алмаштирганди. “Мазкур ҳаракат вақтида ёшлар Худога эмас, балки ҳукуматга қасамёд қилишади, - деди Генриетта, - ҳукумат эса бу ваъдаларнинг барқарорлиги ва тантанаворлигига катта аҳамият беради. Ўқитувчилар йиллар давомида ёшларни бу маросимга тайёрлашлари керак”. Генриетта бу ўзи учун қандай якунланганини изоҳлашдан аввал, буни пайқаб олдим: “Сиз эса рад этдингиз”. “Ҳа, мен рад этдим”. “Аммо бу жуда дадил ҳаракат”. Генриетта жилмайди. “Йўқ, - деди у, - мен умуман жасур эмасман. Мен нафақага чиқиш ёшидаги оддий ўқитувчи эдим. Мен жафокаш эмасман. Лекин бу ажойиб болаларни ҳукумат – Худо, деб ўқитишга ўзимни мажбурлай олмадим”. Бундай сохта конфирмация чоғида юз фоиз ёшларларнинг ҳукуматга қасамёд келтиришлари кўзда тутилганди. Генриеттанинг синфидан фақат ўттиз фоиз ўқувчилар ана шундай қасамёд қабул қилишди. У дастлаб ўзига унчалик катта босим ўтказишмаганини айтди. Партия раҳбарлари ҳар ҳафтада бир маротаба дўстона ташриф уюштириб туришарди. Табиийки, барча ўқитувчилар ўз ўқувчиларини қасамёдга келтириш учун барча ишларни қилишлари тахмин қилинган. Улар кейинги йили барчасининг ўзгаришига ишонардилар. Бироқ бир йилдан кейин ҳам ҳам аҳвол ўзгармасдан қолаверди. “Ана шунда менга чиндан ҳам босим ўтказа бошлашди”, - деди Генриетта. Ҳафталик ташрифлар ҳар кунликка айланди. Ҳафтама-ҳафта унинг олдига бошқа-бошқа одамлар келишарди. Ва биз такрор ва такрор бир хил гарларни айтардик. Менинг садоқатим қани? Мени тараққиётга тўсқинлик қилишда айблашлари мумкинлигини тушунаманми? Бу Халқ республикасига қарши жиддий жиноят эди. Улар ҳар кеча унинг квартирасида жуда кечгача қолиб, аёл уйқусизликка дучор бўлмагунича асабига тегиб қўрқитишда давом этишди. Генриеттанинг феъл-атвори бузила бошлади. Фаолиятига дарз кетди. Айни вақтда болаларга босим ўтказила бошланди ва улар нега барча болалар каби бағишланувга ўзларини тайёрламаётганлари ҳақида сўрай бошлашди. “Хуллас, кўраяпсизки, - деди Генриетта энди йиғлаганича, - мен қочдим. Мен буни кўтара олмадим. Мана нима учун, - у ўзи каби қочган барча ўқитувчиларни кўрсатаётгандек лагерь томонга қўлини силкиди, - мени жасур деб бўлмайди. Эҳтимол, биз эндигина жасур бўлишни бошлаганимизда таслим бўлгандирмиз. Биз барчамиз таслим бўлдик”. Генриетта ва бошқа қочоқлар билан гаплашиб, мен аста-секин коммунистлар қўли остидаги Жамоат ҳаётини тўлиқроқ тасаввур қила бошладим. Тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, муайян даражада эътиқод эркинлиги бўлган ташқи доирадаги мамлакатлар: Польша, Чехословакия, Венгрия ва Шарқий Германияни тасаввур қилдим. Қочоқларнинг гапларига кўра, шу ҳалқага яқин яна бир доира, жамоатга қарши қаршилик чиндан ҳам кучли бўлган Руминия, Болгария, Албания ва Россия давлатлари ҳам мавжуд эди. Мен Шарқий Германиядан бошқа ташқи доирадаги барча давлатларда бўлдим. Энди ўзим тушунишимча, ана шу мамлакатларга боришим керак. Ташрифимни айнан шу ердан, Ғарбий Берлиндан бошлашим энг қулай йўл. Аммо Коррига мен билан боришини таклиф этганимда, у қўрқув тўла кўзлари билан тикилиб қолди. “О, Анди! – ҳайқирди у. – Мен лагерни қандай ташлаб кетаман? Бу ерда иш жуда кўп, уни бажарадиган одамлар йўқ! Бунинг ҳаммасини қандай ташлаб кетишим мумкин?” Мен диққат билан унга қарадим: Коррининг юзи ловуллаб турар, кўзлари эса ҳаяжон билан ёнарди. Мен уни шу ерга, эҳтиёж ва муҳтожликлар дунёсига олиб келганлигим тўғри иш бўлганидан шубҳалана бошладим. Бу азобларга қараш ҳатто менга ҳам оғирлик қиларди, бироқ нима қилишни биладиган, аммо ўз билимини тўлақонли қўллай олишга имкониятсиз ҳамшира учун бу ҳақиқий азоб бўлса керак. У бу лагердан унисига битмас-туганмас қувват билан ўтиб борар, оналар билан учрашувлар ташкил этар, қайноқ сув тўлдирилган идишлар ўрнатар, сил касаллиги билан оғриган беморлар фойдаланган идиш-товоқларни алоҳида сақлашга уринарди. У ҳамма ёқда кўчма тиббий кўриклар ташкил этиб, беморларнинг томоғига дори суртар, эски яраларни тозалар, шамоллаган кўзларни ювиб, ҳатто гоҳида оғриқ тишларни олиб ташларди. Ахир мен унинг бу ердан кетиб, озгина дам олишини хоҳлаганим учун, фойдасини кўзлаб шундай таклиф билдирдим. Бироқ Корри рад этди. “ Сен боравер, - деди у мен Шарқий Германияга ҳеч қандай кечиктиришсиз виза олганимда. – У ерда нима қиламан? Мен ваъз айтолмайман. Немис тилида гапира олмайман. Ҳатто машина ҳайдашни ҳам билмайман. Аммо микробларга тўла ҳожатхонани дарров кўраман”. У ҳеч қачон ёнидан қўймайдиган тозалаш воситаларини ўзи билан бирга олганди. Шу тариқа биргаликдаги ҳаётимизда илк айрилиқ юз берди, бироқ бу менинг эмас, балки Коррининг хизмати туфайли юзага келди. Мен Ғарбий ва Шарқий Германияни чегарасини Бранденбург дарвозаси яқинидан кесиб ўтдим. Шарқий Германияга тушганим заҳоти, шаҳарнинг иккала тарафидаги фарқ дарҳол сезилди. Мени эндиликда барча жойини бироз тўзғиган кийимлар ва гуллар эгаллаган дўконлар ҳайратга солмай қўйганди, ваҳоланки, урушдан кейинги ишлаб чиқаришнинг қолоқлиги оқибатида янги кийим-бошни топиш амримаҳол эди. Аммо мени сукунат ҳайратга солди. Кўчаларда ҳеч ким гаплашмасди. Бу тушунарсиз ва ғалати эди, шаҳар гўёки мотам тутаётганга ўхшарди. Ёки қўрқувда эди. Вақт ўтгани сайин буни жисмонан ҳис эта бошладим. Ҳамма ёқда полиция юрарди. Улар кўприкларда, завод ва фабрикалар, жамоат биноларига кириш жойларида туришарди; улар ҳар қандай кишини тўхтатиб портфелини, хўжалик сумкасини, ҳамёнини текшириб кўришлари мумкин эди. Лекин ҳеч ким бу зўравонликдан шикоят қилмасди. Ҳеч ким эътироз билдирмас, ҳамма жим. Бу даҳшатли сукунат заҳарли туман каби шаҳар устида осилиб турарди. Ҳукуматнинг баланд овози одамларнинг сукунатида кескин қарама қаршиликни акс эттирарди. Бу овоз ҳамма ёқда янграрди. Радио, овоз кучайтиргичлар, реклама ёзувлари орқали. Ҳамма ёқда шиорлар осилган: деворларда, уйларнинг тепасида, телеграф устунларида, киоскаларда, дўконларда, меҳмонхона ва темир йўл станцияларида. Ҳамма ёқда тарғибот қилинарди. Мен давлат сиёсатининг бир ёқлама эканлигидан ҳайрон қолдим. Шарқий Германия айнан ўша пайтда озиқ-овқат танқис бўлган минтақа эди. Меҳнатсевар немис фермерлари колхоз тузилиши ғоясига ҳеч бир иштиёқ билдирмадилар. Қишлоқлардан шунчалик кўп одам кетдики, кузга бориб ҳосилни йиғиштириб оладиган одам қолмади. Ҳукумат умумий тарғиб қилинаётган механик йиғим-теримга бор умидини тикканди. Нон кўп бўлади, негаки социализм ютуқлари ўзбилармон фермер эришадиган барча ютуқлардан ўтиб кетади. Фақат бир нарса ёмон эди. Машина ўриши учун буғдой қуруқ бўлиши, механик йиғим-терим учун қўл билан йиғишдан кўра икки баробар қуёшли кунлар керак бўларди. Ва албатта, ўша йили ёмғир қуйиб берди. Ёмғир айнан ҳосил йиғими пайтида ҳар куни ёғди. Сўнгра бутун мамлакат бўйлаб қисқагина шеър битилган плакатлар пайдо бўлди: Ohne Gott und Sonnen schein Holen Wir Die Ernte ein. Қуёшсиз ҳам, Худосиз ҳам Ҳосил бўлади мўл-кўл Мен бу шиор одамларга чиндан ҳам таъсир қилганини кўрдим. Бу янги режим Худонинг Ўзига йўллаган қўпол даъват эди. Ёмғир тинмасдан ёғар, ҳосилни йиғиб олишнинг иложи йўқ эди. Ва тўсатдан бир кечанинг ўзидаёқ плакатлар қандай пайдо бўлган бўлса, шундай йўқолди – намиқиб устунларга ёпишиб қолганларни айтмаганда, албатта. Хўш, ҳукумат энди нима қилади? Радио ва газета орқали шундай эълонлар берилди: “Бизда нон йўқлигини айтишга ҳеч кимга изн берманг. Аслида нон жуда кўп. Бу социализмнинг табиат устидан қилган яна бир ғалабасининг исботидир”. Бироқ нон барибир йўқ эди. Мен ўзим нон дўконига бориб нонни кўрмадим. Ҳаттоки ресторанларда ҳам йўқ эди. Энг қайғулиси эса, бундай иккиюзламачилик ҳақида ҳеч ким гапирмасди. Нон йўқлигини ҳеч ким эсламасди. Одамлар сукут сақларди. Мени кўпроқ Саксониянинг жанубий туманлари қизиқтирарди, негаки Генриетта ва бошқа қочоқлардан Жамоат ўша ерда ҳали ҳам фаолият юритаётганлигини эшитгандим. Мен унинг фаолияти қанчалик даражада эканлигини билмасдим. Германия қарама қаршилик мамлакати эди. Бир тарафдан, режимнинг босими бу ерда кучлироқ сезиларди, доимий полиция назорати билан биргаликда олиб борилаётган ғоявий қайта тарбиялаш нафрат ҳиссини уйғотарди. Аммо шунга қарамасдан, бошқа ҳар қандай коммунистик мамлакатларга нисбатан Шарқий Германияда барибир диний эркинлик кўпроқ мавжуд эди. Менга Саксонияда манзилини беришган Вильгельм исмли одам лютеран жамоатидаги моҳир ёш хизматчи экан. У хотини Мар билан бирга яшаган қишлоқ мамлакатнинг тоғли ва дарахтзор ҳудудида жойлашганди. Ҳамма ёқдан ҳар бир голланднинг қалбини ҳавасга тўлдирадиган ўрмонлар кўриниб турарди. Уйининг олдида кичкина мопед турар, мен кейинчалик билганимдек, Вильгельм унда бутун Шарқий Германияни очиқ кунларда ҳам, қор ва ёмғирда ҳам босиб ўтганди. Вильгельм мени эшик олдида қарши олиб, иккиланмасдан уйига таклиф этди. Биз Мар дамлаган чойни ичиб ўтирдик ва мен Темир парда ортига нега келганлигимни айтиб бердим. “Келганингиздан жуда хурсандман”, - деди Вильгельм. У жим қолиб йўталди. Қаттиқ қуруқ йўтал унинг бутун вужудини титратиб юборди. “Биз далдага ва руҳланишга муҳтожмиз”. “Сизларга Муқаддас Китоб керакми? – сўрадим мен. – Менда немис тилидаги Муқаддас Китоб бор”. “О, бизда Муқаддас Китоб кўп”. Мен бундай гапни аввал ҳам эшитгандим, шу боис Вильгельмдан аслида Муқаддас Китоб кам эканлиги ҳақидаги иқрорни кутдим. Лекин Мар мени кичкина хонага бошлаб борди ва бу ерда ўзимни уйимдагидек ҳис қилдим. Токчаларда ўнлаб Муқаддас Китоблар турарди. Мен биттасини олиб нашр этилган жойига қарадим. “Германия Демократик Республикасида чоп этилган”. “Келинг, мен сизга бошқа эркинликлар ҳақида ҳам айтиб берай, - деди Вильгельм, - бизда сиёсатчиларни эмас, балки чиндан ҳам масиҳийларни тайёрлайдиган семинариялар бор. Бизда минглаб одамларни ўзига жалб этадиган хушхабарчи компаниялар бор. Лютеран жамоатининг ичида шундай бир кучли ҳаракат борки, уни Голландиядаги ҳар қандай ҳаракатдан кучлироқ деб дадил айтишим мумкин”. “Лекин сиз ўзларингизга руҳланиш кераклигини айтдингиз”. Вильгельмнинг қўллари тўсатдан мушт бўлди. Мен унинг бармоқ суяклари қандай оқариб кетганини кўрдим. “Биз Европадаги энг муҳим жанглардан бирини олиб боряпмиз. Бу ерда, Германияда коммунистлар “ишонтириш”нинг янги усулини қўллашга уринишмоқда, назаримда, бу ҳар қандай очиқ таъқибдан кўра анчайин хавфли. Сиз мен билан жамоатимизнинг бугунги йиғилишига боролмайсизми? Нима ҳақда гапираётганимга ўзингиз гувоҳ бўласиз”. Мен машинамда боришимизни таклиф этдим, Мар эса миннатдорчилик билдириб жилмайди. “Мана шу бўлмағур мопед туфайли, - деди аёл, - у шундай йўталяпти. Ҳар қандай об-ҳавода ҳам минглаб километрни босиб ўтади. Икки йил аввал шифокор унга елвизакдан нари юришини тайинлаганди!” Вильгельм хотинининг қўлларини сийпалади. “Мар ташвишланаяпти, - деди у кечирим сўраган оҳангда, - лекин бутун мамлакатдаги ёшлар сизни тингламоқчи бўлиб турганида, нима ҳам қилиб бўларди?” Машинада у бошлаган мавзумизга қайтди. “Биз немислар ана шу ҳужумнинг биринчи қурбонлари бўлдик, - деди у. – Мабодо Жамоатга қарши қаттиқ сиёсат олиб борилаётган экан, бу билан Жамоатни янада мустаҳкамланган бўлади. Ҳамиша шундай бўлган. Таъқиб бошланганида, одамлар ўз имонлари учун курашиш кераклиги ҳақида ўйлай бошлайдилар, бундай синовга эса масиҳийлик ҳамиша бардош берган. Ҳақиқий хатар одамни чалғитишганида, у етарли даражада мустаҳкамланиб олгунича бериладиган яширин ҳужумларда бўлади. Бугунги ваъзларни эшитганингизда шу ёдингизда бўлсин”. Синоданинг ушбу йиғилиши ўзлари “сохта жамоат” дея атаган муаммони кўриб чиқиш учун белгиланган экан. Чўпонлар бирин кетин ўрниларидан туриб, дастлаб мен тушунмаган статистик маълумотларни келтириб ўтишди. Ҳаётга кириш маросими – ўттиз беш фоиз. Ёшларнинг бағишлови – эллик беш фоиз. Никоҳ – қирқ беш фоиз. Дафн – эллик фоиз”. Бироқ, Вильгельм менга шивирлаб бу рақамларнинг маъносини тушунтира бошлаганида, ҳукумат режаларининг кўламини англай бошладим. Режим Жамоатга тўғридан тўғри ҳужум қилиш билан ҳеч нимага эришмаслигини тушуниб, янги йўналиш топибди. Улар Худони ҳукумат билан, имон туйғусини ватанпарварлик ҳисси билан алмаштиришга қарор қилишибди. Жамоатнинг қадимий донолигидан фойдаланган ҳолда, улар масиҳийлик маросимларига очиқчасига ўхшаш давлат маросимларини таклиф этишибди. Мисол учун, чўмдирилиш ўрнига жозибадор атамали “ҳаётга кириш маросими”ни жорий этишибди. Чақалоқнинг туғилганлигини расман қайд этишда қариндошлар ва дўстлар таклиф этилади. Ота-оналар гўдакни олдинга олиб чиқишади, давлат амалдори эса жамиятнинг янги аъзосини қабул қилиш маросимини ўтказади. Никоҳ маросимлари ҳам шу тариқа ўтказилади. Ҳудудда дастлаб масъул муаассасаларда давлат рўйхатидан ўтиш, шундан сўнг жамоатда маросимларни ўтказиш белгиланган. Янги режим иккала вазифани бажаришни ҳам ўз зиммасига олган. Никоҳ қайд этилганидан сўнг амалдорлар иккинчи, бепул хизматни эълон қилишади, яъни гулларга безатилиб, озиқ-овқатлар қўйиладиган бундай тантанали маросимда социалистик жамиятга кираётган келин-куёвларга бахт ва омадлар тилашади. Давлат дафн маросимлари ҳақида ҳам унутмаган. Видолашув маросими оддий, муносиб ва текин ўтказилиб, бу борада ҳукумат тағин Жамоатдан ўзишга уринади. Халқ республикасининг инсоният озодлиги учун курашган жасур аскари шарафига нутқлар айтилади. Ва албатта, энг тантанали маросим ёшларнинг давлатга садоқати учун қасамёд қабул қилишлари бўлиб, бу ҳақда Генриеттадан билиб олгандим. Таассуротларга тўлган навқирон фуқаро нимага амал қилишини ўзи танлаши лозим: юрти учунми ёки жамоат учун. Унга ҳукуматнинг марҳаматини олиши учун ўртоқларидан намуна олишга мажбурлаб кучли босим ўтказишарди. Айни дамда синода мажлисида статистикани ўқиш давом этарди. “Ёшларнинг тантанали қасамёди – етмиш фоиз. Дафн маросимлари – ўттиз фоиз”. Токи Вильгельм бу рақамлар жамоатга келувчиларнинг сонини билдиришини тушунтирмагунича, уларнинг ҳақиқий маъноси нимада эканлигини билолмай турдим. Булар давлат тантаналарига диний маросимларни қўшимча қилиб ўтказадиган эмас, балки ундан бутунлай воз кечган одамлар эди. “Дастлаб, - деди Вильгельм, - жамоат давлат маросимларига қарши қатъий йўлни эгаллади. Мабодо ўсмир давлатга садоқати учун тантанали қасамёд қилган бўлса, у конфирмацияларда иштирок этолмасди”. Бундай йўналиш болаларни жуда қийин вазиятга солиб қўйди, режим эса айнан шунга эришишга интилганди. Расмий тадқиқотнинг биринчи йилида конфирмациялар қисқариши сони қирқ фоизга тушди. Кейинги йил бу рақам эллик фоизга ошди, шундан буён вазият йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Кўплаб литургик протестант жамоатлари аста-секин ўз тутган йўлларини юмшата бошладилар, яъни ўсмир содиқликка қасамёд қабул қилганидан сўнг бир йил ўтгач диний маросимларда қатнашиши мумкин дея ҳисоблай бошладилар. Бироқ рим католик жамоати бунга ён бермади ва ушбу тутган йўли билан ҳасадгўй протестантларнинг ҳайратига сазовор бўлди. “Бу инсоннинг қалби учун очиқчасига кураш, - деди Вильгельм, - жамоат эса бу курашда енгилмоқда. Барча синфдошларинг “ҳа” деб туришганида “йўқ” деб айтишинг қийин”. Вильгельмнинг айтишича, жамоат ҳукуматнинг бундай ҳужумига чекиниш билан жавоб қайтарган. Қарши ҳужумга ўтиш ўрнига улар якка ҳолда тақводорликка ўтиб, ўзларини янада торроқ доирага киритиб қўйишган. “Мана нима учун келганингиздан хурсандман, - деди у, - сиз бизга Жамоат битта миллат ёки ҳар қандай сиёсий майдондан кучли эканлигини ёдга олишимизга ёрдам беришингиз мумкин. Худо бизнинг тарафимизда бўлганида, ғалаба қозонишимиз ҳақида биз унутиб қўйдик”. Вильгельм ҳар ярим ойда ёшлар гуруҳи билан ўтказиладиган йиғилишга ҳозирланаётганида мени ҳам ўзига қўшилишга таклиф этди. “Мен сиз билан ишламоқчиман. Шунингдек, - у қўшимча қилди табассум билан, - Марга сизнинг машинангиз ёқади”. Шу тариқа мен у билан биргаликда Шарқий Германиянинг жанубий ҳудудларидаги жамоатларда ҳайратомуз эркинлик билан ваъзлар ўқидим, бу ерларда кўп миқдордаги Муқаддас Китоблар, талайгина адабиётлар бўлиб, Хушхабар йиғинлари очиқчасига ўтказиларди. Бироқ бу жамоатлар шу даражада кучли умидсизликка тушган эдики, бунақасини Темир парда ортидаги бирорта жамоатда учратмагандим. Бу ўн икки кунда мен асосан такрор-такрор турли талқинда биргина ваъзни айтдим. Мен шарқий немисларни хизматчи бўлишларига даъват этдим, негаки ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда хизматчилик жамоати – ҳаётий жамоат эканлигини тушунгандим. Биринчи жамоатдаёқ шундай таклифни қилганимда чўпон ўрнидан туриб қизиққонлик билан деди: “Биродар Андрей, сизга хизматчилик иши ҳақида гапириш осон, негаки сиз хоҳлаган жойингизга боришингиз мумкин. Хўш, биз Шарқий Германияда нима қилайлик? Биз мамлакатдан ташқарига чиқолмаймиз!” “Шошманг! – дедим мен, Ҳозиргина нималар деганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Мен Шарқий Европага келишим учун кўп юришимга ва катта тўлов қилишимга тўғри келган. Аммо сизлар шу ернинг ўзидасизлар! Ҳозир шу ерда, Германияда қанча рус аскарлари бор? Билишимча, ярим миллион. Шу ҳақда ўйлаб кўринг! Бу тоғларда имонга даъват этилмаган қанча немислар яшайди? Мамлакатдан чиқиб кета олмаслигингиз ҳақида афсусланманг! Худо сизга шу ернинг ўзида хизматчилик майдонини тайёрлагани учун Унга минатдорчилик билдиринг!” Сўнгра уларни нимага даъват этаётган бўлсам, ана шу вазифаларни бажарган инсон ҳақида Муқаддас Китобда битилган воқеани айтиб бердим. Мен уларга Павлус Сила билан қамоқхонада ўтказган дамларни эслатдим. “ Унда иккита имконият бор эди, - дедим мен, - у қоронғи зиндондан чиқолмаслиги ҳақида ўтириб шикоят қилиши ва унга берилган вазиятдан фойдаланиши мумкин эди. Павлус Худони улуғлаб куйлай бошлади, бошқа маҳбуслар эса буни эшитишди. У Хушхабар ёйишни бошлади. Натижада у нафақат бу одамларни, балки зиндон қоровулини ҳам масиҳийликка олиб келди. У жамоатга тўғридан тўғри “ҳукмронлар оиласида” асос солди. Бу эса, менинг назаримда, масиҳийнинг Темир парда ортидаги асосий вазифасидир”. 13 БОБ. ИЧКИ ДОИРАНИНГ ОХИРИГАЧА Ғарбий Берлинга қайтганимдан сўнг, Коррини топишга уриниб, бир қанча лагерларга бордим. Ниҳоят уни топганимда у беш-олти ёшли болаларнинг бошидаги битларни излаб тиббий кўрик ўтказаётган экан. Унинг уч ҳафтадан камроқ вақт ичида қанчалик қаттиқ ўзгарганини кўриб даҳшатга тушдим. У ориқлаб, териси ғалати сариқ тусга кирган, кўзларининг атрофи қорайиб кетганди. Мен уни шу ёққа олиб келганим, бундан ташқари, ёлғиз ўзини ташлаб кетганим учун ўзимни сўкдим. Шу ердан, Берлиндан Муқаддас Китобларнинг қимматбаҳо юкини олиб Югославияга, шу вақтгача Каломнинг фақатгина етти нусхаси бўлган Белграддаги жамоатга олиб бормоқчи эдим. Аввалги тажрибамга кўра, виза учун Гаагадаги элчихонага эмас, балки Берлиннинг ўзида мурожаатим қилганим афзалроқ эди. Бироқ ёш хотинимнинг киртайган юзи ва ҳориган кўзларига қараб, Югославияга сафарим фақат иккинчи мақсадим бўлиб қолишини тушундим. Корри ўша ёқда лагердаги даҳшатларни унутиши мумкин, бу мен кўрган юртлар орасидаги энг гўзал замин эди. Шу боис иккаламизнинг паспортимизни ҳам олиб Югославия элчихонасига бордим ва қолган кунларни Муқаддас Китобни излаш билан ўтказдим. Корри тағин мен билан баҳслашди. У худди аввалгидек, лагерда иш жуда кўплигини, Югославияда бекор бўлиб қолишини айтди. Лекин бу сафар унинг соғлигини ўйлаб қатъий туриб олдим ва биз Темир парда ортига илк бора биргаликда йўл олдик. Агар Коррининг аҳволи ёмонлашиб қолмаганда эди, сафаримиз жуда ажойиб ўтган бўларди. Бу сафар божхоначилар чегарада юкларимизга номигагина кўз ташлаб қўйишди, холос. Улар бизнинг ёш келин-куёвлар эканимизни дарров тушунишди, уммон бўйидаги курортга боришимизни маслаҳат беришди ва қайси йўлдан бориш яхшироқ эканлигини айтишди. Ўшанда мен ўзим учун бўлғуси контрабандачиларни вазиятдан чиқарадиган фойдали бир кашфиёт қилдим: биргаликда саёҳат қилаётган эркак ва аёл ёлғиз сафар қилаётган эркакка нисбатан камроқ шубҳа уйғотаркан. Жамил ва Никола бизни қувонч кўз ёшлари билан қарши олишди. Биз навбатдаги яна бир жамоатга келиб, машинадан янги Муқаддас Китобларни чиқараётганимизда, одамлар ўз кўзларига ишонмай қолишди. Ҳамма Корри билан танишмоқчи бўларди; аёллар уни қучоқлашар, эркаклар эса елкамга қоқиб қўйишарди. Олти кун бир-биридан ажойиб тарзда ўтди. Никола гарчи аввалги келганимдан сўнг жарима ва огоҳлантириш олганига қарамай, тағин таржимоним бўлди. Югославиядаги жамоатлар билан менга Шарқий Германияда намоён бўлган ваҳий ҳақида фикрлашдим. Мендаги ваҳийга кўра, Темир парда ортида жамоат чекинмаган, балки олдинга юриш қилганди. Сўнгра эса, еттинчи куни, Сававехо яқинидаги шаҳарда дўстларимизнинг уйида тушлик қилаётганимизда полиция келди. Бу шунчалик тўсатдан юз бердики, қанчадир вақт нега улар пайдо бўлганини тушунмай турдим. Биз тушлик столи атрофида гуруч ва қўй гўшти еб ўтиргандик – фақат Корри ўзини ёмон ҳис қилганлиги боис ётгани кетганди – баногоҳ эшик тақиллаб, кул ранг кийимли иккита полициячи кириб келди. “Сиз биз билан борасиз” – дейишди улар. “Сизлар билан? Қаёққа?” “Гапирилмасин! Овқатланишни бас қилинг. Ортимиздан юринг”. Мен стол атрофида санчқиларини кўтариб, қўрқувдан оғизларини очиб қолган дўстларимга қарадим. Тўсатдан эшикда ранги қув оқарган ва сочлари тўзғиган Корри пайдо бўлди. “Бу аёл сиз билан биргами?” “Ҳа”. “У ҳам биз билан боради”. Жуда тез орада полиция менинг Югославияга аввалги барча сафарларимдан бохабар эканлиги маълум бўлди. Улар анчайин юмшоқ муомала қилишди, лекин тезда мамлакатдан чиқиб кетишимиз кераклигини айтишди. Менинг визам бекор қилинганди. Уни қайта тиклашнинг иложи йўқ. Марҳамат қилиб, ўз паспортларингизни беринг. Ўта норози кайфиятда паспортни бердим, негаки унда бошқа элчихоналарда шубҳа уйғотиши мумкин бўлган муҳр тушишини истамасдим. Зобитлар ҳужжатларимни диққат билан ўрганиб чиқишди, уларни ўзларидаги қандайдир қоғозлар билан солиштириб чиқишди ва визамга катта қизил муҳрни босишди. Югославияда энди мен persona non grata бўлгандим (Ушбу мамлакатда бу одамнинг бўлиши расман номақбул деб эълон қилинади). Ўзини жисмонан ёмон ҳис қилаётган Корри бизни полицияга олиб кетганларидан ҳаяжонга тушганди. “Андрей, мен жуда қўрқиб кетдим! – у Австрия орқали Германияга бораётганимизда бутун йўл давомида такрорлаб турди. – Лекин бу одамлар жуда юмшоқ гапирар экан!” Биз Голландияга ўтишларини ўзимиз молиявий таъминлаётган иккита қочоқни бирга олиб кетиш учунгина Берлинда тўхтамоқчи бўлдик. Лекин мен Коррини тезроқ уйга, шифокорга олиб боришга шошилардим. У билан нимадир юз берганди, гап унинг чарчаганида ва асаблари таранглашганида эмасди. Машинани тез-тез тўхтатиб, токи унинг ўқчиши ўтиб кетмагунича бор бўйи билан ётишига имкон беришимга тўғри келди. Бироқ Берлинга етиб келганимизда, мени ёқимли хабар кутиб турган экан. Югославиянинг Берлиндаги элчихонаси Голландиядагига нисбатан илтифотли эканлигини тушунганим боис, мен шу ерда ўзим бормоқчи бўлган барча мамлакатларнинг элчихоналарига аризалар ташлаб қўйгандим. Қайтганимда эса мени бир эмас, иккита хат кутиб турарди. Болгария ва Руминия аризамни кўриб чиқиб, кириш ҳужжатларини олишим учун ўзларининг Берлиндаги элчихоналарига келишим кераклигини хабар қилишибди. Болгария ва Руминия! Билганларимга кўра, бу иккала мамлакатда масиҳийларни бошқаларидан кўра кўпроқ таъқиб қилишарди. Ниҳоят, Худонинг қўллари бу ички доиранинг эшикларини ланг очиб юборди. Аммо Коррини уйга элтиш лозим. Бундан ташқари, паспортимдаги қизил муҳрга тегишли масалани ҳал этишим зарур. Табиийки, бошқа ҳукуматлар мени нега Югославиядан чиқариб юборганларини билишга қизиқади. Шу боис элчихонага эмас, Виттега, уй томон йўл олдим. Корри дарҳол тўшакка ётди, мен эса шифокорни чақирдим. Шифокор унинг олдида узоқ қолиб кетди, мен бу вақтда ночор қиёфада ташқаридаги нарвон устида ўтирардим. Ниҳоят шифокор чиқиб, эҳтиётлик билан зинапоядан тушди. “Хотинингизнинг аҳволи яхши, - деди у қаттиқ ерга оёқ босиб, - мен унга кўнгил айнишига қарши таблеткалар бердим, у энди олдимга бир ойдан сўнг бориши керак”. “Бироқ унга нима бўлган ўзи?” – сўрадим безовталик билан. “Унга нима бўлган?” – у ниҳоят ҳеч нимани тушунмаётганимни кўрди. Шифокор намойишкорона енгил ҳаракат билан бош кийимини ечиб таъзим қилди: “Сизни табриклайман! Сиз ота бўлишга ҳозирланаяпсиз”. “Лекин Худо ҳаққи, - деди у бош кийимини кия туриб, - қизалоқни Бутун Европа бўйлаб судрашни бас қилиб, дам олишига имкон беринг”. “Ҳа-я, яна бир гап, - деди у кичкина кўприкка яқинлашаётиб, - тепадаги кийим солинган қопларни йўқотинг! У альпинист бўлишга эмас, она бўлишга тайёрланаяпти!” Биз Берлин ва Югославиядан ноябрь ойида қайтдик, чақалоқ эса июнь ойида туғилиши керак. Корри январда ўзини шу қадар яхши ҳис қила бошладики, мен ички доира бўйлаб саёҳат қилиш ҳақида жиддий ўйлай бошладим – албатта, Корри Гелтьенинг ғамхўр назорати остида қолсагина. Агар бу мамлакатлардан ҳар бирида уч-тўрт ҳафтадан бўлсам, гўдак туғилгунича қайтиб келаман. Бироқ паспорт масаласини ҳал этиш керак эди. Муҳр босилган варақни нима қилсам экан? Йиртиб ташласаммикан? Бунинг иложи йўқ, негаки уларга рақам урилган. Ташлаб юбориб, уни йўқолганлигини айтиб, янги паспорт учун ариза берсамчи? Лекин шоҳона иш тутиш эмас бу. Шоҳнинг хизматкори чап беришга уринмаслиги керак. Мен Гаагадаги паспорт назорати бўлимига бориб, зобит билан ўз муаммом ҳақида фикрлашдим. У мени тушунди. “Жуда афсусдаман, - деди у, - лекин биз ҳеч нима қилолмаймиз”. “Биласизми, - дедим, - мен хизматчиман. Мен ўша мамлакатга масиҳийлар билан алоқа ўрнатиш учун кетяпман”. У бир дақиқа ўйланиб қолди. Сўнгра бош чайқади. “Мен янги паспортни қай тариқа олишингиз мумкинлигини ҳатто ишора ҳам қилолмайман. Мисол учун, яқинроқдаги мамлакатларга бориб, божхоначилардан ҳужжатингизга ўз муҳрларини қўйишни талаб қилишингиз мумкин, ана шунда паспортингизда бўш жой қолмагани учун янгисига алмаштирсангиз бўлади. Биз буни сизга ишора ҳам қилолмаймиз, тушунаяпсизми? Жуда афсусдаман”. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, мен янги паспорт олдим. Корри мени қўйиб юборишни истамасди. У ҳали ҳам бизни Югославияда полиция ушлаганида бошдан кечирган карахтликдан ўзига келмаганди. Аммо Британия Муқаддас Китоб жамиятидан Лондонга болгар ва румин тилидаги Муқаддас Китоблар келганида, унинг ўзи машинага ортишимга кўмаклашди.”Иш барибир иш, - деди у, - охир-оқибат, мен хизматчининг хотини бўлишга ўзим розилик билдирганман”. Айрилиқ куни келганида, биз ўзимизни унчалик дадил ҳис қилмасдик. Биз “Фольксваген”нинг қолган бўш жойларига Австриядаги ўзим ёнгинасидан ўтиб кетадиган лагердаги қочоқлар учун кийимлар жойладик. Шифокорнинг буйруғи билан кийим солинган тугунларни хонамиздан кичкинагина йўлакка чиқариб қўйдик, энди улар оиламиздаги барчанинг кайфиятини бузиб ётарди. “Болгария ва Руминия, - деди юмшоқ оҳангда Корри, - бу Югославия эмас! Мабодо сени бу мамлакатларда ҳибсга олишса, эҳтимол, сени бошқа ҳеч қачон кўрмасман. Бироқ биз сени кутамиз, Андрей, сенинг чақалоғинг ва мен”. Албатта, мен уни руҳлантирмоқчи бўлдим, бироқ кўнглим ғаш эди. Мен юкларга лиқ тўлган машинага ўтириб, моторни ўт олдирдим. “Сен пул олдингми?” – сўради Корри. Ҳамёнимни пайпасладим. Ҳаётимда илк бора керагидан ортиқ пул билан кетаётгандим. Кейинги пайтларда “Kracht van Omhoog” журнали муштарийларидан бунчалик кўп хайрия ёрдами келганига тушунмайман. Йўлда жуда кам сарфладим, негаки қаерда иложи бўлса, палаткада ухлаб, овқатимни ўзим тайёрладим. Мен ортиқча пулларни Коррига қолдиришга уриндим, бироқ гўё келажакда бўладиган воқеаларни кўрадигандек, ҳаммасини ўзим билан олиб кетишимни талаб қилди. Ҳа, пуллар ёнимда эди. Ва сўнгги бора ўпишиб, бизлар хайрлашдик. Австриядаги лагердан чиқаётганимда, қувғин қилинганимдан кўп ўтмай Югославия орқали йўлни кесиб ўтишимга тўғри келаётганидан бироз ҳайрон қолдим. Аммо Болгарияга бошқа йўл билан бориб бўлмасди. Бошқа йўналиш бутун Италия бўйлаб узоқ ва қимматга туширадиган саёҳатга, у ёқдан кема орқали Грецияга, сўнгра эса машинамда Грек Македониясини кесиб ўтишга тўғри келадиган сафарга айлантирарди. Ўзим тушунганимдек, янги визани олиш умуман қийин бўлмади: Югославияда ҳужжатларимга ўта бепарволик билан қарашди, менинг persona non grata эканлигим ҳали Ғарб элчихоналарида маълум эмасди. Мен ўзим билан юзага келадиган нохушлик фақат чегарада содир бўлишини тахмин қилгандим. Юрагим қаттиқ урган ҳолда чегара чизиғига яқинлашдим. Бироқ амалдор паспортимга кўз қирини ташлаб қўйди, холос. Биз йўлларнинг аҳволи ҳақида бироз лақиллашдик ва орадан йигирма дақиқа ўтиб мен эркинликда эдим. Ўз ҳисоб-китобимга кўра, келиши таъқиқланган чет эллик ҳақида Белграддаги расмий шахсларга маълум бўлгунича, Югославияда тўрт кун эркин бўлишим мумкин. Мен Жамилнинг олдида қисқа муддат бўлиб, сўнгра Болгария чегарасини бешинчи куни эрталаб кесиб ўтиш учун жанубий-шарқий йўналиш бўйлаб кетдим. Бироқ ҳар доим Югославияда бўлганидек, жуда кўп ишларни қилишимга тўғри келди! Жамил йўналишимдаги кўплаб манзилларни менга билдиргани боис бир ойга етадиган ишлар кўпайиб кетганди. Ҳукумат менинг келишимга ҳеч қандай эътибор қаратмади. Мен бундай омаддан барча 24 соат мобайнида фойдаланишга қарор қилдим. Бешинчи куни тун ярмидан ўтганида меҳмонхонага жойлашдим, паспортимни маъмурият ходимига топшириб, ўз хонамга кўтарилдим. Балки беш соат ухлаган бўлсам керак, эшигимни қаттиқ тақиллатишди. Эшикни очганимда йўлакда фуқаролик кийимидаги икки кишини кўрдим. “Кийиниб биз билан юринг, - деди улар немисчалаб эшикни очиқ тутган ҳолда, - ўзингиз билан ҳеч нимани олманг”. Мен шим ва кўйлагимни кийиб олмагунимча улар кўз узмай қараб туришди. Биз тонг арафасида зинапояни юваётган аёлдан бошқа ҳеч ким бўлмаган залдан ўтиб, катта тош иморатгача бир неча юз ярдни босиб ўтдик. Қадамларимиз садоси янграётган бўм-бўш узун мраморли йўлакдан ўтиб, ниҳоят идорага ҳам етиб келдик. Стол ортидаги одам қўлида паспортимни ушлаб ўтирарди. “Нега бу ерга келдингиз? – сўради у. – Нима учун Югославияга яна келдингиз?” У жавобимни кутмай, овозини кўтарганча гапида давом этди: “Паспортингизни қандай алмаштирдингиз? Демак, Голландияда махфий иш қиладиганлар ва қонунбузарлар буни осонгина уддалашлари мумкин, шундайми?” У столга энгашди ва катта қизил бўёқли муҳрни қўлига олганига алам билан қарадим. У муҳр билан Югославия визасига уч марта урди ва шундан сўнггина тинчланди. “Сиз йигирма тўрт соат ичида мамлакатни тарк этишингиз керак, - деди у. – Югославияда бошқа ҳеч ким билан алоқа ўрнатманг. Сизни кутиб олишлари учун Триестадаги чегара бўлимига қўнғироқ қиламиз”. Триестага! Наҳотки у мендан шуни талаб этаётган бўлса? Триеста мамлакатнинг шимолий-ғарбий қисмида бўлиб, мен ўша ёқдан кириб келгандим, бу ердан эса Болгария чегарасигача бор-йўғи эллик миль масофа эди. “Бироқ мен Болгарияга кетяпман! – ёлвордим мен. – Шу ердан кетишим мумкинми? Бу ердан анча яқин!” Лекин амалдор гапида туриб олганди. У Триест деди – демак, Триестга тезроқ жўнаб кетиш керак. Руҳим тушган ҳолда Триестга жўнадим, у ёқдан эса Италия ва Греция орқали айланма йўл билан юришимга тўғри келди: мен деярли мақсадга етишимга яқин қолган масофадан бир ярим минг миль йўлни қўшимча босиб ўтдим. Узундан узоқ итальян “этиги”да судралиб юрганимда, мени аввал ҳеч қачон бўлмаган тушкунлик эгаллади. Йўллар ёмон аҳволда эди: соҳил бўйида қатор қурилган беҳисоб шаҳарлар, юк машиналари, велосипедлар, юклар лиқ ортилган отлар – буларнинг баридан бир амаллаб ўтиб олишга тўғри келарди. Коррининг туғилган куни, 31 март кириб келди. Унга телеграмма юбордим, лекин қувонч ҳис этиш ўрнига, би-биримиздан қанчалик узоқда эканлигимиз ҳақида ўйланиб қолдим. Тўйимиздан буён унинг биринчи туғилган куни эди, мен эса бу ердан, Италиядан ҳали чиқолганим йўқ, кўзлаган манзилимдан аввал ҳеч бўлмаган даражада узоқлашмоқдаман, ҳар дақиқада уйдан тобора йироқлашиб кетяпман. Агар бирор нима рўй бериб қолсачи? Мабодо Болгарияда ҳам полиция билан муаммо юзага келсачи? Энди ҳеч бўлмаганда бунча пул нега кераклигини тушундим: бу пуллар узоқ саёҳатимда менга жуда қўл келди. Бироқ энг ёмони паспортимда шубҳа уйғотадиган қизил муҳрнинг борлиги эди. Сўнгра эса, бундан баттари бўлмаса керак, белим оғрий бошлади. Уч ёки тўрт йил мобайнида умуртқамдаги қамламларнинг силжиши оқибати соғлигимда муаммолар келиб чиққанди. Айниқса, узоқ масофани босиб ўтишга тўғри келганида бу ҳолат мени безовта қиларди. Йўлнинг ярмида, Италияда бу оғриқ аввал ҳеч қачон бўлмаган даражада яна бошланди. Грецияга кема жўнаб кетадиган Бриндизига етиб борганимда, худди иккига бўлингандек ҳолатда эдим ва занжирлангандек жуда ғалати кўринишда ҳаракат қилардим. Даволаниш учун тўхташга вақтим йўқ. Шу боис одамлар менга таажжубланиб қарашарди. Грецияда машинани кемадан туширганларида, аҳволим яхши яхши эмасди, орадан икки кун ўтиб Греция йўлларида оғриқдан додлаб юбордим. Мабодо Италияда ниҳоясиз тирбандликлар туфайли тез юришнинг имкони бўлмаса, Грециядаги сафаримни бузуқ ва ўнқир-чўнқир йўллар секинлаштириб қўйди. Мен нотаниш тилда ёзилган йўл белгиларини ўқий олмасдим, нотўғри бурилганимни бир неча миль босиб ўтганимдан кейингина пайқаб, барчасини тағин бошидан бошлардим. Ва шу ўтган вақт мобайнида маккор тушкунлик мени тарк этмади. “Хўш, Андрей, - шивирларди ичимдаги овоз, - сен қўлга тушдинг. Адабингни единг. Мамлакатдан чиқариб юборишди. Қамоқхонага ташлашлари ҳам мумкин эди. Қанча вақтга, Андрей? Беш йилгами? Ўн йилми? Сен буни Болгарияда билиб оласан. У ерда ҳам қамоққа ташлашади. Баъзан маҳбуслар умуман озодликка чиқишмайди. Ҳатто хат ёзишга имконлари йўқ. Корри бу ҳақда ҳеч қачон билолмайди”. Асабларим ишдан чиқай дегунича ҳар куни, соатма соат шундай давом этди. Сўнгра охирги зарбани ҳам олдим. Грециянинг Серраи шаҳрида мен йўл олган чегара фақат дипломатлар учун очиқ эканлигини билдим. Оддий саёҳатчилар учун Болгарияга Греция орқали ўтишнинг иложи йўқ экан. Ягона имконият фақат Туркия орқали ўтиш бўлиб, бу эса яна кўп кунларни ва милларни босиб ўтишни талаб қиларди. Бу ҳақда билганимдан кейинги куни эрталаб тошлоқ йўллардан силкиниб, олдиндаги йўлимни ғира-шира тасаввур қилиб кетаётганимда тўсатдан кичкина мовий белгига кўзим тушди. Белгининг тепасида грек тилида, пастида эса лотин ҳарфларида ёзилганди. Унда фақат битта сўз бор эди: ФИЛИППИ Мен машинани кескин тўхтатдим. Бу Муқаддас Китобда айтиладиган ўша Филиппими? Павлус ва Сила зиндонда ўтирган, Худо уларга эшиклар очилиши учун зилзила йўллаган ўша шаҳарнинг ўзими? Албатта! Бу айнан ўша жой! Мен машинадан чиқиб, баланд ва юпқа панжаралар орқали харобалар майдонига назар солдим. У ерда қадимий кўчалар ва маъбаддан қолган вайроналар кўринарди. Бир қатор тизилган уйлардан деворлар қолганди, холос. Наҳотки улардан бири Павлус тўхтаб ўтган Лидиянинг уйи бўлса? Панжарада эшикча бўлиб, у ёпиқ экан, атрофда эса ҳеч ким кўринмасди. Бу жойда сукунат ҳукм сурар, замонавий Филиппи эса бу ердан шимолий-ғарбий йўналиш бўйлаб икки миль масофа нарида эди. Бироқ йўқ, товушлар бор экан. Бу асрлар оша қичқираётган Павлус эди: “Масиҳий! Сенинг имонинг қани?” Павлус ҳам худди мен каби зиндонда ўтирган, менинг зиндоним эса оғриқ ва умидсизлик эди. Павлус ва Сила худди мен каби Хушхабарни ёйиш таъқиқланган жойда тарғиб этишди. Худо Ўз одамларини қутқармоқ учун ўшанда мўъжиза яратди, мен шу лаҳзадаёқ У мени азобларимдан халос этиш учун яна бир мўъжиза яратишини тушуниб етдим. Мени боғлаган тушкунлик ришталари худди Павлуснинг қўлидаги занжирлар каби ғойиб бўлди. Дилгирлик мени тарк этди ва бошимни баланд кўтарган ҳолда қоматимни тик тутиб турганимни пайқаб қолдим. Ҳам жисман, ҳам руҳан қувончга тўлдим. Мен у ёқдан бу ёққа баланд сакраганча машинага қараб югурдим. Машинани ўт олдириб, ички доирадаги нотаниш имонлилар билан учрашиш учун йўлга тушдим. 14 БОБ. ИБРОҲИМ – БАҲОДИРЛАР ҒОЛИБИ Туркия-Болгария чегарасини кесиб ўтганимдан сўнг барча азобларим ёқимли бир совғага айланди. Назоратчи машинанинг ичига бирров кўз югуртириб, ҳатто жомадонларни очишимни ҳам сўрамади. У Болгария визасига кириш санасини белгилади, аммо паспортимнинг бошқа саҳифаларини варақлагани ҳам йўқ. Сўнгра инглиз тилида қисқагина табрик сўзларини айтди. Ёмон ҳолатдаги турк ва грек йўлларидан кейин Болгариянинг янги йўлларидан юриш янада ёқимли эди, бу йўлларни яхшилаб қуришган экан. Мени худди чегарада бўлгани каби хурсандчилик билан қарши олишди. Болалар қувноқлик билан қичқирганча машинамнинг ортидан узоқ югуриб келишарди. Далада ишлаётган одамлар бошларини кўтариб табассум қилишар, қўлларини силкитишарди, мен бундай илиқ қарши олишларни Европанинг ҳеч қаерида учратмагандим. Бироқ Болгарияда фақат асосий йўллар яхши ҳолатда экан. Биринчи кечанинг ўзидаёқ мен тунаш учун жой излаб тоғли тумандаги кичик сўқмоққа бурилдим. Овлоқ жой топиб ухладим ва эрталаб ўзим яширган жойдан Муқаддас Китобларни чиқариб олишга бир мунча вақт сарфладим. Сўнгра румин тилидаги Муқаддас Китобларни қайта яширдим, майда тошларга сирпаниб кетган ҳолда яхши йўлга чиқиб олиш учун тоғдан машинамда тушиб келдим. Аммо бунинг ўрнига мени қандайдир қишлоқнинг бўсағасига олиб борган эгри-бугри йўлга тушиб қолдим. Ҳар қадамда бу йўлдан ўтиш тобора қийинлашиб борарди. Кичкинагина сойдан ўтиб, икки дақиқадан сўнг бутунлай тўхтаб қолдим. Шу тариқа қандайдир овлоқ қишлоқ ортида лойга ботганча ўтирардим. Нима қилмоқ керак? Шу саволни ўзимга беришга улгурмасдан, тўсатдан баланд овозда янграётган қўшиқни эшитиб қолдим. У қишлоқнинг энг чеккасидаги иморатдан келаётганди. Машина эшигини очиб ташқарига чиқдим. Товонимгача лойга ботганимда, эътибор бермай қолдим. Токи уйнинг эшиги олдига боргунимча шу балчиқдан кечиб ўтдим. Бу пивохона бўлиб, гарчи эндигина эрталабки соат ўн бўлсада, маст бўлиб қолган одамларнинг овози эшитиларди. Ичкарига кирганим заҳоти ашула тўхтади. Менга қишлоқда хорижликни кўриб қолишганидан ҳайрон бўлаётган йигирмата қиёфа тикилиб қараётганди. Бу ердаги ҳаво ғарбдаги пивохоналардагига нисбатан янада кўпроқ тамаки тутунига тўлганди. “Бирор киши инглизча гапира оладими?” – деб сўрадим. Ҳеч ким жавоб қайтармади. “Немисча гаплашасизларми?” Йўқ. “Голланд тилида ким гаплаша олади?” “Бўпти, барибир, салом сизларга”, - дедим табассум билан саломлашув ҳаракатларини бажариб. Сўнгра мени кузатиб турган юмалоқ юз жигарранг кўзли одамларга нима бўлганини ишоралар билан тушунтира бошладим. Мен лойга ботиб қолган машинани тасвирлашга уриниб гувиллаган овоз бердим. Хм-ммм. Хм-ммм. Чух-чух-чух. Тўхта. Бироқ ҳеч бир тушуниш белгисини кўрмадим. Мен қўлимни машина рулини бошқараётгандек айлантиришга тушдим. “А! О!” – Катта баланд устун ёнида турган одам тушунгандек бош ирғади. У бир дақиқадан сўнг иккита кружкада пиво кўтариб келди. “Йўқ, йўқ, - дедим кулганча, - автомобиль. Машина. Х-м-ммм. Бр-р-ррр. Тўх-та”. Мен кўзойнагимни ечиб сигнал ишорасини қилдим. “Етиб келдик!” Ниҳоят, бир неча киши ишораларимни фаҳмлаб, ўртоқлари билан ўзаро ҳазиллашиб ва ўйиндан завқланган ҳолда ўринларидан туришди. Мен ўзимни одамлар кўнглини хуш қиладиган оммавий ўйинлар ташкилотчисидек ҳис қилдим. Пивохона ортида барча саволларимнинг жавоби – лойга ботиб қолган кичкина “Фольксваген” – турарди. “А!” – улар ўз сонларига уриб, бошларини ирғашди. Ҳаммаси тушунарли! Бу одамлар ёрдам беришдан хурсанд эдилар. Узун этиклар кийиб олган бу инсонлар иккиланмасдан лойга киришди ва белгини кўрсатиб, рулга ўтиришим кераклигини билдиришди. Елкадор бу одамлар машинани суришни бошлаганларида моторни ўт олдирдим, передачани ёқдим ва бир неча дақиқа ўтмай машинам пивохона олдидаги катта йўлда турарди. Мен автомобилимдан чиқиб, уларнинг машинамга ва ундаги нарсаларга қизиқиш билдирганларидан бироз ташвишга тушган ҳолда ташаккуримни айтдим. Зеро округда бир уюм китоб олиб кетаётган голланд ҳақида хабар тарқалишини истамасдим. Мен уларнинг улкан кафтларини бирин-кетин қисиб, йўлда давом этишга ҳозирландим. “Мен сидқидилдан миннатдорман, - дедим мен, - Голландия сизга ташаккур айтади. Худо сизларга миннатдорчилигини йўллайди”. Аммо гапираётганимда, бир киши қўйвормасдан қўлимдан тутиб турди. У мени пивохонага гўё судрагандек олиб кирди. Ҳали бардаги столга етиб бормасимдан, ҳозир нима бўлишини тушундим. Улар хоҳлайманми ёки йўқми, мени пиво билан меҳмон қилмоқчи эдилар. Мен Худога юзланган ўша бўронли кечадан буён ичмагандим. Ҳаётимда спиртли ичимликлар доимо бузғунчилик кучи бўлган. “Худойим, мен нима қилай?” – Худодан баланд овозда голланд тилида сўрадим. Шунда баногоҳ улар билан ичишим кераклигини, раддиям билан уларнинг меҳмондўстлигини менсимасликни кўрсатишимни, бу эса Худо учун уларнинг яхшиликлари билан биргаликда қандайдир қоидалардан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни англатишини тушуниб етдим. Орадан йигирма дақиқа ўтиб, бақувват, хонаки пиводан кўзларим ёшланиб, йигирмата қўлни тағин маҳкам сиқдим, улар Худонинг нажотига тезда эришишларини тилаб йўлга тушдим. Машинам ғилдираклари ўзига ёпишган балчиқдан тўла халос бўлиши учун пастликка энкайган йўлдан нақ қирқ дақиқа катта тезликда ҳайдашимга тўғри келди. Югославияда мени чегарага қайтариб юборишган ўша охирги кечада Софияда яқин дўсти яшайдиган бир киши билан учрашгандим. “Петровни муқаддас дея ҳисоблашади, - деганди у менга, - у билан кўришишни истайсизми?” Албатта, хурсандчилик билан рози бўлдим. Мен Петровнинг манзилини ёдимда сақлаб қолгандим, ҳукумат билан бирор кўнгилсизлик юзага келишини ҳисобга олиб, қоғозга ёзиб қўймагандим. Энди эса Софиядаги тоғ устида туриб, ўзим охирги маротаба Югославияда кўрган одам бошқа мамлакатда мени илк алоқа билан таъминлаш учун Худонинг қуролига айлангани ҳақида ўйлардим. София ажойиб манзара касб этарди. Тоғлар қуршаб олган бу шаҳар оёғим остида ётар, православ жамоатининг гумбазлари ботаётган қуёшнинг нурларида товланарди. Бироқ мен қай тарзда бу улкан шаҳарда Петров яшаётган кўчани топаман? Югослав дўстим агар бу одам ҳақида мен, хорижлик киши, бошқалардан суриштирсам, бу унга зарар келтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Шу боис меҳмонхонага жойлашган заҳотим, биринчи навбатда шаҳар харитасини сўрадим. “Кечирасиз, жаноб, лекин барча хариталар тугаган. Бурчакдаги китоб дўконидан топишга уриниб кўринг”. Бироқ китоб дўконида ҳам йўқ экан. Меҳмонхонага қайтиб, хизматчидан бирор бир харитани топиб беришини сўрадим. У менга гумонсираб қаради. “Харита сизга нима учун керак? – сўради у. – Чет элликларнинг дуч келган ёққа боришлари мумкин эмас”. “О, - жавоб қайтардим, - шунчаки, адашиб қолмаслик учун. Мен шаҳардаги йўналишларни ўрганмоқчиман, негаки болгар тилини билмайман”. Назаримда, хизматчи гапимдан қониқиш ҳосил қилди. “Мана, бизда бори шу, - жавоб қилди у, - мана шу кичкина харита, холос”. Унинг столи устида кўчаларнинг қўл билан чизилган чизмаси турарди. Аммо бу чизма менга асло ёрдам беролмасди: унда асосий хиёбонлар белгилаб қўйилганди. Бироқ унинг илтифотига жавобан харита устига энгашиб қараганимда ажойиб бир белгига кўзим тушди. Харита тузувчи фақат асосий кўчаларни белгилаган, аммо бунда жуда муҳим бир истисно бор эди. Унда бу ердан бир неча квартал наридаги кичкина кўча бўлиб, харитада номи кўрсатилган экан. Бу худди ўша, мен излаган кўча эди! Чизмада номланиши кўрсатилган бошқа бирорта кичкина кўча йўқ эди. Мен ушбу сафарни Худо аллақачонлар белгилаб қўйганлиги ҳақидаги ғаройиб туйғуни яна ҳис этдим. Эртаси тонгда меҳмонхонани тарк этиб, Петров яшаётган кўчага дарҳол йўл олдим. Кўчани айнан чизмада белгиланган жойдан топдим. Энди фақатгина уйининг рақамини билишим қолганди. Кўчада кетаётганимда, қаршимдан бир киши яқинлашиб келди. Мен у билан ўзим излаётган уй олдида юзма-юз учрашдик. Бу икки хонали каттагина уй эди. Мен кириш йўлагига бурилдим, нотаниш одам ҳам шу ёққа бурилди! Биз деярли эшик олдида бўлганимизда, бир лаҳзага бу одамнинг юзига қарадим. Ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ масиҳийлик ҳаётидаги оддий мўъжизалардан бири юз берди: руҳимиз бир-бирини таниди. Биз бир сўз айтмасдан, ёнма-ён зинапоялардан кўтарилдик. Бу уйда бошқа оилалар ҳам яшарди: мабодо адашсам, жуда ноқулайлик бўларди. Нотаниш одам ўз хонасига борди ва калитни олиб эшикни очди. Бир лаҳза ҳам иккиланмасдан мен ҳам ичкарига кирдим, у эса шу заҳотиёқ эшикни ёпди. Биз бир-биримизга тикилиб, қоронғуликда турардик. “Мен Андрейман, Голландиядан”, - дедим инглиз тилида. “Мен эса, - жавоб қайтарди у, - Петровман”. Петров ва унинг хотини битта хонада туришар экан. Ёшлари олтмиш бешдан ошган, давлат нафақасини уйнинг ижара ҳақига, озиқ-овқат ва баъзан кийим-кечак учун сарфлашар экан. Вақтимизни беҳуда ўтказмай ва деярли таваккал қилмасдан бизни шундай ғаройиб тарзда учраштиргани учун Худога миннатдорчилик билдирган ҳолда, учаламиз ҳам дастлабки дақиқаларни тиз чўкиб ўтказдик. Сўнгра суҳбатлаша бошладик.”Эшитишимча, - дедим мен, - Болгария ва Руминияда Муқаддас Китобга эҳтиёж катта экан. Шу гап ростми?” Петров жавоб ўрнида мени ўзининг ёзув столи сари бошлади. Унда эски ёзув машинкаси бўлиб, қоғоз қистирилган, ёнгинасида Чиқиш Китобининг саҳифаси очилган Муқаддас Китоб ётарди. “Уч ҳафта аввал жуда омадим келди, - деди Петров, - мана шу Муқаддас Китобни топиб олдим”. У кичкина тушлик столи устидаги бошқа Муқаддас Китобни кўрсатди.”Мен унинг учун жуда кам ҳақ тўладим. Ойлик нафақамни, холос. Уни ўта арзонга сотишди, негаки ундан Ибтидо, Чиқиш, Ваҳий китоблари қирқиб олинган экан ва ...”. “Бироқ нима учун?” – унинг сўзини бўлдим. “Ким билади дейсиз? Эҳтимол, сотиш учундир. Ёки юпқа қоғоздан сигарета қилиш учун”. “Нима бўлганда ҳам, - давом этди Петров, - жуда омадим келди, мен уни топдим ва сотиб олиш учун шу пайтда пулим бор эди. Энди ўзимдаги Муқаддас Китобдан кўчириб, уни тўлдиришим зарур – ана шунда Каломнинг яна бир тўлиқ нусхаси менда бўлади! Тўрт ҳафта ичида бу ишни якунлайман!” “Иккинчи Муқаддас Китобни нима қилмоқчисиз?” “О, бирор кишига бераман”. “Пловдивдаги кичкина жамоатда, - деди унинг хотини, - Муқаддас Китоб умуман йўқ”. Мен уларни тўғри тушунганимга ишонч ҳосил қилмадим. Бутун бир жамоатда Муқаддас Китоб йўқми? “Ҳа, - жавоб қайтарди Петров, - мамлакатимизда бундай жамоатлар кўп. Руминия ва Россияда ҳам аҳвол шундай. Аввалги даврларда Муқаддас Китоб фақат руҳонийларда бўларди, оддий халқ ўқишни билмасди. Бироқ совет ҳукумати ўрнатилганидан буён уни сотиб олишнинг иложи бўлмай қолди. Ҳамманинг ҳам мендек омади келавермайди”. Ҳаяжонимни босолмай қолдим. Петровга машинамда ётган хазинани кўрсатишга сабрим етмаётганди. Ўша тунда квартирага келиб, кўча бўм-бўш эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун атрофга кўз югуртириб чиқдим, шундан сўнг узоқ йиллар мобайнида бу одамга келтирган кўплаб Муқаддас Китоблардан энг биринчиларини унинг уйига олиб кирдим. Петров ва хотини қутичаларни стол устига қандай тахлашимга қараб туришди, уларнинг кўзларида самимий қизиқиш акс этарди. “Нима бу?” – сўради Петров. Мен қутини очиб иккита Муқаддас Китобни чиқардим, биттасини Петровнинг титраётган қўлларига тутқазиб, иккинчисини хотинига бердим. “Нарига қутичадаги нима?” – сўради Петров. “Унда ҳам Муқаддас Китоблар бор. Бундан кўпроғи эса машинада турибди”. Петров кўзларини юмди. Лаблари товушсиз қимирлади. У ўзини босишга уринди, аммо юмиқ қовоқлари остидан қўлида ушлаб турган китобга икки томчи кўз ёшлари томди. Биз Петров билан дарҳол Болгария бўйлаб узоқ сафарга жўнадик, унинг айтгани бўйича, Муқаддас Китобга кўпроқ эҳтиёж сезган жамоатларга бу китобларни тарқатдик. “Биласизми, нега ҳукумат Муқаддас Китобни тарқатишни таъқиқлайди?” – сўраб қолди Петров атторлик моллари учун атиргуллар ўстирилаётган ажойиб бир қишлоқдан ўтаётганимизда. – Негаки Муқаддас Китобнинг матни эски орфографияни сақланган ҳолда нашр этилади. Ҳукуматнинг ҳисоблашича, бу билан таълим соҳасидаги тараққиёт тўхталиб қоларкан. Одамлар қадимий ёзув ва сўзларни ифода этишга боғланиб қолади дейишмоқда”. Унинг тушунтиришича, Болгариядаги ошкора Жамоат янги режим билан келишмаган ҳар қандай элементлардан тозаланган. Болгария православ жамоати мамлакатнинг давлат жамоати – қайсидир бир даражада ҳукуматнинг қуролига айланган. Ҳозирги патриарх ўзининг барча ваъзларида режимни мақтайди, Самовий Салтанатни қанча мадҳ этган бўлса, Болгария Халқ Республикасини ҳам ҳам шунча улуғлайди. “Энди амалда иккита жамоат бор, - деди Петров, - ҳукуматнинг айтганларини итоаткорлик билан такрорлайдиган қўғирчоқ жамоат ва яширин жамоат. Сиз ана шундай яширин жамоатлардан бирини бугун кўрасиз”. Бу менинг Болгариядаги биринчи хизматим эди. Биз, ўн икки киши, биргаликда йиғилиш учун бир соатдан кўпроқ вақт сарфладик, негаки бу ерда гуруҳ йиғилаётганига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги учун бирданига эмас, балки битта ёки иккитадан бўлиб келишимизга тўғри келди. Биз соат етти яримда чиқишимиз керак эди. Бизлар керакли уй олдидан тасодифан ўтиб қолдик, кутилмаганда уй ичида бўлиб қолдик, тасодифан учинчи қаватда тўхтадик, атрофга тезда кўз югуртириб эшик тақиллатмасдан хонага кириб олдик. Мен Виттедаги барча аҳоли жамоатга интиладиган якшанба кунларини дарҳол ёдимга олдим. Биз келганимизда саккиз киши ўтирган экан, яна иккитаси ўн беш дақиқаси кам ва беш дақиқаси кам соат саккизда етиб келишди. Хона жуда қоронғи эди. Шифтдан битта лампочка хира нур таратиб турар, ойналар эса кўчадан ҳеч нима кўринмаслиги учун оғир пардалар билан бутунлай беркитилганди. Мен бу одамлар хоналарига дераза ҳам ўрнатолмайдиган даражада камбағал эканликлари ҳақида ўйладим. Ҳеч ким гаплашмасди. Ҳар бир янги келган одам стол ортидаги ўз ўрнини эгаллаб, бошини қуйи солганча йиғиннинг бехатар ўтиши учун жимгина ибодат қиларди. Соат айнан саккиз бўлганида Петров ўрнидан туриб, сокин овозда гапира бошлади, айтганларини унинг ўзи менга таржима қилиб турди. “Биз бугун алоҳида марҳаматланганмиз, бизга Голландиядан биродаримиз ташриф буюрган, - шивирлади Петров, - Мен ундан Худонинг хабарини сизлар билан баҳам кўришини сўрайман”. Петров ўтирди, мен эса мадҳияни куйлашларини кутиб турардим ва кейингина бу яширин жамоатда куйлаб бўлмаслигини тушундим. Мен йигирма дақиқа гапириб, Петровга бош ирғадим. У ўрнидан ирғиб туриб, қалтираётган қўллари билан ўзи келтирган ўрамни очди ва ундан Муқаддас Китобни чиқарди! Одамлар эҳтиёткорликни унутиб, қувонч билан қийқириб юборишди, лекин сўнгра жим бўлиб оғизларини ёпишди. Эркаклар айиқдек бир-бирларини маҳкам бағриларига босишди, аёллар эса бир-бирларининг елкаларига бошларини қўйишди. Одамлар Муқаддас Китобни эҳтиёткорлик билан очиб-ёпган ҳолда қўлма-қўл узатишди. Мазкур йиғиндаги бир киши мени ҳаммадан кўпроқ қизиқтириб қўйди. Биз бу ерда имкон қадар кўпроқ вақт ўтказиб тарқалдик. Биз бир ёки иккитадан бўлиб, бир соат ичидаги маълум вақт оралиғида чиқиб кетдик. Барчадан охирида патриарх каби соқол қўйган, тўртбурчак юзи қорайган, баҳайбат, мен қачонлардир кўрган энг самимий мовий кўзли киши ўрнидан турди. Петров унинг исми Иброҳим эканлигини айтди. Иброҳим йиғинда кам гапирди, лекин бу қарияда сўзсиз ҳис этиб туриладиган болаларча ҳурлик ва покизалик бор эди. У ҳам Петров каби кексалик ёшида бўлиб ҳеч қаерда ишламасди. Шу боис улар иккови бир неча йил мобайнида иккита Муқаддас Китоби бўлган жамоатни излашган, бундан мақсад биттасини сўраб ёки сотиб олиб, бирорта ҳам Муқаддас Китоб бўлмаган жамоатга совға қилиш эди. Петров Иброҳимнинг Родоп тоғларида палатка тутиб яшаганлигини айтди. Унинг давлатдан оладиган нафақаси бир ҳафтага беш доллар миқдорида бўлиб, эр-хотин ана шу пулга яшаганлар. Қачонлардир унинг ўз ери бор эди, аммо “қўпорувчилик” фаолияти боис ундан айрилган экан. “Сиз унинг олдига боришингиз керак, - деди Петров, - шунда сиз инсон Худо йўлига нималарни қурбон қилишини кўрасиз”. Унинг айтишича, Иброҳим хотини билан йилнинг катта қисмини ёввойи мева-сабзавотлар ва озгина нон истеъмол қилиб ўтказар экан. Петров қарияни Иброҳим - баҳодирларнинг ғолиби дея атади, негаки у ҳамиша ўз “Гўллиёти”ини, қандайдир юқори мансабдорни ёки ҳарбий бошлиқни излаган ва унга гувоҳлик беришни бошлаган. “Иброҳим доимо ўз Гўллиётини излайди, - деди Петров. - У излаган кишисини топади, шундан сўнг кураш бошланади. Гўллиёт кўп ҳолларда устун келади ва Иброҳим ўз баҳсини қамоқхонада ўтириш билан якунлайди. Аммо аксарият вазиятларда Иброҳим ғолиб чиқади ва Масиҳнинг Жамоатига янги бир руҳ кириб келади”. У кетиб қолишидан аввал машинамга бориб, Иброҳим – баҳодирлар ғолибига болгар тилидаги қолган Муқаддас Китобларни топширдим. У буларни нима қилишни билади. Иброҳим Муқаддас Китобларни худди гўдакдек ушлаб турарди. У менга миннатдорчилик билдирмади, лекин айтган сўзлари қалбимда ўрнашиб қолди. Петров Иброҳимнинг сўзларини таржима қилаётганда, унинг мовий кўзлари менга қадалиб турганди. “Фронт чизиғи узун, биродар. Бу ерда биз чекинамиз, бошқа ёқда олдинга силжиймиз. Бугун, Голландиялик биродар Андрей, биз олдинга ташландик”. Мен Болгарияда ўтказган барча вақтимда майда, рўйхатга олинмаган яширин жамоатларда бўлдим. “Бедор бўл! Ўлишга юз тутмаган ниманг қолган бўлса, тузатиб қўй...” – ушбу амр мени тунлари доимо таъқиб этарди. Жамоатда қолган бу одамлар анчайин жасур эдилар, улар ўзлари ҳақида ўйлашмас ва ниҳоятда ёлғиз эдилар. Шу ҳафталарда ўзим танишган учта хизматчи хотирамда алоҳида муҳрланиб қолган – Константин, Армин ва Васил. Константин йигирмага ҳам тўлмаган ёшлар имон келтирганларида чўмдиргани учун бир ярим йил қамоқхонада ўтирган. Уни яқинда озод этишибди. Константиннинг айтишича, озодликка чиққанидан сўнгги биринчи кечада йигирма еттита ўсмирни шаҳар ортидаги дарё бўйида яширин тарзда чўмдирибди. Армин Мавлуд байрамида унинг жамоатида полициядан кузатувчилар бўлишини билган, шу боис болаларни Хушхабарга даъват этиш ҳақидаги таъқиқни асло бузмасликка уринган. У сиёсатдан нари бўлишга уриниб, фақат ёши катталарга мурожаат қилган. Қайсидир пайтда у байрам арчаси тагида турган болаларга қараб сўраган: “Биласизларми, йилнинг бу палласида нега бир-биримизга совға қиламиз? Негаки бу энг улуғ Инъомни ўзида ифода этади”. Мана шу икки жумла учун уни судга чақиришиб, жамоатда хизмат қилишини таъқиқлашган. Василнинг махфий полиция билан алоқаси борлиги ҳаммага маълум эди. Петров бир якшанба куни қўғирчоқ жамоатнинг фаолиятини кўришим учун мени йиғинга олиб борди. Уруш вақтидан буён келувчилар сони тобора қисқариб кетган экан. Васил хизмат олдидан бизга шу ҳақда арз қилди, сўнгра тўсатдан юз ифодасини ўзгартирмаган ҳолда мендан сўради: “Бугун кечқурун шу ерда йиғин ўтказишни истайсизми?” Мен ўз қулоқларимга ишонмадим. Васил воизларнинг рухсатсиз йиғин ўтказишлари мумкин эмаслигини биларди. Унга нима бўлди ўзи? “Мен шу ҳақда ибодат қиламан”, - дедим. Мен бутун хизмат давомида жўшқинлик билан ибодат қилардим. Эҳтимол, бу тузоқдир? Балки у мени мамлакатдан чиқариб юбориш учун полиция билан биргаликда буни ўйлаб топгандир? Ва барибир ўзим тушунганимдек менга йўлланган мутлақо аниқ жавобни олдим: “Боргин!” Йиғин тугашидан аввал Васил келган барча одамларга Голландиялик биродар кечқурун махсус хизмат ўтказишини эълон қилди. У келганларга дўстларини ҳам олиб келишларини таклиф этди. Ўша оқшом биз барчамиз жамоатда икки юзга яқин киши йиғилганини кўриб ҳайрон қолдик. Йиғин ажойиб тарзда ўтди. Йиғин сўнгида тавба қилишга чорлаганимда, олдинга ўнлаб одамлар чиқишди. Шунда Васил бу кеча яна бир йиғинни ўтказишимиз ҳақида айтиб, мени тағин ҳайрон қолдирди. Мен ҳам худди Петров каби хурсанд бўлдим. Бироқ биз ҳукуматнинг қўғирчоғи сифатида танилган бу одамга нима бўлганини тушунишга ожиз эдик. Ўша оқшом жамоат одамга лиқ тўлганди. Барча Муқаддас Руҳнинг иштирокини ҳис этди. Ўнлаб одамлар бунинг учун тўлов қандай бўлишидан қатъий назар Масиҳга эргашишга истак билдиришди. Ва тағин Васил барчани эртаси куни келишга таклиф этди. Душанба куни кечқурун жамоатда шунчалик кўп халқ тўпландики, одамлар кириш жойларида тўпланиб қолишганди. Лекин бу сафар Васил келганлар орасида махфий полициядан бир қанча дўстлари ҳам борлигини пайқаб қолди. Биз йиғин ўтказдик, аммо одамларни имонга келишлари учун олдинга чиқишга даъват этмадик. Биз ҳаттоки улардан қўлларини кўтаришларини ҳам сўрамадик, зеро уларнинг исмлари дарҳол ёзиб олинишидан чўчиб тургандик. Йиғиндан сўнг Петров ва Васил билан биргаликда энди нима қилиш ҳақида ўйлай бошладик. Яна йиғин ўтказиш мумкин эмаслиги кўриниб турарди. Василга нима бўлади? У жазоланадими? У ўзининг ҳаракати қандай оқибатларга олиб келишини тушунмаганини билиб турардим. Хўш, энди нима бўларкан? Полиция нима қилади? Вақт ўтиб, Масиҳ Муқаддас Руҳ билан бошқа чўпонга эмас, балки Василга таъсир қилгани аён бўлди. Негаки полиция амалда ҳеч қандай ҳаракат қилмади. На менга, на Петров ва Василга қарши. Васил полициянинг анчайин қадрли ходимларидан бири эди. Улар Васил қилган иш остида қандайдир бир асосни кўришди. Улар Василдан шубҳа қилишмаган. Эҳтимол, голланд Хушхабарчиси кетгач, аланга ўз-ўзидан ўчиб қолади дея ўйлашгандир. Аммо мен кетганимдан сўнг ҳам бу аланга ўчмади. Аввал вақти-вақти билан эллик киши келиб турадиган жамоатга тўрт юзта одам мунтазам қатнайдиган бўлди. Ниҳоят, ҳукумат оловни ўчиришга уринди. Ўша кузда Васил Швейцарияга анча вақтдан буён орқага суриб келаётган тиббий операция учун жўнади, лекин қайтмоқчи бўлганида ватанига қўйишмади. Унинг ўрнига тайинланган янги, “кўпроқ ишончли” руҳоний уч йил мобайнида бу алангани муваффақият билан ўчирди, оқибатда жамоатга қатнайдиганлар сони аввалги эллик рақамига тушиб кетди. Аммо янги имонга келган уч юз нафар киши Эски Загорни тарк этиб, қачонлардир Қуддус жамоати билан бўлганидек, бутун Болқон ярим оролига тарқаб кетишди ва улар қаерда бўлишмасин, имоннинг янги ўчоқлари ёнди. Албатта, ўшанда ҳаракатларимизнинг барча оқибатларини олдиндан кўролмагандик. Лекин Петров билан энг бошидан бир нарсани тушундик: ҳеч қачон ҳеч бир жамоатни қўғирчоқ дея атамаслик керак – унинг фаолияти қанчалик суст эканлиги, Худосиз ҳукуматга гўёки қулдек муносабатда бўлаётгани муҳим эмас. У илоҳий ном билан аталган, ундаги Худонинг қўли хоҳлаган пайтда Муқаддас Руҳнинг уфуриши билан ҳар қандай ғуборларни супуриб ташлаши мумкин. Болгариядан кетишимдан аввал биз Петров билан биргаликда Иброҳимни топиш илинжида Родоп тоғига бордик. Унинг палаткасини қаердан излашимиз ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасдик, фақат ўша қишлоқнинг номини билардик. Тўсатдан йўлимиз қишлоқнинг ўзида тугаб қолди, бу ердан бошқа йўл йўқ эди ва машинадан тушишимизга тўғри келди. Биз артезиан қудуғи олдида иккиланганча турардик. Нақ бошимиз узра горизонтгача ўрмон бўй чўзганди. Бундай бепоён ҳудудда Иброҳимни қандай топар эканмиз? Қудуқ олдида навбат кутаётганллар бизга қизиқиш билан тикилишарди. Биринчи бўлиб сув ичган киши қаддини ростлаб бизга юзини ўгирди. Бу Иброҳимнинг ўзи эди! Бизни кўрганида унинг мовий кўзлари тиниқ кундаги ложувард осмон каби ёришиб кетди. Кейинги лаҳзадаёқ ўзимни бу улкан одамнинг қучоғида кўрдим, унинг соқолидан оқаётган муздек сув бошимдан оёғимгача тўкиларди. Иброҳим бу кутилмаган учрашувдан биздан ҳам кўпроқ ҳаяжонга тушганди, негаки, ўзининг айтишича, қишлоққа ҳар тўрт кунда нон сотиб олгани келаркан, холос. У қудуқ ёнидаги тош девор устидан олтита юпқа нонларни олиб, бизни тоғ сари бошлади. Биз Петров иккимиз бу 75 ёшли қариядан нафасимизни ростлаб олиш учун такрор ва такрор илтимос қилиб турдик. У бир ҳафта олдин мен келтирган Муқаддас Китобларни тарқатиб, сафардан қайтиб келибди. У одамлар бу китобларни қандай қабул қилишганини батафсил сўзлаб берди, зўрға нафас олаётган Петров эса манзилга етиб борганимиз заҳоти унинг гапларини таржима қилишга ваъда берди. Орада тўхтаб дам олишларимизни ҳам қўшганда қоя чеккасига етиб боргунимизча икки соат вақт керак бўлди, ортимизда энди шамоллардан энкайган сосна дарахтларидан иборат девор қолаётганди. Биз Иброҳим маскани бўлмиш эчки терисидан ясалган палатка олдида турардик. У бу ерда Муқаддас Китоб патриархига кўпроқ ўхшаб кетарди. У бизни ўзининг бошпанасига таклиф этди. Палаткадан бир дақиқага унинг хотини чиқиб келди, унинг кўринишидан уларнинг тоғдаги бу қўнимгоҳига ҳар куни меҳмон келадигандек туюларди. Эри қанчалик йирик бўлса, хотини шу даражада кичкина эди. Тик қоматли жажжи бу аёлнинг териси қуриб қолган пергаментга ўхшарди. Фақатгина унинг кўзлари ҳаётий, кўм-кўк, болаларникидек содда ва ишонувчан боқарди. Мен қачонлардир қимматбаҳо гиламлар, жиҳозлар, нафис кийимлар ва эҳтимол, хизматкорлари ҳам бўлган хонадонда улғайган бу аёлга қараб қолдим, негаки унинг ота-онаси ниҳоятда бадавлат одамлар бўлишган. Шу тобда ҳаётдан бунчалик мамнун қиёфани ҳеч қачон кўрмаганлигим ҳақида ўйладим. У бизни майда кўкиш маймунжонга ўхшаган мевалар ва ёввойи асал билан меҳмон қилди. Биз жуда озгина едик, негаки уларда қанча заҳира қолганлигини билмасдик ва тезда орқага қайтиш тараддудига тушдик, негаки тунда тоғдан тушишни истамадик. Ташрифимиз худди бир зумгина қарашдек қисқа бўлди, аммо шу лаҳзаларда ҳаётим таянчига айланган дўстлигимиз туғилди. Болгарияга саёҳат мени руҳлантирди ва чуқур севги билан тўлдирди. Лекин айни вақтда қалбда аччиқ асоратлар қолди. Руминияга борганимда, Васил жамоатидаги йиғинда бўлган одамлар мендан шундай йиғинни ўзларининг шаҳарларида ҳам ўтказишимни сўрашди. “Биз буни узоқ йиллар кутдик, - ёлворишди улар, - оқибати нима бўлиши бизга барибир. Биз Худонинг иродасини бажо этмоқчимиз, холос”. Мен қадрдон, севги акс этган бу қиёфаларга қараб, рад жавобини бердим. Ҳайҳот, ўшанда ёлғиз эдим. Мен бир вақтнинг ўзида улар билан боришга ва Муқаддас Руҳ қаёққа чорлаётган бўлса, ўша йўналиш бўйлаб юришга имконсиз эдим. “Мен ўнта одам билан бўлишни истайман, - дедим уларга, - ҳар бирингизнинг чорловингизга жавоб қайтариш учун ўнлаб қисмга бўлинишдан жуда хурсанд бўлардим. Қачонлардир ана шундай қилишнинг имконини топарман”. 15 БОБ. БОҒДАГИ ИССИҚХОНА Руминия чегарасини кесиб ўтишим учун менга тўрт соат керак бўлди. Дунайнинг нариги тарафидаги назорат пунктига келганимда ўзимга шундай дедим: “Ана менинг омадим келди. Беш-олтита машина бор экан, холос. Тезда ўтиб кетаман”. Орадан қирқ дақиқа ўтсада, биринчи машинани ҳамон текширишарди, ўйланиб қолдим: “Бечора йигит, уни шунча ушлаб туришганига қараганда бир гап бўлганга ўхшайди”. Лекин ўша машина жўнаб кетганидан сўнг текширув яна ярим соатга чўзилди, мен хавотирлана бошладим. Машинадаги бир оиланинг ўзлари билан олиб кетаётган ҳамма нарсалари ерга ёйиб ташланганди. Барча автомобиллар шу тариқа текширувдан ўтказиларди. Тўртинчи машинани текшириш бир соатга чўзилди. Божхоначилар ҳайдовчини бинога олиб киришди, бу вақтда эса ғилдиракдан қопламасини ечиб олиб, моторни қисмларга ажратишди ва ўриндиқни орқага суришди. “Меҳрибон Худойим, - ёлвордим қаршимда биттагина машина қолганида, - мен нима қилай? Ҳар қандай жиддий текширув дарҳол румин тилидаги Муқаддас Китобларни аниқлаб беради”. “Худойим, - дедим мен, - биламан, ҳеч қандай чапдастлигим чегарадан ўтишимга ёрдам беролмайди. Мен сендан мўъжиза яратишингни сўрашга журъат этяпман. Бир қанча Муқаддас Китобларни чиқариб, кўринадиган жойда қолдиришимга изн бер. Ана шунда, Худойим, мен ўзимнинг топқирлигимга эмас, балки Сенга тўлиқ ишонган бўламан”. Охирги машинани диққат билан текшираётган пайтларида мен бир қанча Муқаддас Китобларни яширин жойдан чиқариб, ёнимдаги ўриндиқ устига қўйдим. Мана, навбатим ҳам келди. Мен йўлнинг чап томонида турган зобитнинг олдига машинамни ҳайдаб бориб ҳужжатларимни топширдим ва ташқарига чиқмоқчи бўлдим. Бироқ у машинам эшигига тиззасини тираб олгани учун ичкарида қолишга мажбур эдим. У менинг паспортимдаги фотосуратимга қаради, нималарнидир ёзди, бурнимга текказгудек даражада ҳужжатларимни узатди ва қўли билан кескин ишора қилиб кетишимга рухсат берди. Бунинг ҳаммаси ўттиз сониядан ҳам камроқ вақтни олди. Мен моторни ўт олдириб машинани юргиздим. Эҳтимол, улар автомобилимни қисмларга бўлиб текширишлари учун бир чеккага ҳайдашим керакдир? Албатта, машинани ҳар қандай лаҳзада тўхтатишга тайёр бўлиб олдинга ўтдим. Бироқ ҳеч нима юз бермади. Орқани кўрсатувчи ойнага қарадим. Божхоначи навбатдаги машинани текширувга чақирди, ҳайдовчига ташқарига чиқиши учун ишора қилди. Мен яна бир неча ярдни босиб ўтдим. Божхоначи ўзи текшираётган машинанинг капотини очди. Лекин энди шубҳаланмасам ҳам бўларди, барчаси ортда қолганди. Юрагим қаттиқ ура бошлади. Чегарани кесиб ўтишдаги ҳаяжондан эмас, балки Худонинг ишига бир назар ташлаб қўйганимдан шундай ҳолатга тушгандим. Мен бу сафарга тайёрланганимда, тасаввуримдаги Болгария ва Руминия бир-бирларидан катта фарқ қилишмасди. Бироқ энди, албатта, уларнинг мутлақо бошқа-бошқа мамлакатлар эканлигини биламан. Руминия Темир парда ортидаги мамлакатлар орасида “атеизмнинг иссиқхонаси” сифатида маълум эди. Бу мамлакат Россия учун динга қарши тажрибалар ўтказиладиган лаборатория бўлиб хизмат қиларди. Давлатнинг жамоат устидан қаттиқ назорати, имонлиларга нисбатан иқтисодий тазйиқ, диний етакчилар орасида ишончсизлик уруғини сепиш, мол-мулкни мусодара қилиш, диний хизмат сонларини қисқартириш, Хушхабарни таъқиқлаш. Руминияда нималарга тўқнаш келишим мумкинлиги ҳақида мени огоҳлантиришди. Чегарадан ўтган пайтимдаёқ полиция назоратининг кучайганлигини ҳис қилдим. Гўё ҳар бир қишлоқда полиция бўлими бордек тасаввур уйғонарди. Мундир кийган одамлар қишлоққа велосипедда келган ҳар бир одамни тўхтатишарди. Қаёққа кетяпсиз? Нима мақсадда? Ҳаттоки мен, “бақувват валюта” билан саёҳат қилаётган киши ҳам қайси шаҳарда бўлсам қайд этилишимга ва кейинги назорат пунктида бўлишим санасини белгилаб қўйишимга тўғри келди. Мен Клужадан эллик миль наридаги мафтункор бир кичик шаҳарчага келганимда, бундай назоратнинг қанчалик амалда эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Маҳаллий бошқарув идоралари менинг мақсадимдан ҳайрон бўлишди. “Бироқ, жаноб, - дейишди менга ёнимдаги саёҳатчилар харитасига қараб, - сиз кечқурун Клужада бўлишингиз керак. Агар шошилсангиз, ҳали ҳам улгуришингиз мумкин”. Бундай майда-чуйдалар учун бирор нохушликка тушиб қолишни истамай, менга буюрганларини бажардим. Мен йўлга шошилдим ва Клужага меҳмонхонадаги ресторан ёпилаётган вақтда етиб келдим. Менинг столим тайёрланган бўлиб, унда кундалик менюдаги таомлар тортилган ва ўртадаги стакандан кичкина голланд байроғи чиқиб турарди. Аммо шаҳар ичида бемалол юришим мумкин экан. Якшанба куни эди. Ўша ёрқин қуёшли тонгда ажойиб боғга ўхшаган заминдаги масиҳийлар билан учрашиш истагида барвақт уйғондим. Меҳмонхона маъмуридан жамоат ҳақида сўраганимда, менга гумонсираб қараб қўйди. “Биласизми, бизда масиҳийлар унчалик кўп эмас, - деди у, - бундан ташқари, бизнинг тилда гапирмас экансиз”. “Лекин наҳотки билмасангиз? – жавоб қайтардим. – Барча масиҳийлар битта тилда гаплашадилар”. “Шундайми? Бу қандай тил экан?” “Бу тил “агапе” деб аталади”. “Агапе? Бу ҳақда асло эшитмаган эканман”. “Афсус, бу дунёдаги энг гўзал тил. Майли, аммо барибир менга жамоатга қандай боришни айтиб юборолмайсизми?” Агар Болгарияда жамоатга қарши асосий қурол мажбурий рўйхатдан ўтишни талаб қилиш бўлса, Руминияда бу Консолидация деб аталарди. Деноминацияларнинг бирлашуви, жамоат мол-мулкларининг бирлашуви, диний хизмат вақтларининг бирлашуви. Агар диний хизмат чоғида жамоат ўриндиқлари бўш бўлса, бу ҳолда келувчиларни қўшни жамоатдагилар билан бирлаштиришар, бўш қолган бинони давлат ўзиники қилиб оларди. Назарияда бундай йўналиш ақлли ва ҳатто Жамоат учун фойдали бўлиб кўринарди: битта катта, бирлашган жамоат бир нечта майда, мавжуд бўлиш учун мустақил курашаётган жамоатлардан афзал эди. Бироқ амалда ёпиқ тарздаги жамоатга қатнайдиган имонлилар умуман йиғинларга келмай қўйишди. Улардан кўплари аввалги ибодатхоналарига кўниккан деҳқонлар эди ва бошқа қишлоқдаги жамоатга бориш улар учун ниҳоятда оғирлик қиларди. Ҳар ҳафтада икки марта йиғин ўтказишга рухсат бериларди, биттаси шанбада, иккинчиси якшанба куни. Лекин Руминияда шанба тўлиқ иш куни эди ва шанба оқшоми йиғинга жуда камчилик келарди, шу боис одамлар асосан ягона диний хизматга якшанба куни йиғилишарди. Аммо бу ниҳоятда улуғвор хизмат бўларди! Мен эрталабки соат тўққизда келиб, хизмат бир соатдан буён ўтаётганлигини пайқадим. Жой йўқ, бироқ одамлар хорижлик эканлигимни кўриб, тепада ўтиришимни сўрашди. Тиззаларим органга маҳкам тиралган бўлиб, навбатдаги уч соат мобайнида бир гуруҳ масиҳийлар билан биргаликда ички доиранинг ўртасида ўтирдим. Хайрия йиғиш вақти келганида, лаганга ўзимизда қанча пул қўйган бўлсам – румин валютасида – шунча пул ташладим. Лаганни биринчи бўлиб менга олиб келишди ва унинг тагидаги пулларимни барча кўрди. Хайрия йиғишда давом этишарди, мен эса ортиб бораётган таажжуб ила йиғиндаги ҳар қандай одамга нисбатан йигирма ёки ўттиз баробар кўпроқ ташлаганимни тушуниб қолдим. Тағин айрим нарсаларни ҳам пайқадим. Аксарият ҳолларда тақводор лаганга пул қўйиб, ундан қайтимини оларди. Мен бунақасини ўриндиқдаги жой учун ҳақ оладиган католик ва православ жамоатларида кўргандим. Кўриниб турибдики, хайриям бу ердаги аксарият одамлар берадиган пулдан кўпроқ. Эҳтимол, мен лаганда қолдирган пул бу ердагиларнинг ўртача ойлик маошига тенг келар. Мен худди бадавлат хорижликка ўхшаб кўринаётганимдан ўзимни ноқулай ҳис қилдим ва биз ҳамиша Виттеда энг қашшоқ оила бўлганимизни эслаб кулиб қўйдим. Аммо ҳаммасидан энг ёмони залдаги навбатчи мадҳия тугаганидан сўнг лаганни меҳробга олиб бориш ўрнига менга келтирди! У лаганни қўлимга бериб бир неча руминча сўз айтди. Ниҳоят уни тушундим. У менга қайтимни олишимни таклиф этаётганди. Шундай қоида бор экан. Нима қилсам экан? Одатларга бўйсуниб қайтимни олайми ёки барибир шу пулларни жамоатга берсаммикан? Йиғиндаги барчанинг нигоҳи менга қадалганди, мен эса тўсатдан катта қувонч ила бу пуллар умуман меники эмаслигини тушундим. “Бу менинг туҳфам эмас, - дедим немисчалаб, яхшиямки, келганлар орасида гапларимни таржима қиладиган бир киши топилди. “Бу менинг туҳфам эмас, - дедим “Kracht van Omhoog” муштарийларининг қилган хайрияларини эслаб. – Бу Голландиядаги имонлилардан Руминиядаги имонлилар учун берилган. Бу Масиҳ Танасидаги бирдамлик тимсолидир”. Мен одамларнинг қиёфаларига қараб, яна бир бора улардаги ишончсизликни, ўша умид уйғотадиган ифодани кўрдим: демак, бизлар ёлғиз эмасмизми? Бошқа мамлакатларда биродарларимиз ва опа-сингилларимиз борми? Аввал ўзимиз билмаган дўстларимиз борми? Ниҳоят, бу узоқ давом этган йиғин тугаганида, немис тилини биладиган инсон олдига бориб гаплашмоқчи эканлигимни айтдим. Маълум бўлишича, у румин деномацияларидан бирида котиб бўлиб ишлар экан. Аммо унинг мен билан танҳо гаплашишга хоҳиши йўқлиги билиниб турарди. У мужмал жавоблар қайтарди ва имконият бўлганидаёқ кечириб сўраганча кетиб қолди. Ташвишланган ҳолда унинг ортидан жамоатдан чиқдим. У семизлигига қарамай, тезда нари кетди. Ўзимча, у кўпчилик олдида мен билан гаплашишга қўрқди, шекилли, деб ўйладим. Мен унинг ортидан масофа сақлаб бордим, хайриятки, у хусусий уйлардан бирига қараб бурилди. Омадим келди, деб ўйладим. Энди у билан юзма-юз гаплашиб олишга имкон бор. Мен кўчада ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ўн беш дақиқача уёқдан бу ёққа юрдим, сўнгра бориб эшикни тақиллатдим. Қанчадир вақт эшик тирқишидан қараб туришди, сўнгра эшик тез очилиб мени уйга тортиб киритишди. “Сизга нима керак?” – деб сўради котиб. Мен дўстона табассум билан унинг кескин ҳаракатларидан таажжубга тушганимни яширмоқчи бўлдим. Шунчаки гаплашиб олмоқчи эканлигимни айтдим. Бирор бир масалада ёрдамим тегишини сўрамоқчи эдим, холос. “Ёрдам?” “Ҳа, мисол учун, Муқаддас Китоб. Сизда румин тилидаги Муқаддас Китоблар етарлими?” Котиб диққат билан менга тикилди.”Сизда руминча Муқаддас Китоблар борми? Сиз уларни чегарадан олиб ўтдингизми?” “Ҳа, менда Муқаддас Китоблар бор”. У жим бўлиб қолди. Сўнгра қатъий оҳангда айтди: “Бизга Муқаддас Китоб керак эмас! Бошқа ҳеч қачон, ҳеч қандай ҳолатда ҳам менга ёки бошқа имонлиларнинг олдига бу тариқа келманг. Мени тушундингиз деб умид қиламан”. Менга бу одам барча шубҳа ва кескинлик орасидан қичқириб ёрдам сўраётгандек бўлиб туюлди. “Сиз билан идорангизда учрашсам бўладими? Бу хавфсизроқ бўладими?” “Гап хавфсизликда эмас, мен буни гапирмадим”. Сўнгра у қўшимча қилди: “Бироқ сиз эртага идорамизга келсангиз, бошлиғимиз билан гаплашиб олишингизга имкон яратишга уриниб кўраман”. Эртаси куни ўзим билан олтита Муқаддас Китобни олиб, мазкур деноминациянинг штаб-квартирасига бордим. Котиб шу ерда бўлиб, таажжубга тушгандек кўринарди. Пешонасига тер тошиб чиқди. Мен унинг қандайдир бир даҳшатли воқеани кутиб турганлиги ҳақидаги ҳиссиётдан ўзимни қутқара олмасдим. Мени бошлиқ хонасига олиб киришди. “Бирор масалада ёрдамим керакми?” – сўради у немис тилида. Мен унинг қўлини сиқиб, айрим масалаларда унга ёрдам беришим мумкинлигини айтдим. Бироқ тўсатдан котиб билан бўлган суҳбат ёдимга тушди; уларнинг ўз эҳтиёжларини очиқчасига билдиришлари сиёсий ҳолатлари билан боғлиқ эканлигини тушундим. Шу боис мамлакатга масиҳий сифатида келганим ва ўз ватандошларимга Руминиядаги имонлилардан салом етказиш мақсадим борлигини айтдим. Бошлиқнинг юзи мулойим тус олди. Бу хавфсиз эди. Голландиянинг эзилган халқига Руминия буюк республикасидан салом йўллаш! Котиб жилмайиб, пешонасини артмай қўйди. “Ўтиришни истайсизми?” – сўради у стулни менга яқинроқ суриб. Биз мени бу ерга етаклаб келган мавзуни четлашга уринган ҳолда ўн беш дақиқа суҳбатлашдик. Биз мен кўрганлар орасида энг йириги бўлган румин помидорлари ҳақида, бу мамлакатда мен илк бора татиб кўрган тарвузлар ҳақида гаплашдик. Биз Қора денгизга яқинлиги боис бу ерда ҳукм сурадиган ёқимли ва юмшоқ об-ҳаво ҳақида гаплашдик. Суҳбатимиз давомида хонани кўздан кечиришга улгурдим. Мени бир кузатувим ҳайратга солди. Барча стул, стол ва девордаги суратларнинг рақами бор эди. Мен бу инвентаризация бўлиши мумкинлигини ўйладим, буюмлардан шахсий мақсадда фойдаланмаслик учун шундай тартибни қўллашса керак. Об-ҳаво ва маҳаллий помидорлар ҳақидаги мавзумиз тугагач, суҳбатимиз тўхтаб қолди. Чуқур нафас олган ҳолда янги раддиянинг ёхуд бу чўчиб қолган одамлар билан чинакам алоқа ўрнатишнинг пайти келди деган қарорга келдим. Портфелимни очиб Муқаддас Китобларни чиқардим. “Ижозат этинг, йўқ, мен бошқа гапни айтмоқчи эдим. Голланд халқи номидан румин халқига мана шу Муқаддас Китобларни совға қилишимга изн берсангиз”. Иккала суҳбатдошим ҳам шу заҳотиёқ жиддий тус олишди. Котибнинг тағин шунчалик тез терга ботганидан ҳайрон қолдим. Бошлиқ Муқаддас Китоблардан бирини қўлга олди, назаримда, у бир неча лаҳза бундан таъсирланиб хурсанд бўлгандек туюлди. Бироқ йўқ, у таслим бўлмоқчи эмасди. У Муқаддас Китобни тезда қайтариб берди. “Бизга бу керак эмас, - деди у. – Умуман айтганда, биз сиз билан узоқ ушланиб қолдик. Менинг ишларим жуда кўп”. Хуллас, ҳеч нимага эришолмай чиқиб кетдим. Қабулхонадаги маъмур худди ҳарбий муассасада ишлаётгандек хонадан чиққаним заҳоти исмимни келувчилар рўйхатида қайд этганини пайқадим. Ким билади дейсиз, балки махфий полиция билан алоқаси бордир. Мен ўзим ҳеч қачон бундай вазиятларга тушмаган бўлсам, қандай қилиб бошлиқни ва котибни мендан шубҳаланиш ҳамда қўрқувларида айблашим мумкин? Аммо бу Руминия ҳақидаги барча ҳақиқат эмас. Кейинги ҳафтада мен худди шундай таъқиб шароитида яшаётган бўлсада, лекин Худога умид ва ишончни йўқотмаган масиҳийлар билан учрашдим. Вазиятлар жуда ўхшаш бўлиб, уларни таққослаб кўришим мумкин эди. Иккала ҳолатда ҳам бу протестантлик йўналишида тан олинган етакчининг хонасида ўтказилган учрашув эди. Иккала ҳолатда ҳам бу суҳбатда мендан ташқари икки киши иштирок этди ва таққослашнинг муҳим элементларидан бири шуки, масиҳийлар ўртасидаги шубҳа-гумонлар жамоатни аста-секинлик билан ҳолдан тойдирмоқда эди. Ва бу сафар ҳам инвентар рақамларини пайқадим. Хонанинг деворларида учта сурат осиғлиқ турарди. Уларда мамлакат президенти, коммунистик партия котиби ва машҳур рассомнинг ингичка ва кенг мойбўёғи тасвирлаган мажозий манзара акс этганди. Қизиқ, ўйладим ўзимча, буюмлар рўйхатида бу сурат нима деб аталган экан? Мазкур деноминациянинг раҳбари Георге хонага кириб келганида мени бир мунча ташвишга тушириб қўйди. Бу рамақижон одам юриб келганидан шундай бўғилиб қолгандики, бир неча дақиқа нафасини ростлай олмади. У ўзига келганида эса муаммога дуч келдик: на у, на котиб мен биладиган тилларда гапирмас экан. Мен ахир руминча гапирганим йўқ. Биз бу ғариб, рақамланган суратлар осиб ташланган хонада мулоқот қилиш ҳолатига асло киришолмай ўтирардик. Ана шунда ниманидир кўриб қолдим. Георгнинг столида анча тўзиб кетган Муқаддас Китоб ётарди. Ҳар доим фойдаланилгани учун саҳифаларининг четлари саккиз дюмь ўчиб кетганди. Хўш, ўйладим ўзимча, агар Муқаддас Китоб матнларидан фойдаланиб, гаплашишга уриниб кўрсакчи? Пиджагим чўнтагидан голланд тилидаги Муқаддас Китобимни олиб, Коринфликларга Биринчи мактубни очдим (16:20): “Ҳамма биродарларимиз салом айтяптилар. Бир-бирингиз билан ўпишиб кўришинглар”. Мен уларга ҳар қандай тилда билса бўладиган китоб номини, бобни ва оят рақамини кўрсатдим. Уларнинг қиёфалари шу заҳотиёқ ёришди. Улар Муқаддас Китобдан керакли саҳифани тезда топишди, ўқиб табассум қилишди. Сўнгра Георг китобни варақлаб, ўзи танлаган жавобни кўрсатди. Ҳикматлар (25:25): “Узоқ юртдан келган хушхабар чарчаган одамга совуқ сув кабидир”. Энди биз уч киши биргаликда жилмайдик. Мен Павлуснинг Филимонга Мактубини очдим. “мен ибодат қилганимда сени эслаб, ҳар доим Худойимга шукур айтаман Сўнгра Йоннинг навбати келди, лекин у узоқ излаб ўтирмади. Унинг кўзлари қуйидаги сатрларга югурди ва мен томон Муқаддас Китобни суриб бармоғи билан кўрсатди: “Биродарим, сен туфайли биродарларнинг кўнгли тинч. Сенинг меҳр–муҳаббатинг менга катта севинч ва тасалли берди”. О, биз Муқаддас Китоб ёрдамида бир-биримиз билан гаплашиб, ярим соатни қандай ғаройиб тарзда ўтказдик. Кўзларимиздан ёш оқиб чиққунича кулдик. Суҳбатимиз якунида мен румин тилидаги Муқаддас Китобни чиқардим ва имо-ишоралар билан уларга бу китобни беришимни кўрсатдим, йўқ, (уларнинг қўлларини чўнтакка тиқиб, қошларини кўтарганларига жавобан), бу бепул совға, улар иккаласи ҳам мени такрор ва такрор қучоқлаб олишди. Ниҳоят ўша куни таржимон топилиб, бизнинг суҳбатимиз заминда яшаётган одамларга хос равишда кечганида, биз Йон билан келишиб, барча Муқаддас Китобларни унга берадиган бўлдим. У бу китобларни мамлакатда қандай тақсимлаш кераклигини яхши билади. Кечқурун меҳмонхонага қайтганимда, олдимга маъмур келди. “Менга қаранг, - деди у, - мен луғатдан “агапе” сўзини излаб кўрдим. Бундай тил йўқ. Бу оддий грек сўзи бўлиб, “севги” маъносини англатади”. “Айнан шундай, - дедим, - ана шу тилда мен кун бўйи гаплашдим”. Ниҳоят, тил борасидаги тўсиқдан ўтилган эди. Кейинги бир ярим ҳафта мобайнида ажойиб таржимон билан биргаликда Георг ва Йоннинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда Руминия бўйлаб саёҳат қилдим. Мен маъюс ҳолатдаги кишилардан тортиб кўтаринки кайфиятдаги турли одамлар билан учрашдим. Руҳан таслим бўлган одамларга шунчаки ҳамдардлик билдириш осон. “Биз нима қилишимиз мумкин?” – бу уларнинг табиий жавоб ҳаракати бўларди. Кўпчилик Руминияни абадий тарк этишни истарди. Бироқ қанчалик ғалати бўлмасин, у қанчалик содиқ масиҳий бўлгани сайин, шунча катта тайёргарлик билан ватанида қолаверарди. Биз Трансильванияда ана шундай оила билан учрашдик. Бу масиҳийларнинг товуқчилик фермаси бўлиб, улар фақатгина бир қисмини бошқаришарди. Аммо давлат уларни етиштириб бўлмайдиган даражадаги маҳсулотни топширишга мажбур қилган. Улар белгиланган режани бажаришлари учун бозордан тухум сотиб олишларига тўғри келарди. Бу йилдан йилга давом этар, уларнинг иқтисодий шароитлари оғир аҳволда эди. “Унда нега бу ерда қоляпсизлар? Фермаларингиз учунми?” – сўрадим улардан. Фермер ва хотини ҳайрон бўлишди. “Албатта, йўқ, аслида ферманинг хўжайинлари бизлар эмасмиз. Қолганимизнинг сабаби эса, - у атрофга қараб қўйди, - негаки биз кетсак, буларнинг ҳаммаси учун ким ибодат қилади?” Шу билан биргаликда, ишончга эга бўлмаган масиҳийларни ҳам учратдим. Мен катта йўлдан узоқда жойлашган, тақводорлар орасида лўлилар ҳам бўлган кичик бир жамоат ҳақида эшитдим. Биз бу ерга келганимизда, унинг ғарибона аҳволда эканлигини кўрдик. Ҳовлида ўтлар баланд ўсган, бир қанча деразалар синдирилган, жамоат биносининг четлари қўпорилиб тушганди. Биз таржимон билан биргаликда маъбад ортида чўпон яшайдиган иморатга кирдик. Уй эгаси йўқ экан, бизни унинг хотини кутиб олди ва бу ерда шундай ширин асал едикки, тишларим оғриб қолди. Уй бекаси эрининг Бухарестга ўз ишларини марказий ҳукуматга тақдим этиш учун кетганини айтди. Партиянинг маҳаллий етакчиси жамоатнинг биноси клуб учун зарур бўлаётганини айтиб, уни мусодара этишни талаб қилибди. Аёл эри билан лўлилар орасида деярли ўттиз йил ишлабди. Мен улардан кўпчилиги кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда келишганини, ўз фургонларида ҳамиша озғин отлар ва қулоқни батанг қилгудек даражада қичқирадиган ғозлар билан биргаликда ўтиришганини кўрдим. Аёлнинг айтишича, ҳукумат ниҳоят улар учун нимадир қилмоқ мақсадида каттароқ ойлик тўланадиган иш таклиф этибди. Албатта, эри билан бундан хурсанд бўлишибди, улар буни узоқ йиллардан буён кутишган экан. Бироқ шундай шарт қўйилибди: жамоатга борадиган лўлиларни ишга олиш мумкин эмас. “Шу боис, - деди чўпоннинг хотини, - икки ўт ўртасига тушиб қолдик. Одамлар жамоатдан кетишмоқда, келувчилар сони қисқармоқда, партияда эса бинони эгаллаб олиш учун кўпроқ асос юзага келмоқда. Ўйлашимча, кейинги йили бу ерда бўлмасак керак”. Аёл тўсатдан унсиз йиғлашга тушди, унинг елкалари титрарди, холос. Мен аёл сўзлаб берган вазият учун учаламиз ҳам биргаликда ибодат қилишимизни таклиф этдим. Бошларимизни эгдик, мен эса аёл ва унинг эри учун, лўлилар учун, мана шу кичкина қишлоқдаги барча мушкул вазият учун ибодат қилдим. Биз ниҳоят бошларимизни кўтарганимизда, кўзлари жиққа ёшга тўлган аёл шундай деди:“Тушунаяпсизми, Ғарбда биз учун ибодат қилишлари ҳақида билардим, аммо кўп йиллар давомида бу ҳақда ҳеч нима эшитмагандим. Биз уларга хат ёзолмасдик, ўн уч йил мобайнида эса биргина мактуб олдик. Бизни унутишди, бизни ҳеч ким эсламайди, эҳтиёжларимизни ҳеч ким билмайди, ҳеч ким ибодат қилмайди деган фикрда эдик”. Мен уйга қайтганим заҳоти улар ҳақида кўпчилик билишини, улар гўё оғир юкни якка-ёлғиз тортиб бораётганлари ҳақида бошқа ўйламасликлари лозимлигига уни чин юракдан ишонтирдим. Хайрлашиш вақти келди. Визамнинг амал қилиш муддати ҳам тугади. Бироқ ҳаммасидан ҳам муҳимроғи, Коррининг тез фурсатларда фарзандимизни дунёга келтириши эди. Руминиядаги сўнгги соатларимни Георг ва Йон билан ўтказдим. Душанба куни жўнаб кетишим керак, якшанба куни ибодатга бордим. Ушбу хизмат бир умр ёдимда қолди. Мен соат тўққиздан биргача ўтказиладиган йиғинларга кўниккандим, лекин бу эрталабки тўққиздан оқшом бешгача давом этди, шундан сўнг умумий овқатланиш ташкил этилди. Ўша оқшом сўнгги ваъзни Георг ўқиди. Ваъз ниҳоятда шахсий хусусиятга эга эди: Георг узоқ йиллар мобайнида уни қийнаган нафас қисиши ҳақида гапирди. “Аммо биласизларми, - деди у, - биз биродар Андрей билан Муқаддас Китоб ёрдамида гаплашганимиздан буён нафақат менинг руҳим, балки вужудим билан ҳам нимадир рўй берди. Ўшандан буён нафас олишим анча енгиллашган”. Георг шундан сўнг ўзидаги Муқаддас Китобни очди: Биродар Андрей билан баҳам кўришни истаган яна бир оят бор, - деди у менга таржимон орқали. – Марҳамат қилиб, Муқаддас Китобдан Ҳаворийлар фаолиятини (20:36-38) очгин”. Мен ўша оятларни топдим. “Бу, - деди Георг, - мен сен билан қай тарзда хайрлашишимиз кераклигини кўрсатадиган оят. “Павлус гапини тугатгандан кейин, ҳамма билан бирга тиз чўкиб, ибодат қилди. Ҳаммалари йиғлаб, Павлусни бағирларига босдилар, у билан ўпишиб хайрлашдилар. Павлус: “Энди мени ҳеч қачон кўрмайсизлар”, деб айтгани учун ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар. Улар Павлусни кемагача кузатиб бордилар”. Георг мени Павлус билан таққослаётганини эшитиб, кулиб қўйдим. “Ниҳоятда катта фарқ”, - дедим мен. Бироқ биз ҳаттоки илк масиҳийлар каби имонда у қадар кучли бўлмасакда, барибир улардан ибрат олишимиз мумкин. Овқатланганимиздан сўнг мен тиз чўкиб, барча билан биргаликда ибодат қилдим. Ана шунда коммунистик дунёнинг марказидаги бу масиҳийлар йиғлаб юборишди, мени қучоқлашди ва бошқарувимдаги кичкина мовий “кема”гача кузатиб боришди. 16 БОБ. ХИЗМАТ КЕНГАЙМОҚДА Ниҳоят, икки ойдан кўпроқ вақтдан сўнггина Голландия чегарасини кесиб ўтдим. Мен шунча узоқ ушланиб қоламан деб ўйламагандим, лекин у ёққа бориш ва қайтишим учун катта айланма йўл босишимга тўғри келди. Мен Виттега ярим тунда ҳолдан тойган, аммо хурсанд кайфиятда кириб келдим. Зинапоялардан қичқириб тепага кўтарилдим: “Корри, Корри, мен қайтиб келдим!” Корри ёруғдан кўзларини қисиб ва бахтиёр қуш каби сайроқи овозда эшикни очишга шошилди. “Ҳа, ҳаммаси ажойиб. Томдан кўпроқ чакка ўтяпти. Оилада ҳаммаси жойида. Шифокорнинг айтишича, бола июннинг бошида туғилади, лекин биринчи фарзанднинг туғилишини аниқ билиш ҳамиша қийин. Сен чиндан ҳам қаҳва ичишни хоҳламайсанми?” Йоппи 1959 йилнинг 4 июнь куни дунёга келди. У ҳам менга ўхшаб уйда туғилди ва барча бу вақт давомида ҳар бир фарзандининг дунёга келишига гувоҳ бўлган отам каби мен ҳам Коррининг ёнида бўлдим. Ўғлимиз туғилиши билан алоҳида уй керак эканлиги ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аён бўлди. Гелтьенинг учинчи боласи туғилиш арафасида эди, Корнелиус эса хотини билан биринчи фарзандни кутишаётганди. Ҳаттоки бизнинг голланд ўлчови билан ҳам кичкина уйимиз бундай оила учун торлик қилиб қолди. Ҳамма муаммо шунда эдики, уйни қаердан излашни билмасдик. Ҳатто 1959 йилда ҳам урушнинг оқибатлари бутун Голландияда сезилиб турарди. Мўъжазгина мамлакатимизда бошпана доимо танқис бўлган, 1945 йилдан бошлаб ҳар бир ғишт уруш вақтида вайрон бўлган ва чўкиб кетган биноларни тиклаш учун юбориларди. Гарчи Витте аҳолиси ўсган бўлсада, ўттизинчи йиллардан бошлаб қишлоғимизда битта ҳам янги уй қурилмаганди. Мен бургомистрнинг қабулхонасига бориб, бирорта уйни ижарага олишнинг имкони бор-йўқлиги ҳақида сўрадим, лекин у бош чайқаб қўйди. “Мен исмингни навбатда турганлар рўйхатига қўшишим мумкин, - жавоб қайтарди у, - аммо дарров айтиб қўяй, бу навбат уч йилдан буён бир қадам ҳам силжигани йўқ”. “Бўпти, на илож, нимадандир бошлаш керак барибир. Бизни ёзиб қўйинг, жаноб”. “Агар уй сотиб олсанг, бу бошқа гап, албатта. Биз уйни ижарага оладиганларни рўйхатга оламиз, холос”. “Маслаҳат учун раҳмат, жаноб. Лекин уй сотиб олиш учун пулни қаёқдан ҳам олардим!” Бургомистр бош ирғади. “Дарвоқе, - деди у, - ҳозир сотиладиган уйларнинг ўзи йўқ-ку”. Ёз фасли қайнаб турарди: манзилимизга ҳамон юборилаётган кийимли тугунлар сарой устидаги кичкина хонамизни бутунлай тўлдириб юборди. Ана шунда Худодан бу вазиятда ёрдам беришини сўраб жиддий ибодат қилишни бошладик. Бутун ҳафта шундай давом этди. Саккизинчи санада эрталаб менда фикр туғилди. Почтага йўл олдим, аммо каналдан ўтганимда айрим нарсалар ёдимга тушди. Эски уйида яшаган ўқитувчи Вим ҳозирда Харлемга кўчиб ўтганди-я. Демак, уй бўшатилади! Бироқ бундан асло енгил тортмадим. Биз ижара учун энг охирги навбатда турардик. Шундай бўлсада, бу фикр хаёлимга келганидан ўзим ҳайрон қолдим: тўсатдан ва мен эндигина англай бошлаган ҳукмронлик тарзида. Бу фикр Худога тегишли дея тахмин қила қолайлик. Балки Вим уйини сотишни хоҳлаб қолар? У ўша уйида кўп йиллардан буён яшамаяпти. Бироқ айни дамда уйнинг баҳоси бўлган йигирма минг гульден ҳақида ўйлашни ҳам истамасдим. Мен шунчаки олдинга бир қадам ташлаб кейин нима бўлишига қарайман. Ўз режаларим ҳақида унутиб, польдер орқали Вимнинг фермаси сари елиб бордим. У сиғир соғаётган экан. “Салом, Вим!” “Салом, Андрей!” Вим бошини ёнбош ташлаб ўтирди. “Сени кўп кезиб юради деб эшитаман. Худонинг ишлари учунми?” “Ҳа, жаноб”. “Сенга қандай фойдам тегиши мумкин?” “Эшитишимча, уйингиз яқинда бўшар экан. Сиз уни сотмоқчи эмасмисиз?” Кекса Вимнинг жағи шақиллаб кетгандек бўлди. “Сен буни қаёқдан биласан? – сўради у. – Мен уни кеча кечқурун сотишга қарор қилгандим, аммо ҳали бирорта кишига айтмагандим!” Мен чуқур тин олиб дангал сўрадим: “Бу ҳолда, уйингизни менга сотишни истамайсанми?” Вим бирор сўз айтмай менга узоқ қараб қолди. “Бу уй бизга узоқ йиллар хизмат қилди, - деди у ниҳоят, - оиламиздан деярли ҳеч ким қолмаган пайтда нега энди Худонинг ишига фойдаси тегмаслиги керак?” Бу сафар мен ҳайрон қолдим. У ҳисоб-китобимга кўра айтиши лозим бўлган сумманинг ярмини сўради, холос. “Яхши, Вим. Келишдик. Мен уйингизни сотиб оламан, - дедим мен гарчи ёнимда пенни бўлмаса ҳам, - ўн минг гульденга сотиб оламан”. Уйга қайтишимдан аввал Филипп Уэтстрга қўнғироқ қилдим. Аввал ҳеч қачон қарзга пул олмагандим, аммо назаримда тўғри иш қилаётгандек эдим. Жаноб Уэтстр пулни дарҳол олишим учун эртаси куни унинг идорасига келишимни айтди. Хуллас, сарой устидаги кичкина хонамга қайтганимдан кейин биз Корри билан амалда уй эгаларига айландик. Дарҳол уйни кўргани жўнадик. Эҳтимол, ўша пайтгача мен Корри учун ўз уйида яшамаслик нима эканини тушунмагандирман. Хотиним у хонадан бу хонага югуриб, ярим хароба уйда қандай қилиб оилавий маскан қилиш ҳақида режалар тузарди. “Анди, Йоппи мана бу ерда яшайди. Қарагин, кийимлар учун алоҳида хона бор экан, бу ерга эса кир ювиш учун тоғора қўямиз! Сен ёзув столинг тўғри келадиган тепадаги хонани кўрдингми?” Унинг юзи ловуллар, кўзлари чарақлаб ёнган ҳолда тўхтовсиз гапираверарди, мен эса ниҳоят ўз уйимизга эга бўлганимизни тушундим. Эртаси куни Амстердамга бориб пул олдим. Жаноб Уэтстр менга бу пулларни ҳеч қандай шартларсиз берди. Биз ҳеч қандай қоғозга қўл қўймадик, пулни қайтариш муҳлати ҳақида келишмадик. Ва кейинги уч йил мобайнида менга эҳтиёжларимиздан ортиқ даражада шунча пул келдики, биз қисқа муддат ичида қарзимиздан қутулдик. Бироқ уй учун қарздан қутулганимиз заҳоти ортиқча пуллар оқими тўхтади ва қўшимча пулга эҳтиёж сезмагунимизча пулларнинг бундай келиши тўхтаб турди. Мана шу йиллар давомида Худонинг ғамхўрлиги ҳеч қачон панд бермаслигини тушундим. Голланд тилида биз Корри билан кўчиб ўтган ярим хароба уйни таърифлайдиган яхши ифода бор. Бундай уйни “тўкилиб” кетган дейишади. Чўкиб қолган пол, қўпорилган сувоқ, чириган том – барча бу нохушликлар бизга яхши таниш. Бироқ бу уй Корри билан бизга жуда ёқди. Биз уни таъмирлаганимизда мутлақо қадрдон гўшага айланди. Ухлаш мумкин бўлган ягона қуруқ хонамиз меҳмонхона эди. Биз аста-секин таъмир билан машғул бўлган ҳолда ўша ерда яшадик, деворларни сувадик, чириган ёғочларни алмаштириб бўядик – ва албатта, боғ барпо этдик. Ҳаммасини ўзимиз қилдик, шу боис ишимиз секин кечди. Фақат беш йилдан сўнггина бу уй бутунлай бошқа қиёфага эга бўлди. Айни вақтда фаолиятимиз кенгайди. Йоппи туғилганидан сўнг биринчи йили менга рухсат берилган мамлакатларга яна бордим – айримларига бир неча бора. Иш кўпайгани сайин, муаммолар ҳам ортди. Улардан биринчиси корреспонденцияни таҳлил қилиш эди. Ҳар сафар уйга қайтганимда қўлимга болға ва бўёқ чўтка олиш ўрнига ўз хонамга кўтарилардим – Корри ҳақ бўлиб чиқди, ёзув столи хонада яхши жойлашди – ва кун бўйи эски портатив машинкада катта тўплам бўлиб қолган хатларга икки бармоғим билан жавоблар ёзардим. Мен жавобимни охирига етказишга улгурмай, янги мактублар келар ва ҳаммасини янгидан бошлашга тўғри келарди. Иккинчи муаммо эса ўзимни танитмаслик зарурияти билан боғлиқ эди. Одамлар билан мулоқотда бўлиб ўзимнинг ҳақиқий исмимни айтганимда озодлигимни ва бу мамлакатга бориш имконини таваккал остига қўймаяпманми? Ниҳоят, шу пайтгача барча эҳтиёжларимни қисман қондирадиган бир йўлни топдим. Ўз исмимни энди айтмай қўйдим, бунинг ўрнига Темир парда ортидаги барча масиҳийларга маълум бўлган номни келтирадиган бўлдим” биродар Андрей”. Манзилга келадиган бўлсак, шаҳардаги акам Беннинг почта қутисини ижарага олдим. Мана шу манзилга менга иш ҳақидаги масалалар билан хатлар юборишарди (Brother Andrew, Box 47, Emmelo, Holland). Бу муроса йўли эди, албатта: мабодо кимдир менинг исмимни билишни истаса, бу ҳақдаги маълумотни осонгина олиши мумкин эди. Аммо мен тўқнаш келган энг катта муаммо доимий сафарларим бўлган. Бўйдоқнинг саёҳати боласи бор оилали одамнинг саёҳатидан тубдан фарқ қилади. Йоппи ҳаётининг биринчи йилида мен уйдан ташқарида саккиз ойни ўтказдим. Биринчи тиш чиқиши, биринчи сўзи, биринчи қадамлари – мен буларни кўрмаганман, фақат бу ҳақда эшитганман. Йоппи туғилганидан сўнг жаноб Рингерс менга фабрикада шоҳонадек туюлган ойликли ишни яна таклиф қилди. Шу йили менга Гаага жамоатининг чўпони вазифасини ҳам таклиф этишди. Икки маротаба ҳам жиддий васвасага учрадим. Аммо узоқ иккиланиб ўтирмадим. Уйда қолишга иштиёқ айни кучайган пайтда хат келиб қолди. Баъзан мактуб жавоб манзили ёзилмаган ёки кўп ҳафталар ўтиб келарди ва уни очишгани кўпинча билиниб турарди. Хатларни Болгария, Венгрия ёки Польша ва бошқа мамлакатлардаги имонлилар йўллашар, уларда ўзлари дуч келаётган янги фалокатлар, ҳаётда юзага келадиган янги эҳтиёжлар ҳақида ёзишарди. Бу хатларда нимаики ёзилмасин, улар ҳамиша зарурият бўлган ўз вақтида келишар ва мен жомадонларимни ҳозирлаб, коммунистлар бошқараётган мамлакатларга виза олиш учун йўлга тушардим. Ана шундай сафарлардан бирида кичкинагина автомобилим двигатели ҳали узоқ ишлаши кераклигини буюрди. Бу Ғарбий Германияда юз берди. Мен Шарқий Германия ва Польшадаги сафаримдан уйга қайтаётгандим. Машинамда фисиҳ байрами таътили вақтида қочоқлар лагерида ишлаган иккита голланд талабасини ўзим билан бирга олгандим. Бир куни кундузи соат бешда машинамда нимадир қасирлаб, двигатель ўчиб қолди. Биз моторни яна юргазишга уриндик, аммо бефойда. Сўнгра машинамиз тўхтаган йўл чеккасида таъмирчилар бригадасини чақиришга мўлжалланган махсус телефон-автоматни кўриб қолдим. Гўшакни кўтариб машинамни тортиб олиб кетишларини сўрадим. Орадан йигирма дақиқа ўтиб, биз таъмирчилик устахонасининг хўжайини билан машинам мотори устида энгашиб турардик. У жимгина барча деталларни қараб чиқди, сўнгра олдинга ўтиб спидометрга қаради. “Тўқсон етти минг километр, - баланд овозда гапирди у. Устанинг қиёфаси ташвишли эди.- Бу жуда яхши кўрсатгич, лекин сиз жуда ёмон йўллардан юрганга ўхшайсиз”. Энди уни нима безовта қилганини тушундим. Мен спидометр аллақачон энг юқори масофа бўлган 99,999 километрни босиб ўтганини ва ҳисобни тағин нолдан бошлаганини тан олдим: у иккинчи маротаба тўқсон етти минг километрни кўрсатаётганди. “Бу ҳолда, - деди хўжайин мой теккан қўлларини артаётиб, - машина ўзига ўзига тўланган пулни оқлаб бўлибди. Моторни алмаштириш керак”. “Янгисини ўрнатиш қанча вақт талаб қилади?” У ҳисоб-китобини чиқариб олиш учун тўхтади. “Менинг жамоам ўн дақиқадан сўнг ишни бошлаши мумкин. Улар янги моторни бир соатдан сўнг қўйишади, аммо тезкор ва қўшимча иш учун қўшимча ҳақ тўлашингиз керак”. “Бунинг ҳаммаси учун қанча тўлашим керак?” “Беш юз марка”. Иккиланмасдан айтдим: “Яхши. Мен вокзалга бориб, валютамни алмаштириб келаман”. Вокзалга борадиган автобусга ўтириб пулларим санадим. Билсамки, беш юз марка пулим йўқ экан. Иккита талаба асло ёрдам беролмасди, негаки ёнларида пул бўлмагани учун мен билан кетишаётганди. Балки орқага қайтиб буюртмамни бекор қилсаммикан? Йўқ. Мен бунинг ҳаммасида Худонинг қўлини яққол кўрдим. Мен тўппа-тўғри телефон будкаси олдида тўхтадим, мотор айнан машинанинг ватани бўлган Германияда ишдан чиқди, зеро бошқа овлоқ жойда двигателни алмаштиришнинг имкони йўқ эди. Масиҳ хизматнинг амалий жиҳатига қандай эътибор билан ёндашишини яхши билардим ва барча бундай ўзгаришларда хато қилишим мумкин эмасди. Мен безовта бўлмадим, шунчаки Худо бу муаммони қандай ҳал қилишини кўрмоқчи бўлдим. Ўзимнинг охирги гульденларимни алмаштирганимда немис пули ҳисобида тўрт юз етмиш марка чўнтагимда эди. Ундан эллик маркасини бензин ва йўл харажатлари учун олиб қолишимга тўғри келарди. “Бўпти, - дедим ўзимга, - автобусда орқага қайтаётганимда нимадир юз бериб қолар”. Аммо автобусда ҳеч нима юз бермади. Мен устахонага ишчилар моторни қўйиб бўлган пайтларида қайтиб келдим, иккита йўловчим эса ҳеч қаерда кўринишмасди. Битта ишчи асбобларини йиғиштираётиб, уларнинг сайр қилишга кетганликларини айтди. Бошқалар ҳам асбобларни йиғиштира бошлашди. Мен улар билан ҳисоб-китоб қилишим керак эди. Ана шу пайтда иккита ёш голланд югуриб келиб қолишди; улардан бири қўлида нимадир ушлаб турарди. “Анди! – қичқирди у. – Биз билан ўта ғаройиб ҳолат юз берди! Биз шунчаки кўчада кетаётганимизда, бир аёл олдимизга келиб, голланд эканликларимизни сўради. Мен унга тасдиқ жавобини берганимда, шу банкнотни қўлимга тутқазди! У буни бизга Худо йўллаганини айтди!” Бу эллик маркалик банкнот эди. Бироқ бу ҳодиса ва деярли ҳар куни юз берадиган шунга ўхшаш ҳолатларга қарамай, барибир Худо ҳамиша сўраганимдан кўпроқ беришига кўника олмасдим. Мен доимо керагидан зиёд даражада берадиган Отага шунчаки ишонч билдириб қўйиш ўрнига, ҳали ҳам ўзимни қандайдир нохушликлардан асрайдиган бирор бир мўъжизаларга таянардим. Уйга қайтганимда харажатларнинг янги тўплами пайдо бўлди, бунинг энг каттаси эса иккинчи фарзанднинг туғилиши билан боғлиқ эди. Йоппи туғилганидан сўнг уйимизда Марк Петер пайдо бўлди. Биз асосан ўз томорқамизда етиштирган сабзавотлардан истеъмол қилиб, гўштни камроқ сотиб оладиган бўлдик. Бу қийин эмасди, сабзавотларни хуш кўрардик. Бироқ муаммо бизнинг шу вазиятга муносабатимизга боғлиқ эканлигини тушунмасдик, яъни ўз ҳолатимизни шундайлигича қабул қилиб унга кўникиб қолгандик. Мен бу хатоимни бир нотаниш аёлнинг сўзлари орқали англаб етдим. Кунлардан бирида Эрмелодаги почта қутимиздан тахминан қирқ доллар миқдоридаги катта совғани олдим. Чекда ҳадя этаётган аёлнинг сўзлари ҳам битилганди: “Азиз биродар Андрей, бу сизнинг шахсий эҳтиёжларингиз учун! Улардан Масиҳ севгиси ила фойдаланинг!” Бу сўзлар мени ўйга толдириб қўйди. Биз вақти-вақти билан дўстларимиздан шахсий совғалар олардик, лекин умуман нотаниш инсон ана шундай шарт қўйганди. Бу хатни бошқа мактублар уюмига қўшиб қўйиш ўрнига – бу ҳолда уч ойдан кейин жавоб йўллашим мумкин эди – мен шу заҳоти унга миннатдорчилик мактубини ёздим. Мен унинг сўзлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирдим, негаки биз бу масалада ўта нозик табиатмиз: мабодо уларда ҳеч қандай қайдлар бўлмаса, барча хайриялар фаолиятимиз йўлида ишлатилади. Пулни тежаш учун ҳаттоки устимиздаги кийимимизни ҳам қочоқлар учун мўлжалланган қоплардан олишимизни ёзиб юбордим. Афсуски, ўша аёл юборган хатни асраб қўймаган эканман. Мактуб шу ҳақдаги эслатма билан бошланарди, “меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир” (Луқо 10:7). Наҳотки Худо ўзининг хизматчилари ҳақида камроқ ғамхўрлик қилса? Эҳтимол, ўзимни синаб кўришга тўғри келар? Мен Худога ишонишимни тасдиқлайман, аммо эҳтиёжларим ўз иқтисодий имкониятларим билан қондириладигандек яшамаяпманми? Унинг хатидаги якунловчи жумлани эслайман. “Худо сизнинг оилангиз ҳамда хизматингиз муҳтож бўлаётган ниманидир юборади. Сиз етук масиҳийсиз, биродар Андрей. Шунга монанд ҳаёт кечиринг”. Мен ибодат қилган куйи бу мактубни узоқ ўқиб ўтирдим. Эҳтимол, у ҳақдир? Эҳтимол, чиндан ҳам масиҳийга хос бўлмаган муҳитда ҳаёт кечираётгандирман? Тахминан шу вақтда Корри бизни тушликка таклиф этди. Кетишим керак эди, Корри эса ҳамон чиқмасди. Мен хонамизга кўтарилиб уни халат кийган ҳолатда учратдим. “Киядиган ҳеч нимам йўқ” – деди у жуда паст овозда. Мен кулдим – аёллар доимо шундай дейишади. Сўнгра унинг кўзларида ёш кўрдим. Жим қолганча унинг жавондаги кийим-кечакларини кўздан кечира бошладим. Қалин кўйлаклар. Ҳар ҳолда, Коррининг тартибсеварлиги боис улар янада кўркам кўринарди. Аммо негадир қочоқлар учун жўнатилган кийим-кечаклар орасида хотиним ўзи учун олиб қолган бирорта ҳам чиройли кийим кўринмасди. Аёлларга хос ва кўзни қувонтирадиган ҳеч нима йўқ. Ана шунда тўсатдан бу ҳам ўзимиз қабул қилган қашшоқ турмуш тарзи эканлигини тушундим. Молиявий таъминотга нисбатан бизнинг муносабатимиз қайғули бўлиб, ўзимизни ҳар нарсада азоб билан тежардик, бу эса Исонинг сахий қалби ҳақида бир-биримизга айтадиган сўзларга сира мос келмасди. Ва биз ўз муносабатимизни ўзгартиришга қарор қилдик. Биз ҳозир ҳам тежамкорлик билан яшаймиз ва ҳамиша шундай бўлади, негаки бизни шундай тарбиялашган ва бошқачасига яшай олмаймиз. Аммо айни вақтда Худо инъом этадиган нарсалардан завқ олишни ҳам ўргандик. Деворнинг бир қисмини буздик ва энди ошхонага бориш учун айланиб юришга ҳожат йўқ қолмади. Марк бир ёшга тўлганидан сўнг учинчи фарзандимиз Пауль Денис туғилганида унга янги кийимлар сотиб олиш учун дўконга бордик. Ўғлимизга бу оламдаги ҳаётининг биринчи кунидаёқ ҳамма нарсалар янги берилди ва у бундан асло ёмон болага айланиб қолган эмас. Бизларнинг оддий ҳолатни тушунишимиз учун кўп вақт керак бўлганлиги ғалати – Худо чиндан зиқналикни ҳам, тамагирликни ҳам бирдек ёқтирмайдиган бизнинг Отамиздир. Бу яхши сабоқ бўлди. Мен нафақат шахсий ҳаётимга, балки ўз фаолиятимга ҳам янгича назар билан қарай бошладим. Қанчадир йиллар ёлғиз ўзим ишладим. Бу йилига саксон минг километрлик саёҳатни ва уйдан узоқ вақт айрилиқда бўлишни англатарди. Мен буни Худонинг иродаси сифатида қабул қилганлигим учун бажарардим. Лекин бундан ўз ишим зиён кўра бошлади, негаки жисмонан бир вақтнинг ўзида икки жойда бўлиб қололмасдим. Мен Болгариядан кетаётганимда ўз шаҳарларига боришимни таклиф этган одамларни ҳеч қачон унутолмайман. Ниҳоят, уларнинг олдига бир йилдан сўнг борганимда кўп нарсалар ўзгарганди. Уларнинг фикрича кўплаб одамларнинг ҳаётини ўзгартириш мумкин бўлган йиғинларни ташкил этишнинг энди иложи йўқ эди. Бироқ, келинг, менда ёрдамчи, биргаликда саёҳат қиладиган маслакдошим борлигини бир тасаввур қилиб кўрайлик! Дейлик, биз иккита ... учта ... ўнта кишимиз! Бир киши бошқа одам боролмайдиган жойга боради, навбати билан бориш ҳам мумкин, навбати билан ваъз айтиш ва ҳаттоки хатлар ёзиш мумкин! Бу фикрлар эртаю-кеч мени таъқиб қила бошлади. Бу алоҳида бир алоқа, алоҳида муносабатлар бўлиши керак эди, биз ташкилот эмас, бир вужудга айланишимиз лозим эди. Расмий даражада қанчалик кам ташкил этилсак шунча яхши, негаки қамоққа олишлар юзага келса бир-биримизни тортмаган бўлардик. Биз эркак ва аёллардан иборат бир жамоа бўламиз – нега шундай қилиш мумкин эмас экан? – муҳтожларга ва қувғин бўлган Жамоатга умид элтадиган бир мақсад билан бирлашамиз. Ҳар биримиз ўзимиз учун йўлни биринчи бўлиб очамиз, балки бир-биримизни такрорламаслик учун иш услубимизни махфий сақлармиз. Зеро бизни осон танийдиган бўлсалар осонгина бошқарадиган ҳам бўлишади. Мен ўз орзуимни Корри билан баҳам кўрганимда, хотиним қувончдан қичқириб юборди. “Очиғини айтсам, Андрей, мен бунда ўз манфаатимизни ҳам назарда тутяпман. Бу тарзда тўрталамиз ҳам бир-биримизни кўпроқ кўриб туришимизни тушуняпсанми?” У шу заҳотиёқ айтган гапидан афсусланди. Лекин унинг сўзларини эшитганимдан хурсанд эдим. Албатта, узундан узоқ сафарларим оиламиз ҳаётига оғир таъсир қиларди. Зеро, кўп ойлар давомида уйда бўлмаганим боис Йоппи, Марк Петер ва Пауль Денис қандай улғайишганини кўрмагандим. Албатта, агар ёрдамчиларим бўлганида бунчалик узоқ сафарларга ҳожат қолмасди. Бироқ ўзимга муносиб ёрдамчиларни қаёқдан топаман? Гап ҳеч кимнинг мен билан ишлашни истамаслигида эмас. Вақти-вақти билан ва ҳаттоки тез-тез суҳбатимиз якунида уч ёки тўртта қайноқ қонли ёшлар олдимга келиб айтишарди: “Биродар Андрей, биз сиз билан Темир парда ортида ишламоқчимиз. Худо бизни ҳам бу мамлакатларда Хушхабарни ёйишга даъват этмоқда”. Бошқалари тўғрисўз эди. “Бунинг ҳаммаси ажойиб! – дерди улар. – Биз жомадонларингизни кўтариб юришга ҳам розимиз!” Бироқ бундай суҳбатларни давом эттиришга истагим бўлмасди. Менда чегарани кесиб ўтишга оид ишлаб чиқилган қандайдир тизим йўқ эди, мен бошқаларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган бирорта услубни улар билан баҳам кўролмасдим. Фожеалардан қутулиб кетишимга топқирлигим ва тажрибам ёрдам берган эмас, балки ҳар сафар йўл олдидан тонгда ўзимни бутунлай онгли равишда Худонинг қўлига топшириб, Унинг иродасига тўғри келмайдиган бошқа қадамларни имкон қадар қўймасликка ҳаракат қилардим. Бироқ бошқалар учун бундай қилолмасдим. Шу боис керакли тарзда кўнгиллиларга айтардим: “Бўпти, нима ҳам дердим, агар Темир парда ортида учрашиб қолсак, бу мавзуда батафсил гаплашиб оламиз, албатта”. Мен ўша ёшларни бошқа учратган эмасман. “Сен биласан, - дедим Коррига бир куни кечқурун, - ўз фаолиятимизни кенгайтиришни Худо хоҳлаган экан, У бизга бундай одамларни аллақачон тайёрлаб қўйган. Бироқ уларни қандай топсам экан?” “Ибодат қилишга уриниб кўргин”. Мен кулиб қўйдим. Мана шу сўзда Коррининг ўзлиги акс этганди. Дарҳақиқат, мен керакли одамни топиш учун Худонинг бошқарувини сўрашдан бошқа ҳамма ишни қилдим. Ҳозир шу турган жойимнинг ўзида ибодат қилдим. Ва шу заҳотиёқ хаёлимга бир исм келди. Ханс Грубер. Мен Хансни Австрияда, у ишлаган қочоқлар лагерида учратгандим. У голланд бўлиб, бўйи олти фут ва етти дюймни ташкил этарди, шундай бўйи билан йирик ва ўта бесўнақай эди. Унда гўё олтита тирсак, ўнтадан кўпроқ бармоқлар ва ўн иккита тизза бордек туюларди. Бундан ташқари, у немисчада мен эшитишимга тўғри келган энг қўпол тилда гапирарди. Хансда барчаси алоҳида олиб қаралганда беўхшов эди. Аммо буларнинг барчаси бирлашган ҳолда унда ҳайратомуз ички бирликка монанд шахсни ўзида акс эттирарди. У лагернинг бирор ерида туриб, соатлаб беш юзталаб одамларни фақат сўз ёрдамида ушлаб туриши мумкин эди. Бир куни Ханс ўзининг ножўя немис лаҳжасида гапираётганида ёмғир ёғиб қолди. Тингловчилардан бирортаси осмонга қараб ҳам қўймади. У ҳаттоки етимхонадаги шумтакалар билан ҳам умумий тил топарди. Икки юз қирқта тўполончи болалар лагерга келган ҳар қандай воизнинг юрагига қўрқув соларди. Ханс билан эса худди сеҳрлангандек ўтиришар ва унинг ортидан бутун лагерга хонаки қўйлар каби эргашиб юришарди. Ўша оқшом Хансга мактуб ёзиб, Темир парда ортида воизлик хизматини ўтказишга хоҳиши бор-йўқлигини сўрадим. Мен энди қаёққа йўл олишимни билишим ҳақида айтдим. Барча газеталар кўп ҳафталар мобайнида чет эллик сайёҳларнинг Россияга кириш шартлари осонлашгани ҳақида мунтазам ёзишарди. Энди хорижликлар Советлар мамлакати бўйлаб Интурист йўлбошловчилари иштирокисиз саёҳат қилишлари мумкин эди. Бу янгиликни жуда узоқ кутгандим! Коммунизмнинг юрагига кириб бориш вақти келганди. Тезда Хансдан жавоб келди. У ҳайратда эди. Менинг таклифим унга қадимги башоратни бажаришга даъват каби янграбди. У олтинчи синфда ўқиганида – у шундай кейин ўқимай қўйган – харитадан Россияга қараб, ғалати туйғуларни ҳис этган. У шундай сўзларни такрорлаган овозни эшитган: “Сен Мен учун ушбу мамлакатда ишлайдиган кун келади”. “Шундан буён, - ёзганди Ханс, - мана шу вақт келганида тайёр бўлишим учун рус тилини ўргандим. Ҳозир худди немис тили каби рус тилини ҳам яхши биламан. Қачон жўнаймиз?” Ханснинг жавобидан сўнг хизматимдаги жуда муҳим давр келди. Энди ҳамкорим бор бўлиб, бу алоқа орқали Масиҳ ишимни икки баробар оширди. Аммо жўнаш олдидан айрим ишларни бажариб олиш лозим. Биринчи навбатда бизга бошқа машина керак эди. Ҳаттоки моторни алмаштирганимизда ҳам, “Фолбксваген” йўлда бузилиб қолмаслигига ишонмасдик. Баҳайбат Ханснинг кичкина автомобилимга жойлашишини тасавур қилолмасдим. Шу боис “Опель” янги фургонини сотиб олдик. Биз унда ухлашимиз мумкин эди, бундан ташқари, бу машинага кўпроқ Муқаддас Китоблар сиғарди. Бироқ Хансни машина ҳайдашга ўргатиш энг мураккаб муаммо бўлди. “Мен ҳеч қачон буни эплолмайман”, - деб инграрди у машинанинг улаш механизмини қандай босиш ва тезликни қай тариқа оширишни минг марталаб кўрсатганимда. Мен ҳамкорликда ишлашимизнинг устунликларидан бири машинани навбатма навбат бошқариш дея ҳисоблардим. Ханснинг машина ҳайдашни билмаслиги маълум эди, лекин уни тезда ҳайдашга ўргатаман деб ўйлагандим. Дастлабки олти соатлик сабоқдан сўнг бунга жуда кўп вақт кетишини тушундим. Жўнайдиган кунимиз ҳам келди, унда эса ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ. Бироқ Ғарбий Европанинг катта қисмида бундай ҳужжатсиз ҳам юриш мумкин эди, агар янги ўрганаётган кишининг ёнида тажрибали ҳайдовчи бўлса, албатта. Биз жўнашга аҳд қилдик. Хуллас, юкларимизни ортдик, болаларимни бирин-кетин бағримга босиб Коррини ўпдим ва йўлга тушдик. Кўп юк ортилганига қарамай, “Опель” енгил юрарди. Катта миқдордаги Муқаддас Китоблардан ташқари, машинада икки кишига мўлжалланган саёҳатчилар учун ётоқ тўшаклари ва ошхона жиҳозлари бор эди. Машина оғир юкдан чайқаларди, лекин токи чегарадан ўтиб олгунимизча Хансга ҳайдовчилигини тажрибадан ўтказиши учун имкон бериш керак деб ўйлардим. Шу боис Германияда машина бошқарувини унга топширдим. Аммо тез орада яна ҳайдовчилик ўрнига ўтиришга шошилдим. Ортимизда бир неча миль бўйлаб машиналар дум каби келаётган эди. “Хўш, бу ажойиб, Ханс. Сен машинани бироз секинроқ ҳайдаяпсан, аммо зарари йўқ. Тажриба вақт ўтгач келади”. “Мен ҳеч қачон ўрганолмайман. Буни биламан”. “Бекор гап. Биринчи марта машинани бошқарганимни кўрганингда эди”. Уни хурсанд қилиш учун, ҳарбий хизматда оғир Бренни ўз жойига қўйишга қандай уринганимни сўзлаб бердим. Ва биз токи Берлингача бутун йўлни қаҳқаҳа билан ўтказдик. Агарки Ханс техникани ёмон тушунса, бошқа тарафлама у мендан анча устун эди. Мисол учун, дадиллигини олайлик. Бизни Берлинда кутиб олган дўстларимиз Совет Иттифоқига Муқаддас Китоблар элтаётганимизни эшитиб, ҳайратга тушишди. “Бизнинг жамоатимизда рус тилидаги Муқаддас Китоблар бор, Андрей! Уларни ҳам олишни истайсанми?” Мен иккиланиб қолдим. Машина шу қадар лиқ тўлгандики, бу шубҳа уйғотиши мумкин эди. “Албатта, оламиз, - деди Ханс. Сўнгра у менга ўгирилди. – Агар бизни Муқаддас Китобларни ортганимиз учун ҳибсга олишса, бу ҳолда унинг миқдори унчалик аҳамиятли эмас”. Шу тариқа биз яна кўпроқ китобларни тиқиштирдик. Жўнаётганимизда бошқа дўстларимиз украин тилидаги Муқаддас Китоблар солинган катта қутини олиб келишди. Мен Хансга ёлвориш назари билан қарадим, лекин бу қути ҳам биз билан кетишини тушундим. Аммо чиндан ҳам жой йўқ эди. “Яхши, - деди Ханс, - сен Худога бутунлай таянишинг учун бир қанча Муқаддас Китобларни кўринадиган жойга қўйишингни айтгандинг. Мен бу қутини тиззамда олиб кетаман”. Бизнинг транзит визамиз Польшада етмиш икки соат бўлишимизга имкон берарди. Варшавага келганимдан буён ўтган олти йил мобайнида бу ердаги кўп нарсалар ўзгарибди. Мен яшаган мактаб, мен аскарлар билан гаплашган бараклар ёнидан ўтдик. Лекин кичкина қизалоқ билан мен учрашган вайроналар энди тозаланган, бу ерда энди парк қад кўтарганди. Мен Хансни Варшава ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги дўстларимиз билан таништирдим ва уч кун мобайнида улар билан учрашдик. Сўнгра Польшанинг Россия билан чегарасига ўттиз миль масофа қолганида, Варшавада жуда кўп пулни алмаштириб жиддий хатога йўл қўйганимни тушундим. “Нима қилганимни биласан! – дедим Хансга. – мен кўп гульденларимизни злотига алмаштирган эканман!” “Чегарада уларни қайта алмаштиришнинг иложи йўқми?” “Йўқ. Варшава – чет эл валютасини олиш мумкин бўлган ягона жой. Аммо орқага қайтсак, визамизнинг муддати ўтиб кетади”. Биз қишлоқ жойларидан ўтганимизда машинани Ханс бошқариб борди. У фақат қарама-қарши тарафдан машиналар ҳаракати бўлмаганида машинани бошқаришга рози бўлди. Ўшанда, 1961 йилда Польшада шундай қилса бўларди. Мен унинг ёнида ўтириб, қанча пулимиз қолганлиги ва нега бунчалик аҳмоқлик қилганим ҳақида ўйлаётганимда тўсатдан хавфли ҳудудга яқинлашаётганимизни кўриб қолдим. Кўприк бўлинган, айланма йўл вақтинчалик қурилган мўрт кўприк устидан дарёни кесиб ўтиб пастга қараб тушганди. Қаршимизда польяк “Варшава” машинаси секинлик билан судраларди. Ханс бу вазиятга қандай эътибор қаратишини кўриш учун унга қарадим. Пешонасига тер тошиб чиққан, титраётган қўллари билан рулни тутиб олган, аммо кўзларида қатъият бор. Яхши! Мен унинг шундай жиддий синовлардан сўнг ўзига ишонч ортириши ҳақида ўйладим. Ханс катта йўлдан қайрилиб пастлик сари энди. Хайриятки, у машинани ажойиб тарзда бошқарарди. У ўртача тезликда борарди. Ўз одатига кўра соатига ўн беш миль тезликда пастга тушиб кўприкка қараб юрғизди. Бироқ олдимизда яна бир машина кетиб бораётганди. Ханс машинани тўхтатмоқчи эмаслигини жуда кеч тушундим. Худди секинлаштирилган кинодагидек, у даҳшат билан “Варшава”нинг орқасига бориб урилди. Ҳайдовчи машинадан отилиб чиқиб, нималарнидир тез-тез гапира бошлади. Унинг славянларга хос кенг юзи қизариб кетган, қўллари мушт бўлиб тугилганди. “У билан гаплашиб тургунимча ибодат қилгин” – дедим Хансга. “Хайрли тонг, дўстим. Қандай ажойиб кун-а” – дедим немисчалаб. Биз автомобилнинг қаери синганини билиш учун биргаликда бориб қарадик. Ханснинг тошбақадек тезликда ҳайдагани боис шикаст унчалик катта эмасди: орқа чироқлар синган ва қанот тирналганди. Бизнинг бамперимизда ва олд қанотда ўйиқ пайдо бўлибди. “Полиция, - деди ўша одам. – Полиция. Полиция”. Бу немисча сўзни у яхши биларди. Бунга йўл қўйиб бўлмасди! Биз коммунистик мамлакатда улкан миқдордаги Муқаддас Китоблар билан кетаётгандик, Ханснинг эса ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам йўқ эди. Ана шунда злотилар билан лиқ тўлган ҳамёним ёдимга тушди. Эҳтимол, Худо шунинг учун бундай аҳмоқона пул алмаштирувимга йўл қўйиб бергандир? “Бўпти, - дедим мен, - нима деб ўйлайсиз, таъмирлаш учун қанча пул керак бўлади?” Полякнинг қиёфаси ўзгармади. “Полиция, полиция” – у ҳадеб шу сўзни қайтараверди. Мен машина унчалик кучли шикастланмаганини кўрсатиш учун синган чироқ устига бир парча ойнани қўйдим. “Олти минг злотих дейсизми?” Бу одам ҳаммасини жуда яхши тушуниб турарди. Унинг муштлари ёзилди, бироқ битта сўзни такрорлашда давом этди: “Полиция”. “Саккиз минг злотихми? Ёки тўққиз минг керак бўладими? Албатта, таъмирлаш учун тўққиз мингдан зиёд пул кетмайди”. Мен намойишкорона тарзда ҳамёнимни очиб битта мингталик банкнотни чиқардим. “Тўққиз минг злотих, бу катта пул”, - дедим унга пулни тутқаза туриб. У пулни олиб машинасига қараб югурди ва орқасига қараб қичқирди: “Йўқ полиция”. У ўзининг “Варшава”сини ўт олдириб, бизни чанг ичида қолдирганча кетиб қолди. “Нафас олсам бўладими?” – деб сўради Ханс. “Бемалол”. Ва ўша ерда, чангли айланма йўлда Худо бошқа бир хатодан бизни чиқариб олиш мақсадида бошқа хато қилишимизга изн бергани учун Унга миннатдорчилик билдирдик. Биз чегарани Брестда кесиб ўтдик. Дарвоза очилганда Ханс ўз ҳаяжонини зўрға босиб турарди. У божхона амалдорлари билан рус тилида гаплашиш учун қатъий туриб олди. Улар Ханснинг бирор бир сўзини тушунганларига шубҳам бор, аммо у божхоначиларнинг она тилида гапиришга урингани боис уларга бу жуда ёқимли туюлди. Ҳарқалай, биз саёҳатчиларнинг йўлбошчисини бирга олиб ўтмаган илк хорижликлар бўлгандирмиз. Назоратчиларнинг ўзига бизнинг ҳужжат ва юкларимизни текшириш қизиқарли эди, уларга ўзимиз билан олиб ўтаётган америка доллари жуда ёқарди. “Россия ва АҚШ бир-бирларини хафа қилишмоқда, - деди божхоначилардан бири инглизчалаб бизга ишора қилганча, - бироқ биз бунинг учун уларни кечирамиз”. У долларларни олди. “Бир сўм бир доллар қийматига эга. Бу яхши”. Ниҳоят машинани текширадиган пайт ҳам келди. Биз Ханс билан қандай ҳаракат қилишни аввалдан келишиб олгандик ва бу услубдан кейинчалик чегарани кесиб ўтганимизда ҳам фойдаландик. Биттамиз назоратчи билан мулоқот қилаётганида, иккинчимиз барча майда-чуйдаларда ҳам Худонинг иродаси бажо бўлиши учун ибодат қилиб турдик. Шунингдек, биз ўзимиз кираётган мамлакат учун чегарада турган амалдорлардан бошлаб барча учун ибодат қилардик. Ўшанда божхоначи бир жуфт жомадонларимизни очиб кўрсатишни буюрди, аммо ичига назар ҳам солган эмас. Бироқ унга “Опель”нинг моторини кўздан кечириш жуда ёқиб қолди. У менга бир қанча техник саволлар берди ва ноўрин қизиқиш билдирганидан хижолатга тушиб капотни ёпди. У биз билан боғ орқали божхона биносига ўтиб, паспортга муҳр босди ва оқ йўл тилади. Биз Совет Иттифоқи чегарасини кесиб ўтдик. 17 БОБ. РОССИЯ ҲАҚИДАГИ ИЛК ТААССУРОТЛАР Ханс Совет Иттифоқига биринчи марта келаётган эди, аммо мен бу ерда аввал ҳам бўлгандим. Марк Петер туғилган йили Голландия, Германия ва Даниядан тўпланган гуруҳ билан биргаликда Москвадаги ёшлар фестивалида қатнашгандим. Бу Варшавадаги коммунист ёшларнинг қурултойига жуда ўхшаб кетадиган фестиваль эди. Биз Москвада бор-йўғи икки ҳафтагина бўлгандик ва албатта, иштирокимизнинг дастури батафсил белгилаб чиқилганди. Шунга қарамасдан, ўша саёҳат тажриба маъносида алоҳида аҳамиятга эга бўлганди. Айрим нарсалар менда чуқур таассурот қолдирганди. Энди Ханс билан Россия ҳудуди бўйлаб кетаётганимизда, буларнинг ҳаммаси ёдимга туша бошлади. Брестдан Москвагача етти юз миль масофани босиб ўтишимиз керак эди. Бу барча ўтган вақт давомида мен Ханс билан аввалги сафарим ҳақидаги таассуротларимни баҳам кўрдим. Биз жойлашган меҳмонхона аслида катта бир казармага ўхшаб туюларди. У Москвадан саккиз миль наридаги шаҳарга қарашли ерда жойлашган экан. Биринчи оқшомдаёқ бўш вақтим бўлганида посёлка бўйлаб жамоатни топиш мақсадида айланишга тушдим. Бу рус провослав жамоати эди. Қачонлардир у қишлоқнинг маркази ҳисобланиб, бу жойдаги ягона қудуқ олдида қад кўтарганди. Энди у деярли харобага айланибди. Сўқмоқ бўлган ерлардан ўтлар баланд ўсиб чиққанди. Деразаларга тахталар михлаб ташланган. Бу бинодан омбор сифатида фойдаланишганга ўхшайди, атрофда бир уюм қутилар ётибди. Мен жамоат биносини айланиб хочни изладим, лекин тополмадим. Иккинчи маротаба айланиб чиққанимда эса, ҳеч қачон унутмайдиган ҳолатга кўзим тушди. Кириш эшигидан сарғиш гулларнинг кичикроқ янги бир дастаси чиқиб турарди! Яқинроқ келиб, ерда ётган юзлаб сўлғин гулларни кўрдим. Ҳар ҳолда, бундай гулдасталар доимо алмашиб турганга ўхшайди. Мен ўзимча қора либосга бурканган қишлоқ аёли Худонинг маъбадига ўз севгисини изҳор этиш учун кечалари яширин тарзда жамоатга келишини тасаввур қилдим. Ўша якшанба куни Москвада ҳамон фаолият кўрсатаётган ягона протестант жамоасига йўл олдим. Мен Голландия матбуотида тасвирланган майда ва емирилган ҳолатдаги жамоатни кўраман деб ўйлагандим. Дастлаб аниқ манзил бўйича келганимга шубҳаландим. Ташқарида узун қаторни ҳосил қилган одамлар нимани кутишмоқда? Мен ҳам иккиланган ҳолда навбатга турдим ва баногоҳ олдимга бир киши келиб немисчалаб сўради. “Сиз жамоатга келдингизми?” “А-ҳа, бу жамоатми?” “Ҳа, албатта. Мен билан юринг. Чет эллик меҳмонлар учун бизда алоҳида айвон белгилаб қўйилган”. Биз кичкина эшик орқали кириб, йўлакдан пастга тушдик, сўнгра пўлат зинапоялар оша айвонга кўтарилдик. Ўша ерда бундан кейинги йилларда кўришга кўзим ўрганиб қоладиган манзарани кўрдим: Москва протестант жамоатида хизмат ўтаётганди. Зал ҳар иккала тарафда икки қаторли айвондан иборат тўғри бурчакли, тор ва узун эди. Тўғридаги минбарда ўн икки кишилик жой бор. Унда ажойиб орган турар, шарқий тарафда эса янги дўстим “Худо – севгидир” деб таржима қилган ёзувли рангдор ойна турарди. Жамоат минг кишига мўлжалланганди, лекин ўша тонгда бу ерда икки мингдан кўпроқ одам йиғилганди. Мен ҳеч қачон битта бинода шунчалик кўп одам йиғилганини кўрмагандим. Барча жойлар банд. Ҳаттоки одамлар эшик олдида туришарди. Айвонларда ҳам лиқ тўла одам. Сўнгра куйлаш бошланди. Икки мингта славянча ёқимли овоз ҳайратомуз равишда бир текис янграрди. Уларнинг овози орган мусиқасини босиб кетарди. Бақувват, баланд янграйдиган, кучли эркакча овозлар. Кўзларимни юмдим, зеро самовий оҳангни эшитаётганимни тасаввур қилиш осонроқ эди. Шу даражада таъсирландимки, кўзларим ёшланди. Хайрия қилиш вақти келганида, зал бўйича навбатчи одамларнинг орасидан ўтолмади, шу боис пуллар қўлдан қўлга узатилди. Пул йиғилгандан сўнг ваъз ўқиш бошланди. Ҳа, айнан ваъз ўқиш. Иккита воиз муайян вақт оралиғида бир-бирларини алмаштириб туришди. Ваъз ўқилаётганида айрим келувчилар ўзларини жуда ғалати тутишди. Улар қоғозлардан самолётлар ясаб, залнинг биринчи қаторларига учиришарди. Айвон тарафдан пастдаги одамларга ҳам шундай самолётчалар учирилди. Бироқ ҳеч ким бундай ғалати ҳаракатдан ташвишга тушиб безовта бўлган эмас. Қоғозларни йиғиб олдинга узатишди, минбарда турган киши эса уларни дасталаб қўйди. Ниҳоят, қизиқишимни босолмай янги ҳамроҳимга ўгирилдим. “Бу ибодат қилиш учун илтимосномалар, - тушунтирди у менга, - чўпон уларни икки дастага ажратади. Биттаси - шахсий илтимослар, иккинчиси - Иттифоқнинг барча тарафидан келганлар бу жамоатнинг улар учун ибодат қилишларини сўраб қилган мурожаатлари. Ҳали ҳаммасини ўзингиз кўрасиз”. Дарҳақиқат, иккинчи чўпон ваъни тугатган заҳоти туриб ибодат учун илтимосномаларнинг биринчи дастасини тепага кўтарди. У ўз вакилларини юборган жамоатларни санаб ўтди ва таржимонимнинг айтишича, шундай деб сўради: “Биз меҳмонларни қабул қилишдан хурсандмизми?” “Омин!” “Биз улар учун ибодат қиламизми?” “Омин!” “Мана бу илтимосларга қандай жавоб қайтарамиз? – у икки ёки учта шахсий илтимос битилган қоғозларни кўтарди. – Бу эҳтиёжлар учун ибодат қиламизми?” “Омин!” “Бу ҳолда, келинглар, ибодат қилайлик”. Ва ортиқча ҳеч қандай гап-сўзсиз икки минг кишилик тўпланганлар бир вақтда баланд овоз билан ибодат қилишга тушдилар. Вақти-вақти билан бу гувиллаётган тўлқин устидан қандайдир тиниқ ва илтижоли бир овоз янграб қолар, шунда бошқалар анчайин паст овозда ибодат қилишга ўтишарди. Сўнгра кимдир овоз чиқариб фикрларини айта бошлаганидан сўнг яна шовқин кўтарилди. Бу менинг қалбимни туб-тубигача ларзага солди. Хизматдан сўнг чўпонларнинг Ёшлар фестивали меҳмонлари билан пастдаги залда уларнинг барча саволларига жавоб беришга ҳаракат қиладиган учрашуви эълон қилинди. Саволлар бирин-кетин шитоб билан бериларди. “Энг яқиндаги бошқа протестант жамоати қаерда жойлашган?” “Россияда жуда кўплаб протестант жамоатлари бор. Яқинда жойлашганлари ҳам мавжуд”. “Бироқ қанча яқинликда?” “Бир юз саксон километр масофада”. “Россияда виждон эркинлиги борми?” “Ҳа, бизда тўлиқ эркинлик”. “Қамоқхонага ташланаётган чўпонлар ҳақида нима дейсиз?” “Биз бундайлар ҳақида билмаймиз, давлат сиёсатига қарши бўлганлардан ташқариларни, албатта”. Сўнгра мен ҳам савол бердим: “Муқаддас Китоблар ҳақида нима дейсиз? Сизларда етарли миқдорда Муқаддас Китоблар борми?” “Бизда Муқаддас Китоблар жуда кўп”. Исбот тариқасида рус тилидаги битта Муқаддас Китобни олиб киришди. “Бу шу ерда, Россияда ажойиб тарзда нашр этилган янги китоб”. Бу мен учун янгилик эди. “Тиражи қанча?” “О, кўп. Жуда кўп”. Саволлар дўлдек ёғиларди, саволлар ва ҳеч нимани билдирмайдиган жавоблар. Эртаси куни чўпонни тасодифан ёлғиз учратиш илинжида жамоатга келдим. Душанба куни эди, аммо шундай иш кунида ҳам эрталабдан бу ерда одам кўп экан. Кейинроқ мен жамоат биноси бутун Совет Иттифоқи баптистлар жамоатининг марказий идораси ҳам эканлигини билдим. “Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?” – деган овозни эшитдим. Мен ўгирилиб таниш қиёфани кўрдим: у кечаги йиғинда минбарда туриб саволларга жавоб берганлардан бири эди. У ўзини Иванов дея таништириб, мени хонасига боришимни таклиф этди. Кечаги жавобларидан сўнг у билан қандай гаплашишни билмасдим. Балки тўғридан тўғри Муқаддас Китоб келтирганимни айтиб, унинг жавоб ҳаракатини кузатиш керакдир. “Бу Голландия баптистларидан Россия баптистларига совға”. – дедим ва стол устига малла қоғозли ўрамани қўйдим. “Бу нима ўзи?” “Муқаддас Китоб”. “Рус тилидаги Муқаддас Китобларми?” “Британия халқаро Муқаддас Китоб жамиятидан”. Назаримда, у ўз ҳаяжонини зўрға босиб турарди. “Қараб кўрсам бўладими?” Мен ипни ечиб ўзим билан олиб келган учта Муқаддас Китобдан иборат ўрамани кўрсатдим. Гап шундаки, барча шарқий Европа Муқаддас Китобларининг ҳажми каттароқ эди. Рус луғати худди серб, украин ва македон луғати каби кирилл алифбосида бўлиб, лотинчага нисбатан каттроқ жойни эгалларди. Ўн ёки ўн иккита инглиз ёки голланд Муқаддас Китоблари шунча жойни эгаллаган бўларди. Аммо мени ҳаммасидан кўпроқ чўпонни бу кичик совғага билдирадиган муносабати қизиқтирарди. У ҳис-ҳаяжонда эканлиги кўриниб турарди. “Сиз бунинг совға эканлигини айтяпсизми?” “Ҳа”. Сўнгра ўзимни тутолмай тегажоқлик қилмоқчи бўлдим: “Лекин сизларда совет нашри борлигини айтгандингиз. Эҳтимол, бу нашрларни олиб келиш шарт бўлмагандир?” “Ҳа-я, - чўпон айтган гапини эслаб, - гап шундаки, бу нашрнинг катта қисми мамлакатдан олиб чиқилган. Брюсселдаги ярмаркага, биласиз-а”. “Тушунарли”. Сўнгра энгашган куйи яна бир савол берди: “Айтингчи, дўстим, нега Россияга келдингиз?” Мен тиғ устида юргандек ҳаёт кечираётган бу одамга Каломдан олинган жавоб кўпроқ мос келиши ҳақида ўйладим. Бир лаҳза фикрга толиб шундай дедим: “Муқаддас Китобда Юсуф Шакамга қандай келганлиги ҳақидаги воқеани эслайсизми? Шакам аҳлидан бири уни кўриб савол берди. У нима деб сўраганини эслайсизми? Чўпон ўйга толди. “У сўради: “Нимани излаб юрибсан?” “Юсуф қандай жавоб берди?” “У айтди: “Мен ўз акаларимни излаяпман”. “Хуллас, ана шунақа, - дедим мен, - бу менинг ҳам сизга жавобим бўлади”. 18 БОБ. РОССИЯГА СЕВГИ БИЛАН Ханс зўр диққат билан менинг хотираларимни тинглар, баъзан саволлар берарди. Мен гапимни тугатганимда, у Худога имонга тўлиб-тошган ибодатини йўллади, яъни бизни тағин Иванов олдига юборишини сўради, зеро алоқа йўлга қўйилганди. “Ўйлашимча, танаффус қилиш вақти келди, Анди, - қўшиб қўйди у, - қаҳва ичгим келяпти”. “Мен ҳам”. Қаршимизда ўт-ўланли тўсиқдан наридаги ялангликни кўриб машинани ўша ёққа ҳайдадик. Биз бу ерда автомобиль турганини ва унинг йўловчилари зиёфатбозлик қилишаётганини пайқамаган эканмиз. Биз тўхтаб машинадан чиқдик. Назаримда руслар ўзини дўст сифатида тутмагандек туюлди. Улар бизга қараб норози оҳангда нимадир дейишди. Эркак жаҳл билан ярим чашка чойни ўтга сачратиб юборди, иккала аёл саватга лаганларни, мева ва еб тугатилмаган нонларни жойлай бошлашди. Биз аслида нима гаплигини англашга улгурмасимиздан қарама-қарши тарафдаги йўлдан машиналар кескин тўхтаган пайтда чиқадиган товуш эшитилди. Машина эшиклари очилди. Орадан бир лаҳза ўтмай олдимизда иккита милиционер турарди. Улар ялангликда қўлларини белларига тираб иккала гуруҳга ҳам тезда кўз югуртиришди. Сўнгра зобитлардан бири биз томонга, иккинчиси эса руслар машинаси томон юрди. “Аҳволларингиз қалай?” – деди Ханс рус тилида гаплашиш имконияти пайдо бўлганидан қувониб. Зобит жавоб қайтармади, бундан эса Ханснинг кайфияти тушди. “У мен билан гаплашгиси келмади”, - арз қилди Ханс қўлидаги қаҳва идиши билан намойишкорона ўгирилиб. Бироқ Хансни яхши билганим учун унинг зўр бериб ибодат қилаётганини билардим. Бу милиционер бизнинг машинамизга ҳатто қарамаслиги керак. Биз ибодат қилишда давом этаётганимизда, зобит кескин ўгирилиб бошқа машина ёнидаги ўртоғи олдига борди. У ерда қизғин баҳс бошланди, одамлар елкаларини қисишди, сўнгра эса автомобилдаги юкларини тушира бошлашди. Биз йигирма дақиқа мобайнида бечора руслар ҳамма нарсаларини чиқариб, ерга ёйиб қўйганларига қараб ўтирдик. Сўнгра милиционерлар мотор, салонни кўздан кечиришди, ҳатто машина тагини қараб чиқишдан ҳам эринишмади. Биз бу нохушликнинг сабаби нима эканлигини тушундик, аммо нима қилиш кераклигини билмасдик. Шу боис қаҳвамиз токи совуб кетмагунича кавлаштириб туравердик. Ярим соатдан сўнг милиционерлар биз томонга ҳатто қарамоқчи эмасликларини кўриб, секингина бу ердан кетмоқчи бўлдик. Шу боис совуб мазасини йўқотган қаҳвамизни ичдик, имкон қадар кўпроқ шовқин чиқариб кичкина ўчоғимизни олдик, эшикларни қарсиллатиб ёпдик. Бироқ зобитлар бизга заррача ҳам эътибор қаратишмади. Биз ялангликдан кичик тезликда ўтиб, милиция машинаси турган катта йўлга чиқдик. “Нима гап ўзи?” – сўради Ханс йўлга чиқиб олганимизда. “Билмадим. Улар бизларни контрабандачилар ҳисоблаб, бу одамлар билан юкларни алмаштиришяпти деб ўйлаган бўлишса керак. Ханс, бизнинг эътиборсизлигимиз туфайли кўнгилсизликка учраган бу оила учун ибодат қилиш керак. Қолаверса, ўзимиздаги юкдан ҳам тезроқ халос бўлиш керак”. Москванинг катта кўчалари кенг бўлиб, унинг биргина қаторидан ўнлаб автомобиллар юриши мумкин эди. Йўлларда аввалгидан кўпроқ машиналар. Биз улкан ГУМ ёнидан, Қизил майдондан, Мавзолей ёнидан ўтдик ва ниҳоят яшаб туришимиз лозим бўлган жойга келдик. Биз шу ерда палаткани ўрнатиб, ҳеч бўлмаганда бир қанча Муқаддас Китобларни чиқариб олмоқчи бўлдик. “Бошингни кўтарма, - деди Ханс, - бизга қарашяпти”. Ўгирилмаган ҳолда ўзим чиқаришга тайёрлаган китобларни Москва харитаси билан ёпдим. Сўнгра худди тасодифан ўгирилгандек бурилиб бир кишига кўзим тушди. У ўнгиб кетган яшил рангли форма кийган бўлиб, машинадан бир неча қадам нарида бизга диққат билан тикиларди. Мен қаҳва қайнатгични чиқардим ва Ханс билан қаҳва тайёрлай бошладик. Муқаддас Китобларни чиқармай қўйганимиз заҳоти кузатувчи ҳам кетиб қолди. “Нима деб ўйлайсан, у нега келди?” – сўрадим Хансдан. “У менга ёқмади. Барча Муқаддас Китобларимизни тез тарқатиш керак”. Биз битта китобни олиб машинани ёпдик ва лагардан чиқиб кетдик. Пайшанба куни эди, мен эса шу куни баптистлар жамоатида хизмат ўтказилишини билардим. Биз ўша ёққа жўнадик. Кечқурунги ибодат йиғинида тахминан бир минг икки юз киши иштирок этди! Хизмат икки йил аввал қандай ўтган бўлса, бу сафар ҳам худди шундай бўлди, лекин минбарда ҳам, залда ҳам Ивановни кўрмадим. Йиғин тугаганида биз Ханс билан залга чиқиб, одамлар орасида сайр қила бошладик. Биз ўзимизнинг қимматбаҳо юкимизни бериш мумкин бўлган одамни излардик. Мен катта эшик олдига бориб, ишониш мумкин бўлган одамни топиш мақсадида аланглай бошладим ва Худодан аввал ҳам ёрдам бергани сингари, бу сафар ҳам имкон беришини сўрадим. Тез орада уни кўриб қолдим. Озғин, сочлари тўкилган, қирқ ёшлардан ошган бир киши деворга суянганча оломонга қараб турарди. Менда у билан гаплашишга шундай бир кучли истак уйғондики, Ханс ҳақида унутиб қўяёздим. Масиҳийлик биродарлиги ҳамиша бир одамнинг бошқаруви иккинчисининг намоён бўлишига ёрдам беради. Мен ғамгин Ханснинг олдимга келишини кутдим. “Бизга ким кераклигини топдим!” – деди у бирор гап айтишимдан аввал. Залда тўпланган шунча одамлар орасидан у ҳам мен танлаган кишини танлабди. Ўзимизда қувонч ва енгиллик ҳис қилиб, ўша одамнинг олдига бордик. “Аҳволингиз қалай?” – сўради Ханс. “Ўзингизнинг аҳволингиз қандай?” – жавоб берди эркак дарҳол сергак тортиб. Ханс бизнинг ким ва қаердан эканлигимизни айтганидан сўнг бу одамнинг қиёфасидаги ҳайронлик янада ортди. Бироқ Ханс “голланд” сўзини айтганида у кулишни бошлади. У ўзининг немис эканлигини, Россияда яшаётган иккинчи авлодга мансуб муҳожир эканлигини айтди. У Сибирда яшарди ва унинг оиласи уйида немис тилида суҳбатлашар экан. Ва шу ондаёқ суҳбат қизиб кетди. Биз Ханс билан уни тинглаб, қулоқларимизга ишонмасдик. Бу одам Сибирдаги кичкина жамоатдан Москвагача икки минг миль масофани босиб ўтибди. Уларда бир юз эллик имонлилар бор бўлиб, бирорта ҳам Муқаддас Китоб йўқ экан. Бир куни тушида ўз жамоати учун Муқаддас Китобни топса бўладиган Москвага бориши айтилибди. У дастлаб келишни истамабди, негаки у бошқалар қатори Москвада Муқаддас Китоб йўқлигини биларкан. У билан кечган воқеа мана шу экан. Биз Ханс билан бир-биримизга қарадик, мен бош ирғаб унинг сибирлик дўстимиз билан қувончли янгиликни баҳам кўришига ишора қилдим. “Сиз Муқаддас Китобни топиш учунг шарқдан икки минг миль масофани босиб келганингизни айтдингиз, биз эса Россия жамоатлари учун Муқаддас Китоб келтириш мақсадида ғарбдан икки минг миль масофадаги йўлни босиб ўтдик. Мана, дарҳол бир-биримизни таниб учрашдик”. Ханс шу сўзларни айтиб, унга ўзимиз келтирган русча Муқаддас Китобни тутқазди. Сибирлик айтишга сўз тополмасди. У чўзилган қўлларида Муқаддас Китобни тутганча гоҳ унга, гоҳ бизга қарарди. У ўзини босолмай миннатдорчилик оқимини ёғдирди, қучоқлади, атрофимизда эса оломон тўпланди. Бу мени хижолатга солди, мен бизга эътибор қаратишларини истамасдим. Бу одамнинг қулоғига бизда яна Муқаддас Китоблар борлигини, агар эртага соат тўққизда учрашсак, у ўзининг жамоати учун яна бир қанча Муқаддас Китобларни олишини шивирлаб айтдим. Сибирлик тўсатдан шубҳага тушиб қолди. “Булар ҳаммаси бепулми?” “Албатта, - жавоб қайтардик, - Масиҳ Танасининг битта қўли бошқасининг эҳтиёжини қондирмоқда, холос”. Мен эртаси куни эрталаб соат тўққизда машинадаги яширин жойдан Муқаддас Китобларни чиқарардим, Ханс эса қўриқчилик қиларди. Мен деярли ўз ишимни тугатай деганимда, Ханс Голландиянинг миллий мадҳиясини ҳуштак қилиб чалишга тушди, мен шу заҳоти яшил формадаги дўстимиз пайдо бўлганини тушундим. Чуқур тин олиб тағин қаҳва тайёрлашга тушдим. “Қаҳва тайёр! – қичқирдим Хансга. У ёнимга келиб муздек қаҳвани қўлимдан олди. “У қайтдими?” – сўрадим мен. “Худди кечагидек жуда қизиқувчан. У нимадандир шубҳа қиляпти. Сен қанчасини чиқардинг?” “Тўрт донани”. “Бўпти, етарли. Сумкага жойла, кетамиз”. Шахсий Муқаддас Китобни ёнда олиб юриш жиноят ҳисобланмасди, аммо Муқаддас Китобни сотишда айбланиш жиддий оқибатларни келтириб чиқарарди. Тағин контрабанда орқали келтирилган Муқаддас Китобларни. Шу боис биз сумкага фақат тўртта китобни олиб автобус бекатига йўл олдик. Роппа-роса соат ўнда жамоатга кириб эшик ёнидаги ўриндиққа ўтирдик. Соат 10:30. Биз ўзимизга эътибор қаратаётганимизни сезиб, безовта бўла бошладик. Сўнгра, ўн беш дақиқаси кам ўн бирда овоз эшитилди: “Салом, биродар”. Мен орқага кескин ўгирилдим. Бу Сибирлик эркак эмасди. Ёнимда мен аввалги сафар Россияга келганимда учратган чўпон Иванов турарди. “Сиз кимнидир кутяпсизми?” – сўради Иванов. “Бир кишини. Биз у билан кеча кечқурун кўришгандик”. Иванов жим бўлиб қолди. Сўнгра шундай деди: “Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Ана шундан қўрқиб турувдим. Сизнинг сибирлик дўстингиз келолмайди”. “Келолмайди деганингиз нимаси?” Иванов атрофга аланглаб қаради. “Дўстлар, - деди у, - ҳар бир йиғинимизда хавфсизлик идорасидан ходимлар иштирок этишади. Биз бу ҳақда биламиз. Кеча суҳбат қилганингизни кўришди, энди у келолмайди. У билан “гаплашиб” қўйишди. Сиз бирор нарса олиб келганмидингиз?” Мен Хансга қарадим. Ивановга ишонса бўлармикан? Ханс елкасини қисиб, зўрға боши билан ишора қилди. “Ҳа, - дедим қисқа қилиб, - тўртта Муқаддас Китоб келтирдик. Мана шу сумкаларда”. “Уларни менга қолдиринг, унга бериб қўяман”. Биз Ханс билан тағин бир-биримизга қарадик. Бироқ охир-оқибат газетага ўралган Муқаддас Китобларни сумкадан чиқариб Ивановга бердик. Сўнгра Худодан ёрдам сўраб тўғрисига кўчдим. Назаримда, бошқа чорамиз йўқ эди. “Биз бирор киши билан гаплашиб олсак бўладими?” – сўрадим мен. “Гаплашиб олиш дейсизми?” “Ҳа, очиғини айтганда, бизда яна Муқаддас Китоблар бор”. Ивановнинг нафаси қайтиб кетди. “Нимани назарда тутяпсиз? Секинроқ гапиринг. Қанча Муқаддас Китоб сизларда бор?” “Юздан кўпроқ”. “Сиз ҳазиллашаяпсиз”. “Улар лагердаги машинада”. Иванов бир дақиқа ўйланиб қолди. Сўнгра бизни бир сўз демасдан узун йўлак бўйлаб бошлаб кетди. Бурчакка бурилганимизда тўсатдан тўхтаб Муқаддас Китобни ерга қўйди ва кафтларини ёзиб қўлларини пастга туширди. “Тирноқларимни кўряпсизларми?” – деб сўради у. Биз унинг шикастланган қийшиқ ва йўғон бармоқларига қарадик. “Мен эътиқод учун қамоқхонада ўтирганман” деди Иванов. Мен бу одамнинг Ёшлар конференцияси делегатларига Россияда имонлилар таъқиб этилмаслиги ҳақидаги гапларини эсладим. “Сизларга очиғини айтаман. Мен ўзимни ортиқ хавф остига қўймоқчи эмасман. Муқаддас Китоб масаласида сизларга ёрдам беролмайман”. Мен бу одамга нисбатан ҳамдардликни ҳис этдим. “Биламан, - дедим мен, - биз сизни айбламаймиз. Эҳтимол, сиз бу ишни ўз зиммасига олишни истайдиган бирор кишини биларсиз?” “Марков, - деди Иванов, - мен у билан бирор кишининг машинасини олиши ҳақида келишиб қўяман. У сизлар билан соат роппа-роса бирда ГУМ ёнида учрашади”. Сўнгра қўшиб қўйди: “Ниҳоятда эҳтиёт бўлинглар”. Ханс полдаги китоблар дастасини кўрсатди. “Буларни нима қиламиз? Уларни ўзингизга олиб, таваккал қилмаяпсизми?” Иванов жилмайди, аммо унинг кўзлари қайғули боқиб турарди. “Тўртта Муқаддас Китоб, - деди у, - бу унчалик жиддий иқтисодий жиноят эмас. Юзта Муқаддас Китобчи? Бу шу ерда, Москванинг ўзида ўн минг сўм туради, вилоятларда эса янада қиммат. Ўн минг сўм – бу порнографик адабиёт! Бунинг учун одам ўлиб кетиши мумкин.” “Порнография дейсизми? – қичқириб юбордик Ханс билан биргаликда. – Бунга порнографиянинг нима дахли бор?” “Асло дахли йўқ, - деди Иванов, - фақат сизларни ушлаб олишса, мана шундай адабиётларни тарқатганликда айблашади”. Ва худди бирор ишора олгандек, пошналарида чапдаст бурилганча полдан китобларни олганча тезда кўздан ғойиб бўлди. Ўша куни соат бирда ГУМ ёнида тўхтадик. Биздан юз ярд нарида қўйилган машинадан бир киши чиқиб, бизга диққат билан қараганча ёнимиздан ўтди. Сўнгра у қайтиб келди. “Биродар Андреймисиз?” “Сиз эса Марковми? – сўрадим мен. – Худо номи билан сизга салом йўллайман”. “Ҳозир биз ғаройиб бир иш қиламиз, - тез гапирди Марков, - биз Муқаддас Китобларни Қизил майдондан икки дақиқалик йўлда бир-биримиздан юклаб оламиз. Ҳеч ким бундай жойда биздан шубҳаланмайди. Бу ўта пухта режа”. Кўриниб турибдики, бу биродар мендан кўра пухтароқ экан. Менга унинг фикри мутлақо ёқмади. Биз у билан Қизил майдоннинг ёнгинасидаги кўчага йўл олдик. Бир тарафда “соқов” деворлар қад кўтарган, бошқа томонида яшаш уйлари жойлашганди. Ҳар бир дераза орқали бизни қизиқувчан кўзлар кўриши мумкин эди. “Сен яхшиси ибодат қилгин”. – дедим Хансга автомобилимни Марковнинг машинаси орқасидан тўхтатиб. Марков ибодат қила бошлади, мен эса Муқаддас Китоб солинган қоп ва қутиларни чиқара бошладим. Марков ўз машинасининг орқа эшигини очди ва биз имилламасдан барча китобларни кўп сонли йўловчиларнинг кўз ўнгида унинг машинасига юкладик. Ишни якунлаганимизда, Марков тезкорлик билан қўлимизни сиқди ва машинасига ўтириб ўт олдирди. “Кейинги ҳафтада, - деди у, - бу Муқаддас Китоблар бутун Россиядаги чўпонлар қўлида бўлади”. Марков жўнаб кетганида мен Хансга қарадим. У ҳамон ибодат қиларди, аммо юзида энди табассум пайдо бўлганди. Биз ўз зиммамизга олган вазифанинг бир қисми бажарилганди. Бизда фақат бир қути украин тилидаги Муқаддас Китоблар қолган бўлиб, яшил формадаги айғоқчимиз бизга кўнглига сиққанича бақрайиб қарайвериши мумкин эди. Машинамиз бўшаб қолганди. Биз уйга Украина орқали қайтиб, украинча Муқаддас Китобларни тарқатдик. Ана шундай бекатлардан бирида кейинги уч йил мобайнида барқарор орзуимга айланган бир фикр туғилди. Зеро айнан ўша ерда, Украинада бизнинг ёнимизда фақат иккита Муқаддас Китоб қолганида, бир имонли киши оиласининг хазинаси – украин тилидаги чўнтак Муқаддас Китобини кўрсатганди. Мен кичкинагина тўпламни қўлимда ушлаб туриб, кўзларимга ишонмасдим. Ҳа, фикримга қўшилди ўша одам, бу Муқаддас Китоб биз ўзимиз келтирган Муқаддас Китобнинг ҳажман тўртдан бир қисмига тенг. Мен саҳифаларни варақлаб, майда, бироқ аниқ-тиниқ ҳарфларга ҳайрат билан қарардим. Ҳар бир сўз кўринарли бўлиб енгил ўқиларди. Мен бу одамни китоб қаерда нашр этилгани, ким чоп этгани, қаерда сотиб олишгани ҳақидаги саволлар билан кўмиб ташладим, лекин у менга ҳеч нима айтолмади. Мен бу китобдан ажролмай қолдим. Қўлимда оғирлигини тортиб кўрдим. Чўнтагимга жойладим. Чиқариб ўзимизнинг Муқаддас Китоб билан солиштириб кўрдим. Ахир ҳар сафар биз бундай Муқаддас Китобларни уч, тўрт маротаба кўпроқ олиб келишимиз мумкин! Уларни шу ерга, Россияга кўтариб келиш ва яшириш анча қулай. Агарки Муқаддас Китоб украин тилида чоп этилган экан, демак, рус ва бошқа шарқий-европа тилларида ҳам нашр этса бўлади. Ушбу Муқаддас Китоб мени ўта қизиқтириб қўйганини кўриб, унинг эгаси таклиф билдирди. Балки биз бу мўъжазгина Муқаддас Китобни ўзимизда қолган иккита китобга алмаштирармиз? Ана шунда унинг жамоатида қўшимча Муқаддас Китоб пайдо бўлади. Жамоатнинг барча аъзолари мени ўта хурсанд қилган ҳолда бу таклифни қўллаб-қувватлашди ва ўша шаҳардан чўнтагимдаги орзиим билан чиқиб кетдим. Энди Ғарбдаги Муқаддас Китоб жамияти вакиллари билан учрашувни ниҳоятда бетоқатлик билан кутардим. Россиядан чиқиб кетишимиз арафасидаги охирги якшанбада биз Венгрия чегараси яқинидаги украин қишлоғида жойлашган баптистлар жамоатига бордик. Уларнинг куйлаши ҳаяжонли, ибодатлари эса жўшқин эди. Бироқ ваъз айтиш вақти келганида, чўпон ғалати бир иш қилди. У минбардан тушиб келувчилардан бирининг қўлидан Муқаддас Китобни олди. Биз Россияда Муқаддас Китобсиз диний хизматни ўтайдиганлар ҳақида эшитгандик. Бироқ энди илк бора ўз кўзимиз билан кўрдик. Чўпон хизматдан сўнг бизни ўзининг хонасида оқсоқоллар билан учрашишга таклиф этди. Учрашув, Россияда тез-тез бўлиб турганидек, кескин руҳда бошланди. Биз хавфсизлик нуқтаи назаридан шундай қилинаётганини тушундик, зеро барча чўпонлар ўзларининг кузатув остида эканликларини билишарди. Бу сафар тажовуз менинг автомобилимга қаратилганди. “Айтингчи, - сўради чўпон немис тилида гапирадиган қавм аъзоси орқали, - сиз қандай ишлаб чиқариш саноатини бошқарасиз?” “Аммо мен бирор-бир компанияда ишламайман”. Таржимон жавобимни етказди, лекин чўпон бундан хотиржам бўлмади. “Мен нотўғри гапираётганингизни биламан, - деди у, - негаки жамоатнинг олдида автомобилингиз турибди. Машина фақат капиталистларда бор. Оддий одамлар пиёда юришади”. Хўш, нима қилишим керак? Ўзимнинг собиқ фабрика ишчиси, қишлоқ темирчисининг ўғли эканлигимни айтиб, уларни ишонтириб бўлмайди. У буни мутлақо тушунмасди, аммо ўша чўпон илтифот юзасидан ёки нохуш муносабатини нафратга сазовор ва сафсатабоз бойлар синфига кўрсатиб қўйганига ишонч билан бу мавзуга якун ясади. Ҳар ҳолда, биз Россияда диний мавзудаги энг кенг тарқалган масала – Масиҳнинг иккинчи бора келиши ҳақида гаплаша бошладик ва суҳбат оҳанги дарров ўзгарди. Мен чўпон қайд этиб ўтаётган оятларни текшириш учун чўнтагимдан голландча Муқаддас Китобимни чиқардим ва гапдан тўхтаганида китобни стол устига қўйдим. Мен унинг гаплашишга иштиёқи йўқолганини дарҳол пайқадим. Унинг диққати менинг Муқаддас Китобимга қаратилганди! У китобни қўлида ушлаб салмоқлаб кўрди, очиб қаради ва тағин ёпди. Сўнгра у китобни стол устига қўйди. Мен каби эмас, аммо ниҳоятда эҳтиётлик билан қўйди. У китобни стол четига қўйиб, бармоқлари билан китоб чеккасини столнинг четига тенглаштира бошлади. Сўнгра бизга эмас, гўё ўзига айтаётгандек ўйчан овозда деди: “Биласизми, биродар, менда Муқаддас Китоб йўқ”. Менинг юрагим дош бермади. Қаршимда ўзининг Муқаддас Китоби бўлмаган, минглаб имонлиларнинг етакчиси бўлган одам ўтирарди. Биз олиб келган барча Муқаддас Китобларни тарқатиб бўлгандик, шунда тўсатдан ёдимга тушди. Украин тилидаги чўнтак Муқаддас Китоби! “Шошманглар!” – ҳайқирдим стулдан сакраб туриб. Муқаддас Китоб жамияти айтган сўзларимга ишонади. Мен машинага югуриб бориб ўриндиқ остидан кичкина Муқаддас Китобни чиқардим ва тезда хонага қайтдим. “Мана, - чўпоннинг қўлига Муқаддас Китобни тутқаздим, - бу сизга. Энди сизда ҳам Муқаддас Калом бор”. Таржимон сўзларимни унга етказди, лекин у ҳамон тушунмай турарди. “Бу кимга?” – сўради у. “Бу сизга! Бу энди сизнинг Муқаддас Китобингиз!” Биз Ханс билан жўнаб кетадиган кунда бир гуруҳ оқсоқолларнинг қучоқлайверишидан суякларимиз оғриб қолди. Энди уларнинг чўпонида ўз қавмига ваъз якунида қайтариши шарт бўлмаган ўз Муқаддас Китоби бор. Хоҳлаган пайтда қўлига оладиган ўз Муқаддас Китоби бор. У ўқийдиган ва севадиган Муқаддас Китоб бор. Россиядан кетаётганимизда, Темир парда ортида шу пайтгача қилган ишларимизга нисбатан, олдинда мени янада жиддийроқ ишлар кутаётганини билардим. Мен айрим ташкилотларни чўнтак Муқаддас Китобини славян тилида чоп этишларига ишонтиришим керак эди. Ана шунда биз бу китобларни Россияга юзлаб эмас, балки минглаб олиб кирамиз. 19 БОБ. РОССИЯ ЧЎПОНЛАРИ УЧУН МУҚАДДАС КИТОБ Энди менинг ягона ташвишим чўнтак Муқаддас Китобини рус тилида чоп этиш эди. Бу фикр бир васвасага айланди. Мен Муқаддас Китоб жамиятларининг вакиллари билан бу мавзуда суҳбат ўтказа бошладим, аммо улар бундай Муқаддас Китобни нашр этишга розилик берган бўлсаларда, амалий муаммолар чиқиб қолди. Мени рус тилидаги Муқаддас Китоб билан бепул таъминлайдиган Америка Муқаддас Китоб жамияти ушбу лойиҳани маъқуллаган бўлсада, бундай операция учун янги нашрни қандай чоп этишни тасаввур қилолмасди. Британия ва хорижлик Муқаддас Китоб жамиятлари ҳам шундай вазиятда эди. Голланд Муқаддас Китоб жамиятининг фаолияти асосан Африка ва Индонезияга йўналтирилган бўлиб, у шарқий-европа мамлакатлари билан иш олиб бормаганди. “Нега энди ўзинг чўнтак Муқаддас Китобини нашр этиб қўя қолмайсан?” – сўради Филипп Уэтстр бир оқшом чоғи бу муаммони муҳокама этиб ўтирганимизда. “Жуда кулгили эшитиляпти бу гапингиз”. “Мен жиддий айтяпман. Сен нимани истаётганингни ўзинг аниқ биласан. Ўзинг чоп этавер”. “Жаноб Уэтстр, сиз орзуларга берилиб кетдингиз, шекилли. Бу камида беш минг долларга тушади. Бунча пулни қаёқдан оламан?” Жаноб Уэтстр менга маъюс боқди. “Сен билан шунча воқеалар бўлиб ўтганидан кейин ҳам шунақа саволлар бераяпсанми?” Албатта, у ҳақ эди. Бундай лойиҳа учун молиявий имкониятни фақат Худо топиши мумкин. Ўша оқшом Уэтстрлар олдидан кетишдан аввал яна бир буюк тадқиқотни бошлашимни билардим, бу эҳтимол, барча лойиҳалар ичида энг кўламдори бўлса керак. Бироқ бу сафар режаларим амалга ошиши учун кўпроқ вақт керак бўлди. Ҳозирча эса одатий ишларни бажариш керак эди. Ханс билан бир жамоада ишлаш ўзим тасаввур қилганимдан кўра анча ёқимли экан. Биз чиндан ҳам заифлашиб қолган пайтимизда бир-биримизни қўллаб-қувватлайдиган ягона вужудга айлангандик. 1962 йилнинг қайноқ ёз фаслида Болгарияда бўлганимизда Ханс тўсатдан шундай деб қолди: “Андрей, жамоамизнинг яна бир аъзоси учун ибодат қилиш вақти келди”. Мен иссиқдан терга ботиб тўшакда ўтирганча уйга хат ёзаётгандим. “Ҳа. Тўғри”, - дедим паришон ҳолатда. “Сенга тўсатдан Чехословакияга виза беришган пайтда Шарқий Германияда бўлганингни, мен эса бу вақтда Россияда бўлганимни эслайсанми? Агар биз кўпчилик бўлсак, юзага келган барча имкониятлардан фойдаланишимиз мумкин бўларди”. “Ҳа, сен ҳақсан”. “Сен мени эшитмаяпсан”. Мен хатни бир четга қўйдим. Хат қўлимга ёпишиб қолган экан. “Албатта, эшитяпман”. Мен Ханс нималар деганини эслашга уриндим. “Бизда фойдаланиш мумкин бўлган имкониятлар жуда кўп. Бу ҳақиқат, Ханс. Бироқ биласанми, агар жамоа тезлик билан кўпайиб борса ...”. Ханс сўзимни бўлди. “Жамоанинг кўпайишини етти йилда яна бир аъзоси қўшилганлиги билан тез ўсиш деб бўлмайди. Кел, ибодат қиламиз”. Мен Хансга диққат билан тикилдим. У охирги жумла – “Кел, ибодат қиламиз”ни жуда тез гапирди, шу боис тўғри тушунганимга ишончим комил эмасди. Лекин у ибодатга чўмиб кетганди. Бошимни эгиб, жамоамизга ҳеч қандай имтиёз ва устунликларсиз ўзини беғараз топширадиган яна бир аъзони тезда қўшиш туйғуси билан мен ҳам ибодатга берилдим. Ва деярли Ханс билан бир вақтда битта инсон ҳақида ўйладик. “Рольфни қўшиб олсакчи?” – биз биргаликда шу исмни айтдик ва кулиб юбордик. “У бошқарувчиликни бажариши керак”. “Ҳа, шундай”. Рольф голланд семинариясининг талабаси бўлиб, систаматик диний хизмат бўлимини якунлаганди. Ажойиб хушхабарчи, ҳаракатчан инсон эди. Ўша кеч унга бизга қўшилишни исташ-истамаслигини сўраб хат ёзиб юбордим. Ва албатта, Голландияга қайтганимизда бизни жавоб кутиб турарди. Рольф менинг хатимни ақлига сиғдиролмаганини ёзганди. У фақат Муқаддас Китоб тарқатадиган бир қолипдаги хизматчи бўлиш қолишни истамайди. Агар у фақат “Масиҳнинг жангчилари, дадил жангга киринг” мадҳиясини билишини лозим бўлса, шунча йил нега семинарияда ўқиди? Бироқ хатимни олгандан сўнг уйқусини йўқотибди. Таклифим ҳақидаги фикр токи уни таслим этмагунича кечаю-кундуз, овқатланиш ва иш вақтида, тўшакда ва сайрда ҳам уни тарк этмабди. Хўш, ишни қачон бошлаймиз? Хуллас, қаршилик ва эътирозлар билан бирга, жамоамизга учинчи аъзо ҳам қўшилди. Ханс шу заҳотиёқ иш билан таништириш мақсадида Рольфни олиб Руминияга жўнади. Иккаласи ўша ерда вақтни самарали ўтказиб, бу ажойиб мамлакатда Жамоатнинг ҳақиқий руҳан улғайишига гувоҳ бўлишди. Уларни икки киши мунтазам кузатиб юрган, бироқ бунга қарамасдан, биродарларим барча Муқаддас Китобларни тарқатиш ва ҳаттоки хусусий уйларда ваъз айтишнинг уддасидан чиққанлар. Рольф тўғри қарор қилганига мутлақо ишонч ва таассуротлар билан қайтиб келди. Биз Рольф билан рус тилидаги чўнтак Муқаддас Китобларига оид орзуларимизни баҳам кўрдик. Машаққатларимиз ҳақидаги ҳикоямизни тугатган пайтимиздаёқ Рольф бундай ҳажмдаги Муқаддас Китобни тайёрлашни ўз зиммамизга олиш ҳақидаги жаноб Уэтстрнинг фикрини такрорлади. “Беш минг Муқаддас Китобни чоп этиш учун қанча пул керак?” – сўради Рольф. Ҳеч қачон бу ҳақда қизиқиб кўрмаганимни тан олдим. Аммо Рольф бу билан тинчланмади. Биз у билан биргаликда Голландия, Германия ва Англиядаги босмахоналар билан гаплашдик. Энг фойдали таклиф Англия босмахонасидан билдирилди, яъни беш минг нусхада чоп этилганда ҳар бир Муқаддас Китоб учун уч доллардан тўлашимиз керак. “Хўш, кўряпсанми?” – дедим мен Рольфга, Ханс ва Коррига почта орқали бу таклифни олганимиздан сўнг. “Хуллас, бу лойиҳа бизга ўн беш минг долларга тушади!” Рольф ва Ханс ҳайрон бўлишди. “Сен эса шундай майда-чуйдалардан қўрқиб ўтирибсан!” Улар бу сафар ҳам ҳақ эдилар. Мен Худога тиш пастаси ва соқол олиш учун крем каби майда-чуйдаларда ҳам ишонишга ўргангандим. Аммо гап ўн беш минг долларга келиб тақалганида, мазкур қоида бу ўринда ҳам иш беришига ишониш қийин эди. Ўша оқшом мен ошхонада ўтирардим, олдимда эса банк китобчаси ётарди. Унда шундай ёзув бор эди: “Русча Муқаддас Китоблар”. Ҳисобимизга пул ўтказиш илк бора Россиядан қайтиб келганимиз заҳоти, 1961 йилда бошланганди. Ҳозир 1963 йил. Бизнинг ҳисобимиздаги барча пуллар икки минг долларга ҳам етмасди. Корри ёнимдан жой олди. “Нима ҳақда ўйлаяпсан, Анди?” Мен унга банк китобчасини кўрсатдим. “Мана, икки йил давомида қанча тўплабмиз”. Мен нимага қарор қилганимни айтишга тайёрланиб чуқур тин олдим. “Нима деб ўйлайсан, уйимиз қанча турар экан?” Корри жавоб бермади. У шунчаки менга қараб турарди. “Биз уни унча қиммат бўлмаган нархда сотиб олдик. Бироқ кўп меҳнатимиз сингди унга, демак, у энди қимматроқ бўлиши керак. Лекин қанча? Ўн минг долларми? Ўн иккими? Бизга ўн икки минг атрофида пул керак”. “Бизнинг уйни айтяпсанми, Анди? Ҳозир, яна бир фарзанд кутаётган пайтимизда-я?” “Биз қотиб қолган нуқтадан олдинга силжишимиз керак”. Корри матодек оқариб кетди. “Балки Худо чўнтак Муқаддас Китобларини чоп этишимизни истамас, - деди у паст овозда, - балки Унинг жим турганлиги аслида Унинг жавобидир”. “Биламан, - дедим мен, - буни биламан”. Ўша оқшом уй сотилиши ҳақида бошқа гаплашмадик. Бироқ Корри кейинги ҳафтадан бошлаб Худодан бу уйни ўзимизники эмас, балки Унинг мулки деб ҳисоблашига ёрдам беришини сўраб ибодат қила бошлади. “Сенинг ироданг бажо бўлсин, - биз ҳар оқшом биргаликда шундай ибодат қилишни бошладик, - аммо барибир, Худойим, уйимизни сотиш учун бизда ишонч йўқ. Агар сен Муқаддас Китобларни чоп этишимизни биз ҳам исташимизни хоҳлаётган бўлсанг, қалбларимизда кичикроқ бир мўъжиза яратгин”. Яна бир фарзандимиз туғилди, биз узоқ кутган қизалоқ. Биз уни Стефани деб номладик. Унинг учун олган барча совға пулларимизни Муқаддас Китоб фондига ўтказдик. Лекин бундай тезлик билан Муқаддас Китобларни чоп этишга маблағни йигирма йилда топган бўлардик. Биз Худодан уйимизни сотиш истагини беришни сўрай бошладик. Ва ниҳоят У (Худо) ибодатимизга жавоб қайтарди. Бир куни эрталаб Корри иккаламиз яшаш қувончи уйга ёки бошқа бирор бойликка эга бўлиш орқали белгиланмаслигини тушундик. “Қаерда яшашимизни тасаввур қилолмаяпман, - деб бошлади Корри, сўнгра жилмайиб қўйди. – Эслайсанми, Анди? Биз билмаймиз, қайга бошлар бизни бу йўллар...”. Мен тез-тез такрорлайдиган жумламиз билан гапни якунладим: “Лекин келгин, ундан бирга ўта қолайлик”. Ўша куннинг ўзида уйнинг ва ер участкасининг баҳоси белгиланди. Барчаси бизнинг жамғармамиз билан ўн беш минг доллардан кўпроқни ташкил этди! Биз учун бундай тасдиқлов муҳим эди. Уйни сотишимизни эълон қилдик ва мен Англиядаги босмахонага биз айтган майда ҳарфларни тайёрлашини сўраб хат юбордим. Ўша оқшом биз Корри билан дунёдаги энг бахтиёр ва хотиржамликка эга бўлган одамлар каби ухладик. Бироқ Худо нақадар содиқ, У барча тасаввурдан юқори даражада меҳрибон ва ишончли! У бизга юз карра кўпроқ бериш учун биздан озгина нимадир сўрайди, холос. Гарчи Голландияда уй муаммоси аввалгидек кескин бўлсада, шу ҳафта мобайнида уйимизни кўриш учун ҳеч ким келмади. Жума куни мени Корри чақириб қолди: “Анди, телефон жиринглаяпти!” Бу вақтда Ханс ва Рольф кўп сафарларда юришарди, шу боис уйга телефон ўрнатгандик. Телефон мени ишдан чалғитгани учун ҳеч қачон ёқтирмасдим. Аммо бу гал эмас. Негаки Голланд Муқаддас Китоб жамиятидан қўнғироқ қилиб шу куниёқ етиб келишимни сўрашди. Орадан бир неча соат ўтиб директорлар Кенгаши аъзолари қаршисида ўтирардим. Улар ўз ишлари билан ўта банд эканликларини тушунтиришди. Лекин менинг илтимосимни асло унутган эмаслар. Мабодо мен Муқаддас Китобни чоп этиш билан кимдир машғул бўлиши ҳақида келишиб олсам яхши бўларди. Мен келишиб олганман? Англияда? Бўпти, жуда соз, улар айнан мени ўша ёққа мурожаат қилишимни маслаҳат беришмоқчи экан. Улар лойиҳанинг ярим баҳосини тўлашга тайёр. Агар ҳар бир Муқаддас Китоб менга уч долларга тушса, ёрдам тариқасида бир ярим долларни олишим мумкин. Муқаддас Китоб тайёр бўлган заҳоти жамият барча ҳисоб-китоб учун тўловни ўз зиммасига олади, аммо ҳар сафар тўлай олишим мумкин бўлган даражадаги Муқаддас Китобни сотиб олишим керак. Мабодо бу таклиф менга маъқул бўлса ... Менга маъқул бўлса! Мен ўз қулоқларимга ишонмасдим. “Рус фонди”дан менда мавжуд бўлган маблағга дарҳол олти юздан кўпроқ Муқаддас Китобларни сотиб олишим мумкин – бу миқдорни яна бир баробар кўпайтириш имконимиз бор. Демак, уйни сотишимизга ҳожат йўқ, Корри Стефанинг хонаси учун пуштиранг пардаларни тикишда давом этиши, мен эса томорқада салатлар етиштириш билан яна шуғулланишим мумкин. Худо бизнинг арзимасгина тайёрлигимизни қандай мукофотлаганини Коррига айтишга сабрим чидамасди. Ниҳоят чўнтак Муқаддас Китоблари ҳаққонийликка айланди. Голланд Муқаддас Китоб жамияти ваколатхонасидан чиққанимда, мен ярим йил оралиғида, 1964 йилнинг бошида Россиядаги чўпонлар ниҳоятда муҳтожлик сезаётган Муқаддас Китоблар билан уларни таъминлашга кириша олишимиз мумкинлигини билардим. Рольф уйланишга тайёргарлик кўрарди. Биз Корри билан унга фаолиятимиз туфайли юз берадиган айрилиқлар, барча оғирликлар ҳақида очиқчасига айтдик. Бироқ Рольфнинг айтишича, бизнинг оилавий бахтимиз бўйдоқлик ҳаёти тарзига қарши ишончли далил экан. Элена у билан биргаликда саёҳат қилиши мумкин. У ҳам эркаклар каби жамоанинг фойдали аъзоси бўлиши мумкин. Биз уларнинг тўйида иштирок этиб, асал ойи учун уларга қимматли бир вазифа топширдик. Рольф Элена билан Англияга бориб, китобларни олиб келиши лозим эди. Энди бизда узоқ сафарлар учун махсус яратилган иккинчи автомобиль, фургон бор эди. Автомобилнинг орқасида ойна йўқ, шу боис унда “Опель”дан кўра кўпроқ юкни ташиб юриш мумкин. Рольф ва Элена ана шу фургонда Англияга бориб, Муқаддас Китобларнинг биринчи партиясини олиб келишди. Улар уйга бизнинг ўз нашримиз, янги Муқаддас Китобларни олиб қайтишганида ажойиб байрам бўлди! Чап қўлимда чўнтак Муқаддас Китобини, ўнг қўлимда эса одатий ҳажмдаги Муқаддас Китобни салмоқлаб кўрдим. Қандай катта фарқ! Энди имкон қадар тезроқ йўлга чиқиш керак эди. Жўнаш кунимиз 1964 йил 6 май кунига белгиланди. Менга жамоамиз барча аъзоларининг ёрдами керак эди, лекин Ханс Венгрияда бўлгани боис фақат Рольфни ўзим билан бирга олдим. Москвага етиб келдик. Якшанба тонги отди, жамоатга бориш вақти ҳам келди. Биз Рольф билан юракда беҳад оғирлик ҳиссини туйиб фургонни қолдирдик. Бизнинг рўйхатга олинмаган юкимиз қанча туради? Энди Муқаддас Китобнинг баҳоси қишлоқ ҳудудларидаги сигирнинг нархига тенг эди. Олти юз элликта сигир – бундай юк жиддий контрабандани билдиради. Мабодо бизни шу юк билан ушлашса, аҳволимиз вой бўлди деяверинг. Айнан ўша пайтда халқ ва давлатга қарши “иқтисодий жиноят” содир этган киши устидан суд жараёни бораётганди. Уни отувга ҳукм қилишди. Мабодо бизни ушлаб олишса..., э йўқ, бу ҳақда ўйламаслигимиз керак. Ўша тонг чоғи жамоатда Ивановни кўрдик. У айвондаги меҳмонларга қараганида мени кўрган бўлсада – кўрганига ишончим комил - сир бой бермай ўтираверди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб ўрнидан турди ва залдан чиқиб кетди. У қайтмади, хизматдан кейин йўлакда ҳам кўринмади. Аммо баногоҳ орқадан самимий ҳайқириқни эшитдим: “Россияга хуш келибсиз!” Бу Марков эди. Мен уни Рольфга таништирдим. “Биз совға келтирдик!” – дедим мен. “Ажойиб! – ҳайқирди у. – Бу ғоятда зўр янгилик!” У жуда баланд овозда гапирарди, мен эса буни атайлаб қилаётганини билардим. Агар биз очиқчасига гаплашсак, ҳеч ким гапимизга қулоқ солмайди. “Биз қаерда учрашишимиз мумкин?” “Аввалги жойда учрашсакчи?” Аввалги жойда! Қизил майдондан икки дақиқалик йўлда! Бу Марковнинг асаблари пўлатдан бўлса керак! “Мен бирор янги жойни кўрмоқчи эдим!” Марков энди овозини пасайтирди: “Смоленск йўлида “Москва” деб ёзилган катта кўк тахта турибди. Ўша ерда соат бешда учрашамиз. Мен сизларни бошқа жойга элтаман. Тезда бу машинадан бунисига ўтказиш учун совғаларни очиб, тайёрлаб қўйинг”. Бу айтишга осон, бироқ ўрамдаги Муқаддас Китобларни очиб, тайёрлаб қўйиш учун жой топиш керак. Бу ишни бажариш учун камида ярим соатга хилват жой топиш лозим. Палатага қайтганимизда, хаёлимга бир фикр келди. “Сайр қилиб келамиз, - дея таклиф қилдим. – Сен табиат манзараларидан баҳра оласан, мен эса орқага ўтиб китобларни чиқараман”. Бироқ ишга энди уринганим заҳоти, машина кескин тўхтади. Мен олдинга ўтиб тирқишдан қарадим. Фургон олдига милиционер келганди. “Ибодат қил!” – шивирлади Рольф ва машинадан бошини чиқарди. “Нима гап ўзи, зобит?” – сўради у голланд тилида. Милиционер жаҳл билан русчалаб узоқ вақт бақирди, сўнгра бир неча инглизча сўзларни қўшимча қилди. “Бурилиш йўқ! Бурилиш йўқ! Бу ерда белги бор!” “Бурилишга нима бўпти, зобит? – Рольф тағин голланд тилида сўради. – Илтимос, кечиринг. Мен бундай чиройли катта шаҳарда юришга ўрганмаганман”. Милиционер тағин ниманидир тушунтиришга тушди. Мен ўриндиққа ёпишиб, у машина ичига қарамаслиги учун ибодат қилдим. У хотиржам оҳангда нимадир айта олиши учун узоқ вақт ўтгандек туюлди назаримда. “Сизга ҳам шуни тилайман, зобит, - жавоб қайтарди Рольф голланд тилида. – Ва яна сизнинг халқингизга Худонинг севгисини тилаб қоламан”. Рольф моторни ўт олдириб, машиналар оқими ичида ҳаракатланишга тушди. Мен бир неча кварталдан кейингина нафасимни зўрға ростлаб олдим. Куннинг қолган қисмини юкларни очиб тахлаш учун овлоқ жой излашга ажратдик. Аммо соат тўртда тайёр бўлганимиз ёки бўлмаганимиздан қатъий назар учрашувга боришимиз керак. Беғубор осмонга мос тушмайдиган кайфият билан Смоленск йўли бўйлаб жўнадик. “Лекин нега ташвишланаяпмиз? – Рольф тўсатдан сўраб қолди. – Бу Худонинг иши! У биз учун йўл ҳозирлайди!” У сўзининг исботи сифатида куйлай бошлади. Шуни ғаройибки, бизнинг руҳий ҳолатимиз ўзгаргани заҳоти кўчага қоронғулик чўмди. Дастлаб қуёш беркинди, сўнгра осмонни момақалдироқли қуюқ, қора булутлар эгаллади. Биз узоқда кўзни қамаштирадиган чақмоқларни кўрардик. Момақалдироқ гумбурлади. Лекин биз Рольф билан куйлашда давом этардик. Сўнгра ёмғир бошланди. Барча саёҳатларим мобайнида бундай жалани кўрмагандим. Гўё осмон йиртилиб, ерга самодан сув оқими қуйилмоқда деб ўйлайсиз. Йўлакка яқинроқ жойдан ҳайдашга тўғри келди. Бошқа машиналар ҳам йўлни тарк этишди. Ойналар жиққа ҳўл. Гарчи ойна тозалагичлар шиддат билан олд ойнани тозалаётган бўлсада, биз зўрға йўл босардик. “Гапимни эшит...”. “Ҳа, биламан...”. “Худо бизни кўринмас қилиб қўйди!” – деди Рольф. Биз Худони улуғлаган ҳолда, юкхонага ўтиб, шошилмасдан бошқа Муқаддас Китобларни очиб тахладик. Ишни якунлаб, эндигина жойимизга ўтирганимизда, айнан шу пайтда осмон мусаффо тус олиб, қуёш яна булутлар орасидан чиқди. Роппа-роса соат бешда “Москва” деб ёзилган тахта олдидан ўтдик. Ёнгинамиздан Марков машинада ўтаётганини кўрдик, машина чироқлари ёмғирдан сўнг ҳам ёниб турарди. У бизга ишора қилди. Соат бешдан ўн дақиқа ўтганида қандайдир юкларни ортиб-тушираётган кўпгина машиналар турган бир омборхонага келдик. Беш дақиқа ичида барча юкларимизни Марковнинг машинасига ўтказдик. Уч йил муқаддам чўпонларга берилган ваъда энди амалга ошаётганди. 20 БОБ. АЖДАРҲОНИ УЙҒОТИШ Самолёт қанотлари остида аста-секин Гонконг деб аталган азим шаҳар кўрина бошлади. Британия колониясининг бу пойтахти коммунистик Хитой номли уйғоқ ва улкан аждарҳонинг думида худди нозик капалак каби ўтирарди. Гонконг ортидан бу мамлакатнинг бепоён кенгликлари ёйилиб кетганди. Бир неча лаҳза бу ёпиқ оламни ўраб турган машҳур Хитой деворини кўрмаганимга ҳайрон қолдим. Ваҳоланки, айнан шу тарзда қизил Хитойни тасаввур қилгандим: сирли, ёпиқ, етиб бўлмас. Ҳаттоки коммунистик Европанинг ички ва ташқи давлатларини фарқлай бошлаганимда ҳам, Хитойга аниқ бир баҳо беришга уринмагандим. Мен учун у матбуотда ёритилмайдиган, Европадаги тоталитар режимли давлатларга қараганда ҳам Хушхабар етказиш имконсиз бўлган мамлакат эди. Москвада тасодифан автобусда бир хитойликнинг ёнида бўлиб қолгандим. Москвада ўша пайтларда кўплаб хитойликлар юрарди, аммо бу одам пиджагининг ёқасида хоч бор экан. Биз у билан инглиз тилида гаплаша бошладик, у эса Масиҳий ёшлар уюшмасининг Шанхай бўлимида (Y.M.C.A.) котиб эканлигини айтди. Ҳайрон қолдим. Бу уюшма Шанхайда ҳам фаолият олиб борадими? Ҳа, деди у, очиқ ва фаол тарзда. У менга визит картасини бериб, меҳмон бўлишга чақирди. Ўша кундан бошлаб тўсиқ ичида қолган масиҳийларга ёрдам бериш учун Хитойга келиш истаги менда кучайиб борганди. Бироқ аввал кўпгина масалаларни ҳал қилиб олиш керак. Хитойда қанча масиҳий бор? Бу мамлакатдаги аҳолининг катта қисми масиҳийликка эътиқод қилмасликларини билардим. Бошқа тарафдан эса, Хитой энг кўп сонли диний хизматчилар фаолият кўрсатаётган давлат эди. Бунча одамни ушбу мамлакатда фаолият юритишга нима мажбур қилди? Хизматчилар ташкил этган жамоатлар иш юритмоқдами? Мабодо жамоатлар аввалгидек мавжуд бўлса, улар Шарқий Европадаги имонлилар каби Муқаддас Китобга эҳтиёж сезадими? Барча бу саволларга жавоб топишимиз зарур эди. Мени 1965 йилда Калифорнияда ваъз ўқиш учун таклиф этишганида, Хитойни биладиган одамлар билан гаплашиб олиш мақсадида Тайванга ҳам ўтмоқчи бўлдим. Сўнгра эса мамлакатнинг ичкарисига ўтишга уриниб кўрмоқчи эдим. Мен ўзимнинг голланд паспортимга умид боғлагандим, зеро қандайдир сабабга кўра голландларнинг бу Темир парда ортига ўтишларига изн берилганди. Аммо самолётга ўтирганимда ҳаммасини нотўғри қилаётганимни тушундим. Ёнимда ўтирган Гонконглик банкирга Хитойга бормоқчи эканлигимни айтганимда, менга ғалати қараш қилди. “Нега Тайванга учаётган самолётга ўтирмадингиз?” “Менда бошқа режалар ҳам бор”. “Паспортингизни бир кўрайчи”. У варақлаб Тайван муҳрига кўз югуртирди ва Америка визасини кўриб варақлашдан тўхтади. “Қўшма Штатлар!” – деди у. “Ҳа. Мен айнан ўша ёқдан келяпман”. “Азизим, сиз қизил Хитойга бундай паспорт билан ҳеч қачон киролмайсиз”. Энди эса одамлар қайсидир жойларда диний хизматчиликни ўташ иложсиз деб айтишганида хурсанд бўламан. Кўрганларим Худо бундай имконсиз ишларни ҳал этишига умид беради. Бироқ Гонконгда назоратдан ўтаётганимда янада кўпроқ ташвишли янгиликлардан хабар топдим. Назаримда, бутун Гонконг Хитой ичкарисига ўтолмай қолган хизматчилар билан лиқ тўлганди. Бу ерда бошқа мамлакатларда хизматчилик фаолиятини юритган шифокорлар ва ўқитувчилар ҳам бор. Аммо бу энди ҳисобга олинмасди: улар коммунистик режимгача ўз фаолиятларини бошқа тузум остида юритганлари боис, бу мамлакатда ишлаш имкониятидан шу заҳоти маҳрум этиларди. Мен бу ҳақда юзинчи маротаба эшитганимда, ишончимга дарз кетди. Балки дастлаб эски визалари бўлмаган янги паспорт олишим керакдир? Шунда голланд элчихонасига йўл олдим. Консулни парда ортида тамакини обдон тутатиб турган пайтида учратдим. У узун сопол трубкадан буруқситиб чекарди, мен шунда Голландияни қаттиқ соғинганимни ҳис қилдим. Унга Хитой ичкарисига кирмоқчи эканимни айтганимда, оғзидан трубкани чиқариб кулишни бошлади. Хизматчи эканлигимни айтганимда, унинг кулгиси янада ортди. Очиқчасига тан олиб, у ерда масиҳийларни топмоқчи эканим ва Муқаддас Китобларни элтиш имконини ўрганмоқчи бўлганимни айтганимда, у қаҳ-қаҳ уриб кулишга тушди. “Паспортингизга қарасам бўладими?” – сўради у. У бош чайқаганча барча саҳифаларни варақлаб чиқди. “Бунинг иложи йўқ”, - деди у трубкасининг учи билан манфур Хитой визасини тўқиллатиб. “Жаноб, - дедим мен, - мен айнан шу боис олдингизга келдим. Янги паспорт олмоқчиман”. “Бунинг иложи йўқ” – у тағин шундай деди. Гонконг элчихонаси паспорт бериш ҳуқуқига эга эмас. Мабодо у менинг илтимосимни Индонезияга жўнатса, бундай талабни изоҳлаш учун қонуний сабаб керак, сабаб эса йўқ. Шундан сўнг у тутунни ҳалқа қилиб шифтга пуркай бошлади. Мен суҳбатимиз якунланганини тушундим. Дастлаб режаларим бузилганидан кўнглим чўкди. Лекин тўсатдан ўзимда қувонч ҳиссини туйдим. Энди Хитойга ўз уринишларим орқали киришнинг ҳеч қандай имкони қолмаганди. Мен Хитойга бориш истагим Худонинг хоҳиши эканлигига ишонардим, шу боис бу мақсадга эришиш учун барча воситаларни Унинг Ўзига топширишим зарур. Эртага тонгда Хитой элчихонасига бориб виза сўрайман, биламанки, агар Худо менинг чиндан ўша ёққа киришимни хоҳлаётган бўлса, зарур ҳужжатларни беришади. Аммо бундан аввал баъзи ишларни қилишим керак. Мен Канъонга кирмоқчи бўлган ва ўзидан аввал янги ерни кўриб келиш учун айғоқчиларни юборган Нун ўғли Ёшуа ҳақида эсладим. Эҳтимол, мен ҳам шундай қилишим, яъни Хитой амалдорлиги ерларини тадқиқ этишим керакдир. Қоронғи тушган, дўкон ва идоралар ёпилган, аммо мен виза олишим керак бўлган Хитой “саёҳат агентлиги”ни излаб йўлга тушдим. Ўзим кутганимдек, агентлик ёпиқ экан. Эшик ёнида катта устун ўрнатилган бўлиб, инглиз тилида ёзув бор: “Хитой саёҳат хизмати”. Ёпиқ эшик олдидаги қоронғи йўлакда Худонинг иродасини бажаришга халақит берадиган ҳар қандай кучларни бартараф қиладиган ғалаба ибодатини бошлаб юбордим. Мен Худонинг ҳукмронлигига қаршилик кўрсатадиган ҳар қандай кучни Масиҳ енгишини эълон қилдим. Иморат олдида уёқдан бу ёққа юриб турдим. Ўша ерда, қоронғуликда, икки соат мобайнида ибодат қилдим. Эртаси куни яна ўша ёққа бордим. Бу сафар эшик очиқ экан. Тепадаги зинапоя майдончасида хитойлик аскар турибди. Унинг ортидаги хонада одамлар лиқ тўлган. Мен ҳам навбатга турдим ва кутиб турган чоғимда Худодан Хитой фуқароларига етиб боришим учун йўл очишини сўраган ҳолда барча амалдор ва хизматчилар учун ибодат қилдим. Навбатим келди. Кўкиш “халқ формаси”даги одам менга савол назари билан боқди. “Жаноб, - дедим инглиз тилида, - Хитойга бориш учун виза олмоқчиман”. У кўзларини пастга тикиб, ҳужжатларга муҳр босишни бошлади. “Сиз қачондир Тайван ёки Қўшма Штатларда бўлганмисиз?” – сўради у. “Ҳа, жаноб. Яқиндагина Тайвандан қайтдим, ундан олдин эса Калифорнияда бўлгандим”. “Бу ҳолда, - деди у кулимсираганча, - Хитойга киришингиз амри маҳол, негаки бу мамлакатлар бизнинг душманимиз”. “Бироқ, - дедим унга жавобан жилмайиб, - улар менинг душманим эмас, негаки душманларим йўқ. Менга бланкани берасизми?” Биз бир-биримизнинг кўзларимизга қараб қолдик. Бошқа одам менинг ўрнимда нима қилишини билмайман, лекин мен ибодат қилдим. Амалдор менга узоқ ва диққат билан тикилди, аммо унинг юзида ҳеч қандай ифода акс этмасди. Ниҳоят у нигоҳини бошқа тарафга қаратди. “Бунинг барибир фойдаси йўқ”, деди у елкасини қисиб. Аммо менга анкеталарни берди. Анкеталарни тўлдириб бўлганимда, жавобни уч кундан сўнг олишимни айтди. Аризам жинояткорона паспортим билан биргаликда Кантонга жўнатилиши керак эди. Ўша куни мен хитойлик кекса диний хизматчи билан тушлик қилдим. “Жавобни уч кундан сўнг олишимни айтишди! – хурсанд бўлиб айтдим унга. Суҳбатдошим бошини орқага ташлаб қаҳ-қаҳ урди. “Шарқ одамларининг менталитети билан камроқ таниш эканлигингиз кўриниб турибди! – деди у. – Улар ҳамиша “уч кун” дейишади. Бу хитойликларда “ҳеч қачон”маъносини англатади”. Мен уни ҳазил сифатида асло қабул қилмадим. Шу уч кун мобайнида ётиб олиб, деярли тўхтамасдан ибодат қилдим. Бундан ташқари, маҳаллий Муқаддас Китоб дўконига бориб, ўзим билан Бамбук пардаси ортига олиб бориш учун хитойча Муқаддас Китоб сотиб олдим. Дўконда ўз кийимларимни уларда сақлаш учун қолдиришим ҳақида келишиб қўйдим, негаки жомадоним Муқаддас Китобларга тўлганди. Хуллас, кутишни бошладим. Учинчи куни меҳмонхонага қайтганимда, мени туристик агентликка қўнғироқ қилиш ҳақидаги хат кутиб турарди. Қўнғироқ қилмасдан, дарҳол уларнинг идорасига жўнадим. Мени навбатда кўриб қолган хитойлик амалдорнинг қиёфасидан бирор ифодани илғаб олишга уриндим. Унинг юзи худди мамлакати сингари ўтиб бўлмас чегарадек туюлди. Ниҳоят, менга ҳам навбат келди. У бир сўз демасдан паспортимни топширди; унда виза босилган варақ ёпиштириб қўйилганди. Эртаси тонгда соат саккизда Хитойга борадиган поездда ўтириб кетаётгандим. Биз икки соатдан сўнг чегара ёнидаги Ло Ву номли кичкина шаҳарчада бўлишимиз керак эди. Ўша ердаги темир йўл кўприги ортидаги кичик бир дарёдан уйғоқ аждарҳонинг ҳудуди бошланарди. Британия ҳудуди тарафида мўъжазгина ресторан ва божхона жойлашган. Мен кутишдан чарчаб, британиялик аскар қўриқчилик қилаётган жойда сайр қила бошладим. Кўприк бўйлаб Гонконгга шовқин солиб юк поезди ўтиб кетди, унда тирик чўчқа, товуқ ва Британия шаҳарлари учун турли маҳсулотлар бор эди. Аскар бу жой халқ тилида “фиғон кўприги” деб аталишини айтди. Ҳар куни дарёдан сузиб ўтган қочоқлар тўдасини тўплаш ва уларни кўприк орқали қарама-қарши тарафга қайтариб юборишга тўғри келаркан. Аскар қочоқлар қайтишни истамай, кўприк панжарасига ёпишганча йиғлаб-ёлворишлари ҳақида гапириб берди. “Худойим, - жимгина ибодат қилдим, - шундай қилгинки, фиғон кўприги бўлмайдиган кун келсин. Барча инсоният ягона шоҳга, Сенинг севгингга тааллуқли бўладиган кун келсин”. Энди олдимда ана шу шоҳлик учун разведка ўтказиш вазифаси турарди. Ниҳоят, британиялик божхона амалдори кўприкдан ўтишим мумкинлигини айтди. Биз тўсинларни эҳтиёткорлик билан босиб бирин-кетин ўтдик. Бизнинг гуруҳимизда ўн икки киши бўлиб, бошқалар Англия, Франция ва Канададан бўлган тадбиркорлар эди. Кўприк бўялган яшил ранг кўприкнинг ўртасида бошқа рангга ўзгарди. Биз коммунистик Хитойда эдик. Бу тарафда батартиб ва рангсиз қурилмаларнинг катта комплекси жойлашган бўлиб, бир хилликни фақатгина ҳар ёқда ўсган беҳисоб ёронгуллар бузиб турарди. Божхона амалдори жуда ёш ва ниҳоятда нафосатли қиз бола экан. Худди туристик агентлигидаги ходимга ўхшаб, нозик табассум билан деди: “Марҳамат қилиб, жомадонингизни очсангиз”. Юрагим уриб кетди. Жомадоннинг энг тепасида хитойча Муқаддас Китоблар бўлиб, мен улар ёрдамида Хитойнинг диний хизматчиларга муносабатини текшириб кўрмоқчи эдим. Хўш, бу ёш амалдор хоним нима қиларкан? Мен жомадонни очиб, Муқаддас Китоблар ўралган дастани ёздим. Ана шунда ғаройиб ҳолат юз берди. Божхона амалдори жомадонимдаги бирор буюмга қўлини текказмади. У Муқаддас Китобга қараб, сўнгра нигоҳини менга қадади: “Раҳмат, жаноб, - деди у ҳамон табассум билан, - сизда соат борми? Фотоаппаратчи?” У жомадонимда кўрганларига ҳеч қандай муносабат билдирмади. Унинг ёши йигирма, эҳтимол, йигирма бешдадир. Наҳотки у ҳеч қачон муқаддас Китобни кўрмаган бўлса? Қиз бу нима эканлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасми? Бизни Кантонга кетаётган поезд кутиб турган экан. Ёғочдан қилинган йўловчи вагон топ-тоза бўлиб, кичкина вазаларда янги узилган гуллар турарди, йўл бошловчи аёл эса қайноқ чой билан бизни сийлади. Поезд юришни бошлаганида соатга қарадим: биз жадвал бўйича аниқ белгиланган дақиқада жўнадик. Йўл бошловчи аёл хотирасида қолган инглизча сўзларни тўплаб, менга мурожаат қилди. “Поездимиз жадвал бўйича ҳаракатланмоқда” – деди у. Бу “бизнинг” замонавий Хитой билан биринчи танишувим эди. Ҳамма ёқда “бизнинг” поезд, “бизнинг” инқилоб, “бизнинг” биринчи хитой автомобили жумлаларини эшитдим. Кантондаги темир йўл вокзалида бундай ватанпарварлик туйғулари қай тарзда юзага келишига ва қўллаб-қувватланишига гувоҳ бўлдим. Ҳамма ёқда текин, чиройли суратлар туширилган, ажойиб тартибда чоп этилган адабиётлар ётарди. Мен тўхтаган меҳмонхонанинг ҳамма ёғида, залда, тушлик хонасида, ҳар бир зипапоя майдончасида. Меҳмонхоналарда босма нашрлар Европа – немис, инглиз, француз – тилларида бўлиб, саёҳатчилар учун тайёрлангани яққол аён эди. Бироқ бошқа жойларда бу адабиётлар ўз фуқаролари учун мўлжалланган. Барча журналлар, газеталар, фильм ва пьесаларда муайян бир мазмун бор. Биз инқилобдан миннатдормиз. Биз Америкадан нафратланамиз. Бир куни кечқурун акробат-ёшлар труппаси чиқиш қилаётган театрга бордим. Шумтака болани ифода этаётган кичкина қизиқчи ҳамма вақт қарсилдоқни ёқишга уринарди. Лекин ҳар сафар бикфордларнинг ипи порохга тегиб портлай деганида, пьеса қаҳрамони уни ўчиришга улгурарди. Ҳар сафар қарсилдоқ янада каттариб, ниҳоят Американинг улкан байроғи акс этган атом бомбасига айланди. Ва тағин энг охирги лаҳзада қаҳрамон вазиятни қутқариб, бомбани йўқ қилди. Барча томошабинлар қувончдан ўринларидан сакраб туриб, ватанпарварлик шижоати билан жўшиб қарсак чалишди. Тарғиботнинг бошқа мавзуси – инқилобий жўшқинлик – ҳам шундай шиддаткор ва ақлдан оздирадиган томоша бўлди. Кантонда бўлган чоғимда қариялар уйига кириб ўтдим. Европа даражаси билан ўлчаганда у ниҳоятда оддий эди, аммо қариялар ҳаётларидан мамнундек кўринишарди: бировлари тўқиш билан машғул, бошқалари ҳудудни тозаларди, хуллас, барча қандайдир фойдали машғулот билан банд эди. Мазкур уйнинг бошқарувчиси бўлган саксон ёшлардаги кампир таржимон орқали менга салом йўллаб, қисқагина гапирди. У кексалар инқилобдан сўнг ўзларини қандай фойдали ва бахтиёр ҳис қилаётганларини айтди. “Озод бўлгунимизча, - деди у, - қарияларни ўлиш учун далада қолдиришарди. Аммо инқилобдан сўнг ҳаммаси ўзгарди”. Бошлиқ гапираётганида бу ердаги бошқа қариялар бизга қарамасдан, зўр бериб ишлашарди. Бошлиқ ҳар сафар “озодликдан сўнг” сўзларини айтганида, худди буйруқ берилгандек барчанинг юзида жонланиш пайдо бўларди. Барча қарсак чаларди. Кампир сўзини давом этаётганида эса, улар ўзларининг қариганда эришган орзуларига, қилаётган машғулотларига қайтишарди. Бироқ қарияларнинг жўшқинлиги унчалик самимий бўлиб туюлмаган бўлса, ёшларда бу ҳолат бутунлай бошқача эди. Шанхайдаги ёш таржимоним қайноқ Хушхабарчи эди. “Эски” Шанхай ўз фоҳишалари билан машҳур бўлган, бироқ “инқилобдан сўнг” фоҳишаларни фойдали ҳунарга ўргатадиган меҳнат лагерларига юборишди. “Эски” Хитой билим даражаси энг пастлиги билан дунёга танилганди, лекин “инқилобдан сўнг” таълим соҳасида улкан ютуқларга эришди. Хуллас, шунга ўхшаш гаплар. Бу каби гаплар менда Хитой коммунасини амалда кўриш истагини янада кучайтирарди. Ваҳоланки, йўлбошловчиларим махсус тайёргарликдан ўтган давлат амалдорлари эди. Албатта, ўрта тоифадаги ишчи ҳар сафар “инқилобдан сўнг” сўзлари айтилганида юзлари бундай ёришиб кетавермасди. Хитойда бўлган вақтимда олтита коммунани бориб кўрдим. Биринчисида ўн мингдан зиёд одам яшарди. Айнан шу ерда мен оддий хитойликнинг уйига бориб кўрдим. Мен кўча ёнбошидаги, похол том билан ёпилган кичкина бир уйни танладим. Уйга огоҳлантиришсиз киришимга ижозат беришди. Эшикни бир қария очди. У кампири билан бир хилда табассум қилганча бошпанасини кўрсатди. Уларнинг ўз уйлари билан фахрланишлари билиниб турарди. Бир неча марта бамбукдан қилинган цилиндрли челакдаги дон-дунларини кўрсатишди. Мен таржимон орқали уйда сичқон бор-йўқлигини сўрадим. Қария жилмайди. “Бизда сичқонлар бор, - деди у, - лекин энди улардан қўрқмаймиз, негаки дон биз учун ҳам, сичқонлар учун ҳам етарли. Лекин аввал бунақа эмасди”. Аввал. Менинг мусибатим шунда эдики, бу “аввал” ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдим. Мен бу мураккаб мамлакатдаги оддий меҳмон эдим ва буни бирор нима билан таққослаб кўролмасдим. Мисол учун, бошқа бир коммунада менга Голландияда энг паст даражада ҳисобланадиган касалхонани кўрсатишди. Операция хонасининг тепасида чироқ йўқ, бўш токчаларда дори-дармонлар кўринмасди, айрим палаталарда нафақат чойшаб, балки кўрпа-тўшак ҳам йўқ эди. Аммо барибир йўл бошловчи бу тиббиёт жабҳасидаги энг илғор ютуқлар эканига мени ишонтирмоқчи бўлди. Бироқ кўрганларимни “аввал” билан таққослаб кўриш имкони менда йўқ эди. Шанхайда ўзим Москвада танишган Масиҳий ёшлар уюшмасининг (Y.M.C.F.) котибини излаб топмоқчи бўлдим. Меҳмонхонада сўраб-суриштириб катта хурсандчилик билан Масиҳий ёшлар уюшмасининг (Y.M.C.F.) ҳамон фаолият юритаётганлигини билдим. Лекин айтилган манзилга келганимда қувончимдан асар қолмади: бу ерда фақат стол ўйинларини ўйнаётган кекса хонимларни учратдим. Масиҳий ёшлар уюшмасидан (Y.M.C.F.) қолгани фақат Уюшманинг осиғлик белгиси экан. Таржимон орқали дўстим ҳақида сўрадим. Мени ҳайрон қолдириб, ҳеч ким у ҳақида эшитмаган экан. “Бир текшириб кўрмайсизларми?” – дея илтимос қилдим. Регистратор бир дақиқадан сўнг қайтиб келиб, бундай исмли одамни ҳеч ким билмаслигини айтди. “Бундай бўлиши мумкин эмас! – туриб олдим мен. – Бу одам шу ерда котиб бўлиб ишлаган. Эҳтимол, кимдир унинг исмини эслаб қолар. Балки, яна бир бора сўраб кўрарсизлар?” Бу сафар регистратор узоқ вақт қолиб кетди. У юзида табассум билан қайтди. “Кечирасиз” – деди у. Шундан сўнг бирор кишини излаганимда тез-тез эшитишимга тўғри келган жумлани айтди: “Дўстингиз бу ерда йўқ. У бу ердан кетган”. Бошқа ҳеч нарсани билолмадим. Бу масиҳий етакчиси нега йўқолиб қолганини фақат тахмин қилишим мумкин. Мен унинг бу шаҳардан “бутунлай” кетганини тушундим. Бугунги кунда Хитойдаги қанча масиҳий ўз шаҳарларидан кетиб қолишаётган экан? Москвада бу котиб Шанхайда Муқаддас Китоб дўкони ҳамон фаолият юритаётганини айтганди. Бу кўчанинг ёнбошида жойлашган, барча учун очиқ ва турлича Муқаддас Китобларга тўла кичкина дўкон эди. Шарқий Европага бу китобларни контрабанда орқали киритишга тўғри келаётган бир пайтда, Шанхайда уларни хоҳлаган киши сотиб олиши мумкин. Бошқарувчи менга инглиз тилида салом бериб, фахр билан ўз дўконини кўрсатди. Деворда болалар қуршовидаги Масиҳнинг сурати илинган. Уларнинг бари оқ танли ва мовий кўзли болалар эди. Мен стол устидаги Муқаддас Китобни олдим. Китоб Шанхайда чоп этилганини билиб, ҳайрон қолдим. “Шу ерда чоп этилганми? – Гонконгда эмасми?” Бошқарувчи қаддини ростлади. “Хитойда, - деди у, - биз ҳаммасини ўзимиз қиламиз”. У фақат иш қандай кетаётганини сўраганимда қайғуга ботди. Гарчи дўконда деярли бир соат турган бўлсамда, шу вақт ичида бирорта ҳам харидорни кўрмадим. “Харидорлар кам”, - деди у маъюс тарзда. “Бир ойда қанча Муқаддас Китобни сотасиз?” “Жуда оз”. Жуда оз Муқаддас Китоб. Жуда кам харидорлар. Ҳукумат бу кичкина, кулгили дўконга антиквар маҳсулотларни сотишига рухсат берган, негаки у ҳеч қандай хавф туғдирмасди. Бу мамлакатга Муқаддас Китобларнинг кераги йўқ эди. Мен Хитойда Муқаддас Китобларни қандай қилиб тарқатишга уринганимни ёдга олдим. Биринчисини Кантондаги таржимонимга таклиф этгандим. У ўқишга вақти йўқлигини айтиб, қайтариб берди. Муқаддас Китобни барчанинг кўз олдида олиш хавфли эканлигини назарда тутиб, ҳар сафар меҳмонхонадан жўнаганимда “тасодифан” қолдириб кетадиган бўлдим. Ҳар сафар тепадаги қаватлардан пастга тушгунимча, меҳмонхона ходимаси Муқаддас Китобни кўтариб ортимдан югуриб келарди: “Жаноб, китобингизни унутиб қолдирибсиз”. Тушкунликка тушиб, Муқаддас Китобни кўчанинг ўзидаёқ тарқата бошладим. Йўлбошловчиларим эътироз билдиришмади. Бундан ташқари, уларнинг ҳатто раҳмлари келди, негаки одамлар бирин-кетин китобларни кўриш учун тўхташар, кейин эса қўлимга қайтариб беришарди. Энди бу дўкондаги аҳвол. “Харидорлар кам”. Мен баттар умидсизликка тушган ҳолда бу ердан чиқдим. Жамоат ўз тарихида кўп бора таъқибларга учраган ва бундай ҳужумларга бардош берган. Лекин, аён бўлмоқдаки, бефарқлик ҳаммасидан кўра хавфлироқ экан. Аммо менда ҳали ҳам умид бор эди. Одамлар ҳамма ёқда диний семинариялар очиқ эканлигини айтишарди. Биринчи қараганда, бу ақл бовар қилмайдиган қувончли янгилик. Аммо бундай семинарияларга борганимдан сўнг ишончим комил эмасди. Мен Нанкин яқинида жойлашган мактабга келдим. Шу ерда ректор ва ўқитувчилардан бири билан қулай вазиятда учрашдик: иккаласи ҳам инглизча гаплашар экан. Мени кузатиб турадиган таржимонларсиз масиҳийлар билан учрашаётганимдан хурсанд эдим. Бироқ, хонада ёлғиз қолганимизда, фақат қуйилаётган чойнинг овози бузаётган таранг бир сукунат чўмди. Чойхўрликни якунлаганимизда ҳам ҳеч ким гапирмади, мен нега келганимни тушунтирмоқчи бўлдим. Бироқ, “диний хизматчи” сўзини эшитгач, худди мен муқаддас деворлар орасида номақбул сўз айтгандек, иккаласи ҳам менга тикилиб қолишди. “Биламиз, - деди ректор, - барча диний хизматчилар жосус эканлигини биламиз”. У профессорга ўгирилиб, хитойчасига нимадир деди. Профессор хонадан чиқиб, бир дақиқадан сўнг диний хизматчиларнинг ўз ҳукуматларига ёзган хатлари жойланган катта китобни очган ҳолда қайтиб келди. Унда табиий бойликлар, озиқ-овқат таъминоти ва халқнинг норозилиги ҳақида ёзилганди. Кейинги ўн беш дақиқа мобайнида кўк формадаги профессор кутубхонага қатнаб, ҳар сафар саҳифаларида белгилар қўйилган китобларни очиқ ҳолда олиб келаверди. Барча китоблар Ғарбдаги нуфузли нашриётлар томонидан чоп этилганди. Маълум бўлишича, айрим диний хизматчилар ўз элчихоналарини чиндан ҳам маълумотлар билан таъминлаб туришган. Биз Ғарбда ҳеч қачон Масиҳга садоқат ва ўз ҳукуматига содиқлик ўртасида келишмовчиликни кўрмагандик. Эҳтимол, шу боис ҳам биз ўзимиздан кейин фаолиятимиз тўғрисида нотўғри тасаввур қолдираётгандирмиз? Нимаики бўлмасин, менинг семинарияга ташрифим фақат сиёсий масала бўлди. Ректор маҳаллий кенгашнинг аъзоси бўлиб, халқаро коммунистик ҳаракатда фаол иштирок этганди. Деворлардаги Америкага қарши руҳдаги плакатларда ўзгармас ва севимли сюжет – атом бомбани кўтарган америкаликни қувиб кетаётган хитойлик тасвирланганди. Бу семинарияда нималар сабоқ берилаётгани ҳақида ҳеч нима билолмадим. Бироқ у қандай бўлмасин, бир нарса аниқ – бу ердаги барчаси ҳозирда бутун Хитой бурканган Ғарбга қарши руҳий жанговорликка йўғрилганди. Хўш, бу мамлакат ҳақида тилини билмасдан ва сизга фақат яхши томонларни кўрсатмоқчи бўлаётган таржимоннинг кўзи билан қарашга мажбур бўлган биргина қисқа ташриф чоғида нимани билиш мумкин? Сиз бу ердан фақат шахсий тасаввурларингиз билан кетасиз. Улардан кўпи ижобий: тозалик; қашшоқларнинг йўқлиги; арава тортадиган ҳаммоллар, ҳалоллик. Айрим ҳолатлар афсус уйғотган: якка ўзим хўранда бўлган улкан, тўлиқ штатли ходимларга тўла ошхоналар; ўзим ёлғиз кезган ва полициячи машинам ўтмагунича пиёдаларни тўхтатиб турган кўчалар. Айрим таассуротлар ваҳимали эди. Бир куни эрта тонгдаги рейс билан Нанкиндан учганим ёдимда. Меҳмонхонадаги хонамда кийинаётганимда кўчадан янграётган қийқириқни эшитиб қолдим. Дераза олдига югуриб бориб, пастдаги майдонда қандайдир ҳарбий машқларни бажараётган юзлаб эркак, аёл ва болаларни кўрдим. Фабрика ва мактаблар очилишидан аввал бундай барвақт чоғда барча аҳоли шахдам қадам ташлар, қичқирар, ҳужумга ташланар ва турли мураккаб ҳаракатлар қиларди. Мен майдон ёнгинасидан таксида ўтиб кетдим. Бурилишга етганимизда, шуғулланаётганларга “жойингда қот” буйруғи берилди, бунда ҳар бир киши уни қандай ҳолатда кўриб турган бўлсалар – оёғини кўтариб турган, қўлини чўзган ҳолатда – шу ҳолатда қотиб қолиши керак эди. Гўё барча қўллар кўрсатгич бармоқлари билан мени айблаётгандек кўтарилиб қолганди. Самолётда бу таассуротларни унутишга уриндим. Бироқ ўша одамларнинг нигоҳлари мени таъқиб этаверди. Наҳотки ватандошларим билан биргаликда мен ҳам уларнинг олдида нимададир гуноҳкор бўлсам? Биз улар учун Масиҳнинг қандай вакиллари эдик? Агар бизнинг муносабатимиз хитойликларни Ғарбга қарши қилиб қўйган бўлса, бу фожеали, аммо бу уларни Худога қарши қилган бўлса, бундай йўқотишнинг ўрнини қоплаб бўлмайди. Мен жамоатни кўрмоқчи бўлганимда, коммуна бошлиғи айтган жавобининг барини ёдимга олдим. “Коммуналарда, жаноб, - жавоб берди у фахр билан, - сиз жамоатларни тополмайсиз. Кўраяпсизми, дин ёрдамга муҳтож одамлар учун керак. Биз Хитойда энди ёрдамга муҳтож эмасмиз”. Якшанба куни, эрталабки соат саккиз; мен йўлбошловчини кутиб, Пекиндаги меҳмонхонада каравотда ўтирардим. Бир соат аввал унга айтгандим: “Бугун жамоатга бормоқчиман”. У ёрдам беришга ваъда қилди, лекин Пекинда фаолият юритаётган жамоатлар, айниқса протестант жамоатлари жуда кам эканлигини таъкидлади. Ярим соат ўтди. Агар ҳозир келмаса, эрталабки ибодатга кечикаман. Бироқ соат тўққиз бўлишидан аввал келди, унинг ҳамиша тантанавор қиёфасида табассум акс этарди. “Жаноб! – деди у гўё мен учун ўта ғаройиб ва ноёб ниманидир топиб олгандек. – Сизнинг жамоатингизни топдим. Мен билан юринг”. Кичкинагина жамоат ёқимсиз ва хунук ҳолатда эди, йўлбошловчим ичкарига киришдан бош тортганига ажабланмадим. Ёлғиз ўзим занглаган темир дарвоза орқали ўтиб, каттакон бўм-бўш хонага кирдим. Бутун бинода фақат иккита ёрқин кўриниш бор эди: бир аёл кийган қизил рангли жакет ва минбар ёнида турган Хитой қизил байроғи. Мен қандайдир бир кампир кичкина тори носоз пианино ёнига ўрнашиб, чалишни бошлаган вақтда орқа ўриндиққа ўтирдим. У XIX асрдаги Англия мадҳиясини чаларди, бу оҳанг Хитойда жуда ғалати янграр экан. Йиғинда эллик олти киши қатнашаётганини ҳисоблаб чиқдим, ўйлашимча, улар орасида ёши ҳали олтмишга етмаган фақат мен эдим. Кўзлари чуқур ботган, ғалати соқолли мўйсафид ўрнидан туриб ваъз ўқий бошлади. Келганларнинг кўпи ухлаб қолганди. Менинг қалбим Худонинг хизматчилари қачонлардир олиб келган имоннинг нозик ипини тортиб турган бу кексалар сари интиларди. Хўш, агар бу мамлакатда Хушхабарга фақат кексалар ишонишса, унда қандай имконият бор? Агар Хушхабар ҳар бир бурчакда кечаги салтанат билан боғлиқ эканлиги айтилса, менда қандай имкон бўлади? Йўлбошловчим кўчадан қолганидан хурсанд бўлдим. Мен унга масиҳийликдан кўра буюк ва ажойиб ҳеч нима йўқлигини исботлашга урингандим. Лекин бу жамоат айтганларимни тасдиқлайдими? Ибодатдан сўнг унинг олдига чиққанимда ўйланиб қолдим, агар бу жамоат замонавий Хитой масиҳийлигини ўзида акс эттирса, ҳукумат учун унга узил-кесил барҳам бериш жуда осон кечади. Бунинг учун кўп уриниш шарт эмас. Мен Хитойдан оғир туйғулар билан чиқиб кетдим. Менда ҳукумат Каломни менсимаганлиги боис юзага келган биттагина умид қолганди, холос. Амалдорлар Муқаддас Китобни чет элдан келтиришга асло қаршилик қилишмасди, ўзлари унинг сотилишига ва ҳаттоки нашр этилишига рухсат беришганди. Улар Муқаддас Китобга тўлиқ баҳо бермаганлари аниқ, эҳтимол, айнан шу Худо бизга берган имкониятдир. Ўз тажрибамга кўра, Муқаддас Руҳ Муқаддас Китобдан қудратли қурол сифатида фойдаланишини биламан. Зеро, менинг ўзим ҳам бу китобни ўқиб, Худога юзландим. Бироқ, бундан ташқари, Муқаддас Руҳга Хитойда ҳам одамлар керак эди. Садоқатли, жўшқин, имонга бошловчилар. Ва ҳаттоки юзаки ташрифим менга кўрсатдики, XX асрнинг ўртасида бу одамлар Ғарбдан бўлмасликлари керак. Хитойликларга хизмат қилиш учун, Худога хитойликларнинг қўли ва овози керак эди. Шу боис Голландияга қайтганимдан сўнг Корри, Ханс, Рольф ва Эленанинг ибодатларига яна бир илтижони қўшдим. Биз хитойлик масиҳийларнинг бирор йўл билан бизга қўшилишларини ва тарих биз учун имконсиз қилган хизматни ўз юртларига олиб киришларини сўрай бошладик. 21 БОБ. УМИДНИНГ ЎН ИККИ ҲАВОРИЙЛАРИ Бу пайтга келиб, жамоамиз аъзолари сонини оширишимиз зарур эканлиги маълум бўлиб қолди. Нафақат Хитой учун, балки бошқа жойлар учун ҳам. Агар биз бирор мамлакатга севги ва ғамхўрликни ваъда қилиб кириб борсакда, сўнгра биз ҳақимизда ҳеч ким ҳеч нима эшитмаса, бундан самара кам. Биз барча коммунистик давлатларга мунтазам бориб турмоқчи бўлдик, ҳеч бўлмаса йилда бир марта, тез-тез бориб турсак янада яхши. Жуфт бўлиб борган яхши, негаки ёлғиз хизматчидан кўра жуфтлик яхшироқ кўринишини тушундик. Аммо бу мақсадни амалга ошириш учун етарлича ҳамкорларни қаердан топишимиз мумкин? Масала кўнгиллиларни топишдаги қийинчиликда эмасди. Бизнинг деярли ҳар бир йиғинимиздан сўнг одамлар ўз ёрдамларини таклиф этишарди. Муаммо Худо бизга юборган одамни аниқлаб олишда. Саргузашт изловчиларни ва шунчаки қизиқувчиларни аниқлаб олиш мақсадида кўпинча шундай дердим: “Парда ортидаги хизматингиз бошланган пайтдаёқ, мен билан алоқа боғланг, кўрайликчи, биз биргаликда ишлай олармиканмиз”. Бир сафар худди шундай бўлди. Мен Маркус исмли ёш голланддан мактуб олдим. “Билмадим, сиз Уэльсдаги Суонси Муқаддас Китоб коллежида ўқиган ваъзингизни эслай олармикансиз, - деб ёзганди у. – Ўшанда айтгандингиз: “Темир парда ортида иш бошлаганингизда, биз ўзаро ҳамкорлик ҳақида гаплашиб олишимиз мумкин”. Хуллас, мен шу ердаман. Шу боис, энди гаплашсак бўлади”. Мактубда Югославиянинг муҳри босилганди. “Бунга бир қара-я!” дедим мен Коррига. У Маркуснинг мактубини ўқиб чиқди. Наҳотки бу инсон биз билан ҳамкорликда ишлаш учун белгиланган бўлса? Агар у бизга тағин ёзадиган бўлса, унинг таклифини жиддий қабул қилишга келишдик. Орадан бир неча ой ўтиб, Маркус ҳақида яна эшитдик. У Югославияга иккинчи маротаба келганди. Югославиядан юборган учинчи хатида бизнинг шартларимизни бажарганини айтибди. Энди биз билан учрашмоқчи экан. Бир куни ёзишмалар билан боғлиқ азалий муаммони ҳал этиш билан банд бўлганимда, хонага Йоппи югурганча кириб келди. “Дада, Маркус келди”. Мен ўтирган жойимдан сакраб туриб, зинапоя бўйлаб пастга югурдим. Уни биринчи кўрганимдаёқ менга ёқди. У қаҳва ичаётганимизда Югославиядаги ўз саргузаштларини сўзлаб берди. Маркус ўзи билан олиб кетган адабиётларни дўкон пештахталарида ёки паркдаги ўриндиқларда очиб қўяркан. Сўнгра китобни ёнига қўйиб, одамлар келишганида суҳбат қиларкан. Унинг ўзи тан олишича, бу Хушхабарни ёйишнинг анча зерикарли усули, аммо бундан у керакли сабоқ олибди. “Ўйлашимча, Рольф билан боришингга рухсат бераман, - дедим мен. – У сени айрим чўпон ва жамоат аъзоларига таништиради. Улар билан гаплашиб кўр, Маркус. Қайтганингдан сўнг биз билан ишлашни хоҳлаш ёки хоҳламаслигинг ҳақида айтасан”. Рольф Маркус билан биргаликда Югославия ва Болгарияда уч ҳафталик сафарда бўлишди. Улар қайтишганида Маркусдан жамоамиз аъзоси бўлиш истаги ҳақида сўрашимга ҳожат қолмади. Жавобни унинг юзидан уқиб олдим. “Мен ҳаммасини бундай тасаввур қилмагандим” – деди у. Бироқ унинг бизга қўшилгани билан иш ҳажми камайиб қолмагандек туюларди. Тез орада аввалгидан ҳам кўпроқ сафарлар уюштиришимизга тўғри келди. Маркус бизга қўшилганидан сўнг икки ой ўтгач, Европадан Янги дунёдаги ягона коммунистик мамлакатга йўл олдик. Чехословакияда ишлаётганимизда Кубага визани олгандик. Бу Ханснинг Америкага биринчи сафари эди. Бу ердаги об-ҳаво Праганинг совуқ ва булутли иқлимига бутунлай тескари! Гаванада бизни қайноқ қуёш ва кўзни қамаштирадиган оппоқ иморатлар қарши олди. Одамлар хурсанд ва яхши кийинишганди. Аэропортдан Гаванага автобус билан бораётганимизда барча йўловчилар бир муддат қўшиқ ҳам куйлайди. Ханс шу заҳотиёқ орол шарқидаги Ориенте вилоятига жўнаб кетди, мен эса пойтахтда қолиб “Гавана Либре” меҳмонхонасида жойлашдим. Полиция участкасига боришим айтилган одатий чақириқ қоғозини олганимда ҳайрон бўлмадим. Шунингдек, йўлакда узоқ кутиб турганимга ҳам ҳайрон қолмадим, негаки барча бюрократик мамлакатлар бир-бирига ўхшайди. Полиция зобити мени пайқаб ҳурпайди. “Нега бу ерга келдингиз?” – сўради у инглизча бузуқ талаффузда. “Мен Хушхабарни тарқатиш учун келдим” – дедим мен. Унинг қўлида Россия, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг визаси босилган паспортим турарди. У мендан янада мураккаброқ масалаларда шубҳа қилаётгани кўриниб турарди. У менга талайгина саволлар берди, кўп нарсаларни ёзди ва ниҳоят меҳмонхонага қайтишимга ижозат берди. Мени тағин тўрт маротаба чақиришди, бироқ мен бу вақтда Хушхабар ёйишни бошлаб юборгандим. Мен одамларни тўплаган жамоат анчайин катта эди. Бу орган, чўпон ва жамоат кенгашининг расмий иккита аъзоси бўлган кўркам иморат эди. Қачонлардир бу ерда халқ кўп бўлган, лекин динга қарши ҳаракат имонлиларни тарқатиб юборган. Ўшанда жамоатнинг ташқарисида оломон йиғилиб, ибодат вақтида қийқириқлар ва овоз кучайтиргичлардан гумбир-гумбир товушлар янграрди, йиғинга эса полициячилар сафи орасидан йўлак бўйлаб ўтиб келишга тўғри келарди. Биринчи оқшомдаёқ мени тинглагани ўттиз бешта кубалик келди. Иккинчи кеча ҳам худди ўшалар келишди, учинчи ва тўртинчи оқшомлар олтмиш киши, сўнгра эса юзлаб одамлар келишди. Албатта, айрим “имонлилар” полициячилар эди, лекин улар ҳам мени эшитаётганидан хурсанд эдим. Мен ваъзларимда асосан Хушхабарга таяниш ва сиёсатдан узоқроқ бўлишга жуда ҳаракат қилдим. Аммо барча полиция мамлакатларига хос чекловлар орасида коммунистик режим аввалроқ ўрнатилган бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, мени Кубадаги бошқа эркинликлар – йиғинлар ўтказиш эркинлиги, ҳаракатланиш ва ўз фикрини ифода этиш – қойил қолдирди. Кейинги ҳафта Гаванага ёндош туманларга бориб, турли жамоатларда кундуз кунлари ҳатто олти юзгача кўп сонли одамларни тўпладим. Мен инглизча гапирардим ва доимо таржимон ҳам топардим. Биз Ханс билан ҳамиша телефон орқали алоқа боғлаб турдик; у Ориентеда полиция назорати кучлироқ эканини, одамлар бу ерда Гаванадагидан кўра кўпроқ қўрқиб қолишганини айтди. Маълум бўлишича, у ерда Америка ҳарбий базаси бўлган экан. Биз Ханс билан энг аввало Голландиядан эканимизни айтишга уринардик. Бу улар учун катта аҳамиятга эга эди. Кубада Америкага қарши кампания қизғин кетаётганди, ҳатто жамоатдаги тингловчиларнинг Ғарбга муносабати ҳам турлича эди. Ҳукумат Кубадаги протестант жамоатларига америкалик хизматчилар асос солганлиги фактини ўчириб ташлашга уринарди. Бироқ янги режим шароитида католик ва протестант жамоатлари бир хил вазиятга тушиб қолишди, асосан руҳонийлар жабр кўришди. Руҳонийлар ва хизматчилар жамиятнинг ишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли бўлмаган аъзолари деб эълон қилинди. Уларга озиқ-овқат ва кийим-кечак учун талон беришмади ва кўпинча қўшинда хизмат қила олмайдиганлар учун мўлжалланган меҳнат батальонларида ишлашга мажбур қилишди. Бундай гуруҳларга гиёҳвандлар, бесоқолбозлар, жиноятчиларни руҳонийлар билан бирга қўшиб, шакарқамиш ўриш учун далаларга юборишарди. Аммо барибир бу жасур одамларнинг аксарияти ўз вазифаларида қолишди. Жамоат барча учун очиқ эди: халқ руҳан ўта оч. Биз Ханс билан қаерда ваъз ўқимайлик, кўп одамлар йиғиларди. Бошқалар бизда нималар бўлаётганини кўриш учун эшик ва деразалардан мўралаб қарашарди. Баъзан йиғинларни жамоатдан бошқа жойларда ўтказиш маъқулдек туюларди. Ёдимда, бир сафар уммон устидаги қояда олийгоҳ талабалари билан суҳбатлашиб турганимда, пастдаги йўлда қуролли аскарлар ўтирган жип машинаси мунтазам айланиб турди. Биз қаерга бормайлик, одамлар биз аввал бўлган коммунистик мамлакатларда имонлиларни таъқиб этилиши ҳақида сўрашарди. Улар берган саволларга кўра барча воқеалардан хабардор эканликларини билса бўларди. Уларни Девид Вилкерсоннинг Нью-Йоркдаги ўсмирлар маркази, Билли Грэмнинг қаерда эканлиги, Худонинг ўлганлигини эълон қилган ҳаракат аслида нима эканлиги ҳақидаги масалалар қизиқтирарди. Шу тариқа биз Кубага одатдаги почта орқали ҳатто Қўшма Штатлардан ҳам диний мавзудаги доимий нашрлар келиб туришини билиб олдик. Кубага келишимиздан бир неча ой аввал Кастро мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлганларга ижозат беришини эълон қилди. Юз минглаб одамлар кетишни истовчилар рўйхатига ёзилишди. Бироқ Кубадан ҳар куни фақат иккита самолёт учиб кетарди. Оролдан рўйхатдаги тўққиз юз минг кишини олиб кетиш учун ўн йил керак бўларди. Айни вақтда кетиш учун навбатда турганлар ишларини, уй-жой ва молк-мулкларини йўқотишарди. Шундай бўлсада, ҳар куни Кубани бир юз тўқсон киши тарк этар, бошқалар эса ўз навбатлари тезда келишига қатъий ишонишарди. Биз ўзимизнинг энг катта таъсиримизни айнан жўнаб кетиш учун навбат кутаётган одамларга ўтказаётганимизни сезиб турардик. Худди Шарқий Европада бўлгани сингари, биз тингловчиларимизни оғир аҳволда бўлган юртда яшаётган масиҳийнинг тақдири ҳақида ўйлаб кўришларига даъват этдик. Қочиш керакми ёки қолиш? Кубада ҳаёт 1965 йилда енгил эмасди. Бироқ эҳтимол, Худода уларни шундай жойга ва шундай вақтда қўйиши учун муҳимроқ сабаблар бордир? Балки улар Худонинг қуроли, Унинг шифобахш қўли, Унинг бу ердаги вакиллари бўлиши мумкин. Бир куни кечқурун шу каби фикрларни билдирганимда, залдаги одамлар орасидан жуссадор, қуюқ қора мўйловли эркак ўрнидан турди. “Мен методист хизматчиман, - деди у йиғинда, - гарчи кейинги икки йил давомида сартарош бўлиб ишлаган бўлсамда. Аммо Худо мен билан бугун кечқурун гаплашди. Мен диний хизматга қайтмоқчиман. Мен Худонинг қўйларини ташлаб кетган чўпонман, лекин энди уларга қайтмоқчиман”. Ақлга сиғмайдиган ҳолат бошланди. Жамоатдаги барча унинг қўлини қисиб қўйиш учун шошилди. Мен қувонч ҳайқириқларини, йиғи ва олқишларни эшитдим: “Gracias, pastor”. Биз бунга ўхшаш ҳолатларга кўп гувоҳ бўлдик. Бир эр-хотин узоқ кутилган авиачиптани сотиб олиш арафасида эдилар, улар икки ҳафтадан сўнг учиб кетишлари керак эди. Бироқ бизнинг учрашувдан кейин қолишга қарор қилишди “Энди, - дейишди улар, - Куба – бизнинг хизмат майдонимиз”. Биз ҳам Ханс билан Гаванадан учадиган самолётга ўтирганимизда, Куба бизнинг ҳам хизматчилик майдонимиз эканини билардик. Бу мамлакат амалда барча учун очиқ эди: бу ерда бемалол Муқаддас Китобларни, диний китобларни ва умуман ҳар қандай адабиётни топиш мумкин. Бу юртда кўтаринки кайфиятнинг кичик бир учқуни сахий ва серҳиссиёт лотинча қалбларда севги оловини, садоқат ва ўзини бахш этиш туйғуларини ёқарди. Ниҳоят, Кубага қилган сафаримиздан кейинги йили коммунистик режим энг қаттиқ назорат қилинадиган мамлакатга ҳам виза олдик. У ёққа кириш жуда қийин эди, киргандан кейин бирор киши билан алоқа боғлаш янада мураккаброқ. Кўнглимиз чўкмаслиги учун ишонч руҳига тўлиқ суянишимизга тўғри келди. Мен албатта, мўъжазгина Албания ҳақида гапиряпман. Бизнинг гуруҳимиз бу мамлакатга кириш имкониятига эга бўлганида, мен узоқ Сибирда эдим. Француз сайёҳлик агентлиги замонавий тарихда илк бора Албанияга икки ҳафталик саёҳат уюштирди. Рольф ва Маркус бу саёҳатга голландиялик “ўқитувчилар” тариқасида қўшилишди. Улар ўзлари билан Муқаддас Китоб элтмадилар, негаки бундан бир неча йил аввал албан тилидаги Муқаддас Китоб умуман йўқлигидан хабар топгандик. Бундан ташқари, Муқаддас Китобни чоп этса бўладиган албан тили ҳам йўқ эди. Бир ярим миллион аҳоли яшайдиган бу мўъжазгина мамлакатда энг камида учта турли лаҳжа бор эди: шкиптар, гет ва тоск. Мамлакатда ягона Муқаддас Китоб рим-католик жамоати учун лотин тилида, провославлар учун грек тилида эди. Мамлакатнинг бошқа аҳолиси ислом динига эътиқод қиларди. Америка Муқаддас Китоб жамияти ўзларида шкиптар лаҳжасида Янги Аҳд борлигини маълум қилди. У 1824 йилда таржима қилинган бўлиб, кутубхонада бор экан ва бошқа нусхалари сақланиб қолмаган, шекилли. Инқилобдан сўнг албан тилини яратишга ҳаракатлар бўлди, аммо биз ҳукуматнинг бу режасига Муқаддас Китобни ҳам нашр этиш киритилишига умид қилолмасдик. Рольф ва Маркус Каломдан учта албан лаҳжасида ёзилган брошюра ва оятларни ўзлари билан олишди. Албан божхоначилари ҳатто жомадонни очишмаганида эса, омадлари келган дея ҳисоблашди. Албанияда ҳар қандай босма нашрларни олиб кириш таъқиқланган қаттиқ қонун бор эди, ҳолбуки ундаги мазмун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди, негаки буларнинг ҳаммаси “тарғибот” ҳисобланарди. Маркус ва Рольф ёнларидаги адабиётларнинг чегарада мусодара қилинишига ишонишганди. Шу боис, юклари билан Тиранадаги меҳмонхонага жойлашганларида, ўзларида кўтаринки кайфиятни сезишди. Бироқ улар яхшилабгина бир қолипга солинган ва қонунга буйсунувчан албанларга етарли баҳо беришмаганди. Улар икки ҳафта мобайнида Каломдан оятлар ва брошюраларни тарқатишга уринишди. Лекин барча албанлар ўзларини бир хил тутишди, яъни дарҳол қўлларини орқага тортиб олишарди. Улар брошюраларни олиш уёқда турсин, қўлларини ҳам теккизган эмас. Ҳаттоки Рольф католик руҳонийсига Юҳанно Хушхабарини беришга уринганида, худди уни хафа қилишгандек, ўгирилиб кетиб қолди. Ниҳоят, улар умидсизликка тушиб, бир даста брошюраларни шаҳарнинг ривожланган қисмидаги марказий кўчалардан бирида қолдиришди, бундан мақсад йўловчиларнинг бирин-кетин олиб кетишлари эди. Эртаси куни уларни қўрқувга солиб, пойтахтдан тўқсон километр нарида иккита полициячи қувди. Бу пайтда гуруҳ тушлик қилаётганди. Полициячилар кўчада брошюра қолдириб кетган кишининг ўзи тан олишини талаб этишди. Гап детективларнинг зийраклигида эмасди. Йигитларимиз полиция нега уларнинг изига тушганини дарҳол фаҳмлашди: улар бу ердаги ягона хорижликлар гуруҳида эдилар. Бошқа саёҳатчиларга нохушлик туғдирмаслик учун Маркус ва Рольф ўз қилмишларига иқрор бўлиб, бундай “сиёсий” ҳаракатларни бошқа қилмасликка ваъда беришди. Ҳеч ким улар кўчада қолдириб кетган брошюралардан биттасини ҳам олмаган экан. Албанияда адабиётлар билан боғлиқ келажакдаги ишлар истиқболини назарда тутсак, улар саёҳатининг натижалари эсанкиратиб қўйиши мумкин. Сафаримизнинг бошқа жиҳатларига келсак, иккаласи ҳам қарама-қарши туйғулар билан қайтишди. Албанлар биз сафаримизда учратган одамлар орасида энг самимий, дўстона кишилар бўлиб чиқди. Бироқ улар шундай севгини мамлакат раҳбари Энвер Ходшага ҳам билдиришарди. Ходша халқ манфаати йўлида меҳнат қилаётганига улар шубҳа қилишмасди. Бу мўъжазгина юрт қадим-қадимдан бошқа мамлакатлар учун уруш майдони бўлган, унда гоҳ турклар, гоҳ итальянлар ҳукмронлик қилишган, энди ҳарқалай, тарихда илк бора давлатни Албания халқининг манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳукумат бошқармоқда. Бироқ, Рольф ва Маркус одамлар билан алоқа ўрнатишга уринганларида маҳаллий аҳоли хитойча гапирганда ҳам ўзларини бунчалик йўқотиб қўйишмасди. Маркус бироз итальян тилида гапириб, бу тилни биладиган албан билан алоқа ўрнатишга умид қилганди. Лекин вазият ҳаттоки қулай туюлган пайтда ҳам, суҳбатлашишнинг иложи йўқ. Бу ҳеч ким ҳеч нимани билмайдиган, ҳеч ким ҳеч нарсани эслай олмайдиган мамлакат эди. “Айтчи, дўстим, - Маркус фабрика ишчисига одамлардан холи йўлакда мурожаат қилди, - сен аллақачондан буён шу ерда ишлайсанми?” Табассум ва ноаниқ ишора. “Айтиш қийин, жаноб”. “Ҳар куни неча соатдан ишлайсан?” “А! Турлича. Вазиятга қараб”. “Бўпти, фабрикада қанча одам ишлайди?” Табассум янада кенгаяди, у елкасини тобора қисиб олади. “Ким билади? Ким ҳам буни ҳисоблаб чиқарди?” Маркус ва Рольф хорижликларнинг қизиқишларига қарши қаратилган қандайдир тил бириктирилган сукут сақлаш борлигига ишонишди. Фақат бир маротаба ушбу тўсиқдан бир қанча руҳонийлар билан суҳбат чоғида қисман ошиб ўтилди. Ҳаттоки айтилмайдиган сўзлар овоз чиқариб гапириладиган сўзлардан кўра муҳимроқ бўлган бир пайтда бу мулоқотимиз сўзларнинг эҳтиёткорона алмашинувига айланди. Бир ёшгина хитойлик католик руҳонийси, уларнинг тушунишича, имондош биродарларини кўриб турганидан самимий хурсанд эди. У Ғарбдаги ҳаёт ҳақида билиш ва ўзи бошидан кечираётган ҳолат ҳақида сўзлаб бериш иштиёқи билан ёнарди. Унинг жамоати токи Маонинг диктаторлик сиёсати хориж билан алоқани узишга мажбур қилмагунича рим-католик мазҳабида эди. Энди улар ўзларини Миллий католик жамоати дея аташади. “Сизларга ҳукумат амалдорларининг муносабати қандай?” – сўради Маркус. – Ҳукумат сизларга мустақиллик берганми?” “Ҳукумат расман диний ишларга аралашмайди”. “Демак, сизларда виждон эркинлиги бор эканда?” “Қонун бўйича, ҳа”. “Сиз минбардан хоҳлаган гапингизни айтишингиз мумкин, шундайми?” “Мен “ҳа” деб жавоб беришим керак”. Ва шу тариқа давом этади. Ҳеч нима аниқ айтилмаган, аслида ҳаммаси айтиб бўлинган узун, ҳоритиб қўядиган чала-ярим суҳбатлар. Бу ёшгина руҳонийдан ўзлари зўрға ишонишган янгиликни эшитишди: грек провослав жамоатларидан бирида янги албан тилида Муқаддас Китоб бор! Маркус ва Рольф уларни дарҳол шу жамоатга олиб боришларини сўрашди. Православ руҳонийси уларни бағрикенглик билан кутиб олибди. Ҳа, жамоатнинг бош меҳробида Муқаддас Китобнинг мутлақо янги таржимаси турибди. Улар кўриш истагидами? Ҳа, албатта! Руҳоний уларни қадимий бинонинг кириш йўлагидан бошлаб борди. Улар масофадан туриб меҳробда муқоваси қимматбаҳо тошлар билан безатилган китобни кўришди. Меҳробга тўрт ярд масофа қолганида руҳоний қўққисдан тўхтаб қолди. Орқадан келаётган Рольф унга урилиб кетди. Тўрталаси ҳам бир неча лаҳза улуғликка бурканган хазина қаршисида жим қолишди. Руҳоний қайтиш учун ўгирилганида, Рольф савол қистириб қолди: “Лекин мен яқинроқ бормоқчи эдим! Уни кўрсам бўладими? Очиб қарасам бўладими деяпман? Саҳифаларни кўрмоқчиман?” Йўлбошловчи унинг сўзларини таржима қилганида, руҳонийнинг кўзлари қўрқувдан кенгайиб кетибди. Яқинроқ бориш? Лекин фақат қўл қўйиб, марҳаматланган хизматчигина Муқаддас Каломга тўрт ярд масофада яқинлашиши мумкин! Бу ҳолда, гапни чўзибди Рольф, янги таржимадан нима наф? Руҳонийлар фақат грекча ўқий олишар экан, бу Муқаддас Китоб уларга нима керак? Хўш, ҳарқалай, тантанали маросимлар чоғида олиб юриш учун керак! Одамлардан ҳурмат ва таъзим қабул қилиш учун керак. Муқаддас Китоб яна нима масалада керак? Бир ўйлаб кўринг-а, имонлилар Худонинг Ўзи Албания халқининг янги тилида гапирганини билсалар, қанчалик таскин топган бўлишарди. Хуллас, Рольф ва Маркус бу Муқаддас Китобни узоқдан кўриб қайтиб келишди. Бу халқнинг юраги улар учун жумбоқ бўлиб қолди. Айни вақтда фаолиятимиз Европанинг бошқа қисмларида кучайди: ҳар ойда биз ўтган сафарларга нисбатан кўпроқ жойларда бўлардик. Албатта, сафарларимиз кўпайгани боис шубҳали одамлар рўйхатига тушиб қолиш хавфи ҳам ортди. Биз ҳеч қачон одамларимизни икки маротаба кетма-кет бир жойга юбормасликка ҳаракат қилдик. Мабодо биринчи сафар иккита эркак борган бўлса, кейинги маротаба эркак ва аёлни биргаликда жўнатдик. Шу тариқа, 1966 йилда Россияга Рольф Элена билан жўнади. Бу мамлакатга саёҳатчилар оқими кўпайди ва контрабанда ҳажми ҳам ортди. Газеталарда доимо ҳибсга олишлар, жарима ва қонунбузарлар учун озодликдан маҳрум этиш жазолари ҳақида ёзишарди. Бу сафар Рольф Элена билан биргаликда “Опел”да Муқаддас Китобларнинг катта партиясини олиб жўнашди. Уларнинг кетиши олдидан биз Корри билан биргаликда ҳаммамиз тун бўйи ибодат қилдик. “Ёдингизда бўлсин, - дедим мен, - кимни ушлаб олишган бўлса, улар фақат ўз ақлларига ишонишган. Нафрат ва хасислик энг оғир юк. Сизларни эса севги бошламоқда. Ўзингиз ва айёрлигингиз билан фахрланиш ўрнига, заифлигингизни тан олинг, сизлар шунчалик заифсизки, Худонинг Руҳига ўзингизни тўлиқ топширишингиз керак...” Рольф кейинчалик бизнинг хатар ҳақидаги сезгиларимиз тўғри эканлигини айтди. Чегарага келиб, хавфсизликнинг бир эмас, балки олтита зобитини кўришибди. Рольф Эленага уларнинг фикрларини Худо чалғитиши учун ибодат қилишини айтибди. “Биз чегарадан ўтиб олмагунимизча, ибодат қилишдан тўхтама”. Улар навбатга туришибди. “Салом! – улар билан самимий кўришибди Рольф. У машинадан чиқиб, Эленага эшикни очиш учун айланиб ўтибди. Зобитлардан бири қўлида бир варақ қоғозни тутиб турарди. Рольф ва Элена ўзларини эркин тутган ҳолда, Шарқий Европа мамлакатлари бўйлаб асал ойини қандай ғаройиб ўтказганлари ҳақида суҳбат қилишибди. “Лекин сизлар биринчи марта бу ерга келмаяпсизлар”, - дебди қўлида қоғоз тутган зобит. У биз Рольф билан охирги марта Россияга келганимизда кириб ўтган барча шаҳарларни бирин-кетин санаб чиқибди. Бу Рольфни карахт аҳволга солиб қўйибди. Текширув асло тугамайдигандек туюларди. Иккита зобит фургоннинг ичини, бошқа учтаси эса ташқарисини кўришибди: улар мотор, ғилдиракнинг қопламасини, гупчак қалпоғини кўздан кечиришибди. Ойнани кўтариб-тушириб, қопламасини тақиллатиб кўришибди. “Уларнинг фикрини чалғитгин...”. Бу вақт орасида битта зобит текширувда иштирок этмай, Рольф ва Эленанинг юзига диққат билан қараб турарди. Бу нозик руҳий ўйин эди. Зобит биргина назари билан бошқадаги сунъий табассум, самимий кулгини ифода этишга уриниш, тез-тез қараш, пешонага тошиб чиққан бир томчи тер орқали кўп нарсаларни тушуниб олиши мумкин эди. “Келинг, ёрдам бераман”, - дебди Рольф божхоначилардан бири фургондан ўралган палаткани чиқариб олишга уринганида. У юкхонани очиб, заҳира ғилдирак қопламасини чиқарибди, ҳаво тозалагичнинг қопқоғини очибди. Бу ўтаётган барча вақт ичида Элена ибодат қилаверибди. Охир-оқибат, назоратчилар текширувни тўхтатишибди, негаки текширадиган нарсанинг ўзи қолмабди. Қоғоз кўтарган киши Рольфнинг олдига келибди. “Сиз Россияда бундан бир неча ҳафта аввал бўлгансиз. Айтингчи, нега бунчалик тез-тез келяпсиз?” Рольф фургон устига энгашиб, палаткани ўрай бошлабди. “Биласизми, - дебди у, - дўстим билан менга сизнинг юртингиз шунчалик ёқиб қолдики, энди хотинимни ҳам олиб келишга қарор қилдим. Биз Россия халқини севамиз. Алоҳида бир севги билан севамиз”. Зобит Рольфнинг қалбини кўрмоқчи бўлгандек унга тикилиб қарабди. Бироқ машинадан ҳеч нима тополмабдилар. Шу боис Рольфга ҳужжатларини қайтариб, истамайгина шлагбаумни очишларига ишора қилибди. Рольф ва Элена бўлиб ўтган воқеага зўрға ишонишибди. Чегарадан ўтиб кетишгач, бир вақтнинг ўзида ҳам кулиб, ҳам йиғлашибди. Ахир фургонда тўлиқ ва зарар етмаган ҳолда юзлаб Муқаддас Китоблар қолганди. Божхоначилар деярли бир миллиметр наридан уларни излашибди. Албатта, бу китобларни бирор бир саргузашт изловчи улардан кўра яхшироқ яширган бўларди. Лекин бундаги фарқ нимада эди? Рольф ва Элена бунинг жавобини билишарди. Бизнинг жамоамизга қўшилганидан сўнг бир йил ўтиб, Маркус ҳам уйланди. Хуллас, биз энди етти киши эдик: мен ва Корри, Рольф ва Элена, Маркус ва Паула ҳамда бўйдоқ Ханс. Сўнгра бизнинг фаолиятимизга ўз хотинлари билан Клас ва Эдуард ҳам қўшилишди. Клас ва Эдуард Голландиянинг жанубида ўқитувчилик қилишарди. Клас француз тилидан дарс берарди, Эдуард математикадан. Улар бир куни бизнинг чиқишимиздан сўнг уйимизга хотинлари билан бирга келишди. Талайгина саволлар беришди. Улар биз билан ишлаш истагида эканликларини айтишган эмас. Улар ўз истакларини сирлигича сақлаб, даъватларига ҳеч қандай шубҳа қолдирмаслик учун, Худонинг Ўзи барча эшикларни очишига имкон беришди. Бу тўртала инсонни биринчи кўрганимдаёқ, биз билан биргаликда ишлашларини сездим. Аммо барибир улардан мактабдаги ишларини ташлаб, маошсиз, катта хавф-хатарли ва узоқ сафарлардан иборат фаолиятга киришишларини сўрай олмасдим. Мен Худонинг Ўзи бу учрашувимизни ташкиллаштирганига бутунлай ишонишим керак эди. Шу боис ўз умидларим ҳақида Корридан бошқа ҳеч кимга айтмадим. Натижада мен ҳам, улар ҳам биргина мақсад учун ибодат қилдик, бироқ бир-биримизга босим ўтказмаслик учун ўз истакларимиз ҳақида гапирмадик. Худонинг жавоби бир неча ой ўтгандан сўнг кутилмаган тарзда келиб қолди. Бир куни Клас ва Эдуард буюртма хат олишди. Мактаб директори агар улар француз тили ва математика дарсларида Хушхабарни тарғиб этишни бас қилишмаса, ҳамда кечқурунлари уйларида ўқувчилар учун ташкил этаётган ибодат йиғинларини бекор қилишмаса, бу ҳолда ушбу семестрнинг охиригача мактабни тарк этишларини сўрабди. Клас ва Эдуард аввалига ташвишга тушишибди. Уларнинг ота-оналар ва ўқувчилар орасида ҳурматлари баланд эди. Улар менга бу ҳақда айтганларида, мен ҳам қайғуга ботдим. Мен масиҳийлар бундай вазиятларда нима қилишлари кераклигини тушунишга уриндим, ваҳоланки уларнинг “хушхабари” дарсларда фақат мактаб ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган кечки йиғинларни эслатиб ўтиш эди, холос. Ана шунда тўсатдан тушуниб етдим! “Корри! – чақирдим мен. – Корри, эшитгин-а, қандай ажойиб янгилик бор!” Корри ошхонадан югуриб келди: “Нима гап ўзи?” “”Клас ва Эдуард ишдан айрилишибди!” Корри мени ҳазил қиляпти деб ўйлади. Сўнгра у ҳам тушунди. Албатта! Бу Клас ва Эдуард биз билан ишлашлари керак эканлиги ҳақида Худонинг билдириш услуби эмасми, ахир? Шу ҳафтанинг ўзида мактабга бориб, иккаласига ҳам жамоамиз аъзолари бўлишларини сўраб узоқ ибодат қилганимизни айтдик. Клас ва Эдуард бир-бирларига қараб кулиб юборишди. Сўнгра улар барча ўтган ойлар мобайнида бизга қўшилишлари учун мактабдан қандай кетишларини Худодан сўраганларини айтишди. Бу иқрор мен учун энг ажойиб янгилик бўлди. “Мен фақат бир нарсани сўрамоқчиман”, - деди Эдуард. “Нимани, Эд?” “Мен ҳаммасидан кўпроқ ёзишмаларни тахлаш ва ташкилотнинг фаолиятида иштирок этишни истайман”. Сўнгра мени ишонтиришга уринаётгандек, шошилганча қўшиб қўйди: “Мен масъулиятли ва тартибли одамман, шунақа ишларни ёқтираман. Нима деб ўйлайсиз, идорада ишласам бўладими?” Мен Коррига қарадим. У кулиб юбормаслик учун ўзини зўрға босиб турарди. Ўша пайтда хатлар шунчалик тўпланиб қолгандики, қаҳва идишларимиздан бири ана шу уюмлар орасида бир неча ҳафта йўқолиб қолди. Ва мана, бу ҳақда ибодат қилмасакда, Худонинг Ўзи бу ҳақда қарор қабул қилди. “Бўпти, Эдуард, - дедим мен, - ўйлашимча, бу масалани ҳал этамиз”. Жамоамизнинг ўн иккинчи аъзоси – ғаройиб йигит: у худди кўплаб қиёфалардан ташкил топганга ўхшайди. Биз Европа ва Америкадаги турлича одамлар билан гаплашганимизда, доимо сўрайверишади: “Сизлар билан ҳеч бўлмаса бир марта айланиб келсак бўладими?” Биз шундай илтимослар ҳақида ибодат қила бошладик. Биз чиндан ҳам жамоамизга вақтинчалик ишчиларни олиш зарурлиги ҳақида ўйланиб қолдик. Биз тажриба сифатида бир маротаба “ҳа” дея жавоб бериб, ҳамкорликнинг бундай йўли анча самарали эканлигини англадик. Бундай тизим биз узоқ йиллар мобайнида эришган натижаларга бошқа одамни қисқа вақт оралиғида ўргатиш имконини берди. Унинг гуруҳдаги фаол ҳаракати тугаганидан кейин ҳам, ибодатда ҳамкоримиз бўлиб қолаверади. Бироқ бундай ҳамкорликнинг энг жиддий ва кутилмаган ютуқлари бошқа мамлакатларда ҳам биздек гуруҳларнинг юзага келиши ва кўпайиши бўлди. Биз жамоамиз ижобий натижаларга эришди деб ҳисоблаймиз. Биз ташкилот бўлмадик, биз – бир-бирини жуда яқиндан танийдиган, ўзаро самимий ғамхўрлик кўрсатиб ҳурмат қиладиган алоҳида инсонларнинг жонли ва фаол уюшмаси, бир танага айландик, демак, қоида ва кўрсатмалар кераксиз бўлиб қолди. Гуруҳимизнинг кам сонли эканлиги боис, ҳар бир аъзо ҳар куни ўз биродарлари учун ибодат қилиши мумкин эди: барчанинг шахсий эҳтиёжлари ва аниқ хизматлардаги муваффақиятлари учун биргаликда ва ҳар бир киши учун алоҳида. Хўш, нега даъват этилаётган йигирма, эллик, юзлаб шундай гуруҳларнинг пайдо бўлишига, ҳар бири Самовий Шоҳликнинг яқинлашиб келиши учун ўзларининг аниқ вазифаларини бажаришларига ёрдам бермаслик керак экан? Вақтинчалик иштирокчиларнинг тутган ўрни ана шундан иборат. Тажриба сифатидаги бундай илк сафарлардан сўнг, инсон бунинг мумкинлиги ва зарурлигига ишонч билан уйига кетади. “Мен уйга қайтганимда, икки ой бошқа нарсалар ҳақида гапиролмадим, - дейди Дуайт Муди асос солган Шотландиядаги Муқаддас Китоб олийгоҳининг талабаси. – Бу хизматга яна учта талаба қизиқиб қолишди, энди биз Югославияга шу ёзда сафар уюштирмоқчимиз”. Хизматчиларни тайёрлаш фаолиятимизнинг муҳим қисмига айланди. Аммо одамларни вақтинчалик иштирокчи сифатида олганимизда, иккита шартни бажаришларини талаб қиламиз. Биз ҳар бири Масиҳ билан шахсан учрашиб, Муқаддас Руҳ бошқаруви остида ишлашга ўрганишига жиддий туриб оламиз. Биз коммунистлар билан ишлашда одамларга нисбатан салбий муносабат бўлмаслиги муҳим эканлигини қайд этамиз. Агар инсон бирор бир ҳукуматни ёқтирмаса, агар у Худонинг марҳаматига нисбатан коммунизмнинг гуноҳлари ҳақида кўпроқ гапирса, биз бу жангчининг бўлажак маҳораба учун ёмон қуролланганлиги ҳақида шубҳага тушамиз. Хуллас, иш давом этмоқда. У ҳамиша ўзгаради ва доимо янги бўлиб қолаверади. Ҳозирги кунда Югославияга Муқаддас Китобни олиб кириш қонунийлаштирилган. Биз энди уларни контрабанда юклари тарзида олиб кирмаймиз, негаки Муқаддас Китоб дўконлари яна очилган ва фаол иш юритмоқда. Бундан ташқари, биз ўтган йили Жамилга маблағи йўқ жамоатлар учун янги Муқаддас Китобларни сотиб олиши учун минг доллар бердик. Жамилни ўн йилдан буён билишимга ишониш қийин. Болгарияда Иброҳим ҳам худди шу каби ўзининг гўллиётларини изламоқда. Фақат энди унинг палахмони учун янги тошчалар – биз элтиб бораётган юзлаб чўнтак Муқаддас Китоблари бор. Кейинги икки йил мобайнида қайси мамлакатларга борадиган бўлсак, барчасининг тилида, албанчани ҳам қўшган ҳолда, чўнтак Муқаддас Китобларини нашр этиш ниятидамиз. Шундай Муқаддас Китобларни олганимизда, Худо Ўзи танлаган одамларнинг қўли орқали бизга воситаларни кўрсатишига ишонамиз. Шарқий Германияда энди оммавий хушхабар йиғинларини тўсқинликсиз ўтказишимиз мумкин. Бир сафар ўзим тўрт минг киши қаршисида ваъз ўқиганман: икки минг киши матбуот залида, яна икки минг одам йўлакларда ва кириш залида туришганди, шунингдек, овоз кучайтиргичлар орқали ташқарида туриб эшитишганди. Жамоамизга Клас ва Эдуарднинг ўз хотинлари билан қўшилишлари туфайли энди ҳар бир мамлакатга йилига камида бир марта боришимиз мумкин. Ушбу баҳорда мен яна Кубада бўлдим. Худонинг ёрдами билан 1967 йилнинг охиригача яна иккита давлатда - Шимолий Корея ва Шимолий Вьетнамда бўлишга улгураман. Лекин агар кимдир бирор жойда узоқ кўзга ташланиб қолса, унинг ўрнини бошқа киши эгаллайди. Биз Парда ортида чўпонларнинг нималарга муҳтож бўлаётганларини кўрдик ва Худонинг мадади билан уларга зарур нарсаларни етказмоқдамиз. Гап бу ўринда автомобиллар ҳақида бормоқда. Машина чўпонни йиллар давомида диний хизмат ўтилмайдиган қишлоқ ва шаҳарларга элтадиган иккита қанот. Тезда йўлга тушиш имкониятига эга бўлган чўпон масиҳийлик жамоатларини бир-бирлари билан бирлаштириши мумкин. Ана шундай машина илк маротаба Шарқий Германиядаги Вильгельм ва Марга етказилди. Бир галги суҳбатимизда Вильгельмнинг мопедда йўтал азобини тортиб, минглаб милларни босиб ўтиши ҳақида айтгандим. Бир қанча голландлар унинг учун катта миқдордаги пулни хайрия этмоқчи бўлишди. “Анди, - дейишди улар, - сенга бу пулларни аниқ мақсад учун бераяпмиз. Биз Вильгельмнинг машинаси бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Илтимос, унга машина сотиб олиб, бизнинг номимиздан топшир”. Вильгельмнинг Саксония тоғларидаги уйига бориб, унга янги машинанинг калитини берганимда, у кўзларига ишонмай қолди. Марнинг ҳозирда ёзишича, эридаги йўтал деярли йўқолибди. Вильгельмдаги биринчи машинанинг ишлаш муддати ўтиб бўлди, ўша голланд дўстлар унга иккинчи машинани совға қилишди. У ҳам энди диний хизматчи бўлиб, ўзининг Шарқий германиялик гуруҳи билан бу машинада Польша ва Чехословакияга бориб, ўша жойларда йиғинлар ўтказади. Мен учун энг қувончли хабар – Парда ортидаги бирорта мамлакатда яшаётган масиҳийлар бошқа юртдаги биродарларига ёрдам беришмоқда. Бундай хизмат Худонинг режаларига мувофиқ келиши шубҳасиз. Худонинг кўп мамлакатларга сочиб ташланган Жамоатидаги қолган жасур қисми бирлашиб куч тўпламоқда ва бир-бирини қўллаб-қувватлаб ўз қўрқувидан халос бўлмоқда. Бундай хизматчиларда хорижга сафар қилиш учун пуллари йўқ, лекин биз уларга ёрдам берамиз. Уларга эса коммунистик мамлакатлар блогида ҳаракатланиш, йиғинлар ўтказиш ва хат ёзишиб туриш эркинлигига эришиш биздан кўра енгилроқ кечади. Чехословакияда биз иш олиб борган битта жамоат ўз хизматчиларини Бразилия ва Кореяга жўнатди, улар ўша ерда Ғарблик бошқа хизматчилар билан фаолият юритишади. Биз ўзгариб турадиган оламда яшаймиз. Барча ўзгаришлар ҳам яхшиликка хизмат қилмайди. Белградда Муқаддас Китоб дўкони очилган бир вақтда Венгрияда масиҳийларни таъқиб қилишнинг янги тўлқини бошланди. Хитойда кейинги ойларда Қизил армия аскарларини беҳад хурсанд қилиб, юз минглаб Муқаддас Китоблар ва мадҳиялар тўплами ёқиб юборилди. Эҳтимол, бу Хитой ҳукуматининг масиҳийликка нисбатан бир қадар нафратомуз муносабатининг якуний давридан ва имонлиларни яна таъқиб қилишнинг бошланишидан дарак бераётгандир. Бироқ, Худо ҳеч қачон мағлубиятни тан олмайди. Одамлар Унга қарши туришлари, ҳужум қилишлари, қаршилик кўрсатишлари мумкин, аммо ҳеч қачон бу жангнинг натижасига шубҳа қилмаслик керак. Биз ҳар куни ҳамма нарса – ҳаттоки ёмон ишлар ҳам – Унинг номини кўтариб юрганлар учун яхшиликка хизмат қилаётганлигининг янгидан янги исботларини кўряпмиз. Руминияда бир рим-католик руҳонийсига Муқаддас Китоб сотиб олишига ёрдам бериб, кўп йиллар мобайнида унинг бошқа эҳтиёжларини бажариб келганмиз. Венага қилган охирги сафаридан қайтиб келаётганида, божхоначилар унинг машинасида яширинча олиб ўтаётган Муқаддас Китобларни топиб олишган. Руҳоний қўрқувга тушиб қолган. У сохта айблов билан қамоқхонада ўтириб чиққан, энди эса қонунни чиндан ҳам бузиб, бунинг учун қаттиқ жазо берилишини биларди. Ўша вақтда Руминияда Муқаддас Китоб бир ойлик маош миқдорида баҳоланарди, у эса икки юзга яқин Муқаддас Китобларни олиб ўтаётганди. Айни шу вақтда чегарага бошқа машина келиб тўхтади. Ундан маҳаллий божхоначилар билан яқин алоқада бўлган тижоратчи тушиб келибди. У руҳонийнинг автомобилидан чиқарилган катта миқдордаги Муқаддас Китобларни кўриб, михлангандек жойида қотиб қолди. “Муқаддас Китобларми? – сўради у. – Менга қаранг, шу Муқаддас Китобларни менга сотинг. Улар мусодара қилинган, тўғрими?” “Ҳа, мусодара қилинган, лекин уларни сотолмаймиз”. Тижоратчи кўзини қисиб қўйди. “Ҳаттоки...” – у энгашиб, зобитнинг қулоғига пул миқдорини айтди. Божхоначининг кўзлари олайиб кетди. “Наҳотки улар чиндан ҳам шундай нархга арзиса?” “Бундан ҳам кўпроқ. Мен бундан фойдасини ҳам ундириб оламан”. Амалдорлар бир дақиқа ўйланиб қолишди. “Шошманг, биз маслаҳатлашиб олайлик”. Улар шивирлашиб гаплашибдилар, сўнгра тижоратчи олдига қайтиб, қўйилган нарх жуда юқори бўлгани учун ўз қоидаларига кўра иш тутишга қарор қилишибди. Тижоратчи нақд пул тўлаб, машинага Муқаддас Китобларни ортганча Руминияга жўнаб кетибди. Божхона биносида ноқулай сукунат чўмибди. “Сиз ҳали ҳам мени Муқаддас Китобларни киритганликда айблайсизми?” – сўрабди руҳоний. “Муқаддас Китоблар? – такрор сўрашибди амалдорлар. – Қандай Муқаддас Китоблар? Муқаддас Китобларни қаерда кўрдингиз? Сиз яхшиси дарвоза ҳозирча очиқ бўлганида кирақолинг”. Албатта, бу Муқаддас Китоблар қора бозорга жўнатилади, лекин ҳарҳолда, улар Руминияга бус-бутун кирди, имонлилар эса уларни сотиб олиш учун қаёқдандир пул топишади. Бироқ замонамиздаги барча ўзгаришларда бизни энг руҳлантирадиган ҳолат коммунистик мамлакатларда озодлик ҳаракатининг тобора ўсиб бораётганлигидир. Ҳар йили бу ёққа Ғарбдан минглаб одамлар келишади, юзлаб кишилар ўз масиҳий биродарларини топиш умидида йўл олишмоқди. Ҳаттоки ҳеч қачон имон хизматчиси бўлишни орзу қилмаган одамлар ҳам ишимизга ёрдам беришлари мумкин, аввал бунинг иложи йўқ эди. Муқаддас Китоблар контрабандаси – хавфли иш, аммо кўпчилик божхоначилар мабодо саёҳатчининг шахсий буюмлари орасида маҳаллий тилдаги битта Муқаддас Китобни топиб олишса (уларни Муқаддас Китоб жамиятларидан олиш мумкин), ҳеч нима дейишмайди. Хитой ва Албания – столда ёки пештахтада қолдириб кетилган Муқаддас Китоб ҳақиқатни билишга чанқоқ қалбларни тезда тополмайдиган ягона мамлакатлардир. Минглаб саёҳатчилар, Худонинг минглаб элчилари нафақат музей ва фабрикаларни, балки масиҳийлар Худога сажда қилиш учун учрашадиган жойларни ҳам топишмоқда. Бу меҳмонлардан кимдир йиғинда ўрнидан туриб, шифобахш сўзларни айтади: “Сизларга Голландия, Англия, Америка ва ...мамлакатларидаги биродарлар номидан салом йўллаймиз”. “Бу нима билан тугаши мумкин? – сўрадим мен Корридан. – Бу севги оқими қаерда тўхташи мумкин?” “Билмадим, - у жавоб бераётиб жилмаяди. – Бизни олдинда нималар кутаётганини билмаймиз. Эслайсанми? Биз билмаймиз, қайга бошлар бизни бу йўллар, аммо ...”. “Кел, ундан биргаликда ўтақолайлик”. Биргаликда, икковимиз. Барчамиз, ўн иккитамиз биргаликда. Барча минглаб одамлар. Ҳеч ким бу йўл бизни қаёққа бошлаб боришини билмайди. Аммо навбатдаги саёҳатимиз барчасидан кўра энг ҳаяжонли бўлишини биламиз. Бугунги кунда биродар Андрейнинг фаолияти кенгайиб, унинг издошлари имон-эътиқод учун оғир тўлов қилаётган ҳудудларга кўчмоқда. Бу Хитой, Лотин Америкаси ва ислом дунёсидир.